Skip to main content
жамият

Дискриминация ва стереотипларга қарамай, ДНК тузилишини кашф қилган, эркак ҳамкасбларининг Нобель мукофоти олишига сабабчи бўлган биофизик олим — Розалинд Франклиннинг ҳаётига назар

Аёллар турли давр-у жамиятларда ўзаро тенглик, ҳақ-ҳуқуқларининг таъминланиши учун курашиб келади. Бу кураш баъзида очиқ намойиш, баъзида шунчаки амалдаги кашфиётлар, илм-фан равнақига қўшилган ҳисса, сиёсий-ижтимоий фаолият билан ҳам намоён бўлган. Мана шундай “Тарихда қолган аёллар”нинг биографияси билан танишиш эса жинс билан боғлиқ стереотиплардан воз кечишга ҳисса қўшиб, юқори марраларни кўзлаш учун илҳом беради.

Бугун ДНК кашфиётида муҳим роль ўйнаган, аммо эркак ҳамкасбларининг соясида қолиб кетган олима Розалинд Франклиннинг ҳаёт йўлига тўхталамиз. Бу тафаккур имкониятларининг чексизлиги, қолаверса, тарихда қолиш учун қанча эмас қандай яшаш муҳимлиги ҳақида сўзловчи ҳикоя. Розалинд идеал жамиятда ёки ҳозирги даврда яшаганида, балки, қучоқ-қучоқ гуллар, табриклар қуршовида қолиши, сурати машҳур сайт-у илмий журналлар муқовасида чоп этилиши мумкин эди. Лекин ундай бўлмаган. У катта ҳисса қўшган кашфиёт учун ҳамкасблари Нобель мукофотини олган вақт Франклин аллақачон бу дунёни тарк этганди…

Қонуният-у формулаларни ҳаётининг маъносига айлантирган қизалоқ

Биофизик ва рентгенограф олим Розалинд Франклин 1920 йил Лондоннинг Ноттинг-Ҳилл туманида, инглиз жамиятида гендер нотенглик айниқса авжига чиққан даврда, ўзига тўқ оилада дунёга келади. Асл касби банкир бўлган отаси Эллис Артур Франклин кечаси коллежда электр энергияси, магнетизм ва Биринчи жаҳон уруши тарихидан дарс беради, кейинроқ директор ўринбосари сифатида ишлайди. Онаси Мюриел Френсис Уэйли бўлса ҳаётини беш нафар фарзандининг тарбиясига бағишлайди.
Ота-онаси болаларига таълимнинг мол-давлатдан афзаллиги, шахсий ўсиш, жамият ривожи учун ундан муҳимроқ нарса йўқлигини бот-бот такрорлайди. Бу эса, табиийки, фарзандлари, хусусан, бўлажак олиманинг келажагига таъсир қилмай қолмайди.
Дунёнинг қандай тузилганини англашга ёрдам берувчи физика ва кимёга қизиқиш қизларга мўлжалланган Авлиё Павел мактабидаги ўқиш йиллари куртак очади. Қонуният-у формулалар қизалоқ ҳаётининг маъносига айланади.
Мактабни тамомлагач, 1938 йилда Кембриж университети қошидаги Нюнҳем коллежига қабул қилинади. Баҳолари аъло бўлса-да, ўқишни 1941 йил академик даражасиз тамомлайди. Негаки ўша вақтда хотин-қизларга илмий даража берилмасди. Лекин, орадан 4 йил ўтгач, ҳаммаси ўзгаради. У илмий ишини ҳимоя қилиб, фан доктори даражасига эга бўлади.

Иккинчи жаҳон уруши., Парижга сафар

Бутун дунёни уруш даҳшати қамраб олган бир вақтда Розалинд қўл қовуштириб ўтиролмайди, ватан корига яраш ҳақида бош қотиради. Ўша вақтда ёқилғи энг долзарб муаммо бўлгани боис кўмир билан боғлиқ тадқиқот қилишга бел боғлайди. Изланиши юқори чидамли углерод толасини яратиш билан бирга, докторлик диссертацияси: “Кўмир ва унга алоқадор материаллар мисолида қаттиқ органик коллоидларнинг физик кимёси” учун асос бўлади.
Уруш тугагач, Франция пойтахтига кўчиб ўтиб, рентгеноструктуравий таҳлил бўйича тадқиқот олиб боради. Бу вақтда Парижда одамлар ҳаётини изга солишга ҳаракат қиларди. Ёш, мафтункор ва бироз инглизларга хос кибор Розалинд эса оёққа туришга уринаётган француз жамиятида эътиборга эриша бошлади. Ота-онаси берадиган мўмай субсидия ҳисобига ўзига ҳамма нарсанинг энг яхшисини раво кўра олади. Бассейнда сузади, мода кўргазмаларига ташриф буюради, аммо бу билан изланишларини ҳам ташлаб қўймай, берилиб ишлашда давом этади.
1951 йили вазият тақозоси билан Лондонга қайтади. Унинг биографияси муаллифи Бренда Меддокснинг ёзишича, ўзига хос муҳитга эга Парижда яшаб ўрганиб қолган Розалинднинг Лондонга кўникиши осон бўлмайди. Гап шундаки, ўша пайт Лондонда аёлларнинг муваффақиятга эришиши тугул, бирор нимани эплашига ҳам шубҳа билан қараларди. Билим даргоҳларида ҳам асосан эркаклар ишлар, мабодо аёллар бор бўлса ҳам уларнинг тадқиқоти учун шароит бўлмасди.

“Аёл тадқиқотчи нимани қойиллатади?”

Эрксевар, зукко аёлни “мачизм” ривожланган жамият аъзолари мустақил тадқиқотчи сифатида қабул қилишни истамаган. Аммо, Жон Рендалл исмли биофизик Розалинднинг салоҳиятини пайқаб уни Лондон Қироллик коллежи (Кинғс Соллеге Лондон)да ишлашга таклиф қилади. Бу ерда ёш олимлар – Морис Уилкинс ва Раймонд Гослинг ДНК тузилишини ўрганиш билан банд эди.
Розалинд дастлаб оқсил ва ёғларнинг рентген таҳлили устида ишлаши керак эди, аммо дифракцион таҳлилда тажрибага эга ягона тадқиқотчи экани сабаб Рендалл ДНКни ўрганиш учун ундан яхшироқ номзод йўқ деб ўйлайди. Бу вақтда Жон раҳбарлигидаги жамоадан ташқари, Кембриждаги Френсис Крик ва Жеймс Уотсон ҳам ДНК тузилишини ўрганиш билан банд эди.
Иш жараёнида Рендаллнинг жамоасида ўзига яраша муаммолар юзага кела бошлайди. Бу Уилкинснинг аёл ҳамкасбига гапини уқтиргиси келиши, Розалинднинг эса бир гапдан қолмаслиги билан боғлиқ эди. Ақл-заковати билан бошқалардан ажралиб турадиган Франклин хоним аҳмоқларга тоқат қилолмас, Морисни эса айнан ўша тоифага оид деб биларди. Тобора ортиб борган кундалик можаролар алалоқибат муносабатларга путур етказади.
1951 йил баҳордаги низо ҳаммасидан ўтиб тушади. Бунга Уилкинснинг Кембриждаги семинарда ДНКни рентген дифракцияси орқали ўрганаётгани ҳақида нутқ сўзлагани сабаб бўлади. Аслида ДНКни бу усулда Франклин ва ассистенти Гослинг ўрганаётган, Уилкинс эса бунинг учун ультрабинафша нурларидан фойдаланаётганди. Кейинроқ бундан хабар топган Рендалл вазиятга ойдинлик киритмоқчи бўлса-да, бу муносабатлар тикланиши учун сабаб бўлолмайди.
Олди-қочди гапларга қарамай, Розалинд рентген ва фотолар тиниқлигини яхшилаш борасида эксперимент қилишда давом этади. Ва ниҳоят ДНКнинг спираль шаклда, унинг молекулалар структурасини аниқ кўрсатадиган сурат “Фото 51”ни қўлга киритади. Мазкур кадр учун ойлаб вақтини сарфлаган, турли ракурсдан юздан ортиқ тасвирга олган. Рентген нурлари орқали олинган тасвирнинг қанчалик тўғрилигини аниқлаш учун қилинган узун ҳисоб-китоблар, ниҳояси йўқдек изланишларга уланаверган.

Франклин ва Уилкинснинг биргаликда ишлай олмасликларини тушуниб етган Рендалл лойиҳаларни бир-биридан ажратишга ва кейинроқ натижаларни жамлашга қарор қилади. 1952 йилга келиб Франклинга Биркбек коллежига ўтишни, бироқ кетишидан аввал бор натижаларни Уилкинсга топширишни таклиф қилади.
Таъкидлаш жоизки, ушбу можаро бугунгача турли талқин қилинади. Айримларида Уилкинс аввалроқ ДНКни ўрганишга киришиб, Розалинд кетганидан кейингина фотони кўриб Крикка кўрсатгани ёзилса, бошқаларида у ҳали лабораторияни тарк этмасиданоқ тасвирни қўлга киритиш учун ассистентини ишга солгани айтилади. Лекин, воқеа қандай бўлишидан қатъи назар бир нарса аниқ: Уилкинс суратни Крик билан бўлишишдан аввал Розалинддан рухсат олмаган, огоҳлантирмаган, ҳатто.

Кетиш тўхташни англатмайди

Келишиб ишлолмаслигини тушуниб етган Розалинд Рендаллнинг таклифига кўнади. Янги коллежда тамаки мозаикаси вирусини ўрганишга киришади. Унга ирландиялик олим Бернал бошчилик қилади. Розалинд ва унинг жамоаси рибонуклеин кислоталарни ўрганиш билан ҳам машғул бўлади ва шу тариқа вирусология ривожига ҳам ҳисса қўшади.
«Фото 51»ни кўрган Уотсон дарҳол ДНКнинг қўш спираль кўринишида эканини англаб олади. Ўша куниёқ Кембрижга қайтиб, Times журналининг муқовасига Франклиннинг тасвири асосида ДНК суратини чизади. Крик билан биргаликда ДНК молекуласининг моделини яратишга киришади. Тайёр шпаргалканинг борлиги кашфиёт учун асқатади.
1953 йилнинг 25 апрелида Британиянинг “Nature” журналида Уотсон ва Крикнинг ДНК бўйича изланишлари асосида мақола чоп этилади. Лекин гап шундаки, мақола 842 та сўздан иборат, ундаги ДНКнинг тузилиш модели ҳақидаги маълумотлар эса тайёр шпаргалканинг қуруқ муҳокамаси эди.

Тиббиётга ҳисса қўшиб, ўзи касалликдан вафот этган олима

Розалинднинг биографияси билан танишган одамга у гўё ҳаёти қисқалигини билган, шунинг учун ҳам кўпроқ нарсага улгуришга ҳаракат қилгандек туюлади. Саломатлигида муаммо борлиги аниқланганидан кейин ҳам у ишлашда давом этган. У ўз изланишига доир 1956 йилда еттита, 1957 йилда олтита мақола чоп эттиради. 1957 йилда жамоаси билан АҚШ Соғлиқни сақлаш вазирлигидан полиомиелит вирусини ўрганиш учун қўшимча субсидия олган.
Дардни нечоғлик инкор қилиб яшамасин, 1958 йил 30 мартда Розалинднинг аҳволи кескин ёмонлашади. Ҳаётини изланишларга бағишлаган Франклин хоним шу йили 16 апрель куни, 37 ёшда ҳаётдан кўз юмади. Рентген нурлари билан кўп ишлагани тухумдонларда саратонни ривожлантирган бўлиши эхтимоли юқори.
1962 йилда Крик, Уотсон ва Уилкинслар ДНК тузилишини муваффақиятли моделлаштиргани учун Нобель мукофотини қўлга киритади. Крик интервьюларидан бирида агар Франклиннинг натижалари бўлмаганда, ДНК моделини яратиш имконсиз бўлишини таъкидлайди. Уотсон бўлса, агар 1962 йилгача Розалинд тирик бўлганида ким Нобель лауреати бўларди деган саволга, ҳеч иккиланмай: “Крик, мен ва Розалинд Франклин”, — деб жавоб беради.
ДНК тузилишининг аниқланиши илм-фан оламидаги энг улкан кашфиётлардан бири эди. Генетика соҳасида унинг нечоғлик аҳамиятлилигини эслатиш мақсадида эса ҳар йили 25 апрелда “Халқаро ДНК куни” нишонланишини эслатмоқчимиз. Бу кашфиётга ҳисса қўшган Розалинд ҳақидаги ҳикоя эса энг яхши мутахассис бўлиш жинс билан боғлиқ эмаслиги, асосийси қизиқиш ва тинмай изланиш эканлигини исботлайди.

Иқтибослари

“Назарияларингиз ўзингиз ва бошқаларнинг ишониши учун осонроқ ва кўнгилга хуш ёқадиган бўлиши мумкин, аммо мен уларда ҳаётга ёқимлироқ қарашдан бошқа ҳеч қандай асос кўрмаяпман”.
“Илм-фан ва кундалик ҳаётни бир-биридан ажратиш мумкин ҳам, керак ҳам эмас”.
“Завқ бермайдиган ишни қилгандан нима фойда?”.
“Фикрлашим, мулоҳаза қилиш усулимга таъсир қилмаса, илмий тайёргарлигим муваффақиятсиз ва беҳуда бўларди”.
“Ҳаётда муваффақиятга эришиш учун ишонч муҳимлигига қўшиламан, бироқ сизнинг у ҳақидаги таърифингизни қабул қилолмайман”.
“Ишонч учун энг зарури қўлимиздан келганича ҳаракат қилиб, мақсадларимиз: инсоният тараққиётида муваффақият қозонишга ишонишдир”.
“Илм ҳозиргача бўлгани каби факт, тажриба ва экспериментларга таянади”.
“Агар эркимни ҳимоя қилиш учун зарур бўлса, хоҳишимга кўра примитивроқ бўлардим”.

БУ КИМНИНГ ИШИ?

Муаллиф — Гулираъно Мусаева

Таҳрир — Дилбар Ҳайдарова

Корректура — Гули Ибрагимова