Skip to main content
сиёсат

Сиёсатчилар — бу биз. Нега жамиятни сиёсий фаолият учун қоралашга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ

Бизнинг кундалик ишларимиз ва сиёсий фаоллик ўртасидаги нозик чегара қаердан ўтади? Биз навбатдаги боғни кесилишдан, уйни бузилишдан ҳимоя қилганимизда ўз манфаатларимизни ҳимоя қиламизми ёки сиёсий фаолият билан шуғулланамизми? Ё навбатдаги ҳокимни муваффақиятсиз қарорлари учун танқид қилганимиз сиёсатга аралашганимизми ёки маълум бир шаҳарнинг истиқоматчиси ўлароқ ҳуқуқимиздан фойланиб ўз фикримизни баён қилганимизми? Ўзи умуман сиёсатчи бўлиш ва сиёсий фаоллик кўрсатиш нима дегани?

Кеча Қорақалпоғистондаги норозилик ҳаракатлари бўйича ишни кўрган суд барча иштирокчиларга нисбатан ҳукм ўқиди. Суд ҳукмига билдирилган изоҳлар орасида маҳкумлардан бири журналист Лолагул Каллиханова сиёсатчи эмас журналист эканлигини таъкидлаб, нега сиёсий фаоллик кўрсатганлигини тушунтиришга уринди. Ва бундан кейин суд жараёни, ҳукмлар ва муҳокамаларда янграганларни ҳисобга оладиган бўлсак — сиёсий фаоллик кўрсатиш ножўя ва нотўғри бир ишдек жарангламоқда. Аммо, шу ўринда дарҳол саволлар юзага кела бошлайди: сиёсий фаоллик ўзи нима ва сиёсатчилар кимлар?

Бир кишини тасаввур қилиб кўринг, у кимёгар-лаборантликка ўқийди, ҳам пьесалар ва эсселар ёзади ҳамда театрда ишлайди. У сиёсатчи ҳисобланадими? Диний тарғиботчилик масаласида нима дейсиз? Кичик адвокатчи, у сиёсатчими?

Аммо, ёзувчи ва драматург бир давлатнинг президентига айлансачи, бошқа бир давлатда воиз инсон ҳуқуқлари бўйича энг йирик ҳаракатлардан бирини бошқарса ва муваффақиятга эришсачи, учинчи давлатда адвокат мамлакат мустақиллигини қўлга киритсачи? Улар энди сиёсатчилар ҳисобланишадими? Сиёсат ва носиёсатни ажратиб турувчи ўша чизиқ қаерда? Ўзи бундай чегара борми? Ва умуман сиёсатчилар нима билан шуғулланишади, сиёсат нима ўзи?

Сиёсатшунослик бўйича энг яхши дарсликлардан бирининг муаллифи Эндрю Хейвуднинг таърифига кўра, сиёсат — одамларнинг ўз жамиятидаги меъёрларни яратиш, сақлаш ва бойитиш жараёнидир. Яъни ёзувчи Вацлав Гавел, воиз Мартин Лютер Кинг (кичик), ва адвокатлар Моҳандас Ганди ва Нельсон Манделалар — сиёсатчилардир.

Табиийки, улардан ҳеч бири пешонасида «сиёсатчи» деган ёзув билан туғилмаган. Улардан ҳеч бири сиёсатчилар учун махсус курсларга қатнамаган, профессионал сиёсатчи эканлигини кўрсатувчи диплом олмаган. Шунчаки қай бир онда уларнинг ҳар бири атрофдаги одамлар ҳаётига нисбатан бефарқликдан чекинишган.

Уларнинг ҳар бири ўз имкониятларидан келиб чиққан ҳолда буни ўзгартиришга ҳаракат қила бошлайди. Хўш қандай ҳулоса олдик? Мос равишда Кинг ва Мандела АҚШ ва ЖАРда ирқий сегрегациянинг якунланишига эришишди, Гавел ва Ганди эса ўз мамлакатларини зулмкор ажнабийлар ва мафкуралардан озод қила олишди.

Келинг, давримизнинг машҳур сиёсатчиларига назар ташлаймиз.

Уинстон Черчилль парламентга номзодини илгари суришидан олдин Афғонистонда жанг қилган, ёзувчи ва журналист бўлган, кейин эса нафақага чиққан. Ва шундан кейин нафақа пайтида ўз номзодини парламентга илгари суришга қарор қилди ва қизиғи сайланмади — у жуда кам овоз олганди.

Ангела Меркель физик кимёгар олима бўлган, иккита диссертация ҳимоя қилган ва ГДР Марказий физик кимё институтининг аналитик кимё бўлимида тадқиқотчилик фаолияти билан шуғулланган. ГДР ва ФРГ бирлашганидан сўнг Ангела сиёсий партияга ишга ўтади, унинг биринчи эгаллаган лавозими — ЭҲМ маъмури бўлади.

Владимир Зеленский президентликка сайланишидан олдин комик, актёр ва сценарист бўлган. Унинг адаши, маълумоти бўйича юрист бўлган Владимир Владимирович Путин Санкт-Петербург мериясига киришидан олдин КГБда ишлаган (чамаси ГДРда резидентурада котиб бўлиб), кейинроқ эса Сант-Петербург давлат университетида ректор ёрдамчиси бўлиб ишлайди.

Шавкат Мирзиёев, маълумоти бўйича инженер-механик, парламентга сайлангунига қадар Ирригация университетида илмий ходим, кейинроқ проректор бўлиб ишлаган.

Юқоридагилардан ҳеч бири махсус сиёсий таълим олмаган, аммо бу уларга давлатни бошқариш ва олдинга ҳаракатланишларига тўсқинлик қилмайди.

Бироқ, агарда Хейвуднинг «сиёсат» сўзига берган таърифи бироз эриш туюлган бўлса, бошқаларга назар солайлик.

Русча Википедия Леонид Грининга таяниб (ҳавола бериб) сиёсатни «давлат ҳукумат органлари, уларнинг мансабдор шахслари ва жамоат институтлари ўзининг мақсадлари ва манфаатларини амалга оширадиган инсон фаолияти соҳаси» деб таърифлайди. «Жамоат институтлари» атамаси худди шу Википедияга кўра, шунчаки фуқаролик жамиятининг бошқача номланиши, яъни «давлат ҳокимияти ричагларига яқин бўлмаган фуқаролар йиғиндиси; ҳукумат-давлат ва тижорат тузилмалари доирасидан ташқаридаги ижтимоий муносабатлар йиғиндиси; давлат ҳокимияти томонидан бевосита аралашув ва ўзбошимчалик билан тартибга солишдан, шунингдек, тафовутлардан ҳимояланган эркин фуқаролар ва ихтиёрий равишда тузилган нотижорий йўналтирилган бирлашмалар ва ташкилотларнинг ўзини ўзи бошқариш соҳасидир».

Инглиз тилидаги википедияда эса, «Politics is the process observed in all human (and many non-human) group interactions by which groups make decisions» — барча инсон гуруҳларининг қарорлар қабул қиладиган ўзаро таъсирида кузатиладиган жараён дея «сиёсат» сўзига таъриф берилган.

Юқоридаги иккала таърифга кўра Кинг, Гавел, Ганди ва Манделаларнинг фаолияти — сиёсатдир. Бундан, ташқари ҳатто хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатидан уйларга кириш олди йўлкаларини таъмирлашни талаб қилиш ҳам — сиёсатдир. Ва, албатта, булар билан шуғулланувчи ҳар бир шахс хам — сиёсатчидир.

Сиёсатчи касб эмас, сиёсатчи — бу инсон шуғулланадиган машғулотнинг номидир, худди «ўткинчи», «томошабин» ёки «ўқувчи» каби. Ўткинчи бўлиш учун учун ҳеч қандай махсус тайёргарлик, кўникмалар ёки қобилиятлар талаб қилинмайди. Ўткинчи бўлиш учун ақлли бўлиш ҳам шарт эмас, шунчаки, бирор нарсанинг ёнидан ўтиш кифоя. Худди шундай сиёсатчи бўлиш учун ҳам сиёсат билан шуғулланишнинг ўзи етарли, ақлли ёки махсус тайёргарликка эга бўлиш эса шарт эмас.

Ва агар биз кимнидир сиёсий фаоллик учун қораласак, демак биз уни қаерда яшаётгани, мамлакати билан бундан кейин нима содир бўлиши, ўзининг келажаги ва фарзандларининг келажагига бефарқ қолмаётгани учун қоралаётган бўламиз. Сиёсатга бўлган қизиқишини қоралай туриб биз инсонга бошини эгиб туришини, ўз фикрига эга бўлмасликни ва атрофда содир бўлаётганларга қизиқмасликни таклиф қилган бўламиз.

Анча йиллар олдин, қадимги Юнонистонда Перикл шундай деган эди: «Агар сиз сиёсатга қизиқмасангиз бу ҳали сиёсатнинг сиз билан қизиқмаслигини англатмайди». Турли манфаатларга эга одамлар гуруҳи келажакда қандай ривожланиш тўғрисида музокарага киришганда содир бўладиган ҳар қандай нарса — сиёсатдир. Агар гуруҳнинг ҳеч бўлмаганда битта аъзоси муҳокамани тарк этса, қарорлар усиз ва унинг ўрнига қабул қилинади ва бу ҳолатда унинг манфаатларининг ҳисобга олиниш эҳтимоли нольга тенг бўлади.

2021 йилги Мустақиллик байрами арафасида Шавкат Мирзиёев ҳозир бир демократия тамойилларига асосланган янги фуқаролик жамиятини қуряпмиз деган эди.

Фуқаролик жамияти сиёсатсиз бўлиши мумкин эмас. У ҳуқуқий ва ривожланган давлат қуришда жуда муҳимдир. Агар биз ўзимизни оқлашимиз ва айнан ўша сиёсий фаолликдан қўрқишимиз керак бўлса, унда «янги Ўзбекистон» қандай фуқаролик жамиятини қурмоқда ва у қандай демократик тамойилларга асосланяпти?

Агар сиз сиёсий фаоллигингиз учун 8 ва 16 йилга озодликдан маҳрум қилинишингиз мумкин бўлса, унинг келажаги борми? Бу ҳеч қаерга олиб бормайдиган йўл эмасми?

БУ КИМНИ ИШИ?

Пўлат Таджимуратов

Дарина Солод

Hook.Report