Эътибордан холи: шахсият бузилиши ҳақида матн
Тарихда аксарият буюк ва машҳур кишиларда руҳий носоғломлик, аниқроқ айтганда шахсият бузилиши мавжуд бўлганлигини кўрсатувчи тадқиқ ва хулосалар мавжуд. Масалан, Адолф Гитлер параноид ва нарсисистик шахсият бузилиши билан оғригани гумон қилинади, ёки Стив Жобсда обсессиф-компулсив шахсият бузилиши кузатилгани ҳақида манбаалар мавжуд. Демак қуйида шахсият бузилишиларининг турлари, унинг ижтимоий-психологик жиҳатлари ва таъсири ҳақида сўз боради.
Ижтимоийлашиш ҳар бир инсон ўтадиган босқичдир. Барчада ўзига хос бўлган шахсият мавжуд, айни шу омилга кўра, ижтимоийлашишни машаққатли ёки камида ўнғай бўлмаган жараён деб ҳисоблаш мумкин. Исталган масалада шахсларнинг турфа хиллиги муросасизликни келтириб чиқариши, албатта, табиий ҳол. Аммо, бу зидликларнинг чуқур ва кескин муаммога айланиши бу алоҳида мавзу, яъни шахсиятнинг бузилиши. Шахсият бузилиши кўпинча инсон ҳаётида деярли барча масалалар — оила, касбий фаолият, бошқа кундалик муносабатларда салбий ва оғир ҳолатларни келтириб чиқаради. У ўтган асрнинг 50-йилларидан бошлаб руҳий касалликларнинг алоҳида синфи сифатида тан олинган, бироқ шундай бўлса-да, шахсият бузилишига эътиборнинг амалий жиҳатлари ва натижалари сезиларли даражада кўзга ташланмайди. Кўплаб жамиятларда (хусусан, бизда ҳам) эса аксарият аҳоли бу ҳақда етарли тасаввурга ҳам эга эмас. Шу билан бирга, бугунги кунга келиб жаҳон психиатриясида ҳам шахсият бузилиши билан боғлиқ мураккабликлар ва муаммоларга ечим даражасидаги хулосалар мавжуд эмас.
Шахсият — бу индивиднинг бошқалардан фарқланадиган фикрлаш ва атрофга жавоб усулларидир. Шахсиятнинг бузилиши эса, умумий қилиб айтганда, шахсиятдаги айрим жиҳатларнинг ҳаддан ортиқ кучайиб кетишидир. Ҳар бир инсонда маълум даражада бефарқлик, эгоизм, шахсий манфаатларга қайғуриш, жудоликдан қўрқиш ва шу каби ҳислар мавжуд. Шахсият бузилишида айни шу каби ва бошқа жиҳатларнинг муаммо яратар даражадаги прогрессияси кузатилади. Яъни, хатти-ҳаракатлар, фикрлар, туйғулар ва жавоб реакциялар экстремал кўринишда бўлади, импульсивлик ҳам юқори даражага чиқади. Бундай хасталикка чалинган инсондаги барча муаммолар, асосан, бошқа инсонлар билан силлиқ мулоқотни йўлга қўя олмасликдан келиб чиқади, қаршингизда турган ўта эгоист ёхуд ҳаддан ошиқ бефарқ киши билан муносабатларда тушунмовчиликлар, турли зиддиятларнинг рўй бериши мантиқийдир.
Умуман олиб қараганда, шахсият бузилишидан келиб чиқадиган муаммолар унчалик арзимасдек кўринади. Чунки унинг салбий оқибатлари кам ҳолатларда моддий кўринишда бўлади. Барқарор бўлмаган руҳият, яқин инсонларнинг йўқотилиши, касбий ривожланишдаги муаммолар, жиддий муносабатлар ўрната олмаслик, ёлғизлик каби ушбу касалликнинг салбий таъсирлари кенг жамоатчиликнинг эътибори ва қайғуришига эриша олмаслиги мумкин. Аммо, мана бу маълумотга ишонадиган бўлсак, шахсият бузилишининг чегаравий кўринишига йўлиққан инсонларнинг тахминан 75 фоизи умри давомида бир марта бўлса-да ўз жонига қасд қилишга уриниб кўрган, 10 фоизи эса шу мақсадга эришган. Шу маълумотнинг ўзиёқ бугунги вазиятнинг қанчалик жиддий эътибор талаб қилишини кўрсатиши мумкин. Бошқа турдаги шахсият бузилишларидаги шу каби жиддий руҳий қийинчиликлар оқибатида бир қатор ижтимоий муаммолар келиб чиқиши мумкин.
Эпидемиология
1950-60-йилларга қадар шахсият бузилиши ҳатто руҳий муаммо сифатида тан олинманган, айнан 1952 йилда Америка Психиатрия ассоциациясининг илк Руҳий бузилишларнинг диагностик ва статистик қўлланмасида шахсият бузилишининг айрим тоифалари қайд этилади. Бироқ, ХХ асрнинг 90-йилларигача ушбу масалага оид кенг кўламли тадқиқотлар олиб борилмаган. Бугунги кунгача ҳам шахсият бузилишининг эпидемиологиясига оид бир неча ўнлаб йирик тадқиқотлар ўтказилди, аммо, ушбу тадқиқотлар орасида баъзи мунозарали натижалар олинган. Бундан ташқари, олинган маълумотлар универсаллаштирилган ҳамда бизга аниқ хулосаларни эмас, балки турли тахиминларни бериши мумкин. Хусусан, 2008 йилда уч мамлакатда ўтказилган олтита йирик тадқиқотга таяниб эълон қилинган ҳисоботда шахсият бузилишининг ҳар қандай турини ўртача тарқалиши 10,6 фоиз эканлиги кўрсатилган. Бошқа бир, 1980-2018 йилларда олти қитъада ўтказилган 46 та тадқиқот ва суҳбат натижаларини ўрганган таҳлилларда шахсият бузилишининг дунё бўйлаб тарқалиши тахминан 7,8 фоиз экани эълон қилинди. Жаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилоти томонидан 2009 йилда 13 мамлакатда ўтқазилган тадқиқот натижаларига кўра эса тахминий тарқалиш 6,1 фоиз эканлиги айтилди. Бироқ, мутахассислар шахсият бузилишларини кўрсатувчи рақамлар бундан кўпроқ эканлигига ишонишади. Турли минтақа ва давлатлар орасида шахсият бузилиши бир хилда тарқалмаган. Қайси ҳудудда қандай омилларнинг шахсият бузилишига таъсир қилиши ҳақида ҳам тугал ва ишончли натижани тақдим эта оладиган тадқиқотлар йўқ. Бироқ, мана бу тадқиқотда аҳолиси юқори даромадли давлатларда шахсият бузилишининг ҳажми паст даромадли мамлакатларга нисбатан сезиларли даражада юқорилиги аниқланган. Қайси омилларнинг бундай натижаларга таъсир ўтказиши эса юқорида таъкидлаганимиздек, мавҳум бўлиб қолмоқда.
Шахсият бузилиши турлари
Ушбу соҳадаги энг асосий манба ҳисобланувчи Руҳий касалликларнинг диагностик ва статистик қўлланмасининг сўнгги – 5-нашрида шахсият бузилишининг 10 тури кўрсатилган. Улар эса ўз табиатига кўра учта кластерга таснифланади.
А кластер. Ушбу гуруҳга 3 турдаги ғалати, ўта кескин даражада фарқланувчи фикрлаш, тассаввур қилиш ва ёки хатти-ҳаракатлар каби умумий жиҳатларни ўзида намоён қилувчи бузилишлар киради:
· Параноид шахсият бузилиши. Ишончсизлик, ўз қобиғига ўралиб олиш, ўзига нисбатан ёвузлик содир этилишига асоссиз ва рационал бўлмаган шубҳа-гумонлар, турли алоқалардаги қўрқув ва шубҳалар натижасидаги қийинчиликлар. Параноиклар аҳолининг 4,4 фоизгача қисмини ташкил этиши тахмин қилинади.
· Шизоид шахсият бузилиши. Апатия, бефарқлик, ҳамдардликнинг етишмаслиги, атрофга қизиқишнинг пастлиги, турли масалаларда ҳамкор ва шерикларни рад этиш, ёлғизликка интилиш. Бундай шахсият бузилишига чалинган кишилар ўзларининг ва бошқаларнинг ҳисларини кам даражада англайдилар, уни ошкор қилишдан сақланадилар. Ижтимоийликдан қочадилар, четдан қараганда зерикарли ва жуда жиддий кўриниши мумкин. Шизоид шахсият бузилиши эркаклар орасида кўпроқ учрайди.
· Шизотипал шахсият бузилиши. Ўзига хос ва ғалати фикрлаш, тассаввур ва эътиқод, ҳақиқат ва хаёлот ўртасидаги чалкашлик, сирли тушлар ва рамзларга, «сеҳрли» фикрлай олишга ишонч, кам сонли (агар мавжуд бўлса) яқин муносабатлар.
Б кластер. Бу гуруҳда юқори драматик, ҳиссий, шу билан бирга олдиндан айтиб бўлмайдиган, тартибсиз фикрлар ва ҳаракатларни вужудга келтирувчи шахсият бузилишлари кўрсатилган.
· Антисоциал (ғайри ижтимоий) шахсият бузилиши. Импульсив, девиант, итоатсиз, жамиятга душманона кайфият. Бундай инсонлар жамият қоидаларини менсимайди, фақат ўзига фойда келтириши мумкин бўлган мажбуриятларни бажаришади. Атрофдагиларнинг ҳуқуқларини ҳисобга олмайди. Антисоциал шахсият бузилиши мавжуд одамлар бошқаларга қараганда ҳуқуқбузарликка мойил бўлиши ҳақида гипотеза ҳам мавжуд ва бу қараш бир қанча тадқиқотларда, хусусан, мана бу таҳлилда ҳам маълум маънода ўз тасдиғини топган. Ғайриижтимоий шахсият бузилиши аксарият ҳолларда 11 ёшдан бошлаб намоён бўлади, шунингдек эркаклар орасида кўпроқ учраши аниқланган.
· Чегаравий шахсият бузилиши. Ҳиссий жиҳатда беқарор, назоратсиз ҳаракатлар, кайфиятнинг тез-тез ва кескин ўзгариб туриши. Бундай шахсият бузилиши билан оғриган кишилар ёлғиз қолишдан, ташлаб кетилишдан шунингдек, изоляцияланишдан қаттиқ қўрқишади. Севги ёки дўстлик каби туйғулар тезда нафрат билан алмашиши мумкин. Ушбу шахсият бузилиши аёллар орасида кўроқ тарқалган деб қаралади. Буюк рассом ҳисобланмиш Эдуард Мункда худди шу шахсият бузилиши бўлган деб тахмин қилинади.
· Ҳистрионик шахсият бузилиши. Драматик, юзаки ҳаракатлар, истерияга берилиш, диққат-эътиборга бўлган ҳаддан ортиқ талаб. Бундайлар ўзини доимий мафтункор, жозибали деб ҳисоблашади. Ҳаётларидаги энг муҳим жиҳатларни ҳам айнан шунда кўришади. Эътиборсизликка кескин реакция билан жавоб беришади, юқори драматизм сабаб депрессия, тушкунлик ва муносабатларда муаммолар келиб чиқиши мумкин. Аёлларда кўпроқ учраши кузатилади.
· Нарциссистик шахсият бузилиши. Мағрурлик, улуғворлик, ўзгаларнинг фикрларига, ҳис-туйғуларига ва ҳаракатларига бепарволик, ўзини устун кўриш. Нарциссистлар ўзларини бошқача ва алоҳида муносабатга лойиқ деб билишади, ўзларининг манфаатлари доимо биринчи ўринда эканлигига ишонишади, шунингдек муваффақият ва ғолиблик хаёллари билан доимо бирга юришади. Атрофдаги одамларга ўта такаббур кўринишлари мумкин. Нарциссистик шахсият бузилиши аёллардан кўра кўпроқ эркакларда учрайди.
С кластер. Ушбу кластердаги шахсият бузилишлари доимий юз берган ёки юз бериши мумкин бўлган ташқи воқеалардан ташвишланиш, ҳадиксираш ва қўрқувни ўзида намоён қилиши билан фарқланади.
· Қочувчи шахсият бузилиши (Avoidant personal disorder). Иккиланувчи, ташвишли, уятчан, рад этишларга сезгир ва қўрқув. Бундай шахслар, одатда, ўзларини бошқалардан паст даражада кўришади, шу билан бирга ёқимсиз ва ортиқча деб билишади. Бошқа одамлар билан бирга ишлашдан қочиш ёки ўнғайсизланиш уларга хос. Ижтимоий жиҳатдан тормозланган. Маълумотларга кўра аҳолининг 40 фоизида уятчанлик, тортинчоқлик ҳисси мавжуд, лекин одатий ва касаллик даражасидаги уят ҳиссидан катта фарқ мавжуд.
· Қарам шахсият бузилиши. Ночор, заиф, итоаткор, бошқаларга ҳаддан ортиқ боғланган. Бошқа нисбатан кучли бўлган кишилардан доимо ёрдам ва қўллаб-қувватлашни кутишади. Ўзига нисбатан ишончсиз, ҳатто ўта шахсий масалаларда ҳам бошқалардан маслаҳат сўрашади, мустақил равишда деярли ҳеч қандай масалани ҳал қила олишмайди, шу сабаб ёлғизланиб қолишдан қаттиқ қўрқишади. Бир яқин муносабат тугагач, дарҳол янгисини бошлашга эҳтиёж сезишади. Аёллар орасида кўпроқ тарқалиши кузатилган· Қарам шахсият бузилиши. Ночор, заиф, итоаткор, бошқаларга ҳаддан ортиқ боғланган. Бошқа нисбатан кучли бўлган кишилардан доимо ёрдам ва қўллаб-қувватлашни кутишади. Ўзига нисбатан ишончсиз, ҳатто ўта шахсий масалаларда ҳам бошқалардан маслаҳат сўрашади, мустақил равишда деярли ҳеч қандай масалани ҳал қила олишмайди, шу сабаб ёлғизланиб қолишдан қаттиқ қўрқишади. Бир яқин муносабат тугагач, дарҳол янгисини бошлашга эҳтиёж сезишади. Аёллар орасида кўпроқ тарқалиши кузатилган.
· Обсессив-компульсив шахсият бузилиши. Кучли тартиб ва талаблар, перфекционизм, керагидан ортиқ даражада масъулият, қайсарлик. Ушбу хасталикка чалинган кишилар барча масалаларда, кўпроқ касбий фаолиятда ўта қаттиққўл ва тартибли бўлишади, ишга нисбатан садоқат билан ёндашишади. Барча жабҳаларда тегишли қоидаларга қатъий амал қилишга интилиш ва бошқалардан ҳам шуни талаб қилиш. Ўз вазифасини кўнглидагидек бажара олмаган тақдирда, тушкунлик ва стрессга тушишади. Обсессиф-компульсив шахсият бузилиши аёллардан кўра эркаклар орасида икки баравар кўп учрайди, шунингдек, АҚШда 7,8 фоиз аҳолида ушбу бузилиш борлиги тахмин қилинади.
Шахсият бузилишига аниқ ва тайин сабаблар ҳали аниқланмаган, бироқ мутахассислар томонидан илгари суриладиган бир неча асосий қарашлар мавжуд:
1. Ижтимоий-иқтисодий аҳвол. Мутахассислар моддий қийинчиликлар ўз ўрнида руҳиятда муаммо келтириб чиқаришини таъкидлашади. Иқтисодий танглик инсоннинг бошқалардан бегоналашувига, тажовузкорлигига, касбий ва ҳаётий қизиқишларига салбий таъсири орқали ҳуқуқбузарликка йўл очиши мумкин. Етарли даромад манбаига эга оилаларда унинг аъзолари ақлий ва ахлоқий томондан бир мунча ижобий кўринишга эга бўлиши ҳақидаги қараш мана бу тадқиқотда ҳам ўз тасдиғини топган. Натижаларга кўра, моддий жиҳатдан яхши муҳитда улғаядиган болалар нисбатан яхши альтруистик ва ахлоқий сифатларга эга бўлишади, бундан ташқари, улар хавф-хатарга камроқ мойил бўлишади.
2. Ирсият. Шахсият бузилиши билан ирсиятнинг боғлиқлиги ҳақида фикрлар кам ва кўп томонлама ноаниқлигича қолмоқда. Бир қанча тадқиқотлар ўтказилган ва боғлиқлик мавжудлиги аниқланган, аммо ушбу боғлиқликнинг механизми ҳақида етарли ва ишончли маълумотлар йўқ.
3. Ота-она. Оиладаги муносабатларнинг ўрни ҳам бу масалада таъкидланади. Ота-она ва фарзанд ўртасидаги салбий алоқалар бола руҳиятига албатта ўз таъсирини ўтказади. Бир тадқиқотда 793 нафар она ва бола ўртасида сўровнома ўтказилади. Натижаларга кўра, ёшлигида онаси қичқирган ёки оғзаки ҳақоратланган балоғат ёшидаги болаларда чегаравий, нарциссистик, обсессив-компульсив ёки параноид шахсият бузилишилари сони соғлом болаларга нисбатан уч баравар кўп бўлган.
4. Руҳий жароҳатлар. Психодинамик назарияларга кўра, болаларнинг ёшликда олинган ҳар бир руҳий жароҳатлари етуклик давридаги шахсиятда ўз аксини топади. Зигмунд Фрейд асос солган психоанализ назариясига асосланувчи ушбу қарашни тасдиқловчи тадқиқотлар кўп эмас. 2002 йилда ўтказилган бир тадқиқот хулосасига кўра, жинсий зўравонликнинг қурбонларида бундай травмадан кейинги руҳий муаммолар ва чегаравий шахсият бузилиши ўртасида юқори боғлиқлик мавжудлиги қайд этилган.
Шахсият бузилишини бошдан ўтказаётган инсонларнинг аксариятида камида битта қўшимча шахсият бузилиши кузатилади. Бундан ташқари, шахсият бузилишлари, одатда, бошқа руҳий муаммолар билан боғлик ҳолда намоён бўлади. Психиатрик даволаниш жараёнидаги беморлар орасида шахсият бузилишининг тарқалиши 40-60 фоизни ташкил этади. Тадқиқотлар шуни ҳам кўрсатадики, гиёҳвандликдан даволанаётган беморларнинг 65-90 фоизида камида битта шахсият бузилиши учрайди. Бироқ, бу боғлиқлик қандай кетма-кетликда, яъни, шахсият бузилиши ортидан гиёҳвандлик келиб чиқадими ёки гиёҳвандлик ортидан шахсият бузилиши келиб чиқадими, бу ҳақида етарли маълумотлар топилмаган.
Шахсият бузилишининг кишига таъсири борасида айрим истиснолар мавжуд. Баъзи таҳлил ва ўрганишлар айрим шахсият бузилишларининг муваффаққиятга замин яратишини кўрсатмоқда. Хусусан, Буюк Британияда ўтказилган бир тадқиқотда юқори даражадаги раҳбарлар орасида ҳистрионик, нарциссистик ҳамда обсессив-компульсив шахсият бузилиши жиноятчиларга қараганда кўпроқ учраши аниқланган. Тасвирий санъат оламида ғайриоддий даҳо сифатида кўриладиган Сальвадор Далида ҳам нарциссистик шахсият бузилиши бўлганлиги тахмин қилинади. У доимо ўзининг буюклигига ишониб келган. “Мен наркотиклар қабул қилмайман, чунки, мен ўзим наркотикман”, деган эди Дали.
Шахсият бузилиши ташхиси қўйилган шахслар, одатда, ўзларидаги бузилишларни тан олишмайди ва уларни даволанишга рози қилиш амри маҳол иш. Чунки бундай инсонлар аксариятда бор ҳақиқатни ўзлари томондан кўришади, ўзларига ташқаридан назар сола олишмайди. Бемор розилик берган тақдирда ҳам 100 фоиз кафолатланган даво чораси мавжуд эмас. Бироқ, турли дорилар орқали бузилиш белгиларини тийиб туришга эришиш мумкин. Индивидуал психотерапия шахсият бузилишини енгиш йўлидаги энг самарали усул сифатида таъкидланади, шунингдек оилавий ва гуруҳ психотерапиялари ҳам фойдали бўлиши мумкин.