ШҲТ янгиликлари: Самарқанддаги саммитнинг якуний куни сарҳисоблари
16 сентябрь куни Самарқандда ШҲТ саммити доирасидаги асосий тадбирлар бўлиб ўтди. Дастлаб Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарларининг Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раислигидаги тор доирадаги учрашуви бўлиб ўтди.
Кейинроқ кузатувчи давлатлар раҳбарлари ва таклиф этилган фаҳрий меҳмонлар иштирокида ШҲТ га аъзо давлатлар раҳбарларининг кенгайтирилган тартибдаги йиғилиши бўлиб ўтди.
Самарқанддаги икки кун давом этган саммит якунларига кўра иштирокчилар якуний декларацияни имзолашди. Шу билан бирга Шавкат Мирзиёев ташриф буюрган давлат раҳбарлари билан иккита икки томонли форматдаги учрашув ўтказди.
Саммитнинг иккинчи куни якунлари шарҳида биз асосий янгиликлар ва натижаларга тўхталиб ўтамиз.
Биринчи кун натижалари ҳақида бу ерда ўқишингиз мумкин.
Саммит якунлари
Иккинчи куни ШҲТ га аъзо давлатлар раҳбарлари Кенгашининг тор ва кенг доирадаги йиғилишлари бўлиб ўтиши кўзда тутилган эди. Тор доирадаги йиғилишда ташкилотнинг бевосита аъзолари, яъни Ўзбекистон, Ҳиндистон, Қозоғистон, Хитой, Қирғизистон, Покистон, Россия, Тожикистон шунингдек, ШҲТ бош котиби ва минтақавий аксилтеррор тузилмалари Ижроия қўмитаси директори иштирок этдилар. Кенгайтирилган формат эса Кенгашга кузатувчи давлатлар раҳбарлари ва фаҳрий меҳмонлар иштирокида мажлис ўтказиш имконини берди.
Давлат раҳбарларининг тор доирадаги йиғилишида Шавкат Мирзиёев мезбонлик мақомидан келиб чиқиб 2021-2022-йиллардаги ШҲТ доирасидаги раислик якунларини сарҳисоб қилди. У ўз чиқишида раислик муддати давомида 80 дан ортиқ йирик тадбирлар ўтказилгани, Самарқанд саммитида ҳамкорликнинг турли соҳаларига тегишли 44 та битим ва қарорлардан иборат ҳужжатлар пакети имзоланиш учун тайёрланганини қайд этиб ўтди. Президент ШҲТ нинг блоклардан ташқарилик мақомини, яъни Ташкилотнинг кимгадир қарши йўналтирилмаганлик тамойилини сақлаб қолиш заруратини алоҳида таъкидлаб ўтди. Ўзбекистон учун бу мақом муҳим аҳамиятга эга, чунки у 2012-йилдан бери ишлаб келаётган Ташқи Сиёсат Концепциясига мувофиқдир. Концепцияда Республиканинг блоклардан ташқарилик мақоми мустаҳкамлаб қўйилган.
Самарқанд саммити якунлари бўйича қабул қилинган 44 та ҳужжат орасида 2023-2027-йилларга мўлжалланган ҳаракатларнинг Комплекс режасини, ШҲТ аъзоларининг ўзаро алоқадорликни ривожлантириш ва самарали транспорт йўлакларини яратиш бўйича Концепциясини ва ШҲТ га аъзо давлатларнинг ўзаро ҳисоб-китобларда миллий валюталар улушини босқичма-босқич ошириш бўйича “Йўл харитасини” алоҳида ажратиб кўрсатиш мумкин.
Ташкилот аъзолари таркибини кенгайтириш бўйича фаолият алоҳида аҳамият касб этади. Масалан, қабул қилинган ҳужжатлар ва қарорлар орасига Эроннинг ШҲТ га аъзо давлат мақомини олиш бўйича мажбуриятлари тўғрисидаги меморандум, шунингдек, Белорусьга ШҲТ га аъзо давлат мақомини бериш тартибини бошлаш тўғрисидаги ва Мальдив ороллари, Баҳрайн, БАА, Мьянма ва Қувайтга ШҲТ нинг мулоқот бўйича ҳамкори мақомини бериш тўғрисидаги қарорлар ҳам киради. Олдинроқ Миср, Саудия Арабистони ва Қатар тегишли меморандумларни имзолаш орқали ШҲТ нинг мулоқот бўйича ҳамкори мақомини қўлга киритишган эди.
Ўзбекистоннинг таклиф ва ташаббуслари
Шавкат Мирзиёев ШҲТ аъзолари давлат раҳбарлари Кенгашининг кенгайтирилган форматдаги йиғилишидаги нутқида географик қамровнинг кенгайишини ижобий баҳолади, унинг сўзларига кўра, бу Ташкилотнинг қанчалик муҳим аҳамиятга эга эканлигини тасдиқлайди.
Ўзбекистон ШҲТ нинг Янги иқтисодий мулоқотини йўлга қўйиш, ШҲТ га аъзо давлатлар ҳудудларининг иш бўйича ҳамкорлик ҳафталигини ташкил этиш, ШҲТ аъзоларининг махсус иқтисодий зоналар Альянсини ташкил этиш ва ҳар йили ШҲТ нинг Катта савдо ярмаркасини ўтказиш ташаббуслари билан чиқди. Озиқ-овқат ҳавфсизлиги масалаларида жиддий ҳамкорликни йўлга қўйишга алоҳида эътибор қаратилди. Шу муносабат билан озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашнинг умумий тамойиллари ва ёндашувини ишлаб чиқиш таклиф этилди.
Шунингдек, Ўзбекистон Президенти Мозори-Шариф — Кобул — Пешовар темир йўли қурилишини қуллаб-қувватлашга чақирди.
Ўзбекистон томонини шунингдек, ШҲТ Иқлим Кенгашини ташкил этишни ва ШҲТ Минтақавий аксилтеррор тузилмалари фаолияти самадорлигини оширишни, ректорлар Форумини, маданият ва туризм Кунларини, ҳамжиҳатликдаги спорт тадбирларини ва Универсиадани ўтказишни таклиф қилди.
Ўз чиқишининг сўнггида Мирзиёев афғон муаммосини ҳам четлаб ўтмай, санкциялар сиёсатини қатъийлаштирмасликка ва Афғонистонни янада яккаламасликка чақирди, чунки бу мамлакат ичида радикализмнинг кучайишига ва унинг террорчилик кучлари учун тайергарлик майдонига айланиб қолишига олиб келиши мумкинлигини таъкидлади. Бундан ташқари, Ўзбекистон ҳукумат вакиллари президент номидан Термиз шаҳрида Афғонистонга инсонпарварлик ёрдами учун махсус Фонд ташкил этишни таклиф қилишди, чунки афғон халқи ҳозир ташқи ёрдам кўрсатилишига жуда муҳтожлиги таъкидланди.
Иш ўртасида
Шавкат Мирзиёев ШҲТ саммити доирасидаги давлат раҳбарларининг икки йиғилишидан ташқари Туркия ва Ҳиндистон раҳбарлари билан икки томонлама форматдаги иккита учрашув ўтказди.
Туркия Президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон билан бўлган мулоқот чоғида ўтган йилда икки давлат ўртасидаги савдо кўрсаткичлари 60 фоизга ошгани қайд этилди. Қўшма корхоналар сони икки мингтадан ошди, йил бошидан буён ўзлаштирилган сармоя миқдори ярим миллиард доллардан ортиқроқни ташкил этди.
Туркия корхоналари Ўзбекистондаги давлат корхоналарини хусусийлаштириш жараёнида иштирок этишга юқори қизиқиш билдиришмоқда. Сўнгги йиллардаги бир миллиард долларлик лойиҳалар реализациясидан келиб чиққан ҳолда энергетика соҳаси истиқболли соҳа сифатида алоҳида эъироф этилмоқда.
Навбатдаги икки томонлама учрашув чоғида Ўзбекистон ва Ҳиндистон раҳбарлари мамлакатлар ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик ўсиб бораётганини таъкидладилар. Масалан, жорий йил бошидан бери товар айирбошлаш ҳажми 30 фоизга, қўшма корхоналар сони эса сўнгги олти йилда беш баробарга ошган.
IT, соғлиқни сақлаш, фармацевтика, қишлоқ хўжалиги ва туризм соҳаларида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш кўзда тутилган. Ўзбекистон Эроннинг Чабаҳор портидан фойдаланган ҳолда Ҳиндистон билан транспорт алоқаларини мустаҳкамлашга катта қизиқиш билдирмоқда.
Самарқандда бўлиб ўтаётган ШҲТ саммитининг иккинчи кунида қирғиз-тожик чегарасида янги можаро бошланганлиги маълум бўлди. Натижада, Қирғизистон 136 минг кишини эвакуация қилишга мажбур бўлган, 87 киши жароҳатланган. Воқеаларнинг ушбу фонида икки давлат президентлари ШҲТ саммити якунланганидан сўнг чегарадаги келишмовчиликни муҳокама қилиш учун учрашдилар. Томонлар ўт очишни тўхтатиш ва қуролли кучларни тўқнашув чизиғидан узоқлаштиришга келишиб олишди. Бундан ташқари, давлат чегарасини делимитация ва демаркация қилиш бўйича Ҳукуматлараро комиссия ишини тезлаштириш бўйича келишувга эришилди.
Катта қизиқиш уйғотган ҳодисалардан яна бири Россия ва Ҳиндистон раҳбарларининг икки томонлама форматдаги учрашуви бўлди. Учрашув чоғида Владимир Путин Россиядан Ҳиндистонга ўғит етказиб бериш ҳажми саккиз баробарга ошганини қайд этди. Ҳиндистон Бош вазири ўз навбатида ҳозирги давр урушлар даври эмаслигини таъкидлаб, тинчликнинг (Украинада — таҳр. Hook.Report) тезроқ ўрнатилишига умид билдирди. Бош вазирнинг сўзларига кўра озиқ-овқат ва энергетик хавфсизлик масалалари ҳамда ўғитлар билан таъминланиш имконияти ривожланаётган мамлакатлар орасида катта безовталикка сабаб бўлмоқда.
Самарқанд декларацияси
Самарқанд саммитининг асосий якуний натижаси ШҲТ га аъзо барча давлат раҳбарлари томонидан якуний ҳужжатнинг имзоланиши бўлди. Самарқанд декларациясида халқаро тартиб барқарорлигига оид саволлар ва таклифларнинг бутун бир тўплами алоҳида кўрсатилган.
Аъзо давлатлар Эрон ядровий келишуви бўйича Қўшма кенг қамровли ҳаракатлар режасини (ҚКҲР) барқарор равишда амалга оширишни қўллаб қувватлашди ва барча иштирокчиларни ўз мажбуриятларини қатъий бажаришга чақирдилар. Ҳужжатда ўз ҳавфсизлигини бошқа давлатлар ҳавфсизлиги эвазига таъминлашга йўл қўйиб бўлмаслиги, шунингдек, коинотни қуролларнинг ҳар қандай туридан ҳоли сақлаш қайд этиб ўтилди.
Саммит иштирокчилари Афғонистонда афғон жамиятининг барча этник, диний ва сиёсий гуруҳлари вакиллари иштирокида инклюзив ҳукумат яратишга чақирдилар. Ривожланаётган гуманитар вазиятни ҳисобга олган ҳолда афғон халқига ёрдам кўрсатишни давом эттириш кераклиги таъкидланди.
Самарқанд декларациясида саммит иштирокчилари протекциоистик ҳаракатлар ва савдо чекловларига қарши чиқиб, Жаҳон Савдо Ташкилоти (ЖСТ) тамойиллари ва қоидалари асосидаги кўп томонлама савдо тизимини қўллаб-қувватлаш ва мустаҳкамлаш тарафдори эканликларини тасдиқладилар. Улар БМТ Хавфсизлик кенгаши томонидан қабул қилинган санкциялардан ташқари бошқа бир томонлама санкцияларнинг қўлланилиши халқаро ҳуқуқни бузаётгани, ҳамда учинчи дунё мамлакатларига ва ҳалқаро иқтисодий муносабатларга салбий таъсир кўрсатаётганини таъкидлашди. ШҲТ га аъзо давлатлар ЖСТ самарадорлигини оширишга чақиришди ва ташкилотни тезроқ инклюзив ислоҳ қилиш заруриятини таъкидлашди.
***
Шу билан Самарқандда ўтган ШҲТ нинг 22-саммити ўзининг мантиқий якунини топди. Ўзбекистон Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига раисликни 2023-йилги саммитга мезбонлик қилиши кўзда тутилган Ҳиндистонга топширди ва ушбу масъулиятли миссияни бажаришда кўмаклашишга ҳар томонлама шайлигини билдирди.