Skip to main content

ШҲТ янгиликлари: Самарқанддаги саммитнинг илк куни қандай ўтди?

янгиликлар
16.09.2022

15 сентябрь куни Самарқандда Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг 22-саммити старт олди. Саммит охирги 3 йил ичида илк бор офлайн форматда ўтказилмоқда. Биринчи кун давомида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев тадбирга ташриф буюрган давлат раҳбарлари билан учрашиб, икки томонлама муносабатларга оид кўплаб масалаларга тўхталиб ўтди. Самарқанд саммитидаги ШҲТ га аъзо бўлиш тўғрисидаги аризаларнинг рекорд даражада кўплиги, унинг бу жиҳатдан олдинги тадбирлардан яққол ажралиб туришини таъминлади.

Саммитдан бир кун аввал

Самарқанд саммити бошланиш вақтида ШҲТ га аъзо давлатлар таркиби қуйидагича эди: Ўзбекистон, Ҳиндистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Хитой, Покистон, Россия ва Тожикистон. Ташкилотга аъзо давлатлар раҳбарлари олий даражадаги тадбирда мунтазам иштирок этиб келишади.

Шунингдек, ШҲТ да кузатувчи мақомидаги давлатлар гуруҳи ҳам мавжуд бўлиб, улар ҳам ташкилотнинг барча тадбирларида қатнаша оладилар, лекин қарор қабул қилиш жараёнида иштирок этиш ҳуқуқи уларда мавжуд эмас. Бундай давлатлар қатори ҳозир қуйидагича кўриниш олган: Афғонистон, Беларусь, Эрон ва Мўғулистон.

Шу ўринда ШҲТ га аъзо бўлмаган давлат раҳбарлари ҳам саммитларга таклиф қилинишлари мумкин. 2022 йилда бундай фаҳрий меҳмонлар қаторида Туркия, Озарбайжон, Туркманистон ва Арманистон давлат раҳбарлари бўлишди.

Самарқанд саммити расман 15 сентябрь куни бошланди, лекин айрим давлат раҳбарлари ўз ташрифларини бир кун олдин амалга оширишди. Биринчи бўлиб, 13 сентябрь куни тадбирнинг бевосита мезбони Шавкат Мирзиёев ташриф буюрди.

14 сентябрь куни Мўғулистон президенти Ухнаагийн Хурэлсух ўз ташрифи билан ҳорижий давлат раҳбарлари орасида биринчи бўлди.

Худди шу куни Эрон Президенти Иброҳим Раиси ҳам ўзининг расмий ташрифини амалга оширди. Бу Президентнинг сўнгги 20 йил ичида Ўзбекистонга қилган илк сафари бўлди. Олий даражадаги учрашув вақтида томонлар икки томонлама савдо ҳажмини 1 млрд. долларга етказиш имкониятларини ошириш тўғрисида ва бошқа турли соҳаларда ҳамкорлик қилиш тўғрисида келишиб олдилар. Шавкат Мирзиёев транспорт-логистика соҳасига ҳам эътибор қаратиб ўтди. Хусусан Ўзбекистон томони Ўзбекистон — Туркманистон — Эрон йўналиши бўйича ташишларни соддалаштирилишига ва Чобахар портидан фойдаланилишига умид боғламоқда.

Кузатувчи мақомидаги давлатлардан ташқари ШҲТ га бевосита аъзо давлатлар вакиллари ҳам ўз ташрифларини бошлашди. 14 сентябрь куни Самарқанд халқаро аэропортига Қирғизистон президенти Садир Жапаров ва Хитой раҳбари Си Цзиньпинлар етиб келишди. Хитой раҳбари самолёт зинасидан тушаётган вақтида тиббий ниқобда бўлган. Қайд этиш керакки, Си Цзиньпинни аэропортда шахсан Шавкат Мирзиёев кутиб олди. Фаҳрий қоровул ҳам ХХР раҳбари қаршисида саф тортган пайти тиббий ниқобда бўлган. Икки томонлама асосий тадбирлар кейинги кунга белгиланган эди.

Саммитнинг биринчи куни

15 сентябрь куни эрта тонгда Самарқандга Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон ва Туркманистон президенти Сердар Бердимухаммедовлар етиб келишди. Туркманистон раҳбари ШҲТ саммитида давлат раҳбарлари даражасида ўзининг ҳозирги мақомида илк бор иштирок этмоқда. Бироз кейинроқ Россия президенти Владимир Путин ҳам етиб келди. Уни Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов кутиб олди.

Ўзбекистон президентининг иш куни ХХР раиси Си Цзиньпин билан бўлиб ўтган тантанали учрашув билан бошланди. Музокараларнинг асосий мавзуси — икки томонлама иқтисодий алоқалар бўлди. Томонлар сўнгги беш йил ичида Хитой инвестициясининг Ўзбекистон иқтисодиётига киритган сармояси 10 млрд. доллардан ошганини қайд этишди. Ўзбекистон йил охиригача икки давлат минтақаларининг илк форумини ўтказишни таклиф қилди. 2018 йилда шунга ўхшаш форматдаги форум Россия ва Ўзбекистлн ўртасида ўтказилганди.

Учрашув якунларига кўра турли соҳаларда 15 млрд. долларлик савдо ва инвестицион битимлар имзоланди. Шундай келишувлардан бири “Узтелеком” ҳамда “Huawei” ва “ZTE” ўртасида имзоланди. Шартнома Ўзбекистоннинг ғарбий ва шарқий ҳудудларидаги 4 та инвестицион лойиҳа доирасида бўлиб, 506 млн. долларга мўлжалланган. Си Цзиньпин Шавкат Мирзиёевни Хитойга жавоб ташрифи билан боришга таклиф қилди, кейинроқ Хитой раҳбари Ўзбекистоннинг олий даражадаги давлат мукофоти — “Олий Даражадаги Дўстлик” ордени билан тақдирланди. Тадбирнинг бой дастуридан келиб чиқадиган бўлсак ХХР раиси билан учрашув Тошкент учун устувор бўлиб, томонларга ҳамкорликни кенгайтириш ва уни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш имконини берди.

ШҲТ саммитига келаётган давлат раҳбарлари сони соат сайин ортиб борди. Плкистон Бош вазири Шаҳбоз Шариф, Озарбайжон Президенти Ильхом Алиев, Беларусь Президенти Александр Лукашенко, Туркия Президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон, Қозоғистлн Президенти Қосим-Жомарт Тўқаевлар Самарқандга етиб келишди.

Самарқандга ташриф буюрмаган ягона раҳбар Арманистон Бош вазири Никол Пашинян бўлди. Бу ШҲТ саммити арафасида маълум бўлди. Фаҳрий меҳмоннинг сафардан бош тортиши Озарбайжон билан чегарада қуролли кучларнинг ҳарбий тўқнашуви фонида Республикада юзага келган ўта кескин сиёсий вазият билан изоҳланган. Маълум бўлишича ҳарбий тўқнашувда икки томондан камида 170 нафар ҳарбий хизматчи ҳалок бўлган.

ХХР раиси билан бўлган учрашувдан ташқари Шавкат Мирзиёев икки томонлама форматда Қирғизистон, Тожикистон, Россия, Белорусь, Озарбайжон, Покистон ва Туркманистон давлат раҳбарлари билан ҳам музокаралар ўтказди.

Ҳарбий можарога қарамай, Озарбайжон Президенти Ильҳом Алиев ШҲТ тадбирларида иштирок этиш учун Тошкентга келди. Томонлар Туркий давлатлар ташкилотининг Самарқандда бўлиб ўтиши кўзда тутилган саммитига тайёргарлтк жарёнини муҳокама қилишди. Учрашув якунида Озарбайжон раҳбарм Шавкат Мирзиёевни жавоб ташрифи билан Озарбайжонга таклиф қилди.

Қирғизистон Президенти Садир Жапаров билан учрашув пайтида Хитой — Қирғизистон — Ўзбекистон темир йўли ва Қамбарота ГЭСи билан боғлиқ саволлар муҳокмага олинди. Шу куни эрталаб Хитой, Ўзбекистон ва Қирғизистон вазирликлар даражасида Ўзбекистон учун Хитой бозорига чиқишда транспорт-логистика муаммоларини ҳал этишда катта аҳамиятга эга бўлган темир йўл қурилиши лойиҳаси бўйича уч томонлама шартнома имзоланди. Қамбарота ГЭСи қурилиши муҳокамаси, шунингдек, минтақадаги сув билан боғлиқ ўткир муаммолар шароитида инвестиция лойиҳасини биргаликда тайёрлаш тўғрисидаги келишув ўзига хос оптимизм руҳини уйғотади. Энергия хавфсизлигини таъминлаш учун Марказий Осиё мамлакатлари бир-бирлари билан изчил ҳамкорлик қилишлари лозим.

Белорусь Президенти галстуксиз ташриф буюрган Ўзбекистон ва Беларусь президентларининг учрашуви ноодатий бўлди. Шу йилнинг июль ойида айнан Ўзбекистон раислиги вақтида Минск ШҲТ га тўла аъзо бўлиш учун ариза топширган эди. Александр Лукашенко Мирзиёевга Беларусьни ташкилотга қабул қилишнинг йўлга қўйилишини қўллаб-қувватлагани учун алоҳида миннатдорчилик билдирди. Учрашувда Ўзбекистон Беларусьнинг Россия ва Ўзбекистон ўртасида Қозоғистон иштирокида маҳсулот етказиб беришни жадаллаштиришни назарда тутувчи “Агроэкспресс” лойиҳасига қўшилишидан манфаатдорлигини билдирди.

Беларусь Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига киришга қизиқиш билдирган ягона давлат эмас. Самарқандда Эрон ШҲТ га аъзо давлат мақомини олишт бўйича мажбуриятлар меморандумиги имзолади. Қатар ва Миср ШҲТ да мулоқот бўйича ҳамкорлар мақомларини олишди, бу ўз навбатида уларга ташкилот томонидан ўтказиладиган тадбирларда иштирок этиш имкониятини беради.

Покистон Бош вазири Шаҳбоз Шариф билан бўлган музокаралар чоғида транспорт ва логистика соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш масалаларига, жумладан Трансафғон темир йўли лойиҳасини амалга оширишнинг жадаллаштирилиши муҳимлигига алоҳида эътибор қаратилди. Ўтган йилдан бошлаб томонлар ўртасидаги алоқаларда кескин ўсиш кузатилди. Масалан, жорий йилда Ўзбекистонлик ҳайдовчилар Покистондан Афғонистон орқали юк ташишни бошлашди, август ойида эса Покистон Ўзбекистондан юк ташувчилар учун махсус визалар жорий этиш ниятида эканлигини хабар қилган эди.

Мирзиёевнинг Путин билан учрашуви анчайин муҳимлик касб этади. Томонлар машинасозлик, кимё, нефт-кимё ва геология соҳаларида 4,6 млрд. долларлик янги инвестицион битимлар пакетини имзоладилар. Жорий йилнинг октябрь ойида Ўзбекистон ва Россия минтақалари ўртасидаги учинчи форум ўтказилиши режалаштирилган. Икки томонлама муносабатларнинг 350 дан ортиқ ҳужжатдан иборат шартномавий ҳуқуқий базасига кўп томонлама стратегик шериклик тўғрисидаги декларацая ҳам қўшилди. Ундан ташқари, Шавкат Мирзиёевга икки давлат ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорликни мустаҳкамлашдаги улкан хизматлари учун Александр Невский орденти топширилди. Мирзиёевнинг президентлиги даврида Ўзбекистонда Россия олий ўқув юртларининг 12 та янги филиали очилди.

***

Саммитнинг илк куни якунида барча иштирокчи давлат раҳбарлари “Буюк Ипак йўли” халқаро сайёҳлик марказида галстукларсиз учрашишди. Кейин эса, уларнинг ҳар бири дўстлик, яхши қўшничилик ва ШҲТ давлатларининг тараққиёт ва фаравонлик йўлидаги умумий интилишлари рамзи сифатида кўчат ўтқазишди. Шу билан Самарқанддаги саммитнинг биринчи куни якунланди.

БУ КИМНИНГ ИШИ?

Шаҳриёр Исмаилходжаев — матн

Лазиз Холиёров — таржима