Skip to main content

Россияда қисман сафарбарлик ва унинг Ўзбекистонга таъсири

янгиликлар
22.09.2022

Кеча, 21-сентябрь куни Владимир Путин Россияда қисман ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Сафарбарликка оид фармон имзоланди.

Россиянинг “Госуслуги” порталида заҳирада бўлган ҳарбийлар, шунингдек, бошқа мамлакатда бўлганлар “қисман сафарбарлик рўйҳати” га тушгани ҳақида билдириш ола бошлади. Шу билан бирга, Россия Рақамли ривожланиш вазирлигининг тасдиқлашича, қисман сафарбарлик доирасидаги чақириқномалар “Госуслуги” портали орқали юборилмайди, чунки бунинг учун “керакли қонунчилик базаси” мавжуд эмаслиги айтилган.

Давлат Думаси мудофаа қўмитаси раиси Андрей Картополовнинг маълум қилишича, қисман сафарбарлик туфайли заҳирадаги ҳарбийларнинг Россиядан чиқиб кетишига қўшимча чекловлар ўрнатиш кўзда тутилмаган. Унинг таъкидлашича, “сафарбарлик рўйхатидагилар чақириқномани олгунларига қадар мамлакат бўйлаб кўчиб юришлари мумкин, лекин бундай қилмаган яхшироқ”. Шу билан бирга, қонунга мувофиқ, ҳарбий рўйҳатда турувчи фуқароларга сафарбарлик эълон қилинган пайтдан бошлаб ҳарбий комиссариатлар, заҳирага эга бўлган ижро этувчи ҳокимиятнинг федерал органлари рухсатисиз ўз яшаш жойини тарк этиш таъқиқланади.

РБК ҳабар беришича, яқин муддатда Москвадан Истанбул, Ереван, Боку ва бошқа қўшни давлатларга тўғридан-тўғри рейслар мавжуд эмас. Хук таҳририяти Тошкентдаги рейсларни текшириб кўрди: кеча ва бугун Москва, Қозон ва Санк-Петербургдан чипталар мавжуд эмас.

Келинг, ҳозирда бизга маълум нарсаларни бир бошидан кўриб чиқсак. Россияда айнан кимлар сафарбар қилинишлари мумкин? Ҳорижда, хусусан Ўзбекистонда бўлиб турган Россия фуқаролари ҳақида қонунчиликда нима дейилган? Ўзбекистон ҳарбий хизматга чақирилган Россия фуқароларини экстрадиция қила оладими? Иккита пасспортга эга бўлганларнинг тақдири нима бўлади? Шартнома асосида Россия армиясида хизмат қилаётган ҳорижликлар учун Россия фуқаролигини олишнинг соддалаштирилганлиги фонида Ўзбекистонлик мигрантлар билан вазият қандай кўриниш олмоқда?

Кимлар сафарбарликка жалб қилинади?

Россия Президентининг мурожаатномасида келтирилишича: “Ҳарбий ҳизматга фақат ҳозирги пайтда заҳирада бўлган ва биринчи навбатда, қуролли кучлар сафида хизмат қилган, маълум ҳарбий тайёргарлик ва тегишли тажрибага эга фуқаролар чақирилади”.

Мудофаа вазири Сергей Шойгу ҳам қисман сафарбарликка ҳарбий хизматни ўтаган, ҳарбий ихтисослиги бўлган, ҳарбий тажрибага эга бўлганлар жалб қилиниши, талабалар ва муддатли ҳарбий хизматни ўтовчиларнинг урушга сафарбар қилиниши ҳақида гап бормаётганини таъкидлаган.

RT телеканали бош муҳаррири Маргарита Симоньяннинг хабар беришича: “Сафарбарлик қуйидаги БАРЧА УЧТА бандга кирувчи фуқароларга тегишлидир:

1. Ҳарбий хизматни ўтаган

2. Ҳозирда керакли (ҳозир айнан қайси мутахассисликлар кераклиги очиқланмаган) ҳарбий мутахассисликка эга бўлган

3. Ва асосийси, ЖАНГОВОР ТАЖРИБАси бор бўлган”.

“Новая газета Европа” нашри сиёсатшунос Екатерина Шульманнинг сўзларини келтиришича: “Президентнинг эълон қилинган фармонида сафарбарлик қисман дейилган, лекин унинг параметрлари (ҳудудий, категориявий) очиқланмаган. Бундай матнга кўра, иш муддатида ҳарбий хизматдан озод ҳарбий-саноат комплекси ходимларидан ташқари ҳамма чақирилиши мумкин. Сафарбарлик фақат заҳирадаги ва керакли мутахассикликка ега бўлганларга тааллуқли эканлиги чиқишда айтилди, лекин фармонда эмас”.

“Агора” ҳалқаро ҳуқуқ ҳимоячилари гуруҳи раҳбари ҳуқуқшунос Павел Чиков ўз телеграм-каналида ёзишича, фармоннинг мавҳум таъбири туфайли “Россия Мудофаа вазирлиги кимни, қаердан ва қанча миқдорда урушга жўнатишни ўзи ҳал қилади. Механизм қуйидагича бўлади: Мудофаа вазирлиги Россиянинг ҳар минтақаси учун сафарбарлик квотасини шакллантиради. Уларнинг ижроси учун губернаторлар жавоб беради. Биринчи навбатда, сафарбарлик буйруғини заҳирадагилар қабул қилиб олади, улар қаторига армияда хизмат қилган ва заҳирада қолиш учун шартнома имзолаган эркаклар киради. Иккинчи бўлиб эса разрядлар бўйича заҳирадаги эркаклар буйруқни қабул қилиб олади”.

Россия чет элдаги фуқароларини чақириб олиши мумкинми?

Ҳуқуқшунос Павел Чиковга кўра: “Агар фуқаро доимий равишда (6 ойдан ортиқ муддатда) чет елда яшаётган бўлса, у ҳарбий рўйхатдан чиқарилиши керак ва Россияга доимий яшаш мақсадида қайтгунига қадар ҳарбий хизматга чақирилмайди. Қонунга кўра, бунинг учун фуқаро жўнаб кетишидан 2 ҳафта олдин ҳарбий комиссариатга шахсан келиши ва рўйхатдан чиқарилиши керак. Идеал ҳолда кўчишни тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим этилиши лозим, аммо қонун бундай мажбуриятни юкламайди. Бу ҳар қандай ҳужжат бўлиши мумкин — уй-жой шартномаси, ўқиш/иш жойидан шартнома, чет элда яшаш учун руҳсатнома, чипта ёкт тшга таклифнома бўлиши мумкин.

Агар ўзбекистонлик мигрант Россияда ҳарбий хизматга киришга қарор қилсачи?

Россия Федерацияси қонунчилигига шартнома асосида Россия армиясида хизмат қилаётганлар чет элликлар учун Россия фуқаролигини олишни соддалаштирувчи ўзгартиришлар киритилди. Эгди Россия Федерацияси Қуролли Кучларида хизмат қилиш учун йиллик шартнома тузган чет элликлар узоқ кутишлар ва бошқа бюрократик тўсиқларсиз фуқароликни олишлари мумкин.

Москва мери Сергей Собяниннинг сўзларига кўра: “яқин муддатда Москва ҳукумати “Сахарово” да Россия Мудофаа вазирлигига хориж фуқароларини ҳарбий хизматга олишни ташкиллаштиришда кўмаклашиш учун тўлақонли инфраструктура яратади.

Шунингдек, Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат мугосабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги август ойида ватандошларимизни Ўзбекистон Республикаси ЖК га таянган ҳолда “зиддиятли ҳудудларга бормасликка ва ҳарбий ҳаракатларда қатнашмасликка” чақирган эди. Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси, шунингдек, ЖК нинг 154-моддасига (ёлланиш) мувофиқ ҳорижий давлат ҳудудида қуролли тўқнашувларда ёки эълон қилинган ҳаракатларда ноқонуний иштирок этиш жиноят ҳисобланишини билдирган. Бунинг учун 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазолаш кўзда тутилган.

 

Лекин айтиш керакки, бу фақат расмий хизматга қабул қилинганларга тегишли. Марказий Осиёдан ташриф буюрган меҳнат мигрантлари билан ишловчи москвалик ҳуқуқшунос Ботир Шерматовнинг аниқлик киритишича, Россия ҳукумати ноқонуний ХҲК (хусусий ҳарбий компаниялар) хизмат қилнҳган чет эл фуқароларига тарли ҳужжатларни расмийлаштиришда яширинча ёрдам кўрсатиши мумкин.

Anhor.uz мақоласида Россияда Марказий Осиёдан келган мигрантларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатувчи “Тонг Жахони” ташкилоти асосчиси Валентина Чупик ва халқаро муносабатлар бўйича мутахассис Юрий Саруханяннинг сўзлари келтирилган. Чупмкнинг фикрича, муҳожирлар учун энг ишончли ҳимоя Россияни тарк этишдир. Юрий Саруханяннинг қайд этишича, Ўзбекистон фуқароларининг Украинадаги урушга жалб этилишининг олдини олишнинг энг самарали воситаларидан бири — Ўзбекистоннинг бу урушга нисбатан аниқ позициясини шакллантиришдир.

Бугун Ўзбекистон Республикаси бош прокуратураси ҳорижий давлатларда истиқомат қилаётган ватандошларимизни қуролли кучлар сафларига қўшилмаслик ва жанговор ҳаракатларда қатнашмасликка чақирувчи хабарни эълон қилди, чунки бундай ҳаракатлар жиноий жавобгарликка сабаб бўлади.

Ўзбекистонда бўлган Россия фуқаролари сафарбарликка тушган бўлса, экстрадиция қилиниши мумкинми?

Назарий жиҳатдан, ҳа, агар Россия Ўзбекистондан сафарбарликдан қочган фуқароларини талаб қилса. Ўзбекистон ЖПК нинг 601-моддаси ва Кишинёв конвенwиясининг 89-моддасида эксирадицияни рад этиш учун асослар мавжуд. Агар инсон булар таъсирида бўлмаса, у экстрадация қилиниши мумкин.

Павел Чиков Медузанинг мамлакатни тарк этган шахс сафарбарлик пайтида ортга қайтиши керакми мазмунидаги саволига қуйидагича жавоб берди: “Ҳарбий комиссариатга келиш мажбурияти сафарбарлик тўғрисида буйруқни олган кишиларда бўлади, бу ҳолатда у ёки ҳарбий қисмга ёки ҳарбий комиссариатга келиши шарт. Агар буйруқни топшириш имконияти бўлмаса, демак келиш мажбурияти ҳам йўқ, шунинг учун чет элда бўлиб турган шахслар Россияга қайтишга мажбур эмаслар”.

Россия Федерацияси Рақамли ривожланиш вазирлиги қисман сафарбарлик доирасида чақирув қоғозлари Давлат ҳизматлари портали орқали юборилмаслигин маълум қилди. Аниқлашадики, Россия Федерациясининг чет элда бўлиб турган фуқаролари қабул қиладиган билдиргилар  Давлат хизматларида мажбурий эмас балки эслатма характерига эга.

Назарий жиҳатдан россияликларга почта орқали чақирув қоғозларини юбориш мумкин, чунки уларда ўз фуқароларининг манзили бўлиши керак.

Иккита (Россия ва Ўзбекистон) фуқаролиги борларчи?

Мурод Нажмиддинов: Конституция ва “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида”ги қонунга кўра, республиканинг бутун ҳудудида ягона фуқаролик ўрнатилади. Қонун моҳиятига кўра чет давлатлар фуқаролигини олишни тақиқламайди. Шу билан бирга, ўзга давлат фуқаролигига мансубликни тан ҳам олмайди.

 

Шуни ҳам эътибордан қочирмаслик лозимки, ихтиёрий равишда чет давлатнинг фуқаролигини олиш Ўзбекистон фуқаролигини йўқотишга асос бўлади. Аммо фуқароликни йўқотиш автоматик равишда содир бўлмайди, унда маълум процедуралар бор.

Шу жумладан, чет давлат фуқаролигини ихтиёрий равишда олган Ўзбекистон фуқароларини аниқлаш учун ички ишлар органлари ва консуллик муассасалари манфаатдор давлат органлари ва ташкилотлари маълумотларини текширади, шунингдек жисмоний ва юридик шахслардан келиб тушаётган мурожаатларини ўрганади.

 

Чет давлат фуқаролигини ихтиёрий равишда олиш факти аниқланган тақдирда Ички ишлар вазирлиги ёки Ташқи ишлар вазирлиги хулоса тайёрлайди ва хулосани материаллар билан бирга Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Фуқаролик масалалари комиссиясига юборади. Комиссия эса фуқароликка оид масалалар юзасидан Президентга таклиф киритади.

 

Содда қилиб айтганда, бир пайтнинг ўзида Россия (ёки исталган ҳар қандай давлат) фуқаролигини олган шахс Президентнинг фуқароликни тугатиш тўғрисидаги қарори чиқмагунга қадар Ўзбекистон фуқароси бўлиб қолаверади.

 

Экстрадиция масаласига тўхталадиган бўлсак, Қонунга кўра, Ўзбекистон фуқароси чет давлатга топширилиши мумкин эмас. Фақатгина бир истисто бор: «агарда Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса».

 

«Бошқача қоида назарда тутилган» халқаро шартномаларга Фуқаролик, оилавий ва жиноий ишлар бўйича ҳуқуқий ёрдам ва ҳуқуқий муносабатлар тўғрисидаги Минск ва Кишинёв конвенцияларини кўрсатишимиз мумкин. Мазкур конвенциялар ва миллий жиноят-процессуал қонунчилигимизга кўра, Ўзбекистон ҳудудида бўлган шахсни жиноий жавобгарликка тортиш ёки ҳукмни ижро этиш учун ушлаб бериш тўғрисидаги сўров Ўзбекистоннинг халқаро шартномаларига мувофиқ ёки ўзаролик принципи асосида Бош прокуратура томонидан кўриб чиқилади.

 

Жиноят-процессуал кодекснинг 601-моддасига кўра, Ўзбекистон ҳудудида бўлган шахсни ушлаб бериш қуйидаги ҳолларда амалга оширилиши мумкин:

 

агар шахс жиноий жавобгарликка тортиш учун ушлаб берилаётганида содир этилган қилмиш учун Ўзбекистон Жиноят кодекси бир йилдан кам бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилиш тарзидаги жазони ёки оғирроқ жазони назарда тутса;

 

агар ўзига нисбатан ушлаб бериш тўғрисида сўров юборилган шахс олти ойдан кам бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилиш тарзидаги жазога ёки оғирроқ жазога ҳукм қилинган бўлса;

 

сўровни юборган хорижий давлат ўзига нисбатан сўров юборилган шахснинг фақат сўровда кўрсатилган жинояти учун жиноий жавобгарликка тортилишини ҳамда суд муҳокамаси тугаганидан ва жазони ўтаганидан кейин мазкур давлат ҳудудини эркин тарк эта олишини, шунингдек Ўзбекистоннинг розилигисиз учинчи давлатга чиқариб юборилмаслигини, топширилмаслигини ёхуд ушлаб берилмаслигини, худди шунингдек қийноқларга, зўравонликка, шафқатсиз ёки инсон шаъни ва қадр-қимматини камситувчи бошқа тарздаги муомалага дучор этилмаслигини ва унга нисбатан ўлим жазоси қўлланилмаслигини кафолатласа.

 

Миллий қонунчилигимизга асосан юқоридагилардан бошқа ҳолатларда экстрадиция тақиқланади. Кишинёв конвенциясининг 89-моддаси бундай тақиқларнинг кенг доирасини назарда тутади.

 

Юқоридагилардан келиб чиқиб шундай хулоса қилишимиз мумкин. Бир пайтнинг ўзида қайси ва қанча давлатнинг паспортини олишидан қатъий назар кишилар Президентнинг фуқароликни тугатиш тўғрисидаги қарори чиққунга қадар Ўзбекистон фуқароси бўлиб қолаверади, улар бошқа давлатга бериб юборилмайди. Агарда фуқаролик тугайдиган бўлса, масала Минск, Кишинёв ва миллий қонунчилигимизга асосан умумий тартибларда кўриб чиқилади.

БУ КИМНИНГ ИШИ?

Hook.report таҳририяти

 

Муқова: Юрий Мелентьев