Skip to main content
жамият

Телба ва бузғунчи шахсиятлар ҳақида матн

Ҳар бир инсон индивид, унинг майллари, истаклари, мақсадлари, интилишлари, фикрлаши, шахсияти бошқалардан фарқ қилади. Яқинда эълон қилинган маълумотга кўра, дунё аҳолиси 8 миллиардлик чегарадан ўтган. Ўз-ўзидан аёнки, табиий ҳолда инсонларда пайдо бўладиган барча майл ва истакларни қондириш мумкин эмас: атроф тартибни сақлашга қаратилган меъёр ва чегараларга тўла. Бироқ, барча меъёрлар бузилади: кимлардир албатта муайян сабабларга кўра белгиланган доирадан четга чиқади. Ушбу ҳодиса инсон ва жамиятни тадқиқ этувчи фанларда девиация (оғиш) деб номланади. Девиация социологиянинг энг асосий масалаларидан биридир, чунки, алоҳида инсон ва жамият иродаси ўртасидаги зиддиятнинг ҳалигача муаммоли ва долзарб жиҳати бўлиб қолмоқда. Қуйида девиацияга оид турли масалалар ҳақида сўз юритамиз.

Меъёрларнинг нисбийлиги

Маданий ва ижтимоий меъёрлар макон ва замонга қараб ўзгариб боради. Маълум бир ҳудудда тақиқлаган ҳаракатлар бошқа жойда ижобий ёки табиий қабул қилиниши мумкин. Масалан, АҚШда ҳуштак чалиш юқори даражадаги хурсандчиликни англатади, Нигерияда эса бу ҳаракат қўполлик сифатида қабул қилинади. Қонун нормаларида ҳам бундай фарқланишлар мавжуд. Ўзбекистон ҳудудида жисмоний шахсларнинг жанговор қурол олиб юришлари тақиқланган, АҚШда эса бу фуқароларнинг ҳуқуқи ҳисобланади.
Вақт ўтиши билан меъёрлардаги ўзгаришлар эса бир ҳудуд ёки бир жамият ичида рўй беради. Ўзбек жамиятидаги меъёрларга энг қаттиқ эътибор қаратиладиган соҳа — бу оила ва никоҳдир. Бироқ, замон ўтиши билан бу масалада ҳам меъёрлар янгиланиши кузатилмоқда. Ёши улуғ кимсалардан “тўйимгача хотинимни (эримни) кўрмаганман” каби гапларни эшитамиз. Бугунги кунга келиб эса иккала томоннинг никоҳдан олдинги учрашуви одатий ва зарурий ҳолга айланган. Бундай тафовут ва эврилишлар жамият онг-у тафаккуридаги, дунёқараши, эътиқодлари ва тарихий-маданий ривожига асосланиб юз беради.

Кишилик тарихида жамоа, жамият каби бирлашмалар пайдо бўлгач, ўз-ўзидан ушбу жамиятларда қоидалар ва меъёрлар вужудга кела бошлайди. Вақт ўтгач, ушбу меъёрлар қонун-қоида сифатида ўрнатилади, уни бузганлар эса жазоланади. Бугунги кунга келиб ҳам қонунларда расман белгилаб қўйилган меъёрларни бузиш ижтимоий жиҳатдан хавфли ҳисобланади ва тегишли тартибда жавобгарликка олиб келиши мумкин. Бундан ташқари, ҳар қандай жамиятнинг ёзилмайдиган ва қонун билан жазоланмайдиган «қоида»лари ҳам мавжуддир. Бундай меъёрларни бузувчиларга нисбатан эса жамиятнинг ўзи томонидан жамоатчилик танқиди, ижтимоий санкциялар каби салбий реакциялар билдирилади. Жамиятда умумтан олган ва давлат томонидан ўрнатилган бундай нормаларни бузувчилар ёки ундан оғувчиларга нисбатан «телба», «ғалати», «бузғунчи» ёки «жиноятчи», «ҳуқуқбузар» каби сўзлар ишлатилиши мумкин. Бу ўринда фарқ бузилган нормаларнинг турида кўринади, яъни, ё расмий белгиланган, ё норасмий бўлганлигига қараб фарқланади.
Одатда, жиноятчи (девиациянинг оғир кўриниши) ва норасмий меъёрлардан оғадиган хулқ-атвор (девиациянинг енгил кўриниши) эгаси бўлган кишиларнинг шахсиятида ўхшашликлар мавжуд бўлади, бундан ташқари, ҳар икки ҳолатда ҳам шахс мавжуд тартиб ва қоидани бузади. Бироқ, бир қанча фарқланишлар мавжуд. Улар қуйидагилар:
– Жиноятчининг бузғунчи ҳатти-ҳаракатлари объекти ёзма ҳужжатларда белгилаб қўйилади, ижтимоий, маданий меъёрлар эса фақатгина жамият онги ва қарашларида ўрнашади. Масалан, талончилик ҳақида қонунларда ёзиб қўйилади, ота-онага нисбатан шарт бўлган ҳурмат эса ёзилмаган ижтимоий меъёрдир;
– Оддий девиацияда бундай ҳаракатлар ижтимоий гуруҳлар ва/ёки жамоатчилик (маҳалла, қўни-қўшни) томонидан амалга оширилади, ҳуқуқ нормалари эса давлатнинг махсус ташкилотлари томонидан (ИИО, прократура, полиция) назорат қилинади;
– Ижтимоий-маданий тамойил, меъёрлардан четга чиқувчи ҳаракатлар, одатда, “номувофиқлик” ёки “мос келмаслик” билан таснифланади. Масалан, бирор номаъқул иш қилган кишига қарата “Биздан сендай одам чиқмаганди”, ёки шунга ўхшаш гапларни айтишади;
– Турли жамиятларда маданий нормалар турлича бўлиши мумкин, бироқ қонунан белгиланган меъёрлар деярли барча давлатларда бир хил.
Булардан ташқари, девиант хатти-ҳаракатлар бироз вақт ўтгач бундай тамғадан қутилиши мумкин. Масалан, глобализация оқибатида кириб келган фикрлар ва ҳаракатлар аввал бошида мавжуд тамойилларга қарши ҳужум сифатида баҳоланиши ва жамоатчилик томонидан “бузғунчилик” сифатида баҳоланиши мумкин. Маълум вақт ўтгач эса айни шу ҳаракатнинг ўзи нормага айланади. Жиноят сифатида баҳоланадиган қилмишлар эса неча асрлардан буён ўзгаришсиз қолмоқда, масалан, ўғрилик, фирибгарлик, қотиллик ва ҳ.к. Шу билан бирга, ёшлигиданоқ девиант хулқ-атворга эга бўлган ёки антисоциал шахсият бузилишига учраган болаларнинг келажакда ҳуқуқбузарга айланиш эҳтимоли катта. Бунда ёшликдаги шўхлик ва жамият ёхуд инсонларга қарши жиддий ҳаракатлар чегарасини ажратиб олиш муҳим масала. Жамоатчилик маданиятига эндигина мослашиб келаётган янги бир индивидда бу масалада муаммолар бўлиши табиий ҳолдир. Айни шу ўринда психолог ва социологлар эҳтиёткор бўлишни маслаҳат беришади. Чунки ўсмир хатти-ҳаракатларини хато баҳолаш ҳамда бунинг натижасида унга нисабатан нотўғри бўлган салбий реакция билдириш, ноўрин жазолаш кейинчалик ушбу шахсиятда жамият мезонларига қарши нафрат уйғотиши мумкин.

Девиациянинг келиб чиқишига оид қарашлар

Девиацияга оид назарияларни умумлаштириб уч турга ажратиш мумкин:
1. Биологик назариялар.
2. Ижтимоий назариялар.
3. Психологик назариялар.
Биологик назарияларда девиация (нормалардан оғишнинг)нинг асосан ирсият, шу билан бирга физиология билан боғлиқлигини таъкидлайди. Италия классик криминалогия мактаби вакили бўлмиш Чезаре Ломброзо ушбу назариянинг асосчисидир. У ўз қарашлари учун Дарвиннинг эволюция таълимотини асос қилиб олади. Ломброзо одамлардаги мавжуд ҳуқуқий ва маданий нормалардан четга чиқишларни ибтидоий инсонлардаги импульсив ва ҳайвоний истак-эҳтиёжларга эришиш йўлидаги интилишларига қиёслайди. У ўз тадқиқотларида инсон скелетларини ўрганади, жиноятчи ва ҳуқуқбузарларнинг скелетларидаги, хусусан, бош суякларидаги тузилишда неандертал одамнинг бош чаноғига бир мунча ўхшашликларни топади. Хулоса шундай эди, иқтисодий ва маданий жиҳатдан ривожланмаган қолоқ кишилар ёки гуруҳлар девиацияга ирсий равишда мойил бўлади.
Француз социологи Эмиль Дюркгейм шахсда девиант хулқ-атворнинг шаклланишида ижтимоий ва шахсий тартибсизлик ролини эътироф этади. Мавжуд меъёр ва тамойилларга нисбатан гумонлар ва чалкашликлар инсонда нима яхши-ю, нима ёмонлигини фарқлашда муаммоларни келтириб чиқаради. Бундан ташқари, Дюркгейм инсон жамиятда ривожланиш ва бошқа турли сабаблар оқибатида ўзига нисбатан адолатсизлик ҳиссини сезган тақдирда, унда ушбу жамиятдаги тенглик, адолат ва бошқа ўрнатилган қоидаларга нисбатан шубҳа пайдо бўлиши, бунинг натижасида эса нормалардан оғиш вужудга келишини айтади. Бундай қараш Карл Маркснинг капитализмнинг ривожланиши оқибатлари ҳақидаги мулоҳазаларида ҳам учрайди. Дюркгейм, шунингдек, девиацияни жамиятнинг ўз тамойилларини белгилашда табиий ва зарурий ҳодиса эканлигини таъкидлайди.

Америкалик жамиятшунос Роберт Мертон эса девиацияни тўғри ва рухсат этилган ҳаракатлар билан қўйилган мақсадга эришолмасликка жавоб сифатида кўрсатади. Яъни, масалан, бирор ўсмир бола учун замонавий смартфонга эришиш мақсад деб қаралса, на ушбу ўсмирнинг ўзида ва на унинг ота-онасида смартфон сотиб олиш учун моддий имконият бўлмаган тақдирда, бола ўғрилик йўлига ўтиши мумкин. Умуман олганда, Мертон бундай реакцияларни беш турга ажратади: инновация, конформизм, ритуализм, ретреатизм ва исён. Биз юқорида смартфон мисолида инновацион реакция кўринишини келтирдик. Қолаверса, исён туридаги жавоблар ҳам девиациянинг бир кўринишидир.
Психологик қарашларда, асосан, урғу девиант кишининг шахсиятидаги, хулқ-атворидаги, шунингдек руҳий ва когнитив ривожланишидаги нуқсонларга қаратилади. Янаям аниқроқ тушунтирадиган бўлсак, асосий муаммо шахснинг ўзидан изланади. Бунда девиантнинг ахлоқидаги, хулқ-атвор ва шахсиятидаги бузилишлар асосий сабаб сифатида келтирилади. Бунга кўра, хоҳ оғир, хоҳ енгил девиация бўлсин, оғиш онг ва руҳиятдаги муаммоларнинг акси сифатида баҳоланади. Масалан, фирибгарлик ёки ўғрилик каби жиноятлар ёшликда шаклланган хулқ-атвор бузлиши ёки антисоциал шахсият бузилиши оқибатида содир этилиши мумкин. Атрофдагилар ва/ёки яқин кишилар билан муносабатларда амал қилиш лозим бўлган меъёрлардан оғувчиларда эса нарцисистик ёхуд бошқа шахсият бузилиши кузатилади. Фикрлаш ва руҳиятдаги бундай бузилишлар психологик жароҳатлар, бостирилган ва нотўғри ижтимоийлаштирилган бузғунчи майллар ва ўзлаштириш жараёнидаги ижобий намуналарнинг етишмаслиги ёки нотўғриларининг кўплиги натижасида юзага келади.

Девиация жамият манфаатлари йўлида

Ахлоқий оғишнинг салбий жиҳатлари бир қарашда тўлиқ бўлмаса-да, кўзга ташланади. Аммо, бошқа томондан олиб қараганда, девиация икки хил кўринишда ижобийлик касб этиши мумкин:
1. Ҳаракатларнинг мақбуллиги ва тақиқ чегарасини яққол ажратиб кўрсатади. Худди шу йўсинда жамият аъзоларига меъёрларни эслатиб ва таъкидлаб туради, девиация мавжуд экан меъёрлар ҳам мавжуддир. Бири иккинчисисиз бор бўлмайди.
2. Жамият онгида қотиб қолган стереотипларни парчалайди, унинг ўсишига замин яратади. Тарихга назар соладиган бўлсак, аксарият буюк кишиларнинг шахсияти жамият орасидаги одатий меъёрлардан тез-тез четга чиқишига гувоҳ бўламиз. Деярли барча буюк ғоялар ҳам аввал бошида жамоатчилик томонидан маълум даражада қаршиликка учраган. Бошқа бир томондан олиб қараганда эса, ҳар бир соғлом жамиятда авлод алмашгани сайин умумий тафаккур ҳам табиий равишда ўзгариб боради. Фақатгина аввалги авлодларнинг тафаккури ва дунёқарашидан келиб чиқиб белгиланган меъёрлар янгиланиб бораётган жамиятнинг ривожига тушов бўлиб хизмат қилиши мумкин.
Жамиятимиз аввал бошданоқ қадрият ва анъаналарга содиқлик масаласида қатъий позицияда бўлиб келган, бироқ, шунга қарамай, ўзбек жамиятида сезиларли ўзгаришлар юзага чиқмоқда. Булар аёл ва эркак ҳуқуқлари, ота-она ҳамда фарзанд муносабатларида айниқса кўзга ташланади. Маданият ва санъат соҳасида ҳам янгича ва замонавий фикрлар тез-тез янграмоқда. Ҳар қандай жамиятда бўлганидек, ўзбек жамияти ўз ривожида албатта бошқа жамиятлар билан турфа муносабатлар қуришга мажбур. Бундай муносабат ва алоқалар ҳам ўз ўрнида жамиятдаги ортиқча ва зарарли қарашларнинг йўқолишига таъсир кўрсатиши мумкин.

БУ КИМНИНГ ИШИ?

Муаллиф — Жавоҳир Эргашев

Таҳрир — Дилбар Ҳайдарова

Корректура — Гули Ибрагимова

Суратлар — Борис Жуковский