Урушга қарши курашган журналист баронесса: Нобель мукофоти совриндори Берта фон Зутнернинг тинчликка бағишланган ҳаётига назар
Эрк, осойишталик, озодлик ва шунга ўхшаш бошқа тушунчалар ўзидан-ўзи пайдо бўлиб қолмайди. Уларга эришиш учун курашиш керак. Шундай шахслар борки, жамият, ҳукуматдагилар унга қарши бўлишини билса-да, мустақил бўлиш, адолатни таъминлаш учун ҳаракат қилишдан тўхтамайди ва, табиийки, улар умумий аҳолига нисбатан камчиликни ташкил қилади.
Шунга қарамай, орадан қанча йил-у асрлар ўтса ҳамки, уларнинг номи асло унутилмайди. «Тарихда қолган аёллар»нинг бугунги сонида стереотипларга қарамай, тинчлик учун курашган, ҳаётни яхшилаш, инсонларни фикрлашга ундаш жинсга боғлиқ эмаслигини исботлаган аёллардан бири — Берта фон Зутнернинг ҳаёт йўлига назар ташлаймиз.
Тинчликка хизмат қилиш учун дунёга келган қизалоқ
Тинчликдан ташқари, аёлларнинг жамиятда тенг ҳуқуқли бўлиши учун курашган пацифистик ҳаракат етакчиси — Берта фон Зутнер 1843 йил 9 июнь Прагада, австриялик оқсуяклар хонадонида дунёга келади. Империя фельдмаршали ва ҳарбий маслаҳатчи бўлган отаси Франс Йозеф Кински у туғилишидан аввалроқ ҳаётдан кўз юмади. Қизининг тарбияси билан эса келиб чиқиши бюргерларга бориб тақаладиган, бева қолганидан кейин эса қариндошлари билан алоқалари тўхтаб қолган онаси Софи шуғулланади.
Дастлаб Брюннда яшаган она-бола бир муддат Вена, кейинроқ Клостернойбургга кўчиб ўтади. Берта тил ўрганишга, мусиқага қизиқади. Китобларга меҳр қўйгани кейинчалик фаолиятида ўз аксини топмай қолмайди. Саёҳат жону дили бўлганини эса Висбаден, Париж, Баден-Баден, Венеция ва бошқа шаҳарларга қилган сафаридан билиш мумкин.
Молиявий қийинчилик ортидан бахтини топган баронессанинг Нобель билан танишуви
Ёши ўттизга кирганда оиласидаги молиявий аҳволнинг ёмонлиги сабаб Венадаги ўзига тўқ барон Карл фон Зутнернинг қизларига тарбиячи бўлиб ишга киради. Айнан ушбу қарори эса бўлажак турмуш ўртоғи билан танишишига сабаб бўлади.
Оиланинг энг кенжа вакили Артур Гундаккар унга кўнгил қўяди, Берта эса йигит ўзидан 7 ёш кичиклигига қарамай, унинг туйғуларини жавобсиз қолдирмайди. Бу орада Парижга бориб-келади ва бу сафари келгусидаги фаолиятида муҳим роль ўйнайди. Бу вақтда динамитни кашф қилган Алфред Нобель газета орқали котиба қидираётгани ҳақида эълон беради. Дарҳол алоқага чиққан Берта котибалик учун энг яхши номзод эди.
Швеция қироли мактуб ёзиб, Нобелни ўз юртига чақириб олгунича бўлган қисқа фурсатда уларнинг дўстона муносабатлари мустаҳкамланишга улгурган эди. Буни кейинчалик турли шаҳарларда истиқомат қилишларига қарамай, тинчлик мавзуси акс этган ёзишмаларидан ҳам билиш мумкин.
Грузияда ўтган ижодга бой йиллар
1876 йилда Париждан қайтган Берта Артур билан турмуш қурмоқчи бўлади. Ўша вақтдаги ёш ва ижтимоий аҳвол билан боғлиқ стереотиплар сабаб бароннинг оила аъзолари, хусусан, онаси бунга тиш-тирноғи билан қаршилик қилади. Рози-ризоликсиз оила қурган жуфтлик мамлакатдан бош олиб кетишга қарор қилади. Алалоқибат ёш оила князь Дадианининг таклифига биноан Грузияда қўним топади.
Аммо, бахтли яшаш учун севгининг ўзи бироз камлик қилади. Моддий етишмовчиликлар ҳаммасини бироз мураккаблаштиргандек бўлади. Шунга қарамай, бир-бирини тушуниб, қўллаб-қувватлаши орқали ёш оила қийинчиликларни енгиб ўтади. 10 йилга яқин вақт давомида ўқитувчилик ва ёзувчилик ҳар иккисининг корига ярайди. Болалигида хорижий тиллар ва мусиқани севган Берта дарс бериб, пул топган бир вақтда, Артур репортажлар тайёрлаб, мақолалар ёзиш билан машғул бўлади. Турмуш ўртоғининг ижод намуналари машҳурлигидан илҳомланиб қўлига қалам олган Берта бирин-кетин ҳикоя, эссе ва романлар ёза бошлайди.
Илк жиддий китоби «Inventarium einer Seele» (Бир қалб қомуси) орқали уларнинг биргаликда Дарвин ва Спенсернинг асарларини мутолаа қилганини билиш мумкин. Табиийки, улар машҳур асарларни ўқишнинг ўзи билан чекланмайди. Ғоя-ю фикрлар муҳокамаси, таҳлил-у баҳсларга, хулоса ва келгусидаги фаолиятга асос бўлади.
Ҳаёт мазмунини кашф қилишга туртки бўлган қайтиш
Жуфтлик 1885 йилда «орада музлар эриб», барон оиласидагилар анча юмшаганидан кейин Австрияга қайтишга қарор қилади. Токи Лондондаги Халқаро арбитраж ва тинчлик ассоциацияси ва тинчлик учун курашувчи бошқа ташкилот ҳамда гуруҳлардан хабар топмагунича, уларнинг ҳаёти адабиёт ва қораламалардан иборат бўлади.
Тинчлик лигасига хизмат қилишга аҳд қилган ёзувчи шу мавзудаги ғояларни тарғиб қилувчи бошқа бир китобни ёзишга киришади. ХIХ асрнинг 60 йилларидаги Европа урушлари сабаб ҳаёти изидан чиққан ёш аёлнинг тақдири асос қилиб олинган «Bas Les armes!» (Йўқолсин қурол!) романи энг машҳур асарларидан бири саналади.
1889 йилнинг бошида чоп этилган китоб кўп ўтмай 15 дан ортиқ тилга таржима қилинади. 1929 йил Эрих Ремаркнинг «Ғарбий фронтда ўзгариш йўқ» китоби дунё юзини кўрмагунча «Bas Les armes!» урушга қарши мавзудаги энг аҳамиятли асарлардан бири ҳисобланади. Романдаги бош қаҳрамон — графиня Марта Альтҳауснинг тақдири мисолида урушнинг инсоният тақдирига таъсири, аянчли талофотлари, тинчликнинг аҳамиятидан ташқари, аёлнинг ўзига бўлган баҳоси ва унинг жамиятдаги роли муҳимлигига урғу берилади. Ҳарбий воқеалар ва инсон психикаси марказда бўлган ушбу романдаги ғоя ҳеч қачон эскирмаслиги, аксинча ҳамиша долзарб экани сабаб ҳам асар икки маротаба (1914 ва 1952 йилларда) экранлаштирилади. Маълумот учун, Лев Толстой урушнинг ҳақиқий даҳшатлари тасвирланган мазкур фожиавий асарни Гарриет Бичер-Стоунинг «Том амакининг кулбаси» роман билан таққослайди.
Бежиз ушбу асарга алоҳида урғу бермадик. Гап шундаки, Берта айнан шу асардан сўнг тинчлик ҳаракатининг фаол лидерига айланади. Вақти ва энергиясининг асосий қисмини тинчлик мавзусидаги конгрессларга қатнашиб, нутқ сўзлаш, гуруҳлар ташкил қилиш ва лойиҳаларни ривожлантириш учун бутун дунёдаги урушга қарши инсонлар билан ёзишмалар олиб боришга сарфлайди.
Тинчлик ҳаракатининг генералиссимуси
Тинчлик учун курашиш ҳаётининг маъносига айланган аёл пацифистик ҳаракатнинг раҳбарига айланади. 1891 йилда Австрия тинчлик учун кураш жамиятига асос солиб, узоқ муддат унга раҳбарлик
қилади. Халқаро тинчлик конгрессида иштирок этиб, жамғармага асос солади. Шу йилнинг ўзида Артур «Антисемитизмдан ҳимоя иттифоқи»ни ташкил қилади. Рафиқаси уни ушбу ташаббусда ҳар томонлама қўллаб-қувватлайди. Ҳамфикр, тинчлик ва адолат учун қўлни-қўлга бериб курашишни афзал билган жуфтлик бу билан националистлар, клериклар ва антисемитлар орасида етарлича душман орттиради. Ҳарбий ҳаракатларга қарши қилган чиқишларида уни қўллаб-қувватлаш ўрнига устидан кулганлар етарлича топилади.
1892 йилда Фрид билан бирга тинчлик ва урушга қарши мавзудаги мақолалар ёритиб бориладиган «Die waffen nieder» журналини ташкил қилиб, унга 1899 йилга қадар муҳаррирлик қилади.
Шу йили Алфред Нобельга мактуб ёзиб фаолияти ҳақида хабардор қилади. 1893 йили ундан келган xaтда тинчлик бўйича мукофот таъсис қилиниши ҳақида ўқиб эса шу кунгача қилганлари бесамар эмаслигига амин бўлади.
Иқтибослари
«Кейинги уруш унгача бўлган бошқа бирортасига ўхшамайдиган даҳшатли бўлади».
«Ҳодисадан узоқдалиги боис қурбонларнинг ҳайқириғини эшитмайдиган, уларнинг конвульсиясини кўрмайдиган, лекин шуларни била туриб нола ва типирчилашларга парво қилмаган кимса – асаби бор-у, юраги йўқ одамдир».
«Бахтнинг тинчликда яралиши ва ривожланиши мангу ҳақиқатлардан, инсоннинг яшашга ҳаққи борлиги эса абадий ҳуқуқлардан бири саналади».
«Эски ёмонликни ювиш учун бошқа бир ёмонлик қилинадиган бўлса, қандай қилиб адолатга эришиш мумкин?».
«Яхшиликни ташқаридан эмас, ичингиздан қидиринг. Акс ҳолда уни ҳеч қачон тополмайсиз».
«Ўзидан бечорароқ, ночор, ёрдамга муҳтожларга шафқатсиз бўлган кимсанинг ўзи ноилож қолганда яратгандан авф этишни сўрашга ҳаққи йўқ».
«Нега сиз, ёшлар ҳеч қандай чора кўрмаяпсиз? Ахир, бу ҳаммадан ҳам сизга тааллуқлику! Барини ҳеч ким қулоқ солмайдиган бир нечта кекса аёлнинг елкасига юклаб қўйманг».