Skip to main content

ЭКУ клиникаларда айтилмайдиган ҳақиқатлар

муҳим
20.07.2022

Гинеколог ва репродуктолог Спартак Клычев бепуштликни даволашда қандай қилиб ёлғон умидларга берилмаслик ва ЭКУ қилишга аҳд қилган инсонлар қайси хавфларни инобатга олиши кераклиги ҳақида гапиради. Материалда шифокор клиникалар томонидан тақдим этилган маълумотлар нима учун беморларда фарзанд кўра олиш умидини уйғотиши мумкинлигини, шунингдек, шифокорларнинг мулоқотни қандай тўғри йўлга қўйиш ҳақида маълумот беради.

Фарзанд кўриш имкониятига ёшнинг таъсири

Замонавий аёллар ҳар қачонгидан ҳам кечроқ она бўлмоқда. Бир томондан, бепуштликни даволашдаги ютуқлар туфайли. Бошқа томондан, аёлларда олий маълумот олиш ва лавозим эгаллаш учун кўпроқ имкониятлар мавжуд, бу эса оила қуриш учун муайян тўсиқларни келтириб чиқаради ёки бу босқични сезиларли даражада кечиктиради. Касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш марказлари маълумотларига кўра, 40 ёшдан 44 ёшгача бўлган биринчи фарзандли аёллар сони 1985 йилдан 2012 йилгача тўрт баравар кўпайган.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, 40 ёшдан кейин ҳомиладор бўлган машҳурлар кўпинча чекланмаган молиявий имкониятларга эга. Шу сабаб одамлар умрининг бешинчи ўн йиллигида ҳам осонгина ҳомиладор бўла олади, деган нотўғри тушунчалар кучаймоқда.

Бироқ, ҳақиқат шундаки, аёллар 20-25 ёшда энг кўп фертил бўлишади. Туғишнинг бироз пасайиши 30 ёшдан кейин, кўпчилик карьера билан банд бўлганда бошланади. Ҳомиладор бўлиш эҳтимолининг пасайиш тенденцияси тахминан 37 ёшда, кейин эса 40 ёшдан сўнг янада кескин ортади.

Албатта, туғилишнинг барча муаммолари ҳам ёшга боғлиқ эмас. Ёш аёлларда поликистик тухумдон синдроми ёки гормонал номутаносиблик каби ҳолатлар бўлиши мумкин, бу эса ҳомиладор бўлишни қийинлаштиради. Бепуштлик кўпинча аёл муаммоси ҳисоблансада, 40% ҳолларда бу эркак ҳамроҳ билан боғлиқ.

“Нотўғри” дори ёки “нотўғри” шифокор

Тахминларга кўра, дунёдаги жуфтликларнинг 10 фоизи фарзандли бўлишда муаммоларга дуч келишади. Тарихий жиҳатдан шундай шаклланганки, эр-хотин бир йиллик мунтазам ва ўз вақтида жинсий алоқадан кейин фарзанд кўрмаса, бепушт ҳисобланади. Айни пайтда 35 ёшгача, соғлиғи яхши, бошқача айтганда, ҳомиладор бўлишга таъсир кўрсатиши мумкин бўлган асосий касаллиги бўлмаган аёлларга бепуштликни даволаш билан шуғулланувчи акушер-гинекологга мурожаат қилиш тавсия этилади. 35 ёшдан 40 ёшгача бўлган аёлларга олти ойлик уринишдан сўнг мутахассисга мурожаат қилиш тавсия этилади, 40 ёшдан ошганлар эса уч ойдан ортиқ кутмасликлари керак.

Мутахассисларнинг фикрича, бир қанча сабабларга кўра кўплаб аёллар мутахассисга мурожаат қилишни кечиктиради. Баъзан эса, улар шифокор (гинеколог) назорати остида жуда узоқ вақт давомида туғиш учун дори-дармонларни қабул қилишади. Фақат репродуктологлар бепуштликни даволаш учун дори-дармонларни, шу жумладан, тухумдон фолликулаларининг ўсишини ва тухумларнинг етилишига ёрдам берувчи дори-дармонларни буюриши мумкин, шунингдек, муқобил доза аниқлангандан экстракорпорал уруғлантириш (ЭКУ) каби юқори ихтисослаштирилган процедураларни амалга ошириш мумкин.

Рональд О. номидаги репродуктив тиббиёт маркази директори Перельман ва Клаудия Коэн Зев Розенвакснинг фикрича, аёллар ҳомиладорлик учун препаратларни олти ойдан кўп қабул қилмаслиги керак. Бироқ, шунга қарамай, кўпинча биз узоқ вақт давомида дори-дармонларни қабул қилишни давом эттирувчилар ҳақида эшитамиз.

Бепуштликни даволаш ҳақида гап кетганда, вақт жуда муҳим аҳамиятга эга. Ҳомиладор бўлиш имкониятлари йиллар ўтгани сайин камайиб бораверади. Бундан ташқари, 40 ёшдан кейин тухумҳужайралар сифати кескин пасаядики, кўплаб клиникалар аёлларга ЭКУ процедураларида донор тухумидан фойдаланишни тавсия қилади. АҚШ Миллий Соғлиқни Сақлаш Институти томонидан молиялаштирилган яқинда ўтказилган тадқиқот шуни кўрсатдики, 38 ёшдан 42 ёшгача бўлган ноаниқ бепуштлик билан оғриган аёллар учун энг қисқа вақт ичида ҳомиладорлик учун ЭКУга дарҳол ўтиш бошқа даволаниш усулларини синаб кўришдан кўра яхши натижа беради.

Молиявий харажатлар

Ўзбекистонда ЭКУ циклининг ўртача нархи 3000 доллардан 5000 долларгача ўзгариб туради.
Бепушт эр-хотин ЭКУни синаб кўриш босқичига етганда, улар, эҳтимол, уруғлантиришни кучайтирувчи дори-дармонларга ва бачадон ичи инсеминация каби камроқ инвазив муолажаларга тахминан 1000 доллар сарфлаган бўлиши мумкин. Нарх дори-дармонлар ва тегишли тестлар киритилган-киритилмаганлигига қараб фарқланиб туради. Дори воситаларининг назорат остидаги цикли, жумладан, қон текшируви ва ультратовуш текшируви 1000 доллардан қимматга тушиши мумкин.

Бачадон ичи инсеминацияси – бу жинсий алоқадан ташқари олинган эркак спермаси аёлнинг бачадон бўйни каналига ёки бачадонига юбориладиган тиббий технология.

Соғлом янги туғилган чақалоқ бебаҳо совғадир. Аммо шифокорлар жуфтликни кутилаётган иқтисодий харажатлари ҳақида олдиндан огоҳлантиришлари лозим. Репродуктив саломатлик клиникалари одатда ёрдамчи репродуктив процедура (ёки ЁРТ) дастурида стандарт цикл учун нархларни таклиф қилади ва кўплаб беморлар уларга даволашнинг бир неча турлари керак бўлиши мумкинлиги ҳақида етарли маълумот берилмаганлигини айтишади, ваҳоланки, бу ҳам алоҳида харажат талаб қилади.
Сарфланган маблағ қайтарилишининг ҳеч қандай кафолати йўқ. Бундан ташқари, баъзи шифокорлар аёлларни тажовузкорона даволаш хавфи бор, чунки улар натижадан молиявий манфаатдор.

ЭКУнинг оналар ва болалар соғлигига хавфи

Бепуштликни даволаш билан боғлиқ айрим соғлиқ учун хавфлар шифокорларга яхши маълум. Буларга бир неча боланинг туғилиши хавфи киради, бу 2010 йилда ЭКУ орқали туғилганларнинг деярли ярмини ташкил қилади.
Кўп уруғли ҳомиладорликда эгизаклар асоратлар билан, жумладан, эрта туғилиш ва церебрал фалажлик, кам вазнлилик ва ҳатто боланинг ўлик туғилиши мумкин. Муаммолар уч эгизак ва ундан ортиғида кўпаяди. Она учун кўп ҳомиладорлик билан боғлиқ хавфлар орасида ҳомиладорликдан келиб чиққан гипертензив касалликлар, туғруқдан кейинги қон кетиш, узоқ вақт ётоқ режимида бўлиш ва гестацион диабет киради.
Эгизаклар туғилишига олиб келадиган иккита эмбрионнинг кўчирилиши дунёнинг кўп жойларида ЭКУ процедураларида ҳанузгача оддий ҳол бўлишига қарамасдан, соғлиқни сақлаш жиҳатидан кўпчилик репродуктологлар бир эмбрион кўчириш тарафдори. Ўзбекистонда ҳам мутахассислар эмбрионларни бир марта кўчириш тенденциясига амал қилмоқда.
ЭКУ натижасида биринчи бола 1978 йилда Буюк Британияда туғилган. Ўзбекистонда бу борада маълумотлар йўқ, бироқ қонунчилик даражасида ЭКУ тартиби 2020 йилда Соғлиқни сақлаш вазирлиги буйруғи билан белгиланган. Ҳозирча ЭКУ орқали туғилган болаларнинг саломатлиги бўйича узоқ муддатли тадқиқотлар маждуд эмас. Швецияда ўтказилган тадқиқот ЭКУ орқали туғилган болаларда ақлий заифлик хавфининг кичик, аммо статистик жиҳатдан сезиларли даражада ошишини аниқлади. 2013 йилда British Medical Journalда чоп этилган мақолада айтилишича, ЭКУ орқали уруғланган катта аномалиялари бўлмаган болаларда қон босими, танадаги ёғ тарқалиши ва глюкоза даражаси юқори бўлиши мумкин, шунингдек, табиий йўл билан уруғланганларга нисбатан қон томирлари ёмонроқ ишлаши мумкин.
Шу билан бирга, 2014 йилда Австралияда ўтказилган тадқиқот ЭКУ орқали туғилган 18 ёшдан 29 ёшгача бўлган 547 ёшларнинг соғлиғини ўрганиб чиқди ва уларнинг соғлиғи табиий равишда уруғланганлар билан солиштирганда яхши эканлигини аниқлади. Шундай қилиб, бу савол очиқ ва мунозарали бўлиб қолмоқда.
Ёрдамчи репродуктив тизим билан боғлиқ хавф ва номаълум омиллар муҳокамаси ҳар қандай шифокор ва бемор суҳбатининг муҳим қисми бўлиши лозим. Ташвишлари эътиборга олинмаётганини ҳис қилган ҳар қандай бемор эса бошқа шифокор излаши керак.

“Муваффақият кўрсаткичлари” ҳақидаги тасаввурлар

Ёрдамчи репродуктив технологияларни таклиф қилувчи кўплаб клиникалар бепуштликни даволаш бўйича муваффақият ҳисоботларини ёритишади. Бироқ, бу маълумот кўпинча клиник тилда тақдим этилади. Бунда катта ҳажмдаги маълумотларда кўпчилик жуфтликлар топишни истаган жавоблар йўқ: “Менинг ҳомиладор бўлишим эҳтимоллиги қандай ва бу учун қанча вақт талаб қилинади?”

Эҳтимол, “муваффақият” кўрсаткичларини “муваффақиятсизлик фоизлари” деб таърифлаш керакдир, бу беморларга улар дуч келадиган тўсиқларнинг ҳақиқий тасаввурини бериши мумкин. Масалан, Қўшма Штатлардаги Репродуктив Технологиялар Жамияти томонидан тузилган миллий маълумотлар шуни кўрсатадики, ўз тухумлари билан ЭКУдан ўтган 41-42 ёшдаги аёллар орасида циклларнинг 11,2% дан 12,4% гача тирик туғилишга олиб келди. Эҳтимол, агар баъзи маълумотлар бошқача тақдим этиладиган бўлса, бу беморларга айрича таъсир қилади. Яъни, аслида, бу рақамлар мазкур когорта учун муваффақиятсизлик эҳтимоли 10 дан 9 ни ташкил қилиши ҳақида гапириши лозим.

Аксар аёллар ЭКУ ҳамиша ишлайди деб ҳисоблашади, чунки бу жуда мураккаб ва қиммат технология. Бироқ, ҳатто 35 ёшгача бўлган аёлларда ҳам, сайёра миқёсидаги циклларнинг 50% дан камроғи муваффақиятли бўлади.

Кўпгина клиникалар тақдим этаётган маълумотлар батафсил келтирилиши мумкин, лекин у биринчи навбатда мутахассислар учун профессионал восита бўлиб хизмат қилади. Буни тан олиш керак. Ушбу маълумотлар клиникаларнинг ўз муолажаларининг муваффақияти ҳақида қандай фикрда эканлигини акс эттиради, лекин ҳеч ҳам бепушт жуфтликлар муваффақиятга эришиш имкониятлари ҳақидаги тасаввурларини эмас. Шунинг учун беморларга фарзандли бўлиш ва соғлом бола туғишда муваффақиятга эришиш эҳтимоли ҳақида яхшироқ тасаввурга эга бўлган модель ишлаб чиқиш мантиқан тўғри бўларди.

Тухумҳужайрани музлатиш: нималарни билиш керак?

Келажакда туғиш қобилиятига таъсир қилиши мумкин бўлган касалликларга дуч келган аёллар (масалан, саратонни даволаш) узоқ вақт давомида тухумҳужайрани музлатиш технологиясига умид қилишади. 2012 йил охирида Америка Репродуктив Тиббиёт Жамияти ушбу усуллардан “экспериментал” ёрлиғини олиб ташлади ва бу процедура кўпроқ фарзанд кўришни кечиктирмоқчи бўлган аёллар учун фойда берди. Бундан ташқари, сўнгги икки йил ичида музлатиш технологияси сезиларли даражада ривожланган, бу ЭКУдан фойдаланиш учун музлатилган ва кейин эртилган ооцитларнинг омон қолиш имкониятини оширади.

Албатта, бу яхши. Муаммо шундаки, тухумҳужайрани “ёшартириш” имконсиз . Тухумҳужайра сифатининг ёшга боғлиқ пасайиши натижасида 30-40 ёшда тухумҳужайрани музлатиб қўйган аёллар, ёшлигида музлатиб қўйганларга қараганда, бу тухумлар эритилиб, сперма билан аралаштирилгандан сўнг, яшовчан эмбрионлар камроқ бўлади.
Ёш ўтгани билан тухумҳужайра ва сперматозоидларнинг сифати пасайиб, аномаллик эҳтимолини оширади. Масалан, онанинг ёши каттароқ бўлса, болада аборт ёки Даун синдроми, отанинг ёши эса аутизм хавфи ортишини таъминлайди.

Балки, даволанишни тўхтатиш керакдир?

Кўпгина ҳолларда, жисмоний, эмоционал ва молиявий харажатларни талаб қиладиган бепуштликни даволашни тўхтатиш тўғрисидаги қарорни бемор беради. Даволанишда узоқ йўлни босиб ўтган баъзи жуфтликларнинг фикрича, бошқа муолажалар иш бермаса, клиникалар донорлик тухумҳужайраси ёки суррогатликни таклиф қилиш орқали сизни кўпроқ пул сарфлатишга ҳаракат қилади. Аслида ҳам кўплаб клиникалар эр-хотинларни даволанишда қолишлари учун кўпроқ ташвишланади, бошқача айтганда, улар даволанишни давом эттиришнинг мумкин бўлган хавфларини тушунишга ёрдам беришдан кўра, уларга қўшимча хизматларни сотишни афзал кўради.

Массачусетс умумий амалиёт шифокорларининг ташкилоти директори Стивен Тотнинг фикрича, беморга ўз имкониятлари ҳақида реал тасаввур бериш – бу шифокорнинг энг катта маҳорати ва энг катта масъулияти, чунки “Биз ҳеч қачон натижага кафолат бера олмаймиз, ҳеч бўлмаганда уларга яхши ғамхўрлик қилишимиз керак”.

Беморлар ўз шифокорларидан уларнинг тажрибаси ўхшаш профилга эга бўлган беморларга нисбатан қандайлигини сўрашлари ва натижалари ўртачадан ёмонроқ бўлса, даволанишни тўхтатиш ҳақида ўйлашлари керак. Шифокор ва бемор ўртасидаги ишончли муносабатлар ҳар бир муваффақиятли ёки муваффақиятсиз циклдан кейин қолган эмоционал захираларни баҳолашни ўз ичига олиши керак.

Шубҳасиз, бу қатъийлик шифокорларнинг беморларга ота-она бўлиш орзусини рўёбга чиқаришга ёрдам бериш учун самимий истаги билан боғлиқ бўлиши мумкин. Баъзида эса сўнгги цикл, нима бўлишидан қатъи назар, муваффақиятли бўлади. Бироқ, ҳақиқат шундаки, манфаат кўзлаган жуфтликлар кўпроқ процедураларга эга бўлса, шифокорлар кўпроқ пул топишади.

Мақоланинг асли бу ерда (рус тилида).

БУ КИМНИ ИШИ?

Спартак Клычев — матн

Малоҳат Артикова — таржима

Дилбар Ҳайдарова — таҳрир