Skip to main content
турмуш

Пандемиядан кейин ҳаёт (борми?)

Коронавирус пандемияси бутун оламга катта таъсир ўтказди. Бугун унинг таъсирини ҳар ерда ва ҳар соҳада кузатиш мумкин.
“Шу пайтгача бундай нарсага дуч келмагандим”, дегувчилар сони кўп. Бизнинг ҳаётимиз турфа жабҳаларда ва турли ўзгарди. Турли маълумотномалардан 2020 йилгача пандемия пайтида нима қилиш кераклиги ҳақидаги бўлимни топа олмасдингиз.
Келинг, бир дақиқа тўхтаб, ўйлайлик. Бунгача биз нималарга эга эдик? Қандай одатларимиз бор эди? Қайси тушунчаларимиз эса пандемиядан сўнг ўзгарди? Ўйлаб бўлгач, бугунги кун муҳокамасига қайтсак бўлади.

***

Ҳозир анча мослашган бўлсак-да, дастлабки вақтларда биз учун “карантин”, “пандемия”, “ижтимоий масофа” каби сўзларнинг ўзи анчайин ноодатий ва ваҳимали туюлган эди. Одамлар орасидаги саросима туфайли озиқ-овқат маҳсулотларини катта ҳажмда сотиб олишнинг бошланиши, бозорлардаги тартибсизлик, соғлиқни сақлаш соҳаси вакилларининг пандемия давомийлиги ҳақидаги турли “башоратлари”, ҳар тарафдан касалланиш ҳамда ўлим ҳақидаги хабарларнинг келиши — буларнинг бари жамиятимизда “ваҳима” кайфияти уйғонишига сабаб бўлганди. Албатта, катта бир довондан ўтилди. Пандемия анча чекинди. Бу йўлда фидойиларча ҳаракат қилганлар барчамизнинг ёдимизда.
Яна юқоридаги саволимизга қайтамиз: энди бизда нималар ўзгарди?

Таҳлиллардан олдин ҳазми енгил бир фактни улашамиз: 2020 йилда машҳур “The Cambridge Dictionary” луғати йил сўзи этиб “quarantine”, яъни “карантин” сўзини танлади. Менимча, бу факт 2020 йилни жуда қисқа ва аниқ характерлайди. Агар йил предмети деган йўналиш ҳам бўлганида 2020 йил учун бу “тиббий ниқоб”, 2021 йил учун эса катта эҳтимол билан “вакцина” бўларди.

Пандемиянинг руҳиятга таъсири

Пандемия, шубҳасиз, бизнинг руҳий оламимизда ўзининг ўчмас изини қолдирди. Кўплаб ўзгаришлар орасида пандемиянинг бу таъсирига ҳам тўхталиб ўтмасликнинг иложи йўқ. Дастлабки даврдаги стресслар, уйда қолган чоғдаги депрессия, ўзимиз ва яқинларимиз саломатлиги ҳақидаги доимий ташвишлар, эртанги кун борасида бир тўхтамга келишнинг қийинлиги… Бу каби ҳолатлар барибир ҳиссиётларимизга катта таъсир ўтказади. АҚШда “энг кўп ўқиладигин журнал” мақомига эга бўлган “Parade” нашри бу борада Ipsos томонидан ўтказилган, 1000 нафар америкалик қатнашган сўровномани эълон қилади. Унда иштирок этганлар энг кўп бешта муаммодан шикоят қилган, булар – стресс, безовталик, депрессия, ёлғизлик ва изоляция бўлиб чиққан. Бизнинг жамиятимизда ҳам бу вазиятни кўпчилик бошидан ўтгазгани барчамизга маълум.
Ҳар бир нарсанинг яхши томони ҳам бор. Масалан, юқоридаги ҳолатлардан кейин, бизда психологга мурожаат қилиш, руҳий муаммолар ечимини мутахассисдан излаш сингари ижобий ўзгаришлар ҳам кўпайди. Яна бир ижобий ҳолат – бу ковиддан кейин гигиенага, умуман, соғлиққа бўлган эътибор кучайганини пайқаш мумкин. Бу, албатта, яхши ҳолат. Ҳозирда юртимизда пандемия анча чекинган бўлса-да, гигиенага амал қилиш маданияти сақланиб қолинганлигини кузатишимиз мумкин. Бунинг фойдаси эса, шубҳасиз, ўзимизга бўлади.

Таълим соҳаси

Шу ергача ўз соғлигингиз ва руҳий ҳолатингиз тўғрисида бир ўйлаб олган бўлсангиз керак. Энди эса пандемиянинг бошқа соҳаларга кўрсатган сезиларли таъсирини ҳам эслаб ўтайлик.
Таълим соҳасида биринчи бўлиб кўзга ташланадиган нарса — масофавий таълим. Ўзбекистонда йиллар давомида “биз бунга тайёр эмасмиз” деб келинарди. Бунга мос равишда ўқувчилар (бу ерда ёшидан қатъи назар барча илм олувчилар назарда тутиляпти) ҳам онлайн таълимга на қизиқиш, на ишонч билдирарди. Индаллоси, бизнинг таълим тизимимизда, таълим бозоримизда бунга на талаб ва на таклиф бор эди. Дунёда эса аллақачон катта-катта онлайн таълим платформалари мавжуд бўлиб, кўплаб етакчи ОТМларда ҳам масофавий таълим бўлимлари фаолият юритаётган эди. Пандемия эса масофавий таълимни таклиф қилиб ўтирмасдан, қатъий талаб тарзида қўйди. Масофавий таълимга ўтилган вақтда анча муаммолар юзага чиқиб қолди. Буларга мисол сифатида таълим сифати, алоқа сифати, зарур гаджетлар билан етарлича таъминланмаганлик каби муаммоларни келтириб ўтиш мумкин. Ва яна бир вазият шуки, масофавий таълимга ўтилгач, кўпчилик ушбу таълим турини қоралашни бошлади. Фикримизча, масофавий таълим шунчаки бизнинг умумий таълим тизимимизнинг ойнадаги аксини намойиш этиб берди, холос. Таълим тизимини “лаънатлаш” ниятимиз йўқ. Таълим — бу ҳаммамиз масъул бўлган, кичик-кичик синф хоналаридан бошланадиган ва бутун инсоният тақдирига таъсир қиладиган ўта жиддий жараёндир.
Таълим бозорига назар ташлайдиган бўлсак, у ерда масофавий таълимнинг сақланиб қолгани ва сезиларли даражада ривожланаётганини кузатишимиз мумкин. Масофавий таълимни танлаётганларнинг кўпчилиги, одатда, йўлга сарфланадиган вақт ва харажатларини тежаб қолишни ва ўзи учун қулай пайт ва жойда таълим олиш имконияти мавжудлигини ҳисобга олишмоқда. Мамлакатимизда ҳали бу жараён жуда ҳам оммалашиб кетмаганини таъкидлаган ҳолда, унда сезиларли даражада олдинга силжишлар борлигини ҳам айтиб ўтиш лозим.

Меҳнат бозори

Энди меҳнат бозорида юз берган ўзгаришларга назар ташлаймиз. Бу ерда ҳам юқоридаги каби манзарани кузатиш мумкин, яъни пандемия аввал бошида ҳамма нарсани мураккаблаштириб ташлади. Аксарият фаолият турлари билан пандемия даврида шуғулланиб бўлмаслиги маълум бўлди. Одатий меҳнат бозори пандемия билан жиддий ҳисоб-китобларга киришишга мажбур эди. Хўш, натижада нима ўзгарди? Ўзгаришларни турли соҳа вакиллари, турли хил шаклда бошдан ўтказишган бўлиши мумкин. Лекин, деярли барча соҳалар учун умумий бўлган ҳолатлар ҳам мавжуд. Улардан бири – масофадан ишлаш. Масофадан ишлаш бунгача мавжуд бўлмаган соҳаларга кириб келди, борларида эса сезиларли кенгайди. Бу тарзда ишловчиларнинг сони кўпайди, компаниялар ҳам бундай ходимлар учун кўплаб иш ўринлари яратишди. Албатта, бу турда ишлашни қўллаб-қувватламайдиган соҳалар ҳам талайгина. Бу кабилардан ҳеч бўлмаганда бир нечтасини ҳар биримиз санаб бера олсак керак. Мен эса шуни айтишим мумкинки, рўйхат шифокорлардан бошланади.
Ҳа, ҳозирги кунга келиб пандемия анча чекинди, лекин масофадан ишлаш ҳақида энди бундай фикр билдира олмаймиз. Ҳа, бу олдиндан мавжуд жараён эди, лекин, пандемия бизнинг бу жараёнга кўникишимизга асосий сабабчи бўлди.
Ҳозирда масофадан ишловчиларни энг кўпи IT, таълим соҳаларида ва кўплаб “замонавий” касбларда кўришимиз мумкин. Бу жараён бошқа соҳаларга ҳам шундай кўчиб бора оладими, йўқми, буни доимгидай вақт кўрсатади.

Етказиб бериш хизмати

Жиддий ва айни дамда ижобий ўзгаришлар сирасига кирувчи ҳолатлардан бири — бу етказиб бериш хизматидир. Айтиш жоизки, пандемиягача бу хизмат бизнинг бозор учун бироз бегона эди. Тўғри, пандемиядан олдин ҳам бу жараён бизнинг бозорга секинлик билан кириб келган ва ўрнашаётганди. Лекин пандемия бу жараённи бир неча йил олдинга суриб юборди. Келинг, мавзуга оид иккита савол тузамиз:

— Олдинлари ҳамкасблар, дўстларингиз билан бориб тушлик қиладиган севимли жойингиз қаер эди?
— Ҳозир қаердан овқат буюртма қилишни ёқтирасиз? Қайси етказиб бериш хизматидан фойдаланасиз?

Бу шунчаки овқатланиш билан боғлиқ ҳолат. Етказиб бериш эса бу билан чекланмайди. Ундан товарларни сотиб олишда, озиқ-овқат маҳсулотлари савдосида, электроника ва ҳаёлга ҳам келмайдиган бошқа нарсаларни етказишда фойдаланишяпти. Бу ерда жараённи иккига ажратиш мумкин. Ёки муассасаларнинг ўзи етказиб бериш хизматларини очишяпти ёки алоҳида етказиб бериш билан шуғулланувчи катта-кичик компаниялар бозорга кириб келяпти. Бизда ҳозир бу иккаласи ҳам урфда. Истиқбол бор ва у жуда узунга ўхшаяпти.

Ижтимоий тармоқларга қаттиқроқ боғланиб қолдик

Пандемиянинг яна бир таъсири – бу, шубҳасиз, бизнинг ижтимоий тармоқларга қарамлигимизни оширганлиги бўлди. Бир неча йил олдин бу мавзуни муҳокама қилганимизда, “ижтимоий тармоқлар ёмон, улардан фойдаланиш вақтни бекорга совуриш”, деган осон ҳулоса чиқаришимиз мумкин бўларди, лекин ҳозир бу заруратга айланиб қолган. Инсон коммуникатив мавжудот. Бутун тарих давомида инсон ўзининг бу хусусияти туфайли катта устунликка эга бўлиб келган. Биз йиғилишларни, яқинлар билан бирор нарсани бирга бажаришни, ҳурсандчилигимизни бўлишишни яхши кўрамиз. Пандемия эса маълум вақт мобайнида бизни булардан тийилишга мажбур қилди. Ҳозирда бу нарса ҳам ҳаётимизга анча ўз таъсирини ўтказди. Катта йиғилишларимиз камайди. Яқинлар билан олдингидан камроқ вақт ўтказамиз. Ижтимоий тармоқларга эса қаттиқроқ боғланиб боряпмиз. Ижтимоий тармоқларга қарамлик бизда олдин ҳам бор эди, кучли эди. Лекин пандемия буни янада кучайтириб юборди. Биз ҳозир лайклардан қувонамиз, лентани соатлаб титкилаймиз, кузатувчилар сони ортишидан хурсанд бўламиз. Ижтимоий тармоқларга тобора қаттиқроқ боғланиб бораверамиз. Албатта, ҳар доим бўлгани каби, бу ерда ҳам масаланинг иккинчи томони бор. Биз у ерда янгликлар билан танишамиз, танишларимиз билан мулоқотда бўламиз ва шунчаки ниманидир ўтказиб юборишдан қўрқамиз. Бу мавзу хулосасини ўзингизга қолдирамиз.

***

Бугунги мақолада нисбатан ижобий ўзгаришларга тўхталишга ҳаракат қилдим. Аслида “салбий” деб аташга арзийдиганлари ҳам кўп.
Хўш, сиз қандай ўзгаришларни пайқадингиз? Қандай ўзгаришларни бошингиздан ўтказдингиз? Менимча, булар ҳақида айнан ҳозир ўйлаб кўришимиз керак.

БУ КИМНИ ИШИ?

Лазиз Ҳолиёров — матн

Дилбар Ҳайдарова — таҳрир

Гули Ибрагимова — корректура