Skip to main content
суриштирув

Наркограффити, онлайн наркошоплар ва криптовалюта. Замонавий наркобизнес

18+

Бугунги кунга келиб, гиёҳвандлик воситаларининг кўплаб турлари яратилди. Уларни етиштириш, тайёрлаш ва олди-сотдиси мураккаб корпоратив тизим ҳолига келди. Янгича савдо схемалари ўйлаб топилди. Схемалар шундай тузилдики, сотувчи ҳам, мижоз ҳам бир-бирини танимайди, товар ҳеч қандай контактсиз етказилади. Умуман олганда, сўнгги йилларда гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддалар савдоси янги даврга янги қоидалари билан қадам ташлади.

Муроджон Нажмиддиновнинг мақоласида анъанавий, синтетик ва “дорихона” наркотикларининг бир-биридан фарқи, гиёҳвандлик воситаларининг ўхшаш ва фарқли жиҳатлари, онлайн наркошоплар, наркосавдо схемалари, бу борадаги жиноятчилик ҳолати, шунингдек, гиёҳвандлик воситаларининг истеъмоли юзага келтирадиган ташқи белгилар тўғрисида ўқинг.

Анъанавий ва синтетик гиёҳвандлик воситалари ҳамда “дорихона наркотиклари”. Уларнинг фарқи нимада?

Йиллар ўтиши билан наркосавдо схемалари билан биргаликда гиёҳвандлик воситаларининг ҳам янги турлари  “туғилмоқда”. Жумладан, қадимдан маълум бўлган анъанавий гиёҳвандлик воситаларидан ташқари, истеъмолга бундай оғуларнинг янги турлари – синтетик ва “дорихона наркотиклари” кириб келди. Хўш, синтетик ва “дорихона наркотиклари” нима ҳамда улар анъанавий наркотиклардан қандай фарқ қилади?

Анъанавий гиёҳвандлик воситалари

Анъанавий гиёҳвандлик воситалари сифатида келиб чиқиши табиий моддалар, таркибида гиёҳвандлик моддаси мавжуд бўлган препаратлар ва ўсимликларни тушуниш лозим. Анъанавий гиёҳвандлик моддаларига мисол қилиб ўша кўплар билган наша, героин, опий, марихуана, кўкнор ва бошқа шу каби моддаларни келтиришимиз мумкин. Ички ишлар вазирлиги томонидан тақдим этилган маълумотларга кўра, сўнгги беш йилда (2017-2021) қўзғатилган гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ жиноят ишларида 5,66 тонна анъанавий гиёҳвандлик воситалари олиб қўйилган.

Жами олинган гиёҳвандлик моддаларининг энг катта қисмини, яъни 63 фоизини (ёки 3 580 кг) марихуана ташкил қилиб, биринчи ўринда туради. Марихуана олди-сотдиси бўйича ҳудудлар кесимида Тошкент вилояти (1.38 тонна), Фарғона (605 кг) ва Самарқанд (353 кг) вилоятлари етакчилик қилади.

Иккинчи ўринда 16 фоиз ёки 795 кг билан кўкнор туради. Ҳудудлар кесимида Фарғона (326 кг), Тошкент (135 кг) ва Жиззах (82 кг) вилоятлари олдинги ўринларда туради.

Учинчи ўринни 13 фоиз ёки 682 кг билан опий эгаллаган. Бунда жами опийнинг 68 фоизи Сурхондарё вилоятига тўғри келади.

Тўртинчи ўринда 9 фоиз натижа билан гашиш туради.

Бешинчи сўнгги ўринни 3 фоиз билан героин эгаллаган.

Таҳлилларга кўра, сўнгги беш йилда қўзғатилган жиноят ишлари бўйича олиб қўйилган анъанавий гиёҳвандлик моддалари миқдори 26 фоизга ошган. Шу жумладан, опий 2,5 бараварга, гашиш 24 бараварга, героин эса нақ 40 бараварга кўпайган. Шунга қарамасдан, марихуана 6.5 фоизга, кўкнор
42 фоизга камайган.

Синтетик гиёҳвандлик воситалари

Синтетик гиёҳвандлик воситалари кимёвий тузилиши ва хоссаларига кўра гиёҳвандлик воситаларига ўхшаш, улар сингари руҳиятга фаол таъсир этадиган гиёҳвандлик воситаларининг аналоглари саналади. Уларга мисол сифатида α-PVP, мефедрон, синтетик каннабиноидлар (Спайс), метадон, экстази (МДМА), ЛСД, амфетаминни келтириш мумкин. Синтетик моддаларнинг айримлари тиббиёт мақсадларида ишлаб чиқилган. Масалан, α-PVP фармацевтикада марказий асаб тизими стимулятори сифатида ишлаб чиқилган. Аммо, кўп ўтмасдан гиёҳвандлик мақсадларида фойдаланила бошланган. Синтетик гиёҳвандлик воситалари ванна учун тузлар ниқобида қонуний муомалага киритилган. Шу боисдан, уларни “тузлар” деб ҳам аташади. Қолаверса, синтетик гиёҳвандлик воситалари орасида дизайнерлик наркотиклари ҳам мавжуд. Уларнинг кимёвий формуласи қонунни четлаб ўтиш учун доимо ўзгартириб борилади.

Синтетик наркотиклар тури, қабул қилинган миқдори ва истеъмол оралиғига қараб, организмга олдиндан айтиб бўлмайдиган таъсир кўрсатади. Шу жумладан, препаратлар кишидаги фаолликни оширади, эйфория оқибатида атроф-муҳитни англай олмаслик, ташвиш ва ваҳимани келтириб чиқаради. Кўп ҳолатда уларни истеъмол қилиш уйқусизлик, қон босими, галлюцинация, параноя, асаб тизимининг бузилиши ва импотенцияга сабаб бўлади.

Таҳлилларга кўра, сўнгги беш йилда жиноят ишлари бўйича мусодара қилинган синтетик гиёҳвандлик моддалари миқдори нақ 44 бараварга ошган. Шу жумладан, 2017 йилдаги 164 грамм миқдор давомий ўсиб, 2021 йилда 7 200 граммга етган. Унинг 58 фоизи Тошкент шаҳрига тўғри келса, қолган қисми эса мос кетма-кетликда Сирдарё, Тошкент, Хоразм вилоятлари ва Қорақалпоғистон улушидан иборат. Таъкидлаш лозимки, гиёҳвандлик воситалари орасида энг юқори ўсиш кўрсаткичи синтетик воситаларда кузатилган.

Шу ўринда савол туғилади – нега айнан синтетика? Биринчидан, синтетикада анъанавий наркотикларга ўхшаш роҳат бир неча баравар арзонроққа тушади. Иккинчидан, уларни яшириш, сақлаш, ташиш осон, ташқи белгилари эса ортиқча эътиборни жалб этмайди.

Дорихона наркотиклари

“Дорихона наркотиклари” инсон руҳиятига фаол таъсир этадиган назорат остидаги дори-дармонлар саналади. Назорат  остидаги  дори воситаларини таркибида гиёҳвандлик воситаси бўлган, психотроп ва кучли таъсир қилувчи каби турларга бўлиш мумкин. Улардан тиббиётда турли мақсадларда фойдаланилади. Масалан, жарроҳликдан кейинги, шунингдек онкологик беморлардаги оғриқларни қолдиришда, тутқаноқни тинчлантиришда, диагностика мақсадида кўз қорачиқларини кенгайтириш учун, уйқу бузилиши, уйқуга кетишнинг қийинлашиши, тунги уйғонишлар, эрта уйғонишлар учун (бундай дориларнинг нотиббий истеъмолига сабабчи бўлмаслик учун уларнинг номини келтирмасликка қарор қилдик).

Аммо, ёшлар орасида  енгил наркотик ёки гиёҳвандлик воситаларининг аналоглари сифатида назорат остидаги дори-дармонларнинг нотиббий мақсадларда истеъмол қилиш  кенг тус олмоқда. Бугунги кунда уларни истеъмол қилиш кўлами юқори даражада ўсган. Сабаби, “дорихона наркотиклари”, биринчидан, анаъанавий ва синтетик гиёҳвандлик воситаларидан анча арзон туради. Шу боис, унинг асосий истеъмолчиларини молиявий жиҳатдан мустаҳкам бўлмаган ёшлар ташкил қилади. Иккинчидан, анъанавий ва синтетик гиёҳвандлик воситаларидан фарқли ўлароқ уларни топиш анча осон.

Сўнгги беш йилда қўзғатилган жиноят ишларида 106 кг дорихона наркотиклари олиб қўйилган. Уларнинг 49 фоизи кучли таъсир қилувчи моддаларга, 46 фоизи таркибида гиёҳвандлик воситаси бўлган дори-дармонларга, қолган қисми эса психотроп моддаларга тўғри келган.

Жиноятчилик кўрсаткичи

Ички ишлар вазирлиги томонидан тақдим этилган маълумотларга кўра, сўнгги беш йилда гиёҳванд моддалар муомаласи билан боғлиқ 20 мингга яқин жиноят иши қўзғатилган. Бунда аниқланган жиноятларнинг деярли ҳар бештадан биттаси Тошкент шаҳрида содир этилган. Кейинги ўринларни эса мос кетма-кетликда Фарғона ва Тошкент вилоятлари эгаллайди. Мазкур турдаги жиноятлардан нисбатан холи ҳудудлар сифатида Қорақалпоғистон Республикаси, Жиззах ва Сирдарё вилоятларини келтириш мумкин.

Таҳлиллардан келиб чиқиб, айтиш мумкинки, гиёҳвандлик воситалари муомаласи билан боғлиқ жиноятлар салмоғи 41 фоизга ошган. Улардан жами 5.8 тонна гиёҳвандлик воситалари олинган. Эҳтимол, бу рақамлар сўнгги беш йилликда республика миқёсида олинганда унчалик катта кўринмас, бироқ, алоҳида олинган ҳолатда гиёҳвандлик моддаларининг арзимаган миқдори ҳам жиноий-ҳуқуқий нуқтаи назаридан оғир оқибатларга олиб келиши мумкин. Масалан, атиги 0,001 грамм оғирликдаги героинни сотиш беш йилгача озодликдан маҳрум қилишга сабаб бўлиши мумкин.

Наркограффити

Интернет ривожланиши билан тақиқланган моддалар савдоси янги даврга қадам қўйди. Наркотиклар, психотроп моддаларнинг ўзи ҳам, уларни етказиш йўллари ҳам замонга мос янги кўриниш олди. Сўнгги йилларда наркотиклар, психотроп моддалар ва бошқа гиёҳванд воситалари тўғрисида реклама – наркограффитилар вақти-вақти билан пойтахтнинг турли ҳудудларида кўзга ташланмоқда. Наркограффитилар ортиқча эътиборни тортмайдиган ва ҳамма учун ҳам тушунарли бўлмаган кўринишда аҳоли яшаш жойларидаги деворларда, тротуарларда ёки ҳар қандай текис юзага туширилаётгани кузатилмоқда. Уларда таклиф этилаётган товар ҳамда уни олиш учун интернет ҳаволалар тўғрисидаги қисқа ва аниқ маълумотлар акс эттирилган.  Бундай эълонлардаги ҳаволалар кўпинча интернет сайтларига йўналтиради, сайтлар эса товар олди-сотдисини ташкиллаштирувчи операторнинг Instagram, Telegram ёки шу каби бошқа ижтимоий тармоқлардаги аноним аккаунтига ҳавола қилади. Баъзи наркограффитиларда операторга тўғридан-тўғри ҳавола кўрсатилади.

Технологик тараққиёт билан биргаликда наркограффитилар ҳам борган сари такомиллашмоқда. Бугунги кунда Тошкент шаҳрида трафарет орқали деворга тушириладиган QR-код кўринишидаги гиёҳвандлик воситалари рекламалари аллақачон тарқалишга улгурди. Шунингдек, уларда телеграмга эмас, балки ҳеч кимни тутиб бўлмайдиган Darknet платформасига ҳаволалар келтирилган.

Наркограффити ёки QR-код кўринишидаги гиёҳвандлик воситалари рекламаларини пойтахтнинг асосан Чилонзор, Учтепа, Юнусобод ва Мирзо Улуғбек туманларида кўплаб учратиш мумкин. Аммо, ҳозирги кунда шу каби рекламалар нафақат пойтахт, балки вилоятларда ҳам аниқланмоқда. Бундай рекламалар аҳоли ва ваколатли органлар томонидан ўчирилишига қарамасдан, янги жойларда қайтадан тарқатилмоқда. Аммо, шу ўринда савол туғилади: наркограффитилар кимлар томонидан туширилмоқда ва улар қаерга ҳавола қилади? Жавоб қуйида.

 

Онлайн наркошоплар

Муаллифнинг шахсий кузатишларига кўра, Тошкент шаҳрида 15 дан ортиқ йирик наркошоп – анъанавий ва синтетик гиёҳвандлик воситалари савдоси билан шуғулланувчи дўконлар мавжуд. Уларнинг аксарияти Telegram ижтимоий тармоғида каналлар ва муҳокама гуруҳларига (чат) эга. Бундай каналларда ўртача 2 мингдан 10 минггача обуначиси борлиги маълум бўлди.

Биз наркограффитиларда ҳавола қилинган манзилларга кириб кўрдик – каналлар ва чатларда ҳамма нарса очиқ ва батафсил, анъанавий ва синтетик гиёҳвандлик воситалари, уларнинг нархлари, тўлов усуллари ва реквизитлари ҳамда сотилаётган ҳудудлари. Баъзи наркошоплар томонидан фикр-мулоҳазалар (отзыв) учун ҳам алоҳида каналлар ташкил қилинган. Бундай каналларда харидорларнинг товар сифати тўғрисидаги фикрлари, дафинани (закладка) олганлигини тасдиқловчи суратларни жойлаштириб боришади.

Скриншотлар. Дафиналар (закладка) одатда изолентада ўралган, “зиплок” пакетчаларга солинган бўлади.

Бундай наркошоплар назорати остида  бутун бошли ходимлар тузилмаси ишлайди. Иерархиянинг энг юқори поғонасида наркошоп эгаси (ёки сотувчи) туради. Наркошоп эгаси кўп миқдордаги анъанавий ва синтетик гиёҳвандлик воситаларини четдан олиб келинишини ташкиллаштиради. Ўзбекистон наркобозорига синтетик гиёҳвандлик воситаларининг аксарияти Европа давлатларидан Россия орқали киритилади. Анъанавий гиёҳвандлик воситалари эса республиканинг жанубий вилоятлари орқали, асосан, Афғонистондан ўтказилади.

Наркосавдо схемаси

Наркошоп эгаси партияни қисмларга бўлган ҳолда складмен олиши учун келишилган жойларда қолдиради. Складмен олган партияни кичик қисмларга бўлиб чиқади ва кладменлар учун шаҳарнинг турли нуқталарида қолдиради. Кладменлар мазкур кичик партияларни янада майда қисмларга (асосан 0,25 граммдан 5 граммгача) бўлиб, ташландиқ иншоотлардан тортиб, аҳоли гавжум жойлардаги ўриндиқлар (скамейка) остигача харидорлар учун дафиналар (закладка) қолдириб чиқишади. Сўнгра дафина яширилган жойнинг сурати ва геолокациясини наркошопнинг мижозлар билан ишловчи яна бир иштирокчиси – операторга жўнатади. Аксарият наркошоплар томонидан қолдирилган наркограффитилар айнан операторларнинг ижтимоий тармоқлардаги аноним аккаунтларига ҳавола қилади. Баъзи наркошопларда бошлиқ билан оператор айни бир шахс бўлади.

Шунга қарамасдан, наркошопларнинг асосий ҳаракатлантирувчи кучи кладменлар саналади. Уларни наркотик поезднинг локомотивига қиёслаш мумкин. Чунки энг қийин ишни улар қилишади, қўлга тушиш ҳатари остида ҳам айнан улар қолишади. Шу боисдан, наркошоплар уларга яхшигина пул ваъда қилишади. Айнан шу пуллар учун кўпгина ёшлар ҳаётини лаҳзада издан чиқариши мумкин бўлган таваккалчиликка қўл уришмоқда. Кладменларнинг яна бир тоифаси гиёҳвандлик воситаларига “ўтириб қолган” кишилар саналади. Уларнинг айримлари ўзлари тарқатадиган дафиналардан маълум доза учун ишлашади (масалан, ҳар 20 тадан 1 тага). Шу савол сизнинг ҳам ҳаёлингизга келгандир – агар складмен ёки кладменлар дафиналардан (закладка) “уриб қолса”чи? Аммо, схемада шу вариант ҳам инобатга олинган. Наркошоп эгаси томонидан складмен ва кладменлар устидан назорат қилиш учун куратор тайинланади. Агарда улар томонидан топшириқлар лозим даражада бажарилмаса, складмен ва кладменларнинг “ақлини киритиб қўйиш” учун зўравонлар юборилади.

Наркошопда оператор, складмен, кладмен, куратор ва зўравонлардан ташқари кимёгар (лабораторияси бор наркошопларда), молиявий масалалар учун бухгалтер, айрим наркошопларда эса, ҳаттоки, SMM бўйича мутахассис ҳам фаолият юритади. Схема шундай тузилганки, улар бир-бирини танимайди, умуман кўрмаган ва кўрмайди. Иш ҳақи ҳам ҳеч қандай учрашувсиз электрон ҳамёнлар орқали (кўпинча криптовалютада) тўланади. Наркошопларда складмен ва кладменларни ёллашдан олдин уларни шахсини тасдиқлайдиган ҳужжатлар сўралади. Бундан кўзланган мақсад – уларга бўлган ишончни ошириш ва, энг асосийси, улар томонидан дафиналар (закладка) ўзлаштирилган тақдирда топиб жазолаш. Аммо шунга қарамасдан, наркосавдо схемаси етарли даражада аноним тузилган. Шу жумладан, кладменлар гиёҳвандлик воситаларини сотгани учрашувга келмайди. Пул электрон ўтказма орқали қабул қилинади, сўнгра манзилнинг бирор-бир жойига белги қўйилади ва оператор орқали дозани қаердан олиш кераклиги маълум қилинади.

 

Наркосавдода SMM

Бугунги наркосавдо яқин ўтмишдаги кўринишидан тубдан фарқ қилади. Наркошоплар нафақат ишлаш принципларини ўзгартирди, балки наркосавдо схемаларига рекламани олиб кирди. Шу жумладан, наркоршоплар фаолиятида индивидуаллаштириш воситаларини қўллай бошлади. Гиёҳвандлик воситалари савдосидаги номсиз гуруҳлар ўз “фирма номи”га ва “савдо белгиси”га эга бўлган наркошопларга айланди (тарқалишига сабабчи бўлмаслик учун наркошоплар номини кўрсатмасликни лозим топдик). Улар ижтимоий тармоқларда, шу жумладан, Telegram ижтимоий тармоғида ўз канал ва гуруҳларини ташкил этишган.

Мазкур каналларда сотувга таклиф этилаётган гиёҳвандлик воситалари, уларнинг навлари, нархлари ва тўлов усуллари мунтазам эълон қилиб борилади. Наркошоплар, улар таклиф этаётган товарлар тўғрисидаги маълумотлар наркограффити, флаер ва бошқа трафарет воситалар орқали мижозларга етказилади. Уларни шаҳар бўйлаб тарқатиш учун ёшлар жалб этилмоқда. Шу жумладан, аниқланган ҳолатлардан бирига кўра, Тошкентда деворларга флаер ёпиштирган икки ёш йигит қўлга олинган. Маълум бўлишича, йигитлардан бирига Telegram ижтимоий тармоғи орқали пул ишлаш таклифи тушган. Унга трафарет кўриниши юборилган, у ўзи чоп этиши ва кесиши керак эди. Ушбу трафарет орқали йигит ёзувларни бўяган ва уларнинг фотосуратларини мижозга юборган. Ҳар бир ёзув учун у бир АҚШ доллари олган – пул унинг электрон ҳамёнига ўтказилган.

Наркосавдодаги SMM учун яна бир мисол – кўплаб наркошоплар томонидан савдони кенгайтириш мақсадида Telegram ижтимоий тармоғидаги каналларда рулеткалар (“give-away”) ташкиллаштириш ҳолатларидир. Бунда иштирокчиларга бир қанча шартлар қўйилади. Масалан, каналга Ўзбекистон ҳудудидаги фаол 5 та аккаунт қўшиш, ҳамкор наркошопларнинг каналларига уланиш ёки маълум бир канал ва гуруҳларга аъзо бўлмаслик. Мукофот сифатида эса муайян миқдордаги гиёҳвандлик воситалари ёки наркошопдаги харидлар учун маълум фоизда чегирмалар қўйилади.

Қолаверса, наркошоплар томонидан маълум бир воқеа-ҳодиса муносабати билан чекланган кун доирасида чегирмалар эълон қилинади. Кузатишлар давомида шуни гувоҳи бўлдикки, наркошоплардан бири, қанчалик ғалати туюлмасин, Қурбон ҳайити муносабати билан канал аъзолари учун 30 фоизлик чегирма эълон қилган (эълон қуйидаги скриншотда). Аввалига психологик, бизнес-тренинглар, кейин маиший техника савдоси, энди эса наркошоплар. Фойдани ошириш учун диндан фойдаланиш мотиви наркосавдони ҳам четлаб ўтмаётган кўринади.

 

Наркосавдода криптовалюта

Юқорида айтилганидек, гиёҳвандлик воситалари олди-сотдиси онлайн амалга оширилади. Бунда мижоздан дафина (закладка) учун олдиндан тўловни амалга ошириш талаб қилинади. Кузатувларимиздан маълум бўлишича, наркошоплар томонидан тўлов Bitcoin, Litecoin, Ethereum – криптовалютада қабул қилинади. Тўлов валютаси сифатида криптонинг танланиши сабаби шундаки, электрон ҳамённинг рақамлари орқали унинг эгаси ким эканлигини аниқлаш мушкул. Бундан ташқари, мазкур тизимнинг эгаси ва, ҳатто, ташқи ёки ички бошқарувчиси ҳам йўқ. Ташқи тарафдан тизимнинг ичида содир бўлаётган ўтказмаларга ҳеч қанақасига таъсир ўтказиб бўлмайди. Ўтказмалар учун сервиснинг эгаларига ҳеч қандай комиссия тўлови мавжуд эмас, чунки, юқорида айтилгандек, унинг эгаси йўқ.

Скриншотлар

Аммо мижозлар криптовалютани тушунмасачи? Наркошоплар бунинг ҳам чорасини топишган. Улар томонидан криптовалютадаги ҳисоб рақамига тўловни амалга ошириш учун валюта айирбошловчилар хизмати таклиф этилади. Шунингдек, тўлов учун QIWI электрон ҳамёнидан ҳам фойдаланишади.

Гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний муомаласи билан неча киши ушланган?

Ишчилари бир-бирини танимайдиган, умуман кўрмаган наркошоплар, криптовалютадаги тўлов, янгича савдо схемаларига қарамасдан, сўнгги беш йилда ҳуқуқ тартибот органлари томонидан 20 мингдан ортиқ шахс гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний муомаласи учун қўлга олинган. Йиллар кесимида таҳлил қиладиган бўлсак, энг юқори кўрсаткич 2021 йилда кузатилган. Айни шу йилда ушланган шахслар сони 4600 нафардан ошган. 2018-2019 йиллардаги пасайишга қарамасдан ушланган кишилар салмоғи 2022 йилда 13 фоизга ортган (ИИВ маълумотлари).

Жиноятчиликнинг маъмурий ҳудудий бирликлар кесимидаги таҳлилига кўра, ушланган шахслар сони бўйича Тошкент шаҳри 4445 нафар шахс билан биринчи ўринда туради. Кейинги ўринларни Тошкент (3363) ва Фарғона (2911) вилоятлари эгаллаган.

Умуман олганда, жиноятчилик барча замон ва маконга хос бўлган ҳолат. Аммо, шуниси ачинарлики, гиёҳвандлик воситалари истеъмоли ёшлар орасида кун сайин ошиб бормоқда. Шу жумладан, 2017 йилда жами ушланганларнинг 18 фоизини 14-29 ёшдагилар ташкил этган бўлса, бу рақам 2021 йилга келиб, 23 фоизга кўтарилди. Маълумотларга кўра, гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний муомаласи Тошкент шаҳри ёшлари орасида юқори. Хусусан, ушланган жами 14-29 ёшдагиларнинг 41 фоизи Тошкент шаҳрига тўғри келади.

Тақиқланган моддалар истеъмолини қандай аниқлаш мумкин?

Ҳар йили гиёҳвандлик воситаларини истеъмол қилиш туфайли ўлим сони ортиб бормоқда. Бу ҳолатни гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларни сотиб олишнинг ошаётганлиги янада кучайтирмоқда. Ўзингизни ва яқинларингизни ҳимоя қилиш учун сиз гиёҳвандлик белгиларини билишингиз керак.

Гиёҳвандлик воситаларини истеъмол қилувчиларни ташқи кўриниши ва хатти-ҳаракатидан қандай таниб олиш мумкин? Баъзан бу жуда оддий. Кўзлар, юз ва танадаги характерли ўзгаришлар, турмуш тарзи ҳамда феъл-атвордаги ўзгаришлар – буларнинг барчаси ноқонуний моддалардан фойдаланишни бошлаган одамни ошкор қилиши мумкин. Доимий равишда кенгайган кўз қорачиғи, қуруқ оғиз (одам доимо чанқайди), пулс тезлигининг ошиши, қўлларнинг музлаши, иштаҳанинг йўқолиши
ва асабийлашиш синтетик гиёҳванд моддаларни истеъмол қилишнинг асосий белгиларидир.

Гиёҳвандлик воситаларини истеъмол қилишнинг бир қатор умумий белгилари мавжуд бўлиб, улар сафига қуйидагиларни киритиш мумкин:

– хулқ-атвордаги кескин ўзгаришлар. Гиёҳванд моддаларни истеъмол қилиш туфайли одам аввалгидек бўлмайди: тажовузкор, кўпинча “ақлдан озган”дек. Ёки, аксинча, жуда хотиржам – ҳатто жиддий муаммоларга ҳам парво қилмайди. Ўсмирлар, одатда, ўсмирлик инқирози туфайли ўз хатти-ҳаракатларини кескин ўзгартириши мумкин бўлсада, баъзида бу ота-оналар учун дастлабки “қўнғироқ” бўлиши мумкин;

– инсонда улар ҳақида ҳеч нарса гапиришни истамайдиган янги дўстларнинг пайдо бўлиши;

– илгари сўз бойлигида мавжуд бўлмаган жаргон сўзлардан фойдаланиш;

– уйқу ва тетикликнинг йўқолиши. Истеъмол туфайли одам уйқусизликдан азият чекиши мумкин ёки моддаларни қабул қилгандан сўнг бир неча кун узлуксиз ухлаши мумкин;

– иштаҳанинг бузилиши. Масалан, одам жуда кўп ширинликларни истеъмол қилади (гиёҳвандлик ўсимликлари истеъмоли сабаб бўлиши мумкин) ёки овқатланишдан бош тортади (психотроп моддалар қабул қилишнинг аломати бўлиши мумкин);

– сизга номаълум эҳтиёжлар учун сарф-харажатларнинг кескин ўсиши. Фарзандингиз кўпроқ пул сўрай бошлаган бўлса ва бу нима учун кераклигини айтмаса ёки сиз уйдан қимматбаҳо нарсалар йўқолганини сезсангиз, бу ҳақда ўйлаб кўринг. Сиз дарҳол чора кўришингиз керак. Энг яхшиси, гиёҳвандлик тестини ўтказиш ва агар шубҳалар тасдиқланса, дарҳол гиёҳвандликдан даволанишни бошлашдир;

– ўзгарган кўзлар. Кўз қорачиғининг кенгайиши ёки сиқилиши, кўзнинг ўзгариши, кўзлардаги носоғлом порлаш ёки “парда” пайдо бўлиши – буларнинг барчаси наркомания ва токсикомания белгиларидир;

– тана вазнидаги ўзгаришлар. Гиёҳвандлик воситаларини  истеъмол қилувчилар одатда тез муддатда ҳаддан ташқари озиб кетишади.

Баъзида ташқи белгилар ҳатто собиқ гиёҳвандни ҳам кўрсатиши мумкин. Паспорт ёшига тўғри келмайдиган ҳолатда ажин тушган юз, қўллардаги чандиқлар, ёшликда орттирилган юрак-қон томир касалликлари – буларнинг барчаси гиёҳвандликнинг оқибатлари бўлиши мумкин. Бироқ, бу аломатлар бутунлай бошқа сабабларга кўра ҳам пайдо бўлиши мумкин. Шунинг учун одам ўтмишда гиёҳванд моддаларни истеъмол қилган ёки йўқлигини аниқлашнинг юз фоизли аниқ усули йўқ.

***

Хулоса ўрнида айтишимиз мумкинки, гиёҳвандлик воситалари савдоси  йил сайин кўпайиб бормоқда. Истеъмолчиларнинг аксариятини эса, афсуски, ёшлар ташкил этади ва уларнинг сони йилдан йилга ошиб бормоқда. Гиёҳвандликни дастлабки босқичларда аниқлаш инсон ҳаётини сақлаб қолиш имконини беради. Агар касаллик имкон қадар тезроқ аниқланмаса, ўлимга олиб келиш эҳтимоли бир неча бор ортади.

БУ КИМНИНГ ИШИ?

Муроджон Нажмиддинов —тадқиқот ва матн

Дилбар Ҳайдарова ва Пўлат Таджимуратов — таҳрир

Гули Ибрагимова — корректура

Муқова: Unsplash

Инфографика ва статистика ИИВ маълумотларига асосланди.