Совет Иттифоқидаги йирик зилзилалар хроникаси
Яқинда Туркия ҳудудида содир бўлган зилзила кўпчиликнинг эътиборини ўзига тортди. Қурбонлар сонининг бир неча кун давомида ошиб бориши ва қутқарувчиларнинг жасоратлари одамлар орасида контрастни юзага келтиргандай. Бу воқеалар пировардида Ўзбекистонда ҳам ҳозирги биноларимиз сифати ва ҳавсизлиги масалаларига қизиқиш анчайин кучайиб қолди. Бу сейсмик фаоллик шу билан тугайдими? Ёки бошқа жойларда акс садо берадими? Тахминан шундай саволлар ижтимоий тармоқларда дунё бўйлаб янграганини кузатиш мумкин. Бироқ, зилзила жуда мураккаб табиат ҳодисаси бўлиб, уни олдиндан айтиш деярли иложсиз.
Шундай экан, бугунги мақолада бироз ортга қайтиб, Совет Иттифоқи давридаги даҳшатли зилзилаларнинг кичик хроникасини тақдим этишга қарор қилдик. Керакли хулосалар чиқаришни эса доимгидай ўзингизга қолдирамиз.
Ашҳобод, 1948. Ҳозирги Ашҳобод шаҳри ўрнида бир пайтлар қадимги Парфия қироллигининг Конжикала шаҳри жойлашган. Қадим шаҳар кўплаб тарихий, айни пайтда оғир воқеаларни бошидан кечирган. Ўзининг янги тарихини 1881 йилдан бошлаб келадиган кент ҳам ҳозирги кунгача кўплаб воқеаларни бошидан ўтказган, кўп қийинчиликларга сабр қилган. 1924 йилда Туркманистон Совет Социалистик Республикасининг пойтахтига айланган Ашҳобод орадан 24 йил ўтиб оғир зилзилани бошидан ўтказишига тўғри келади. Ўтган юз йилликнинг энг вайронкор зилзиларидан бири ҳисобланувчи Ашҳобод зилзиласи 6 октябрь куни тунги соат 01:12 да содир бўлган (айрим манбаларга кўра, 02:17 да) ва тахминан 10 сония давом этган. Ва энг оғир йўқотиш – ўлимлар сони бўйича даҳшатли кўрсаткичларни намойиш қилган. Зилзила эпицентри пойтахтдан 25 километр масофадаги Гара-Гаудан қишлоғи яқинида жойлашган. Зилзила Рихтер шкаласи бўйича 7,3 баллни кўрсатган. Деярли барча ғиштли бинолар қаттиқ зарар кўради ва бузилади. Тахминий маълумотларга кўра, фалокат 110 000 атрофидаги инсон ҳаётига зомин бўлади.
Ашхобод вайронагарчиликдан сўнг.
Манба: virtualuppermantle.info
Юқоридаги йўқотишлар ҳақидаги рақамларнинг тахминий дейишимизнинг шартли сабаблари бор. Улардан бири ўша даврдаги турли манбаларнинг бир-биридан фарқли кўрсаткичлари бўлса, иккинчиси, шубҳасиз, совет ҳукуматининг бундай фалокатли ҳодисаларнинг ёритилишига нисбатан бўлган цензурасидир. Тарихчиларнинг фикрига кўра, қурбонлар ва зарар кўлами ҳақида хабар беришни совет ҳукумати зарар қоплаш учун керак бўладиган даражада катта маблағ ажратишдан қочиш мақсадида ўзига эп кўрмаган. Зилзила Туркманистон тарихидаги энг вайронкори бўлган.
Ўша пайтда кимнингдир зарар ҳақида бонг уриб чиқиши қийин масала эди, чунки цензура босими ҳазилакам бўлмаган.
Қизиқ, шунчалик ОАВга босим кўрсатиб туришга кимни ҳадди сиғди экан? Ким бошқарган экан ўша пайтда Иттифоқни?
Тошкент зилзиласи. Зилзила 1966 йилнинг 26 апрелида эрта тонг соат 05:23 да қайд этилган. Нисбатан кичик – Рихтер шкаласи бўйича 5,2 баллни қайд этган бўлишига қарамасдан, зилзила ўчоғининг кичик чуқурликда (8 кмдан 3 кмгача) жойлашганлиги катта вайронагарчиликни келтириб чиқаради. Бунга, албатта, эпицентрнинг шаҳар марказида жойлашганлиги ҳам катта таъсир ўтказади. 10-12 сония давом этган зилзилада шаҳардаги 80 фоиздан кўпроқ бинолар талофат кўради. Тошкент улкан моддий зарар кўради, эски шаҳарнинг ярмидан кўпи харобага айланади. Ўша давр маълумотларига кўра, умумий ҳисобда 78 000 тадан 95 000 тагача хонадон вайрон бўлган. Кўплаб тарихий бинолар (хусусан, советларгача бўлганлари) ва бошқа диққатга сазовор иншоотлар зилзила оқибатида қаттиқ шикастланади ёки бузилади.
Бироқ, маълумотларга кўра, япон ҳарбий асирлари томонидан қурилган Навоий театри фалокатдан зарарсиз ўтиб олган.
Навоий театри.
Манба: wikipedia.org
Зилзила қурбонлари хотирасига бағишлаб ўрнатилган мемориал ёдгорлик. Тошкент.
Манба: wikipedia.org
Ўша давр расмий манбаларида зилзилада ҳалок бўлганлар сони 15 кишини ташкил қилиши қайд этилган. Лекин, айрим манбалар рақамларни бироз каттароқ, яъни 200-300 киши қилиб кўрсатган. Бу кўрсаткичлар ҳам, албатта, собиқ иттифоқдаги махфийлик параметрлари таъсирида бўлган.
Зилзиладан кейин Тошкентга, табиийки, кўпроқ эътибор қаратилган ва шаҳарни қайта тиклаш учун бошқа совет республикаларидан ҳам кучлар жалб қилинган.
Тошкентдаги қайта тикланиш ишларини кузатиш мақсадида ўша пайтдаги КПСС раиси Леонид Брежнев ҳам фалокатдан сўнг Тошкентга ташриф буюрган.
Кейинроқ бундай офатлардан олдинроқ хабар топиш мақсадида Совет Иттифоқида 1966 йилда Сейсмология институти ташкил этилади.
Газли зилзилалари. Тошкент зилзиласидан 10 йил ўтиб Ўзбекистон ҳудудида яна бир вайронкор офат содир бўлади. Дастлаб 1976 йилда Газли шаҳри ва унинг атрофида дастлабки зилзилалар бўлади. Улардан биринчиси 1976 йилнинг 8 апрелида эрталаб 07:41 да содир бўлади ва Рихтер шкаласи бўйича 7 бални ташкил этади. Бу кучдаги зилзила тўлқини оқибатида шаҳарнинг ярми вайронага айланади. Бироқ, бу ҳали ҳаммаси эмасди.
Зилзиладан сўнг. 1976 йил. Газли.
Манба: ТАСС агентлиги
Айнан ўша 1976 йилнинг 17 майида иккинчи зилзила содир бўлиб, шаҳарнинг 90 фоиз бинолари вайрон бўлади ва 20 киши шикастланади, жароҳатланади ва офатдан азият чекади. Иккинчи зилзила Рихтер шкаласи бўйича 7,3 баллни ташкил этади ва атрофда бошқа шаҳарларда ҳам сезиларли акс-садо бергани билан алоҳида характерланади. Бироқ, бу галги зилзила аҳоли олдиндан огоҳлантирилганлиги туфайли (8 апрелдан кейин аксар аҳоли палаткаларда яшаган) кўпчиликнинг ҳаёти ҳавфдан ҳоли этилган.
Бироқ, бу Газлидаги талофотларнинг ҳали ҳаммаси эмасди. 1984 йилга келиб шаҳарда янги қурилган иншоотлар сони анча кўпайиб қолади. Бироқ, улар яна бир кучли зилзилага чидаб бериши керак эди. Ўша йилнинг 20 мартида 7,2 баллни ташкил этувчи ана шундай зилзила содир бўлади ва фалокат даҳшати олдида сабр қилишга мажбур бўлади.
Арманистон, 1988. Арман халқи, шубҳасиз, кўп ва ўта кенг кўламли қийинчиликларни бошидан ўтказган. Бу сиёсий, иқтисодий ёки геосиёсий хусусиятга эга муаммолар бўлиши мумкин. Лекин тарих давомида ўз матонатини кўрсатиб келган халққа баъзи ўринларда табиатнинг ўзи ҳам бироз шафқатсиз муомалада бўлгандек.
Арман зилзиласи ёки бошқача қилиб айтганда Спитак зилзиласи Арманистон жанубида 1988 йил 7 декабрь куни соат 11:41 содир бўлади. Ҳисоб-китобларга кўра 6,8 баллни ва максимал интенсивликни кўрсатади. Ушбу зилзила даҳшатини эса қуйидаги рақамларнинг ўзиёқ очиб бериши мумкин: ҳалок бўлганлар — 25 000-50 000 киши, шикастланганлар — 130 000 га яқин.
Сейсмологлар 1988 йилгача ҳудудда сейсмографларни ўрнатишган ва зилзила бўйича изланишларни, талофот оқибатларини ўрганишган. Изланишлар кўплаб уйларда, шу жумладан, Леонид Брежнев даврида қурилган уйларда камчиликлар борлигини аниқлашган.
Совуқ уруш ҳолатига қарамасдан Арманистондаги зилзиладан кейин Михаил Горбачёвнинг ўзи Советлар ҳукуматига хос бўлмаган бир тарзда АҚШдан расман гуманитар ёрдам сўрайди.
Хусусан, офатдан Спитак, Ленинакан (Гюмри) ва Кировакан (Ванадзор) шаҳарлари қаттиқ жабр кўрган, уларда инсонлар ҳалок бўлиши ҳолатлари кўплаб кузатилган.
Ҳар қандай табиий офат инсон ва ёки бутун инсоният иродаси учун синовдир. Якунда шуни хулоса қилиш мумкинки, бизнинг бундай ҳолатлар олдидан қилишимиз мумкин бўлган ишимиз — қурган биноларимиз сифати, зарур инфратузилмалар салоҳияти ва ҳавсизлик чораларига эътиборлироқ бўлишимиздир.