Китоб қандай “пишади”: Asaxiybooks нашриётида китобнинг йўли
“Янги нашрдан чиққан китобни юмшоққина ўринда ўтириб ўқишдан ҳам ортиқ лаззат борми, бу дунёда, Тутси?” Китобнинг ҳиди-ю, ҳар варақлагандаги шитир-шитир овози китобхўрлар иштаҳасини қитиқлайди. Мароқ билан ўқиётган асарингиз сизгача қандай чиғириқлардан ўтиб келгани ҳақида ҳеч ўйлаб кўрганмисиз? Бир асарни китоб ҳолида тайёр бўлишига қанча вақт керак? Китоб чоп этишда “саҳна ортида” кимлар иштирок этади? Китоб юзасида қандай амалиётлар олиб борилади? Бу ҳақида деярли ҳеч бир китобхон жиддий ўйлаб кўрмайди. Майли, сизни қийнамай, бу жараёнларни “Asaxiybooks” лойиҳаси мисолида тушунтиришга ҳаракат қиламиз. “Asaxiybooks” – илмий-оммабоп, бестселлер асарларни ўзбек тилига таржима қилувчи Ўзбекистондаги йирик лойиҳа . Бу жамоадаги иш жараёни ҳақида маълумот берамиз.
Маслаҳатли тўй тарқамас
“Asaxiybooks”, юқорида айтганимиздек, асосан, таржимага қаратилган лойиҳа бўлгани боис “Қандай китобларни таржима қилиш лозим?” деган савол кун тартибида бўлади. Китобларнинг “бисмиллоси” қуюқ машваратдан бошланади. Яъни, директорлар кенгаши, бош муҳаррир ва муҳаррирлар келишган ҳолда навбатдаги таржима учун асар танлашади. Бу ҳолат баъзан узоқ давом этиши мумкин. Сабаби, тавсия қилинган асарларга қанчалик талаб борлигини маркетологлар ҳам ўрганиб чиқади. Шундан сўнг бир тўхтамга келинади.
Ё чикка, ё пукка
Таржима учун маълум бир китоб танлангач, муаллифдан асардан фойдаланиш ҳуқуқини олиш масалаларини ҳал этиш бошланади. Бу ҳуқуқ, одатда, 3 ёки 5 йилга берилади. Аксар китобларга бўлган муаллифлик ҳуқуқи асар муаллифида эмас, нашриётлар қўлида бўлади. Муаллифлик ҳуқуқини қўлга киритиш омадга боғлиқдек, гўё. Сабаби, айрим китоблар шартномаси бир ойга бормай тугаса, айримларида эса йиллаб кутишга тўғри келади. Мисол учун тез кунларда нашр этилиши кутилаётган Питер Ҳопкиркнинг “Катта ўйин” (“Тhe Great Game”) тарихий асарининг биргина муаллифлик ҳуқуқини қўлга киритиш учун 3 йил вақт сарфланган. Баъзан шартномада алоҳида банд ва шартлар бўлади. Масалан, Ден Брауннинг “Ибтидо” асарининг муаллифлик ҳуқуқини олиш жараёнида китоб муқоваси оргиналига ўхшаш бўлиши алоҳида таъкидланган. Айрим китобларда эса титул қисми оригинал китоб билан айнан бир хил бўлишини талаб қилишади. Нарх масаласи ҳам бу ерда муҳим ўрин тутади. Ҳозирда энг қиммат муаллифлик ҳуқуқи Уолтер Айзексоннинг “Стив Жобс” китоби учун олинган. Жуда камдан-кам ҳолатларда учинчи дунё мамлакати бўлганимиз учун муаллифлик ҳуқуқини текин тақдим этишади. Бу, албатта, китобнинг таннархига ижобий таъсир қилиб, нисбатан арзонроқ ҳолда бизнинг қўлимизга етиб келишини таъминлайди.
Замон сенга боқмаса, сен замонга боқ
Бир амаллаб муаллифлик ҳуқуқи олингач, таржимон ишга киришади. Асар доим оригинал тилидан таржима қилинади. Мана шу ҳолат ҳам эътироф этгулик аслида. Сабаби, совет даврида ва мустақилликнинг дастлабки ўн йилликларида жаҳон адабиётидаги асарлар, асосан, рус тили орқали таржима қилинарди. Бугун эса ўзининг оргинал тилидан тўғридан-тўғри ўзбекчалаштирилмоқда. Қолаверса, олдинлари таржима ишлари билан давлат нашриётлари шуғулланарди. Шу сабабли ҳам таржимонларда бир асар устида етарлича ишлаш имкони мавжуд эди, асар таржимаси эса бир неча йилни оларди. Бироқ, бугунги кунда таржима ишларига хусусий нашриётлар ҳам эътибор қаратмоқда. Энди таржимонлардан қисқа вақт ичида сифатли таржима қилиш талаб этилмоқда. Бу жудаям мураккаб иш, сабаби, авваллари таржимон бир асар устида йиллаб ишлаган бўлса, эндиликда ишни бир неча ойда якунлаш лозим, қолаверса, иш сифатига путур етиши асло мумкин эмас. Бундай вазифага ҳамма ҳам тайёр эмас, албатта. Талабга мослаша олган мутаҳассислар эса ишлашда давом этмоқда.
Қилни қирқ ёриб
Таржима якунлангач, муҳаррирга юборилади. “Asaxiybooks”даги энг масъулиятли ва мураккаб иш шу босқичда содир бўлади. Муҳаррир таржимани аслиятига қараб бирма-бир солиштириб чиқади. Таржимон йўл қўйган жузъий камчиликлар бу босқичда тўғриланади. Катта диққат талаб этиладиган бу ақлий меҳнат якунлангач, асар биринчи мусаҳҳиҳга берилади. У “word” форматидаги китобнинг имловий ҳамда ишоравий хатоларини аниқлаб, керакли тузатишларни киритади.
Илҳом парилари изидан
Китобни саҳифалаш, унинг муқовасини яратиш ҳам техник билим, ҳам юқори дид талаб қилади. Албатта, бундай ишларда илҳом келиши муҳим. Китоб саҳифалаш нозик ҳамда масъулиятли иш. Асар жанри ва мавзусига мос шрифт топа олиш ҳамда ўқиш техникаларидан чиқиб кетмаган ҳолда, ўз ишини якунлай билиш лозим. Муқовага тўхталадиган бўлсак, одатда, дизайнер (ёки дизайнерлар) томонидан бир қанча вариантлар тақдим этилади. Асосий муқовани танлаш жараёнида нашриёт ходимлари билан бирга маркетинг бўлими ҳам иштирок этади. Дарон Ажемўғли ва Жеймс А. Робинсоннинг “Мамлакатлар таназзули сабаблари: қудрат, фаровонлик ва камбағаллик сабаблари” китобининг муқовасини танлаш жараёнида эса “Asaxiybooks”нинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида сўровнома ҳам ўтказилган эди. Ҳозирда ушбу китоб икки хил муқова билан нашр этилган.
Сўнгги легион
Саҳифалаш якунига етгач, китобнинг 5-6 та намунавий нусхалари нашр этилади. “Asaxiybooks” жамоасида мана шу босқичда 2 та мусаҳҳиҳ параллель ўқишни бошлайди. Хатолар аниқланиб, иш тугагач эса бошқа бир мусаҳҳиҳ ўз ишини бошлайди. Умумий ҳисобда китобнинг имловий ва услубий хатолари 4 маротаба ўқилади. Аниқланган хато-камчиликларни мусаҳҳиҳ ва саҳифаловчи биргаликда тўғирлаб, китобнинг ПДФ вариантини яратади. Шундан сўнг бош муҳаррир китобни кўздан кечиради, қандайдир хатолик аниқлайдиган бўлса, бу жараёнда яна тўғриланади. Шундан сўнг катта тиражда босишга рухсат беради. Ва ниҳоят китоб босмахонага юборилади. У ердан эса китоб дўконларига ва бизнинг қўлимизга етиб келади. Узоқ давом этувчи бу жараённи қуйида жадвал кўринишида ҳам тақдим этдик.
1. Китоб танлаш
2. Муаллифлик ҳуқуқини олиш
3. Таржима қилиш
4. Муҳаррир текшируви
5. Илк мусаҳҳиҳ иши
6. Саҳифалаш
7. Муқова яратиш
8. Иккинчи мусаҳҳиҳ иши
9. Босмахонага юбориш
10. Сотувга чиқариш
***
Қўлингиздаги ҳали босмахона ҳиди тарқаб улгурмаган китоблар мана шу тарзда тайёрланади. Жараён билан муфассал таниш одам китоб ҳақида фикр билдиришдан олдин бироз ўйлайди, сабаби уни тайёрлаш чоғида ўнлаб инсонлар ойлаб, керак бўлса йиллаб меҳнат қилади. Албатта, бу фикрлар сифатли китоб нашриётларига тегишли. “Ҳой Тутси, китоб ўқиш барибир маза-да!”.
Азиз ўқувчи!
Юқорида китобнинг дўкон токчасига етиб келгунича босиб ўтадиган йўли билан танишдингиз. Ушбу матн бизнинг янги рукнимизнинг дебочаси: бундан буён сайтимизда турфа китобларга тақризлар чиқиб боради.
Биз билан бирга қолинг!