Телеканалларнинг “туғилиши”, улардаги “об-ҳаво” ва “запрет”лар ҳақида
Интернет асрида кўплаб технологиялар замонга қайта мослашяпти, ўз вақтида бу ишни қилолмаганлари секин-асталик билан бўлса-да ҳаётимиздан чиқиб кетяпти. Кўпгина саволлар ичида “Интернет журналистикаси анъанавий журналистика ўрнини тўлиқ эгаллайдими?”, “Телевидениега ортиқ эҳтиёж қолмайдими?” кабиларини ҳам учратиш мумкин. Бироқ, бугун биз интернет тақдим этаётган имкониятлар хусусида эмас, балки ХХ асрнинг 30-йилларида асос солинган телевидениенинг ҳозирги аҳволи ҳамда бугунги имкониятлари тўғрисида сўз юритамиз. Балки тақдим этадиган маълумотларимиздан сўнг юқоридаги савол жавобига мантиқан етиб келарсиз.

Тарихи ва таснифи
1956 йил 5 ноябрдан тажриба синов тарзида бошланган Тошкент телемаркази бугунги кунга келиб хилма-хил каналларга эга. Ўзбекистондаги телеканалларни уч катта гуруҳга таснифлашимиз мумкин. Биринчи гуруҳга Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси (МТРК)нинг телевизион каналлари киради, иккинчисига ҳудудий телевизион каналлар. Учинчи гуруҳни эса нодавлат телевизион каналлар ташкил этади. Бироқ, Ўзбекистон қонунчилигига кўра, хусусий каналлар мавжуд эмас. Телеканал давлатга ёки нодавлат ташкилотга тегишли бўлиши мумкин, аммо, у маълум бир шахсники бўла олмайди. Кўплаб маҳсулотлар қаторида телеканалларнинг ҳам «истеъмол» муддати бор. Бугунги кунда турли сабабларга кўра НТТ, ТВМ, “30-канал”, “Оилавий” каби каналлар ёпилган. Қуйидаги жадвалда уларнинг тўлиқ рўйхатини тақдим этамиз.

МТРК каналларидаги ички «об-ҳаво»
Ҳар ернинг ўз тош-у тарозиси бор, деганларидай, МТРК ва нодавлат телеканалларнинг ҳам ўз ўлчов мезонлари мавжуд. Биз бир қанча тележурналист ва масъул ходимлар билан боғланиб, фарқли телеканалларнинг ички муҳити билан танишишга, билдирилган фикрларни умумлаштириб, сизга тақдим этишга қарор қилдик.
Биз давлат каналлари дейдиган МТРК ва нодавлат телеканалларнинг муҳити анчайин фарқли бўлгани боис, бу икки тур каналларини алоҳида ёритишга ҳаракат қиламиз.
МТРК тартибидаги “Ўзбекистон тарихи” телеканалининг муҳарири, журналист Нажмиддин Эрматов бизга ўзи фаолият олиб бораётган канал мисолида айрим маълумотларни очиқлади:
“Бошқа телеканалларнинг ички тизимини тўлиқ билмайман, шунинг учун “Ўзбекистон тарихи” ҳақида қисқа маълумот бера оламан. Телеканалимиз, асосан, илмий жамоатчилик ва тарихга қизиқувчилар учун мўлжалланган. Шунинг учун бирламчи асос илмийликка қаратилади. Асосий кузатувчиларимиз-у, таклиф ва танқидларини билдирадиган томошабинларимиз ҳам шу қатлам. Сўнгги вақтларда тарихни оммабоп ҳолатда ёритадиган лойиҳаларга ҳам эътибор қаратилмоқда. Аммо, оммабопликнинг мезони қандай—шуни ўйлаш керак бугунги кунда. Аслида тарихий лойиҳалар ҳужжатли фильм даражасида тайёрланиши лозим, жаҳон тажрибаси ҳам шундай. Бизда қисман ҳаракат ва натижалар бор, бироқ, молиявий масалалар кўп лойиҳаларни кутилган даражада тайёрлашга тўсқинлик қилади. Бу ҳолат бутун МТРК тизимида бор, деса ҳам бўлади. Сабаби, ходимлар гонорар тизимида ишлашади. Битта сифатли лойиҳа тайёрлаш учун камида бир ой вақт кетади, битта ижодий жамоа бир ойда битта кўрсатув эфирга берса, олган пули тушлигига етмай қолади. Шу масалаларда тўғриланиши лозим бўлган ишлар бор”, — дейди суҳбатдошимиз.
Таъсисчиси Ёшлар ишлари агентлиги бўлган MY5 канали журналисти Парвиз Фаттоев билан суҳбатлашдик. Журналист телеканалнинг асосий моддий манбаи реклама бўлганлиги туфайли, реклама берувчиларнинг диққатини жалб эта оладиган кўрсатув ва эфирлар тайёрлашга тўғри келишини айтиб ўтди. “Аммо, ҳайпга берилиб ёки тез аудитория тўплаш учун бачкана кўрсатувлар сонини оширса, бундай контентнинг ҳам, каналнинг ҳам «умри» қисқа бўлади. Тажрибалардан биз шунга гувоҳ бўлдик, олтин оралиқни сақлай билган телелойиҳаларимиз ва кўрсатувларимизнинг яшовчанлиги узоқ ва доимий аудиторияга эга бўлди”, — дейди Парвиз. Нодавлат каналлар доимий аудиторияни ушлаб қолиш ва узлуксиз кўпайтириб бориш учун, асосан, кўнгилочар кўрсатувлар тайёрлашга эътибор беради. Бироқ, бачканалик чизиғи шундай қалтис нуқталардан иборатки, бундай вазиятда олтин ўрталикни топиш машаққатли. Бачкана кўрсатувлар нечоғли тез оммалашмасин, осон тилга тушмасин, энг қуйи даражадаги кузатувчининг ҳам тезда меъдасига тегиши бор гап. Шу сабабли ўзини ҳурмат қилган телеканаллар саёз ва бачкана эфирлардан ўзини тийишга ҳаракат қилади, аммо, доим ҳам буни уддасидан чиқади деб ўйламаймиз.
Рейтинг кўрсаткичлари қандай тузилади?
Телеканаллар ва кўрсатувлар рейтинги махсус дастур, платформалар асосида шакллантирилади. Аниқлашимиз бўйича бундай рейтинглардан бири “Кантар медиа” номли хорижий компания томонидан юритилади. Бунда улар мамлакатимизда сотуви йўлга қўйилган 40 дан ортиқ турдаги телевизорларга махсус ҳисоблагичларини ўрнатган. Улар орқали турли категориялар асосида рейтинг шакллантирилади. Аммо, бу жуда нисбий маълумот. Ҳар бир телеканалнинг ўзида ҳам рейтинг учун махсус дастур мавжуд. Унда кунлик кўрсаткичлар, кўрсатувларнинг ички рейтинглари бериб борилади.

Турли тақиқлар ҳақида
МТРК таркибидаги ҳар бир каналнинг ўз тош-у тарозиси бор. Ҳар бир канал ўзининг концепциясидан чиқиб кетмаган ҳолатда фаолият олиб боришга мажбур. Аммо, вақти-вақти билан айрим мажбуриятлар раҳбарият қабул қилган умумий қоидалардан ҳам тепароқдан келади. Масалан, ҳозирда давлат каналларида соқолли эркак ва ҳижобли аёлларни деярли учратмаймиз. Умумий кадрда кўриниш бериши мумкин, аммо уларни асосий қаҳрамон, суҳбатдош ёки бошловчи сифатида топиш амри маҳол. Негаки, қаердандир (албатта, юқоридан) оғзаки огоҳлантириш берилган. Кўплаб канал маъмуриятлари бошларини ортиқча муаммога аралаштирмаслик учун шундай мантиқсиз қарорларга рози бўлади. Соқолга алоҳида кўрсатма мавжуд: барча эркак жинсига мансуб инсонлар ТВ кўрсатувларида соқолсиз кўриниш беради. Фақат уч тоифадагилар бундан мустасно этилиши мумкин.
1. Касби талаби юзасидан соқол қўйганлар. Бу гуруҳга диний уламолар, қори, имом-хатиблар мансуб.
2. Ёшидан келиб чиққан ҳолатда ихчам соқол қўйганлар, масалан, 60-70 ёшдаги қариялар.
3. Махсус имидж яратаётганлар. Мисол учун, ўйнаётган роли ёки эфирнинг хусусий талаби туфайли соқол қўйган ҳолатда экранга чиқиши мумкин.
Биз ушбу мақолани ёзиш жараёнида бир қанча давлат каналларининг масъул ходимларига алоқага чиқдик. Аммо ушбу чеклов борасида жўяли жавоб ололмадик. Айримлар бу касб этикасига зид, дея маълумотларни очиқлашни истамаган бўлса, баъзилари чиндан ҳам бундай тақиқлар ким томонидан берилганини билмаслигини айтди.
Парвиз Фаттоевдан нодавлат телеканаллардаги цензура ҳақида сўраганимизда, у юқоридан ортиқча чеклов ёки муайян бир шахсга нисбатан тақиқ йўқлигини ҳамда «запрет»лар ўтмишда қолганини таъкидлади.
“Телеканалимиз, асосан, ортга—тарихга йўналгани учун биз сиёсий цензурага деярли дуч келмадик. Ўтмишимизга доир барча жараён ва мавзулар ҳақида кўрсатув тайёрлашимиз мумкин. Эски даврларда қайсидир артист, қайсидир мулозим эфирга чиқмасин, деган нарсалар ҳақида эшитганмиз. Бизнинг асосий эфирга чиқарадиган, кўрсатувларга чақирадиган мутахассисларимиз тарихчи олимлар, илм аҳли бўлгани учунмикан уларга бирор тақиқ қўйилганини кўрмаганман”, — дея ўз фикрини билдирди Нажмиддин Эрматов.
Хулосалайдиган бўлсак, ҳар бир телеканал ўз концепциясидан чиқиб кетмаган ҳолда, ва қолаверса, давлат сиёсатига қарши, диний адоват ёки низо келтириб чиқарувчи ҳамда менталитетимизга мутлақо ёд ва бузғунчи деб топилган ғоялар тарғиботига доир кўрсатув ва эфир тайёрлаши мумкин эмас. Бу қонуний асосда тақиқланган чекловдир.