Skip to main content
жамият

Феминистлар мақсади эркак бўлиш эмас, инсон бўлиш

Аёллар ҳақ-ҳуқуқлари, гендер тенглиги, феминизм каби масалалар сўнгги вақтларда тез-тез муҳокама мавзусига айланмоқда. Қутблашган жамиятимиз бу борада ҳам турли фирқаларга бўлиниб кетганини кўришимиз мумкин. Айримлар ўзбек жамиятида феминизмга ҳожат йўқ деса, айримлар эса аёлларга нисбатан шу жамиятда содир этилаётган ўнлаб тажовузларни келтириб, аёллар ҳуқуқи ҳар қачонгидан ҳам долзарблигини таъкидлайди.
Феминизм ғояси ҳақида сўз юритишдан олдин, нега феминизмга бутун дунёда эҳтиёж пайдо бўлгани ҳақида маълумот беришга ҳаракат қиламиз. Бунинг учун эса мингйилликлар қаърига назар ташлаш зарур.

Нега айнан аёллар тажовузга дуч келади?

Дунёни тасвирлаш ҳам худди дунёнинг ўзи каби эркакнинг асаридир. Улар дунёни ўз нуқтаи назаридан тасвирлаб, мутлақ ҳақиқатни хиралаштирадилар.
Симон де Бовуар

Мифлар бизга узоқ ўтмишдаги аждодларимиз дунёни қандай англагани ҳақида тасаввур беради. Мифлардаги аёл образини ўрганиш эса нега феминизм дунёга келганини тушунишга кўмаклашади. Аксар мифларда аёллар ёвузлик, азоб ва уқубат сабабчиси сифатида талқин қилинган. Юнон афсоналаридаги Пандора образи бунга бир намунадир. Николай Куннинг “Юнон мифлари” тўпламида инсоният ташвишсиз, касалликсиз ва ўлимларсиз саодатли бир даврда яшаётганида, Зевс уларга аёл қиёфасида офат юборади. Пандора жуда гўзал, аммо, шу билан бирга кўплаб кулфатлар сабабчиси сифатида талқин қилинади. У тақиқланган қутини очгач, бутун дунёга ўлим, хаcталик, азоб-уқубат тарқалади.
Ёки араб афсоналаридаги “Синбод кемаси” жумласи кўпларга таниш. Бу кемага аёл кишининг чиқиши таъқиқланган. Сабаби, аёллар бахтсизлик олиб келади, деган фикрга денгизчилар узоқ йиллар давомида қаттиқ ишонишган.
Қадимги Ҳиндистонга қарайдиган бўлсак, машҳур “Рамаяна” асарида ёвуз Раваннинг асирлигидан қутилган малика Сита бокиралигини ўзини оташга ташлаб исботлаши лозим бўлади. “Рамаяна” ва “Маҳобҳорат”даги айрим саҳналар аёлларга доимий шубҳа билан қаралганлигига ва, энг ёмони, кейинчалик бева аёл эрининг майити билан бирга тириклай ёқиладиган одат – сати анъанасига ишора мавжуд.
Ёки иброҳимий динларга назар ташласак, “Таврот” ва “Инжил”да учровчи Момо Ҳаво тақиқланган мевани олиб, уни Одам Атога бериб, гуноҳ қилишга ундаган образ сифатида тасвирланади. “Таврот”да, хатто, шундай мисралар мавжуд: “Ҳомиладорлигингда ғоят азоб бераман, Машаққат ила бола туғасан. Аммо, эрингни қўмсайверасан, Эринг эса ҳоким бўлади сенинг устингдан”. Бу жумлалар Одам ва Ҳавонинг жаннатдан ҳайдалишидан олдин Худо томонидан айтилади. Мана шу манзара асрлар давомида насронийлар жамиятида туғруқ жараёнида аёлларга ҳеч қандай тиббий ёрдам кўрсатилмаслига дастак бўлган. Халқ орасида “Аёллар туфайли Жаннатдан қувилган эканмиз, энди улар бу гуноҳи учун қиёматга қадар Худонинг синовига дучор бўлиши лозим”, деган хурофот шаклланиб қолган эди. Бу каби парчалар юқоридаги фикрлари билан Симон де Бовуарнинг юқоридаги иқтибоси қайсидир маънода ҳақ эканлигини исботлайди.
Дунёнинг кўплаб халқларидаги тафаккур тарзи феминизм қачондир “туғилиши”ни башорат қиларди. Сабаби мингйиллар давомида иккинчи даражага туширилган одамлар, яъни, аёллар қачондир исён қилиши муқаррар эди.

Феминизмнинг туғилиши

“Феминизм” сўзи лотинча аёл манъносини билдирган “фемина” сўзидан келиб чиққан. Асрлар давомида ҳуқуқ ва эркинликлари турли даражада чекланган аёллар энди ўз ҳақларини куч (айрим даврларда қон) билан олишга уринди. Бу ҳаракат кейинчалик алоҳида ғоя, таълимот сифатида бутун дунёга ёйилди.
Ҳар бир даврнинг ўз қадриятлари, ўз одамлари ва, албатта, ўз муаммоси бор. Ҳар бир давр аёлларининг умумий бир даъвоси бўлгани билан, ўзига хос муамоси ҳам бор. Шу боис ҳам феминизмни бир қанча босқич ёинки тўлқинларга бўлиб ўрганиш лозим. Сабаби турли замондаги феминистлар турфа ҳақ-ҳуқуқлар учун курашган. Дунёда феминизмни 3 босқичга бўлишади. Уларни биз шартли равишда биринчи, иккинчи ва учинчи босқич феминизми деб атаймиз.

Биринчи босқич. Биринчи босқич феминизми 19-аср охири ва 1960-йиллар орасида ҳаракатга келди. 1789-йилдаги Буюк француз инқилоби ортидан аёллар ҳуқуқлари учун кураш ҳам ўртага чиқди. Милоддан аввалги асрлардаги Афинадан тортиб, то 19-асрдаги Францияда инсон ҳуқуқлари деганда фақат эркаклар ҳақ-ҳуқуқлари тушуниларди. Афинада аҳоли 3 гуруҳга ажратилган: озод афиналиклар, ярим-озод кишилар ва қуллар. Аёллар эса ҳеч бир тоифага мансуб эмасди, табиийки сайловларда ҳам овоз бериш ҳуқуқидан маҳрум этилган, фақат ижтимоий вазифалар юклатилган ҳолатда яшардилар. Уларни сотиб олиш, сотиб юбориш ва қул қилиш мумкин эди. “Инсонлар табиатан озод ва тенг туғилади”, каби шиорлар остида эркин сайловлар учун курашаётган Францияда ҳам бундай ҳуқуқлар фақат эркакларга тегишли эканлигини иддао қилинарди. 1791-йилдан бошлаб Францияда аёллар ҳуқуқлари учун ҳам кураш бошланди. “Аёлга дорга чиқиш “ҳуқуқи” берилгани каби курси(мансаб)га чиқиш ҳаққи ҳам берилиши лозимдир”, – деган эди аёллар тенглиги учун курашган илк француз феминистларидан бири Олимпия де Гуж. Унга нисбатан “ахлоқсиз, ёмон она, Франциянинг сиёсий бирлиги ва жамият халоватини бузмоқчи” ва, хаттоки, “ақлдан озган” деган айбловлар қўйилди. Бу каби туҳматлар натижасида у 45 ёшида ўлим жазосига ҳукм қилинди. “Чунки Олимпия де Гуж эркак бўлишга ҳаракат қилди, у табиатга, қолаверса, Худога қарши чиқди. Сабаби уни аёл қилиб табиат яратган ва унинг ягона вазифаси бола туғиш ҳамда яхши она бўлиш. Буни эркаклар эмас, табиат белгилаган” сингари қарашлар 19-аср инсонларига шу қадар чуқур сингган эдики, аёллар томонидан озгина қаршилик ҳам мисли кўрилмаган бузғунчилик сифатида қабул қилинарди. Биринчи босқичда феминистлар энг тамал ҳақ-ҳуқуқлар – таълим олиш, сайловларда иштирок этиш ва мулкка эгалик қилиш каби ҳуқуқлар учун қонли курашди. Бу ҳаракатнинг илк натижалари Янги Зеландияда кўзга ташланди. 1893-йилда Янги Зеландияда аёллар сайловда овоз бериш ҳуқуқини қўлга киритди. Бу ҳуқуқни энг кеч қўлга киритган мамлакат Саудия Арабистони бўлиб, 2015-йилдан аёлларга овоз бериш ҳуқуқи берилди.

Иккинчи босқич. Иккинчи босқич феминизми 1960-1990-йиларни ўз ичига олади. Аёллар энг бирламчи ҳуқуқларига эга бўлгач, ўртага бошқа масалалар ҳам чиқа бошлади. Эндиликда аёлларнинг ўз танасига ўзлари эгалик қилиши, яъни туғишни назорат қилиш, аборт, ишлаш, ижтимоий фаоллик каби масалалар долзарблашиб борди. Қолаверса, иккинчи босқичда аёлларнинг эркаклар томонидан зулмга учраши, оиладаги камситилишлар ва зўрлашларга қарши кескин қаршиликлар бошланди. Бундай ҳаракатлар марказида машҳур феминист Симон де Бовуар турар эди. У ўзининг бир қанча асарларида феминизм ғояларини тушунтиришга ҳаракат қилган. Машҳур “Иккинчи жинс” номли 3 томли китоби эса жамиятда бир портлаш каби қабул қилинди. Сабаби, мана шу китобида у бир объектга мавжудлик ва моҳият нуқтаи назаридан қараб, “Аёл туғилмайди, аёл шакллантирилади”, деган қарашни изоҳлаган эди. Яъни, биз тушунувчи аёллик аслида туғма ёки Худо томонидан берилган ўзгармас воқеалик эмас, бу шунчаки жамият томонидан яратилган ижтимоий конструкт эканлигини тушунтиришга ҳаракат қилган.

Учинчи босқич. Феминизмнинг учинчи босқичи 1990-йилдан 2008-йилга қадар деб айтилади. Аммо, бу баҳсли мавзу, айримлар бу даврни айни кунда ҳам давом этаётганини таъкидлайди. Бу босқичда аёллар энди иш шароитлари, ойлик маош каби масалаларни асосий планга олиб чиқди. Сабаби бир хил иш учун эркакларга аёллардан юқори ҳақ тўланар, хусусий корхоналар имкон қадар эркакларни ишга қабул қилишдан манфаатдор эди. Аёлларга бериладиган туғруқ таътили уларнинг ишчанлик кайфиятига таъсир кўрсатишидан иш берувчилар мамнун эмасликлари аниқ, албатта. Энди аёллар ҳам оила, ҳам карьерани сақлаб қолиш учун қатор қийинчиликларга дуч кела бошлади. Учинчи тўлқин мана шу ва бошқа муаммолар таъсирида юзага келди.

Феминизм радикал ҳаракатми?

Ҳар қандай “изм”ларнинг асосий ҳаракатлантирувчи кучи, яъни уларни амалиётга олиб кирувчилар – бу инсонлардир. Қоғозда ўта жозибали ва идеал кўринишдаги ғоя реал ҳаётда доим ҳам кутилган натижа беравермайди. Сабаби, уни татбиқ этаётган одамлар табиати турфа. Бир жумлани барча мутлақ бир маънода тушуна олмайди, қолаверса, вақт ўтгани сайин талқинлар ҳам ўзгариб бораверади. Феминизм радикал ҳаракат эмас, шунчаки бу ғояни дастакловчилар ичида сўлчилар бўлиши табиий. Аммо, феминистлар ичида марказчилик ҳаракатига мойиллар ҳам катта қисмни ташкил этади.

Ўзбекистонда феминизм

Консерватор жамият ҳар қандай ғояни қабул қилиши оғриқлар билан кечади. Тўғридан-тўғри феминизм номи остидаги ҳаракатлар Ўзбекистонда нисбатан кейинроқ юзага чиққан бўлса-да, аммо аёллар ҳуқуқи учун кураш анча олдин бошланган эди. Жадидлар қизлар таълими масалаларини кўтариб чиққанидан сўнг кўп ўтмай “Ҳужум” ҳаракати бошланди. Бу ҳаракатнинг мақсадларидан бири паранжига, аёллар эрксизлигига қарши исён эди.
Бугунги кундаги ўзбек феминистлари, асосан, 2-босқичдаги ҳуқуқлари учун курашмоқда. Сабаби, ўзбек жамиятида ҳали 2-тўлқиндаги ҳақ-ҳуқуқлар тўлиқ таъминланган эмас. Бунга кўпроқ жамият томонидан қўйилган чекловлар, “ўзбекчилик қаерда қолди?”, “одамлар нима дейди?” каби қарашларга асосланган дунёқараш сабабчи. Давлат даражасида эса фарқли ҳолат кўзга ташланади. Собиқ ва ҳозирги Президент қизлари гендер тенглиги, аёллар ҳуқуқлари ҳимоячилари бўлиб гавдаланади. Бу эса қайсидир маънода ҳокимият кайфиятини ҳам ифодалайди. Аёллар ҳақ-ҳуқуқлари борасидаги асосий масала жамиятнинг ўзида қолган. Сабаби, аёллар энг кўп ўз оилаларида турли даражадаги зўравонлик қурбони бўлмоқда ва айрим вазиятларда бу ўлим билан якунланмоқда.

БУ КИМНИНГ ИШИ?

Дилбар Ҳайдарова — матн

Пўлат Таджимуратов — таҳрир

Гули Ибрагимова — корректура