Skip to main content
сана

“Шоҳ ўлди”. Буюк Ипак йўли бўйлаб анъанавий стратегия ўйини – шахмат ҳақида батафсил

Шахматга кўпчилик қизиқади, уни камроқ киши ўйнай олади ва фақат озчиликкина уни яхши билади. Шахмат – спорт, илмий тафаккур ва санъат элементларини ўзида мужассам этган энг қадимги стратегик ва маданий ўйинлардан бири. Шахмат катталарга ҳам, болаларга ҳам мос келадиган спорт тури бўлиб, у билан шуғулланиш учун ҳеч қачон кеч эмас. Мазкур ўйнида инсон тил тўсиқларини, шунингдек, ёши, жинси, жисмоний қобилияти ёки ижтимоий мавқеидаги фарқларни енгиб ўтиши мумкин. Кичкина шахмат тахтаси сон-саноқсиз комбинациялар учун улкан майдондир. Ўйиннинг бошида ўйинчи биринчи ҳаракат учун 20 та вариантга эга эканлигини айтиш кифоя.
Мақолада Буюк Ипак йўли бўйлаб тарқалган ва жаҳонни фатҳ этган энг қадимги стратегик ўйин – шахматнинг шаклланиши, Ўзбекистон ва жаҳон миқёсида тарқалиши ва халқаро даражада эътироф этилиши тўғрисида сўз юритамиз.

Шахматнинг шаклланиши

Шахмат ўйинчилардан диққатни жамлашни, аниқ мантиқий фикрлашни ва ҳаракатлар келажагини кўриш қобилиятини талаб қиладиган қизиқарли машғулотдир. Бу 64 квадратдан иборат оқ ва қора майдонда ўтказиладиган спорт ва ўйин. Бугунги кунда турли хил компьютер ўйинлари тарқалишига қарамай, шахмат аввалгидек талабга эга. Ҳамма жойда профессионал ва ҳаваскор шахматчилар ўртасида жаҳон миқёсидаги спорт мусобақалари ўтказилмоқда. Ушбу мантиқий стол ўйинининг тарихи кўп асрларга бориб тақалади. Мазкур интеллектуал мусобақанинг ривожланиши қадимги афсонага асосланган бўлиб, унга кўра ўйин ҳинд брахмани қадимги диний эътиқодларга кўра, каста-варнанинг (табақа) энг юқори поғонасида турувчи тоифа томонидан яратилган.

Бугунги кунда шахматнинг 2000 дан ортиқ ўзига хос вариантлари мавжуд. Дарҳақиқат, шахмат Буюк Ипак йўли бўйлаб шу қадар кенг кўламда ўйналганки, унинг келиб чиқиш тарихи хусусида бир қанча назариялар мавжуд эди. Улардан бирига кўра, Чатуранга (Chaturanga) деб номланган шахматга ўхшаш дастлабки ўйин Гупталар сулоласи даврида (319-543 йй.) Шимолий Ҳиндистон ярим оролида пайдо бўлган ва Буюк Ипак йўлидан ғарбга – Форсга (Эрон) қадар кириб борган.

Чатуранга раҳбар бошчилигидаги ҳарбийларнинг тўртта бўлими иштирокидаги ҳарбий ҳаракатларни акс эттиради. Вақт ўтиши билан ўйилган фигуралар одамлар ва уруш филлар аксига алмаштирилган, янги қоида ва чекловлар яратилиб, тез орада шахмат ақлий ва стратегик ўйинга айланди. Замонавий шахмат Чатурангадан олинган деб ҳисобланса-да, Хитойда Цианги (Xiangqi), Корея ярим оролида Жангги (Janggi) ва Японияда Шоги (Shogi) каби стратегияли стол ўйинлари минтақавий савдо йўллари бўйлаб алмашиниб, бугунги кунда ҳам ўйналмоқда. Ўйинга Чатранг, кейин эса Шатранж VII аср бошларида Форс давлати тепасига Сосонийлар сулоласи келганида берилган ном эди. Ўйин ҳақидаги энг дастлабки ёзма маълумотлар форсий қўлёзмада (600 йилларга оид) келтирилган бўлиб, унда Ҳиндистон яриморолидан келган элчининг қирол Хисрав I (531-579 йй.) саройига ташриф буюриб, унга ўйинни совға сифатида тақдим этгани тасвирланган. Шахмат ўйини кейинчалик Форсдан Буюк Ипак йўли бўйлаб бошқа ҳудудларга, шу жумладан Арабистон ярим ороли ва Византияга кириб борган. Кейин у Испанияда ўз мухлисларини топди ва у эрдан бутун Европага тарқалди. Аста-секин шахмат бутун дунёга машҳур бўлди ва вақт ўтиши билан замонавий ўйинга хос хусусиятларга эга бўлди. Милодий 1000 йилга келиб шахмат бутун Европа ва славян халқларининг севимли ўйинларидан бирига айланади.

Араб халифалиги даврида (632-1258) шахмат шатранж номи билан оммалашган. Халифаликда шахмат ёзуви (ўйинчилар томонидан ҳар бир юриш шартли ҳарф ва рақамлар бирикмаси ёрдамида қайд этилади) жорий этганлиги учун шахмат ўйинлари матнига оид қимматли маълумотлар сақланиб қолган. Шу жумладан, улардан бирида 819 йилда Хуросонда биринчи шахмат мусобақаси ўтказилганлиги ва унда ўрта осиёлик машҳур шатранжчи Абу Бакр ас-Сулий ғалаба қозонганлиги тўғрисида маълумотлар бизгача етиб келган. Бугунги кунда биз ўрганган шахмат сўзи форсчадан олинган бўлиб, шоҳ мот, яъни “шоҳ ўлди” деган маъно англатади.

Ҳозирги кўринишдаги шахмат ҳинд шатранжидан тубдан фарқ қилади: шахмат XI асрдан бошлаб Европада жадал ривожланди, орадан тўрт аср ўтиб, унинг қоидаларига ўзгартиришлар киритилди, замонавий шахматнинг фигура ва фундаментал қоидаларининг шаклланиши айнан шу даврга бориб тақалади. 1851 йилда Англияда илк халқаро мусобақа ташкил этилди. 1924 йилда Халқаро шахмат федерацияси (FIDE) тузилди. 1987 йилда тузилган Гроссмейстерлар ассоциацияси (кейинчалик, Жаҳон шахмат кенгаши) мустақил равишда шахмат бўйича бир қанча мусобақа, жаҳон кубоги ва чемпионати ташкил эта бошлади.

Ўзбекистонда шахмат

Ўзбекистон заминида шахмат чуқур илдиз отганини тасдиқловчи бир қанча манбалар мавжуд. Хусусан, 1972 йилда Далварзинтепада (Сурхондарё) олиб борилган археологик қазилмалар вақтида Кушон даврига (I-II асрлар) оид фил суягидан ясалган шахмат доналари, 1977 йилда Афросиёбда (Самарқанд) ўтказилган тадқиқотлар чоғида VII-VIII асрларга тааллуқли 7 та шахмат донаси топилган. IX асрда яшаган араб олими ва шатранжчиси ал-Адлийнинг ёзишича, шатранждаги инсон тафаккурини чеклаган шашхолдаги холларнинг тушишига қараб юриш (шашхол)нинг бекор қилиниши ва бу ўйиннинг ривожланишида Ўрта Осиё халқлари муҳим роль ўйнаган.

Абу Райҳон Берунийнинг “Ҳиндистон”, Абдураззоқ Самарқандийнинг “Матлаи саъдайн ва мажмаи баҳрайн”, Алишер Навоийнинг “Мажолис ун-нафоис”, “Лисон ут-тайр”, Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг “Бобурнома” ва бошқалар тарихий асарларда шахматга (шатранж) оид қимматли маълумотлар учрайди. Амир Темур даврида кучли шатранжчилар Самарқандда тўпланишган. Табризлик Али аш-Шатранжий (Оловиддин ат-Табризий) Самарқандда ўтказилган мусобақаларда бир неча бора ғолиб чиққан. Тарихий маълумотларнинг гувоҳлик беришича, Амир Темурнинг ўзи билан ҳам шатранж ўйнаб турган.

Ўтган асрнинг 20 йилларидан Ўзбекистонда шахматнинг замонавий қоидалари кенг тарғиб этилиши бу спорт турининг ривожланишига туртки берди. Тошкент, Самарқанд, Кўқон ва бошқа шаҳарларда шахмат тўгараклари очилди. Азмиддин Хўжаев, Сергей Фрейман, Пўлат Саидхонов, Зокир Хўжаев кабилар шаҳматни тарғиб этишда жонкуярлик кўрсатишди. 1930 йилдан эркаклар, 1935 йилдан аёллар ўртасида Ўзбекистон чемпионатлари ўтказила бошлаган. Ўзбекистон ўзининг энг қадимги шахмат мактаби билан фахрланиши мумкин. 1984 йилда илк маротаба Георги Aгзамов Ўзбекистоннинг I халқаро гроссмейстери бўлди. 1992 йилда Ўзбекистон эркаклар терма жамоаси жаҳон шахмат олимпиадасида 2-ўринни, 1999 йили эса Осиё чемпионатида ғолибликни қўлга киритди. 1998 йилда Иброҳим Ҳамроқулов ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионатини қўлга киритди. Рустам Қосимжонов 1998 йилда биринчи Осиё чемпиони ва 2004 йилда 17-жаҳон чемпиони бўлди.

Шу ўринда алоҳида таъкидлаш лозимки, Халқаро шахмат федерацияси томонидан юритиладиган Жаҳон шахмат рейтингида Ўзбекистон илк бор кучли 20 таликка киришга муваффақ бўлди. 2022 йил июль ойи рейтингига асосан Ўзбекистон жаҳон шахмат рейтингида 19-ўринни эгаллади.

Шахматнинг халқаро миқёсда эътироф этилиши

1966 йилдан бошлаб, кўп йиллардан буён 20 июль бутун дунёда Халқаро шахмат куни нишонланиб келинмоқда. Халқаро шахмат кунини нишонлаш тўғрисида Бутунжаҳон шахмат федерацияси томон қарор қилинган бўлиб, мазкур сана ташкилот ташкил топган кун – 20 июль байрамнинг расмий санаси сифатида танланган. Ушбу кунда Бутунжаҳон шахмат федерацияси раҳнамолигида халқаро мусобақалар ўтказилади. Дунёнинг кўплаб пойтахтларида шахмат иттифоқи аъзолари учун конференциялар ташкил этилиб, унда келгуси йил режалари муҳокама қилинади ва ўтган давр якунлари сарҳисоб қилинади. Ушбу байрам ФИДЕга аъзо федерациялар яъни 178 та давлат кенг нишонланади. Юнеско томонидан анъанавий нишонланадиган байрамлар қаторига киритилди. ФИДЕга аъзо мамлакатларда ушбу кунда турли шахмат тадбирлари жумладан, Рапид, Блиц ва Стандарт йўналиши бўйича мусобақалар, сеанслар ва бошқа тадбирлар ташкил этилади.

ФИДE халқаро нодавлат спорт ташкилоти бўлиб, у турли мамлакатларнинг миллий шахмат ассоциацияларини бирлаштиради – бугунги кунда унинг аъзолари 199 та миллий федерацияларни ташкил этади (2022 йил учун). ФИДE фаолияти шахматни бутун дунёга ёйиш ва ривожлантириш, шунингдек, шахмат маданияти ва билимини оммалаштириш ва оширишга қаратилган.

ФИДE шахмат ўйини қоидаларини, жаҳон чемпионати ва бошқа барча халқаро шахмат мусобақаларини ўтказиш шартларини белгилаш, шахмат бўйича халқаро унвонлар бериш ваколатига эга. Айни пайтда ФИДE шафелигида ёшлар, эркаклар, аёллар ва катталар ўртасида 40 дан ортиқ расмий чемпионатлар ўтказилмоқда. ФИДE маълумотларига кўра, бугунги кунда шахмат дунёнинг 107 давлатида спорт тури сифатида эътироф этилган бўлиб, уни барча қитъаларда ўн миллионлаб ўйинчилар ўйнайди ва ҳар куни ўртача 60 миллиондан ортиқ ўйин ўтказилади.

Сўз якунида айтиш лозимки, шахмат – адолат, инклюзивлик ва ўзаро ҳурматни рағбатлантирадиган глобал ўйин. У мамлакатлар ва халқлар ўртасида бағрикенглик ва ўзаро ҳамжиҳатлик муҳитини яратишга ёрдам беради. Баъзи олимлар шахмат ўйнашни Альцгеймер касаллигига даво сифатида тавсия қиладилар. Илмий тадқиқотлар давомида ушбу ўйин ижодкорлик ва концентрацияни яхшилаши мумкинлиги аниқланди.

Ўзбекистонда шахмат

Ўзбекистон заминида шахмат чуқур илдиз отганини тасдиқловчи бир қанча манбалар мавжуд. Хусусан, 1972 йилда Далварзинтепада (Сурхондарё) олиб борилган археологик қазилмалар вақтида Кушон даврига (I-II асрлар) оид фил суягидан ясалган шахмат доналари, 1977 йилда Афросиёбда (Самарқанд) ўтказилган тадқиқотлар чоғида VII-VIII асрларга тааллуқли 7 та шахмат донаси топилган. IX асрда яшаган араб олими ва шатранжчиси ал-Адлийнинг ёзишича, шатранждаги инсон тафаккурини чеклаган шашхолдаги холларнинг тушишига қараб юриш (шашхол)нинг бекор қилиниши ва бу ўйиннинг ривожланишида Ўрта Осиё халқлари муҳим роль ўйнаган.

Абу Райҳон Берунийнинг “Ҳиндистон”, Абдураззоқ Самарқандийнинг “Матлаи саъдайн ва мажмаи баҳрайн”, Алишер Навоийнинг “Мажолис ун-нафоис”, “Лисон ут-тайр”, Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг “Бобурнома” ва бошқалар тарихий асарларда шахматга (шатранж) оид қимматли маълумотлар учрайди. Амир Темур даврида кучли шатранжчилар Самарқандда тўпланишган. Табризлик Али аш-Шатранжий (Оловиддин ат-Табризий) Самарқандда ўтказилган мусобақаларда бир неча бора ғолиб чиққан. Тарихий маълумотларнинг гувоҳлик беришича, Амир Темурнинг ўзи билан ҳам шатранж ўйнаб турган.

БУ КИМНИ ИШИ?

Муроджон Нажмиддинов — матн

Дилбар Ҳайдарова — таҳрир

 

Муқова: unsplash.com

Суратлар — «Persianshop»