Балки, бундан ҳам ёмонроқ бўлар: Ўзбекистоннинг ҳарорат харитаси
Агар аномал иссиқ ҳақидаги ҳазиллар қачонлардир кулгили бўлган бўлса, ҳозир аллақачон бундай туйилмайди. Мақола муаллифи шу ерда нуқта қўйиб, “Тамом” деб ҳазиллашиб қўя қолиши мумкин эди. Лекин бу бир неча ҳафталик ишни бекор қилган, ҳамда юклаб олинган ва қайта ишланган катта ҳажмли сунъий йўлдош тасвирларини ҳеч кимга кераксиз қилиб қўйган бўларди.
Хўш, демак, гап шундаки, Хук Ўзбекистон шаҳарлари ва вилоятларининг ҳарорат хариталарини ўрганиб чиқди ва Тошкент мисолида келажакда юзага келиши мумкин бўлган муаммолардан қандай усуллар билан ҳозирдан ҳимоялана бошлаш кераклигини намойиш этади.
Спойлер: ҳаммаси ростдан ҳам унчалик яхши эмас, лекин… Барчаси ҳақида навбат билан.
Технология ҳақида тушунча
Технология (кейинги барча тасвирлар шу технология ёрдамида олинган) АҚШга тегишли бўлган Landsat сунъий йўлдошининг суратларига асосланган. Тахминан ҳар ўн кунда у Ернинг ҳар бир нуқтаси устидан учиб ўтиб, турли частоталарда суратга олади — аниқ вазифа ва этарли кўникмаларга эга бўлинса, бу суратларни сайёрани муфассал ўрганиш учун ишлатиш мумкин. Суратлардаги баъзи частоталар ер юзасининг ҳароратини кўрсатади ва улар асос сифатида олинади.
OpenStreetMap (OSM) мустақил лойиҳаси туфайли йўллар, бинолар ва дарёлар хариталарда пайдо бўлди, QGIS ва Photoshop дастурлари эса ҳаммасини бирлаштиришга ёрдам берди.
Урбанист Юрий Мананников томонидан олиб борилаётган ишларни ҳам таъкидлаб ўтиш лозим — мамлакат шаҳарларининг энг иссиқ ва салқин қисмларини қайд этиб, у визуал хариталар тузади ва яшаш учун энг қулай жойларни белгилаб боради.
Дисклеймерлар
1. Сирт ҳарорати ва ҳаво ҳарорати ўртасидаги фарқ
Бу энг бошида аниқлаштиришни хоҳлаганимиз энг муҳим ҳолатдир. Қуйидаги расмларнинг ҳар бири фақат Ер сиртининг иситиш ҳароратини кўрсатади, лекин ҳаво ҳароратини эмас. Ва шу ердан бир нечта хулосалар олинади.
Биринчиси, Ўзбекистон шаҳарларининг қайси жойларида кундузи анча салқинроқ эканлигини айта олмаймиз (бошқа шунга ўхшаш хариталар муаллифлари каби). Ҳаво ҳарорати кўплаб омилларга — тик қуёш нурлари, шамолнинг йўналиши ва тезлиги, оёқлар остидаги ва ўнлаб, юзлаб километр масофадаги сиртнинг қизишига боғлиқ. Бошқача қилиб айтганда, бизнинг хариталаримизни ишончли қўлланма ёки йўл кўрсаткич деб ҳисоблаб бўлмайди.
Бошқа томондан, сиз бундай хариталар орқали тунда йўналиш олишингиз мумкин, чунки кун давомида у ёки бу сирт қуёшда қанча кам қизиган бўлса, у қоронғида шунчалик кам иссиқлик беради.
Иккинчи хулоса анча глобалроқ. Бир хил ёки нисбатан бир хил ҳаво ҳароратида олинган турли йиллардаги ҳарорат тасвирларини таққослаб, шаҳар муҳитидаги ўзгаришларни таҳлил қилиш, ҳароратнинг энг юқори кўтариладиган ёки пасаядиган нуқталарни белгилаш ва бу маълумотлардан келгуси ривожланиш учун фойдаланиш мумкин.
2. Таққослашнинг мавжуд бўлишга ҳақли ноаниқлиги
Биз ўн йил фарқ билан маълум бир ҳудудларнинг расмларини олишга ҳаракат қилдик ва ҳаво ҳарорати ўхшашлиги бўйича сунъий йўлдошнинг учиб ўтиш саналарини танладик. Аммо бу ҳудуд юзаси бир хил даражада қизиган дегани эмас – унинг ҳароратига, масалан, сурат олиниш пайти вақтидаги фарқ ва шамолнинг йўналиши (ёки йўқлиги) ҳам бироз таъсир қилиши мумкин.
3. Визуал бўрттириш
Бизнинг тасвирларимизда сиз ҳаворанг, апельсин ранг ва қизил жойларни кўрасиз. Дастлабкилари “салқин” ни, кейингилари эса “энг иссиқ” ни англатади. Аммо бу қизил ҳудуддан кўк ҳудудга ўтишда сиз сезиларли фарқни сезасиз, дегани эмас. Биринчи ҳудуддан иккинчи ҳудудгача ва иккинчи ҳудуддан учинчи ҳудудгача бўлган интерваллар 10 даражани ташкил қилади ва бундай ранглар ҳарорат фарқини визуал равишда кўриш учун керак.
4. Рўйхатда баъзи шаҳарлар йўқ
Афсуски, биз баъзи шаҳарларнинг таққослаш учун мос бўлган ўн йил фарқ билан олинган суратларини топа олмадик. Чунки бунга баъзида булутлар халақит беради, баъзида ҳаво ва атроф-муҳит ҳарорати мос келмайди.
Эҳтимол, келажакда биз бу вазиятни оҳирига етказиб қўярмиз, аммо ҳозирда ҳам бизда асосий хулосаларни чиқариш учун етарли маълумотлар мавжуд.
Асосий хулосалар
Аслида, мана улар – биз аста-секин таҳлил қиладиган ва мақоланинг кейинги бобларида аниқ кўрсатадиган бир нечта тезислар. Сиз эса уларни ўқиб бўлгач, ҳаволани дўстларингиз билан баҳам кўришингиз ва биз билан Ўзбекистоннинг ҳароратини ўрганишга отланишингиз мумкин.
• Сув ва дарахтлар — яхши. Сувнинг етишмаслиги ва дарахтларни кесиш атрофдаги ер юзасига таъсир қилади. Шаҳарларда кўпроқ сершох дарахтларни сақлаб қолиш, суғориш тизимларини нормал ҳолатда сақлаш муҳимдир.
• Маҳаллалар одатда кучлироқ қизийди, дарахтли сокин ҳудудлар эса камроқ.
• Чўлланиш бошланмоқда ва бундан айнан Тошкент азият чекиши мумкин. Ўзбекистоннинг барча асосий шаҳарлари дарё бўйларида жойлашган, аммо негадир пойтахтни сув ва салқинлик билан таъминлайдиган Чирчиқ буни уддалай олмаяпти.
Бундан ташқари, пойтахт атрофида бошқа вилоятларга қараганда кўпроқ салқин қишлоқ хўжалиги ерлари вайрон қилинмоқда ва қурилишга ўтказилмоқда. Бу кейинги бир неча йил ичида инсонлар ҳаёт тарзига катта таъсир ўтказиши мумкин.
1
ТОШКEНТ
Бундан кейин бошқа шаҳарларга ҳам тўхталиб ўтишимизга қарамай, бугун Тошкент бош қаҳрамон ва ўзгаришларни таҳлил қилиш учун асос бўлади — бу у пойтахт бўлгани учун эмас, балки муаллиф учун таниш жойларни тасвирлаш осонроқ бўлгани ва сўнгги йилларда шаҳар бошқа ҳудудларга қараганда анча тез ўзгаргани туфайлидир.
Аввало, ўн йил олдинги Тошкентнинг иқлим харитасини кўриб чиқамиз (расм 2013 йил 22 июнда +39 даража ҳаво ҳароратида олинган):
Кўзга ташланадиган биринчи нарса — марказдан бироз жанубда жойлашган тўлиқ қизил ранг билан белгиланган аэропорт. Ўша пайтда бу пойтахтнинг энг катта “қайноқ нуқтаси” эди, бу ажабланарли эмас — деярли бутунлай бетон ва асфальт билан қопланган улкан майдон шунчаки салқин бўла олмайди.
Кейинги диққатга сазовор жой — шимоли-шарқдан жануби-ғарбий қисмгача бўлган кўк чизиқ. Бу шаҳарни сув ва электроэнергия билан таъминловчи йирик пойтахт канали Бўзсув-Анҳор-Бўржар, Чирчиқнинг тармоғидир. Унинг атрофида, айниқса марказда салқин ҳудудлар жойлашган.
Иссиқлик нуқталаридан бозорлар, темир йўллар ва станциялар, саноат зоналари ажралиб туради. Шу билан бирга, истиқомат ҳудудлари (Чилонзор, Юнусобод, Қорасув, фақат кўп қаватли бинолар чегарасида) нисбатан салқин бўлиб қоляпти.
Энди 2023-йил 12-июлдаги харита:
Бу эрда биз ўн йил ичида тасвир қандай ўзгарганини аниқ кўришимиз мумкин — қизиб кетиши мумкин бўлган барча ҳудудлар бир неча бор қизиб кетган. Озми-кўпми салқин бўлган ҳар қандай ҳудуд ўзгаришсиз қолган ёки янада салқинлашган. Сувдан ташқари, албатта, лекин бунга кейинроқ тўхталамиз.
Айтганча, тасвирга олиш пайтида энг қайноқ нуқталар қуйидаги ҳолатда эди:
Энди эса биз алоҳида ҳолатлар билан ишлаб, ўзгаришларда қонуниятларни топишга ҳаракат қиламиз. Масалан, Чилонзорга қаранг:
Баланд дарахтлар билан ўралган кўп қаватли уйлар ҳовлиларидаги юза анча салқин бўлса, маҳаллалар ҳақида бундай деб бўлмайди — у ерда ҳаво ҳарорати 10 даражага кўтарилган. Энг муҳими, албатта, Фарҳод бозори исиб кетди (катта кўк ҳудуд марказидаги қизил учбурчак).
Нима учун 2013-йилда кўпқаватли уй ҳовлилари 2023-йилга қараганда иссиқроқ эди? Бунинг ўша вақтда у ерларда амалга оширилган дарахтларни нотўғри кесиш билан боғлиқ бўлиш эҳтимоли мавжуд.
Кейинги навбатда Юнусобод:
Бу ерда ҳам тасвир тахминан бир хил – кўпқаватли уй ҳовлилари нисбатан салқинлаган ёки ўзгаришсиз қолган, аммо туманнинг маҳалла қисмлари сезиларли даражада исиган. Қабристонлар, қурилиш майдончалари, бўш жойлар ва темир йўл инфратузилмаси жуда иссиқлиги билан ажралиб турибди, аммо дарахтлар ўсадиган жойлар юзани ҳаддан ташқари иссиқдан яхши ҳимоя қилмоқда.
Ҳа, агар сиз Бўзсўв канали атрофидаги ер қанчалик қизиб кетганига эътибор берган бўлсангиз, бу яхши кузатув, лекин биз бунга бироз кейинроқ қайтамиз.
Кейинги истиқомат ҳудуди – Қорақамиш
Фикримча, салқин жойлар қаерда сақланиб қолгани ва ҳарорат қаерда кўтарилганини энди айтиш шарт эмас. ТТЗ ва Қорасувда ҳам шундай вазият:
Бу ерда фақат собиқ трактор заводи ҳудудида (ўнгда) иссиқликнинг бир текис тақсимланиши кўзга ташланади.
Қуйида эса Сергели:
Бу ерда вазият янада мураккаб, аммо ҳовлилардаги дарахтлар ҳали ҳам соя солиб, ортиқча иссиқликни ютиб ер юзасини иссиқликдан ҳимоя қилишда давом этмоқда.
Қуйида сиз бир қанча қизиқарли тафсилотларни олишингиз мумкин бўлган шаҳарнинг марказий қисми берилган:
Биринчидан, бу ерда ҳарорат тарқалиши анча кучли. Иккинчидан, кам қаватли биноли маҳалла ҳудудлари қолганларига қараганда кучлироқ қизийди (бу ерда “Tashkent City” марказидаги маҳалла ўрнида қурилган Парк айниқса кўзга ташланади — унинг кўли ҳудудни салқинроқ қилган). Учинчидан, сув атрофида кўк зоналар жуда кам… Ва бу бизнинг кейинги мавзумиз.
Мана, Бўзсув канали атрофидаги ҳароратни шаҳарга тушишидан тортиб то марказга қадар кўриб чиқинг:
Соҳил бўйидаги салқин ҳудуд қандай камайганини дарҳол кўриш мумкин. Тошкент хариталаридаги энг катта кўк доғлардан бири бўлган Ботаника боғи ҳам анча тўқ сариқ ранг олган.
Қуйида Чирчиқнинг шаҳар билан кесишган жойи берилган:
Бу ердаги ягона салқин қисм гольф клуби ҳудудидадир.
«Янги Ўзбекистон» боғи 2023-йилда:
Қаранг, ҳудуд ўзининг атрофидаги бошқа майдон фонида қанчалик ажралиб турибди – афтидан, ҳамма гап кўл, суғориш ишлари ва янги ўсимликлардага ўхшайди… Шундай бўлса-да, ўн йил аввалги расм ҳам мавжуд:
Демак, Парк ҳудуди 2013-йилдаги юза ҳароратини сақлаб қолган. Ҳатто шуни ҳам катта натижа деб ҳисоблаш мумкин.
2
БОШҚА ЙИРИК ШАҲАРЛАР
Келинг, мамлакатнинг бошқа баъзи шаҳарларини кўриб чиқайлик (юқорида айтиб ўтилганидек, барча вилоят марказларини ўрганиб бўлмади, аммо бу масала ҳали тўлиқ ёпилмаган).
Фарғона водийсидан, Андижондан бошлаймиз. Бу ерда дарҳол жуда қизиқ ҳолатлар кўринади:
Фарғона водийсининг иқлими мамлакатнинг қолган қисмидан сезиларли даражада фарқ қилади – у тоғлар билан ўралган бўлиб, чўллар ва чўл шамоллари таъсирига тушмайди. Бу эса унда бутунлай ўзгача муҳитни ҳосил қилади. Андижон мисолида кўринадики, бир хил ҳаво ҳароратида ер юзаси бироз камроқ исиган.
Наманганда ҳам худди шундай ҳолат:
Сирдарё таъсир зонасида жойлашган ва иқлим шароити Тошкентга анча яқин бўлган Жиззахда мутлақо тескари ҳолат кузатилади:
Энди Бухоро. Бу ерда сезиларли ўзгаришлар бўлмаганга ўхшайди. Фақатгина аэропорт янада қизий бошлаган ва маҳаллалардан ташкил топган қисмлар Тошкент каби исиб кетган:
Аммо изоҳ бор. Бухоро иқлими пойтахт иқлимидан фарқ қилади: шаҳарга уни ўраб турган чўлнинг ҳаво оқими сезиларли таъсир кўрсатади. Бу ҳам сирт ҳароратининг кўтарилиши ёки пасайишига сабаб бўлади.
Самарқанддаги вазият бошқача:
2023-йилда ҳаво ҳароратининг 2013-йилги ҳароратдан икки даражага юқорилагани ер юзаси иссиқлигини бунчалик ўзгартира олмаган бўларди.
Шу сабабли шаҳар марказининг яна бир-иккита тасвирларини ҳам кўриб чиқинг. Ҳаворанг ҳудудлар – бу кўпроқ дарахтлар жойлашган ҳудудлардир:
Бизнинг рўйхатимиздаги таққосланадиган оҳирги (аммо яққол мисоллар рўйхатидаги охиргиси эмас) ҳудуд Урганч бўлиб, у Амударё сувлари ва салқинлиги таъсирига тушади. Агар аэропорт истисно қилинса, шаҳар аввалгига нисбатан бироз камроқ қизий бошлаган:
3
СУВ ВА ЧЎЛЛАР
Шу ерда мақолага нуқта қўйиш мумкин эди — асосий шаҳарлар кўриб чиқилди, муаммолар аниқланди ва тавсифланди, тахминий ҳаракатлар тушунарли ва тўла мантиқий. Аммо Ўзбекистондаги ҳарорат ва умуман иқлим ўзгариши ҳақида сўзловчи яна бир мавзуни эътиборсиз қолдириб бўлмайди.
Мамлакатнинг деярли бутун ҳаёти, маданияти ва турмуш тарзи (Фарғона водийсининг кўп қисмидан ташқари) Ўзбекистоннинг асосий дарёлари: Сирдарё ва Амударёнинг ҳозирги ва собиқ ирмоқларига қурилган. Сурхондарё атрофида Термиз. Сирдарё ва унинг атрофида Жиззах ва Гулистон. Зарафшон атрофида Самарқанд, Навоий, Бухоро. Чирчиқ атрофида эса Тошкент.
Улкан ҳудудларнинг ҳақиқий ёзги суратларига эга бўлган ҳолда (улар шаҳарлар ҳолатида эмас, балки бутун квадрат минтақалар ҳолатида юклаб олинади ва улкан гигабайтлар ҳажмида тош босади), қуйидаги тасвирни ҳосил қилиш унчалик қийин бўлмади:
Пойтахт учун ноҳуш хулоса: Сирдарё ва Чирчиқ дарёлари атрофида, суғориладиган қишлоқ хўжалиги ерлари ва сув тарқалиши учун кўпроқ жой мавжуд бўлган Зарафшонга қараганда анча кам салқинликни етказиб беради. Бундан ташқари шимоли-ғарбдан Қозоғистон даштлари ва чўллари Тошкентга босим ўтказа бошлайди. Бу минтақанинг умумий сув муаммолари ва сайёрадаги ҳароратнинг глобал исиши билан биргаликда яқин орада пойтахтда ҳаётни бошқа шаҳарларга қараганда анча ёқимсиз қилиши мумкин.
Самарқанд ва Бухоро Зарафшон суви ва унинг атрофидаги суғориладиган ерлар билан ҳозирги ҳарорат ва қулайлик кўрсаткичларини мамлакатнинг шимоли-шарқига қараганда анча узоқроқ ушлаб туриши мумкин. Бу шуни англатадики, мамлакатнинг шартли равишда Сирдарё қисмини ривожлантириш учун масъул бўлганлар қийинчилик ва муаммоларни четлаб ўтиш учун кейинчалик одамлар ҳаётини янада осонлаштирадиган ечимларни излаши керак.
Бу, биринчи навбатда, сувга ва минтақа ҳозирда дуч келаётган қийинчиликлар (иррационал фойдаланиш, суғориладиган майдонлар сонининг камайиши ва сўнгги йилларда саноатнинг Чирчиқ канали билан содир бўлган табиий жараёнларга аралашуви) га тааллуқлидир.
Ҳарорат тезроқ кўтарилаётган шаҳарлар ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштиришга ёндашувни қайта кўриб чиқиши зарур. Иқлим тасвирларини ўрганиш шуни кўрсатадики, яшил майдонлар кўп бўлган ҳудудлар одамлар учун энг қулай бўлиб бормоқда.
Ҳозирда хавф остида бўлмаган ҳудудлар эса келажакда ҳам уларни бундай муаммолардан қутқарадиган чораларни кўришлари мумкин.
Кичик бонус сифатида мен 2013-йилда олинган Нукус суратини ҳам бўлишмоқчиман. Ушбу расм йирик дарё ва суғориладиган майдонларнинг мавжудлиги, шаҳардаги қурилиш билан бирга иқлимни ўзгартиришга қанчалик ёрдам беришини кўрсатади. Шарқдан шаҳарни том маънода уриб турган иссиқ чўл бинолар ҳудудида заифлашади, қишлоқ хўжалиги ривожланган ва сув бор жойда бутунлай йўқолади:
***
Иқлим хариталари энг аниқ воситалар эмас. Бироқ, уларнинг ёрдами билан ҳатто кичик таҳририят ҳам субъектив гумон ва ўйларнинг объектив тасдиғини топиши мумкин.
Бизнинг ҳаётимизга глобал иқлим ўзгариши, маҳаллий экология муаммолари ва маҳаллий ободонлаштириш хатолари катта таъсир кўрсатади. Янги Ўзбекистоннинг янги ва эски чақириқларга қандай муносабатда бўлишини эса яқин бир неча йил ичида кўришимиз мумкин бўлади.