Ўзбекистонда тўртинчи ҳокимият ва қонун
Журналист ва блогерларнинг асосий фаолияти аҳолига ахборот етказиш, маълумотларни очиқлашдан иборат. Аммо, оммавий ахборот воситалари ҳамма маълумотларни ҳам ошкор этмаслиги лозим, яъни, журналистлик сирини сақлаши зарур бўлган нуқталар ҳам бор.
Фуқаролар ёки бошқа ахборот манбалари томонидан ўз номини ошкор этмаслик шарти билан ихтиёрий равишда маълум қилинган махфий хабар, шунингдек факт ёки воқеалар журналистика соҳасининг сири ҳисобланади. Журналистнинг журналистик сир ҳисобланадиган маълумотларни манбанинг розилигисиз ошкор этиши, шунингдек улардан ўзининг ғаразли манфаатлари ёки учинчи шахсларнинг манфаатларини кўзлаб фойдаланиши тақиқланади.
Хўш, Ўзбекистонда журналистик сир мавжудми?
Ўзбекистон Республикасининг “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги Қонуни 33-моддасига кўра, ўз номини ошкор этмаслик шарти билан берилган ахборот, маълумотлар, фактлар ёки далиллар манбаининг номини, шунингдек тахаллусдан фойдаланган муаллиф номини таҳририят уларнинг ёзма розилигисиз ошкор этишга ҳақли эмас. Таҳририят ахборот манбаи ёки тахаллусини қўйган муаллиф талабига биноан уларнинг номидан судда иштирок этиши мумкин.
Демак, Ўзбекистонда ҳам оммавий ахборот воситалари, агарда фуқаро ўзининг кимлигини ошкор этишни хоҳламаса, унинг шахсини сир сақлаган ҳолда мақолалар чоп этиши ёки муайян масалани оммага аноним тарзда ошкор этиши мумкин.
Айнан шунга ўхшаш журналистик сирнинг сақланиши АҚШда ҳам мавжуд ва бу алоҳида қонунчилик соҳаси сифатида эътироф этиладиган ҳимоя қонуни саналади.
Ҳимоя қонуни (shield law) – бу Америка Қўшма Штатларида журналистларни махфий маълумотларнинг, жумладан, идентификацион маълумотлар манбаларининг мажбурий ошкор этилишидан ёки хабарлар йиғиш пайтида тўпланган эълон қилинмаган материалларни мажбуран топширишдан ҳимоя қилувчи ҳар қандай қонундир.
Ҳимоя қонунининг ўзига хос иккита асоси бор: биринчидан, журналистларга махфий маълумотларни тақдим этадиган шахслар аноним ҳолда қолишни маъқул кўрса ва бу анонимлик муайян вазиятда таъминлаб берилмаса, журналистик суриштирув амалиёти қўлланилиши орқали матбуот эркинлиги юзага чиқади. Иккинчидан, махфий сақланиши лозим бўлган ҳужжатларнинг ошкор этилишининг сўралиши таҳририятга ва оммавий ахборот воситаларининг сўз эркинлигига тўсқинлик қилади.
Ўзбекистонда оммавий ахборот воситалари эркинлиги таъминланганми?
Ҳа, Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига кўра, Ўзбекистон Республикасида оммавий ахборот воситалари эркиндир. Ҳар ким, агар қонунда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, оммавий ахборот воситаларида чиқиш, ўз фикри ва эътиқодини ошкора баён этиш ҳуқуқига эгадир. Давлат оммавий ахборот воситаларининг фаолияти ва ахборотдан фойдаланиш эркинлигини, мулк ҳуқуқини, давлат органларининг ғайриқонуний қарорларидан, улар мансабдор шахсларининг ғайриқонуний ҳаракатларидан (ҳаракатсизлигидан) ҳимоя қилинишини кафолатлайди. Оммавий ахборот воситаларининг фаолиятига тўсқинлик қилиш ёки аралашиш тақиқланади. Оммавий ахборот воситалари қонунчиликка мувофиқ ахборотни излаш, олиш, тадқиқ этиш, тарқатиш, ундан фойдаланиш, уни сақлаш ҳуқуқига эга ҳамда тарқатилаётган ахборотнинг холислиги ва ишончлилиги учун белгиланган тартибда жавобгар бўлади.
Кўриб турганимиздек, журналист ва блогерлар фаолиятига ўз ўзидан ҳеч ким аралаша олмайди. Ўз ўрнида, оммавий ахборот воситалари ҳам аҳолига етказилаётган ахборотнинг ишончли ва даҳлсиз эканлигини таъминлаши керак.
Оммавий ахборот воситалари фаолиятига чеклов борми?
Ўзбекистон Республикасида оммавий ахборот воситаларини цензура қилишга йўл қўйилмайди. Эълон қилинаётган хабарлар ва материаллар олдиндан келишиб олинишини, шунингдек уларнинг матни ўзгартирилишини ёки бутунлай нашрдан олиб қолинишини (эфирга берилмаслигини) талаб қилишга ҳеч кимнинг ҳақи йўқ.
Демак, бирор шахс ёки давлат органи оммавий ахборот воситасидан ишончли ва белгиланган қонун талабларига жавоб берадиган ахборотни нашр қилишни ёки намойишдан олиб ташлашни талаб қилишга ҳаққи йўқ.
Оммавий ахборот воситаларининг журналистик сири доим сақланадими?
Тўғри, АҚШда мавжуд бўлган ҳимоя қонуни асосида сўз эркинлиги ва журналистик сир сақланиши таъминланади. Лекин, 1972 йилдаги Олий суднинг Бранзбург Ҳайесга қарши иши юзасидан чиққан қарори асосида журналистик сирнинг сақланиши уларга жиноий ёки фуқаролик тергови учун тегишли маълумотларни сўраб судьяларнинг судга чақирувидан иммунитет бермайди. Бундай имтиёз фақат қонун орқали, суд томонидан белгиланиши мумкин. Демак, журналистлардан махфий маълумотларни сўраш қонун жиҳатдан тўғри бўлади, агар:
(1) маълумотлар терговга ўта муҳим бўлса;
(2) ҳукумат маълумот олиши мажбурий ва бундан катта манфаатдор бўлса;
(3) ушбу ахборотни бошқа воситалар орқали олишнинг имкони йўқ бўлса. Баъзи давлат ҳимоя қонунлари ҳам фуқаролик ишларига, ҳам жиноий ишларга, бошқалари эса фақат фуқаролик ишларига нисбатан қўлланилади.
Аммо, журналистларнинг эркинлигини таъминлаш учун шундай шароитлар яратилганлигига қарамай, ҳимоя қонунини тартибга соладиган аниқ бир қонун ишлаб чиқилмаган.
Ўзбекистонда ҳам журналистик сир давлат органлари учун зарур бўлган ҳолатларни аниқлаш мақсадида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга ошкор этилиши мумкин. Аммо, бу ҳолат худди АҚШдагидек, Ўзбекистон қонунчилиги билан норма тарзида муайян қонун билан тартибга солинмаган. Бу эса, қандай кўринишдаги ахборот ошкор этилиши ёки қай бири журналистик сир сифатида ҳимояланишини аниқлаштириб олишга тўсқинлик қилади.
Оммавий ахборот воситаларига қандай ҳаракатлар тақиқиланади?
Суд муҳокамаси ошкоралиги, судлар фаолиятига доир ахборотни олиш фуқаролик, жиноят, иқтисодий ва маъмурий суд ишларини юритиш вазифаларини амалга оширишга хизмат қилиши ва судлов фаолиятига бирор-бир тарзда аралашишга олиб келмаслиги лозим, чунки Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 112-моддасига кўра, судьялар мустақилдирлар ва фақат қонунга бўйсунадилар.
Шунингдек, оммавий ахборот воситалари муайян иш юзасидан суд муҳокамаси натижаларини олдиндан башорат қилишга ёки судга бошқача тарзда таъсир этишга (босим ўтказишга) ҳақли эмас. Судья суд қарори қонуний кучга кирмаган иш бўйича интервью беришга ёхуд оммавий ахборот воситаларида чиқиш қилишга ҳақли эмас.
Бундан ташқари, оммавий ахборот воситаларидан:
Ўзбекистон Республикасининг мавжуд конституциявий тузумини, ҳудудий яхлитлигини зўрлик билан ўзгартиришга даъват қилиш;
уруш, зўравонлик ва терроризмни, шунингдек диний экстремизм, сепаратизм ва ақидапарастлик ғояларини тарғиб қилиш;
давлат сири бўлган маълумотларни ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ошкор этиш;
миллий, ирқий, этник ёки диний адоват қўзғатувчи ахборот тарқатиш;
агар қонунда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларни тарғиб қилиш;
порнографияни тарғиб этиш;
қонунга мувофиқ жиноий ва ўзга жавобгарликка сабаб бўладиган бошқа ҳаракатларни содир этиш мақсадида фойдаланилишига йўл қўйилмайди.
Оммавий ахборот воситалари орқали фуқароларнинг шаъни ва қадр-қимматини ёки ишчанлик обрўсини таҳқирлаш, шахсий ҳаётига аралашиш тақиқланади.
Прокурор, терговчи ёки суриштирувчининг ёзма рухсатисиз суриштирув ёки дастлабки тергов материалларини эълон қилиш, муайян иш бўйича суд қарори чиқмасдан туриб ёки суднинг қарори қонуний кучга кирмай туриб, унинг натижаларини тахмин қилиш ёхуд судга бошқача йўл билан таъсир кўрсатиш тақиқланади.
Ҳуқуқи бузилган шахснинг оммавий ахборот воситаси олдида қандай ҳуқуқи бор?
Юридик ёки жисмоний шахс оммавий ахборот воситасида эълон қилинган, ҳақиқатга мос келмайдиган ҳамда ўзининг шаъни ва қадр-қиммати ёки ишчанлик обрўсини таҳқирловчи маълумотлар учун раддия беришни таҳририятдан талаб қилишга ҳақлидир.
Эълон қилинган материал туфайли ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилган юридик ва жисмоний шахслар мазкур оммавий ахборот воситасида раддия ёки жавобни эълон қилишга ҳақлидир. Раддия ёки жавоб берилишига сабаб бўлган материал босилган айни ўша саҳифада махсус рукн остида эълон қилиниши керак.
Раддия ёки жавоб газеталарда улар олинган кундан эътиборан бир ой ичида, бошқа даврий нашрларда навбатдаги сонда эълон қилиниши шарт.
Теле-, радио-, видео, кинохроникал дастурлар ва оммавий ахборотни даврий тарқатишнинг бошқа электрон шакллари таҳририяти томонидан олинган раддия ёки жавоб айнан ўша дастур ёки туркумда, келган кунидан эътиборан бир ойдан кечиктирмай эфирга берилади.
Агар раддия ёки жавобни эълон қилиш ҳажми ва вақти оммавий ахборот воситасининг фаолиятига зарар етказиши мумкин бўлса, матнни ахборот манбаи ёки муаллиф билан келишилган ҳолда асосланган таҳрир қилишга йўл қўйилади.
Оммавий ахборот воситаси раддияни, жавобни эълон қилишдан бўйин товласа ёхуд уларни эълон қилиш учун белгиланган муддатни бузса, юридик ёки жисмоний шахс даъво аризаси билан судга мурожаат қилишга ҳақлидир.
Оммавий ахборот воситаларига нисбатан қандай жавобгарлик белгиланган?
Оммавий ахборот воситалари қонунда тақиқланган ҳоллардаги ахборотни тарқатганлиги учун ҳуқуқбузарликнинг даражасига қараб маъмурий ва жиноий жавобгарликка тортилади. Жумладан,
Порнографик маҳсулотни тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш мақсадида тайёрлаш ёки Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш, порнографик маҳсулотни реклама қилиш, намойиш этиш, тарқатиш, шу жумладан оммавий ахборот воситаларида, телекоммуникация тармоқларида ёки Интернет жаҳон ахборот тармоғида реклама қилиш, намойиш этиш, тарқатиш (Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 189-моддаси; Жиноят кодексининг 130-моддаси);
Зўравонликни ёки шафқатсизликни тарғиб қилувчи маҳсулотни тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш мақсадида тайёрлаш ёки Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш, уни реклама қилиш, намойиш этиш, тарқатиш, шу жумладан оммавий ахборот воситаларида, телекоммуникация тармоқларида ёки Интернет жаҳон ахборот тармоғида реклама қилиш, намойиш этиш, тарқатиш (Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 1891-моддаси; Жиноят кодексининг 1301 моддаси);
Ўзбекистон Республикасининг қонунчилик ҳужжатлари талабларини жамоат тартибига ва жамоат хавфсизлигига таҳдид соладиган тарзда бажармасликка ёки бузишга, шу жумладан, оммавий ахборот воситаларидан, телекоммуникация тармоқларидан, Интернет жаҳон ахборот тармоғидан, шунингдек матнни кўпайтиришнинг босма ёки бошқа усулларидан фойдаланган ҳолда омма олдида даъват қилиш (Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 2011-моддаси);
Шахснинг қадр-қиммати камситилишига ёки унинг обрўсизлантирилишига олиб келадиган ёлғон ахборотни тарқатиш, шу жумладан, оммавий ахборот воситаларида, телекоммуникация тармоқларида ёки Интернет жаҳон ахборот тармоғида тарқатиш (Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 2012-моддаси; Жиноят кодексининг 2446-моддаси);
Оммавий ахборот воситаларининг маҳсулотларини белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказмасдан ёки уларни чиқаришни ёхуд нашр этишни тўхтатиш тўғрисида қарор қабул қилингандан кейин қонунга хилоф равишда тайёрлаш ва тарқатиш (Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 218-моддаси).
Оммавий ахборот воситалари, журналистларнинг иммунитет ҳуқуқи мавжудми?
Аввало, иммунитет (ингл. immunity, лотин. immunitas — бирор-бир нарсадан озод қилиш) – ҳуқуқ соҳаларида кенг қўлланиладиган атама, белгиланган субъектларга нисбатан умумэътироф этган ҳуқуқий нормалар қўлланилмаслигини билдиради. Халқаро ҳуқуқда, хусусан, давлат иммунитети, дипломатия иммунитети каби тушунчалар мавжуд. Конституциявий ҳуқуқда давлатдаги айрим мансабдор шахслар дахлсизлиги, хусусан, парламент (депутатлик) иммунитети, президентлик иммунитети ва судьялар иммунитети, молиявий ҳуқуқда эса солиқ иммунитети тушунчалари мавжуд.
Журналистлар ва оммавий ахборот воситаларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилувчи қонунчилик нормаларида уларни тергов ва суриштирувга жалб қилишда, ушлаб туришда алоҳида тартиб, даҳлсизлик ёки имтиёз белгилаб ўтилмаган. Шу сабабдан, агарда журналист ёки блогер ёҳуд таҳририят жиноий ишда гувоҳ, айбланувчи ёки гумонланувчи сифатида жалб қилиниши лозим бўлса, умумий тартибда, яъни барча фуқароларга нисбатан қўлланиладиган нормалар асосида амалга оширилади.