Skip to main content
сана

XXI асрда қуллик: одам савдоси

18+

Бугунги кунда дунё бўйлаб тахминан 45,8 миллион киши замонавий қуллик тузоғига тушиб қолган. Ушбу статистика 10 миллион бола ва 15,4 миллион киши мажбурий никоҳ ҳамда 4,8 миллион киши мажбурий жинсий эксплуатация қилинганлигини кўрсатади. Бироқ, аниқ статистик маълумотларни аниқлаш қийин, чунки одам савдосининг кўпгина ҳолатлари аниқланмай қолмоқда. Бугун 30 июль – Бутунжаҳон одам савдосига қарши курашиш куни. Демак, бугун одам савдоси қурбонлари ва унга қарши олиб борилаётган кураш тафсилотлари билан танишамиз.

Одам савдоси нима?

Одам савдоси – бу одамларни зўрлик, фирибгарлик ёки алдаш каби нотўғри йўллар билан улардан фойдаланиш мақсадида сотиб олиш ҳисобланади. Бу оғир жиноят ва инсон ҳуқуқларини қўпол равишда бузиш саналади. Ҳар йили минглаб эркак-аёллар ва болалар ўз мамлакатларида ҳамда хорижда одам савдогарлари қўлига тушади. Жабрланганлар ресторанларда, фермаларда, қурилиш майдончаларида, фоҳишахоналарда, фабрикаларда, бозорларда, шахталарда, одамларнинг уйларида ва бошқа кўплаб жойларда эксплуатация қилинади.

Одам савдосининг қандай кўринишлари мавжуд?

Одам савдосининг бир неча турлари мавжуд, аммо Сан-Францисконинг Инсон ҳуқуқлари бўйича комиссияси маълумотига кўра, бу жиноятнинг учта тури энг кенг тарқалган:

– жинсий савдо (жинсий эксплуатация);
– мажбурий меҳнат;
– қарздорлик қуллиги.

Жинсий эксплуатация, жумладан, болаларни жинсий алоқа учун сотиш – одам савдосининг 79 фоизини ташкил қилади ва бундай жинсий эксплуатация ҳақида гап кетганда, қурбонлар асосан аёллардир. Жинсий экплуатациянинг 98 фоизи аёллар ва қизлар, вояга етмаган қизлар эса катталарга қараганда 4 баравар кўп жинсий алоқа учун сотилади.
Одам савдосининг қарийб 20 фоизи мажбурий меҳнат билан боғлиқ бўлиб, бу мажбурий қуллик деб ҳам аталади. Жабрланган одамлар оғир меҳнат шароитлари ҳамда қийин жисмоний фаолиятга дучор бўлади. Шунингдек, уларнинг истеъмол маҳсулотлари ҳам чекланган бўлиши мумкин.
Қарздорлик қуллиги – бу одам меҳнати савдосининг бир тури бўлиб, бу унчалик машҳур эмас, лекин бу мажбурий меҳнатнинг энг кўп қўлланиладиган усули. Кўпинча одамлар ёлғон ваъдаларга ишониб, чет элда ишга жойлашиш учун одамфурушлардан қарз олади. Белгиланган манзилга етиб боргач, уларнинг паспортлари олиб қўйилади ҳамда улар савдогарлар олдидаги қарзларини тўламагунларича кета олмайди. Улар ҳар қандай вазифани бажаришга мажбур бўлишлари мумкин. Натижада, қарздорлик қуллиги одам савдосининг бошқа шакллари билан бевосита аралашиб кетади.

Одам савдоси тузоғига қандай “илинасиз”?

Одам савдоси билан шуғулланувчилар зўравонлик, манипуляция, яхши маошли иш ёки ишқий муносабатлар ҳақидаги ёлғон ваъдалар орқали ўз қурбонларини қўлга киритишади. Одам савдоси қурбонлари орасида барча ёш, ирқ ва миллатдаги эркаклар, аёллар ва болалар бор. Асосан, ижтимоий ҳаётида пул билан боғлиқ муаммоларга учраган, табиий офатлар ёки сиёсий беқарорликдан жабр кўрганлар одам савдосининг қурбонига айланади. Одам савдосининг 71 фоиз улуши аёллар ва болаларга тўғри келиб, ушбу қурбонларнинг 99 фоизи жинсий эксплуатацияга жалб қилинган.

Одам савдоси қанча даромад келтиради?

Одам савдоси жуда даромадли “касб” бўлиб, у билан шуғулланувчилар йилига 150 миллиард долларга яқин даромад олади. Ушбу инсоният фожиасига барҳам бериш бутун дунё муаммосига айланган иқтисодий, ижтимоий, маданий ва ҳуқуқий низоларни ҳал қилувчи кўп қиррали ёндашувни талаб қилади.

Одам савдоси билан шуғулланувчилар томонидан никоҳ ёки жинсий эксплуатацияга битта қурбон учун Жануби-Шарқий Осиёда 600-3000 AҚШ доллари, Шарқий Осиё ва Тинч океанида 10 000-15 000 AҚШ доллари тўланади.

Одам савдосига қарши фаолиятни қайси ташкилот тартибга солади?

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Трансмиллий уюшган жиноятчиликка қарши конвенцияси ва инсонлар, айниқса, аёллар ва болалар савдосининг олдини олиш, бостириш ҳамда жазолаш тўғрисидаги қўшимча Протоколнинг ҳомийси сифатида БМТ Наркотиклар ва жиноятчиликка қарши кураш агентлиги (United Nations Office on Drugs and Crime, UNODC) инсон савдоси жинояти бўйича глобал миқёсда тадқиқот олиб бориш учун ўзига хос ўрин тутади. Ҳозирги вақтда ушбу мавзу бўйича асосий тадқиқот натижалари икки йилда бир марта чиқариладиган Одам савдоси бўйича глобал ҳисобот бўлиб, у, асосан, расмий ҳамда миллий маълумотларга асосланади ва глобал, минтақавий ва мамлакатлар кесимида одам савдосининг тенденцияларини таҳлил қилади. Ушбу агентлик, шунингдек, одам савдосидан жабрланганларнинг умумий сонини баҳолаш учун методологияни синовдан ўтказиш ишларини давом эттирмоқда. Бу одам савдоси бўйича тадқиқот ҳамжамиятининг қийин мақсади бўлиб келган ушбу жиноятнинг ҳақиқий кўламини очишга ёрдам беради.

Одам савдосига қарши кураш юзасидан тақдим этилган сўнгги ҳисобот ҳақида

БМТ Наркотиклар ва жиноятчиликка қарши кураш агентлигининг 2020 йилги Одам савдосига қарши глобал ҳисоботи Бош Aссамблея томонидан 2010 йилдаги БМТнинг Одам савдосига қарши курашиш бўйича Глобал Ҳаракатлар режаси орқали топширилган бешинчи турдаги ҳисоботдир. У 148 та давлатни қамраб олади ва, асосан, 2016 ва 2019 йиллар давомида аниқланган одам савдоси ҳолатларига асосланиб, глобал, минтақавий ҳамда миллий даражадаги одам савдоси шакллари, оқимлари ҳақида умумий маълумот беради.
Журнал 6 бобдан иборат бўлиб, ҳисоботнинг 2-бобида одам савдогарлари жабрланувчиларни ёллаш ва улардан фойдаланиш учун ёмон ижтимоий-иқтисодий шароитдан қандай фойдаланаётгани кўриб чиқилади. Учинчи бобда болалар савдосининг шакллари ва ўта қашшоқлик, ижтимоий меъёрлар, оилавий келиб чиқиш одам савдосининг ушбу шаклида ўйнаган роллари кенгайтирилади. Сўнгра, тўртинчи бобда асосий эътибор мажбурий меҳнатга қаратилади ва одам савдосига кўпроқ мойил бўлган иқтисодий секторларни ўрганади. Ниҳоят, бешинчи бобда одам савдогарлари ёллаш ва эксплуатацияни осонлаштириш учун фойдаланадиган интернет-технологияларнинг пайдо бўлаётган намуналари келтирилади.

Одам савдоси бўйича сўнгги статистика (2018 йил)

Ҳар йили Қўшма Штатларда одам савдоси билан боғлиқ 199 000 жиноят содир бўлади.
Дунё бўйлаб ҳар йили мажбурий меҳнатдан 150 миллиард доллар ишлаб топилади.
Одам савдоси ҳолатларининг 0,04 фоизи тегишли органларга хабар қилинган.
Дунё бўйлаб 24,9 миллион киши мажбурий меҳнат шароитлари қамалида.
Одам савдоси билан боғлиқ жиноятларнинг 34 фоизи болалар билан боғлиқ.

Ҳудудлар кесимида одам савдоси қурбонларининг ёши, жинси ва сони (2018 йил)

Кўриб турганимиздек, Шимолий Америкада одам савдосида аёл қурбонларнинг улуши дунё бўйлаб ҳам етакчилик қилиб, 5 735 тани ташкил этади. Энг кам жабрланувчилар Жанубий Америкага тўғри келиб, 41 та улуш билан ўғил болаларга тўғри келади.

Одам савдоси қурбонларининг ёш ва жинс бўйича улуши (2018 йил)

2018 йилда дунё миқёсида ҳар 10 қурбоннинг беш нафари вояга етган аёллар ва иккитаси қизлар бўлган. Аниқланган умумий қурбонларнинг учдан бир қисми болалар, 20 фоизи эса эркаклар ҳисобланади. Бироқ, қурбонларнинг жинси ва тури ҳудудга қараб ўзгаради. Саҳрои Кабирдаги мамлакатларда одам савдоси қурбонлари кўпроқ болалар саналади. Шарқий Европа ва Марказий Осиёда эса, аксинча, жами қурбонлар сонида катталар улуши бошқа минтақаларга нисбатан анча кўп. Таъкидлаш жоизки, БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясига (1989) ва Одам савдоси протоколига мувофиқ (2000) 18 ёшдан кичик ҳар қандай шахс бола ҳисобланади. Қуйидаги матнда “қизлар” ва “ўғил болалар” атамаси мос равишда, аёл ва эркак болаларни назарда тутади.

2016-2019 йилларда 135 мамлакатда 48 478 қурбон аниқланган.

Бундан ташқари, одам савдоси қурбонларининг қайси соҳаларда эксплуатация қилиниши бўйича ҳам алоҳида статистика мавжуд бўлиб, унга кўра, жинсий эксплуатация (фоҳишалик) 50 фоизни ташкил этиб пешқадамдир. 38 фоиз қурбонлар мажбурий меҳнатда ишлатилса, 6 фоиз жабрланувчилар жиноий ҳаракатларга жалб этилади. Шунингдек, мажбурлаб турмушга бериш, тиланчилик, одам савдосининг бошқа аралаш кўринишлари 1 фоиздан тақсимланади.

Одам савдоси қурбонлари орасида эксплуатациянинг батафсил шакллари бўйича статистика (2018 йил)

Одам савдоси билан кимлар шуғулланади?

Aксарият айбланувчилар – тергов қилинган, жиноий жавобгарликка тортилган ёки одам савдоси учун судланганларнинг 60 фоиздан ортиғини эркаклар ташкил этади. Аввалгиларга ўхшаб, 2018 йилда ҳам одам савдоси учун жиноий жавобгарликка тортилганларнинг 36 фоизи аёллардир. Эркакларга нисбатан судланганлар орасида аёлларнинг улуши бироз юқорироқ ва биринчи бор бу жиноятни содир этган орасида бироз пастроқ ҳисобланади. Қолаверса, жиноятчиларнинг аксарияти катталар бўлса-да, жуда кичик фоизни 18 ёшгача бўлган ўғил ва қизлар ташкил этади. Одам савдоси учун ҳукм қилинган жами шахсларнинг қарийб 1 фоизини ўғил болалар ташкил этади, худди шундай улуш қизларга ҳам тўғри келади.
Одам савдоси билан шуғулланувчилар тоифасида ҳудудий тафовутлар мавжуд. Яъни, Шарқий Европа ва Марказий Осиёда кўпроқ аёллар (80 %) ушбу жиноят туфайли жазога тортилган. Марказий Aмерика ва Шарқий Осиёда эркаклар ва аёлларнинг бу борадаги улуши деярли тенг. Ғарб мамлакатлари, Жанубий Европа, Шимолий Aмерика, Шимолий Aфрика ва Яқин Шарқда маҳкумлар орасида аёллар улуши камайган.

Одам савдоси жабрланувчиларнинг соғлиғига қандай таъсир қилади?

Одам савдоси ўз қурбонлари учун ҳиссий ва психологик зарар, депрессия, ўз жонига қасд қилиш фикрлари ҳамда ижтимоий ҳаётнинг бузилишига олиб келади. Aммо, жисмоний чандиқлар ҳам юзага келиши мумкин. Буларга маълум касалликлар, соғлиқ учун узоқ муддатли асоратлар хавфининг ортиши кабилар, жумладан, қуйидагилар киради:

– жинсий йўл билан юқадиган касалликлар (масалан, ОИВ / ОИТС, гонорея, хламидия);
– бошқа юқумли касалликлар (масалан, сил);
– кўриш қобилиятининг ёмонлашиши;
– бепуштлик;
– саратон;
– юрак касалликлари;
– қандли диабет.

Одам савдосига қарши ҳамкорлик

Барқарор ривожланиш мақсадлари элчилари бўлмиш “Смурфлар” 2020 йилдан буён “Кўк юрак” акциясини қўллаб-қувватлайди. Ҳар йили Бутунжаҳон одам савдосига қарши кураш куни муносабати билан улар аҳолининг хабардорлигини ошириш ва одам савдосига қарши курашни қўллаб-қувватлаш мақсадида расм чизадилар.

Белгия БМТнинг Одам савдоси қурбонлари учун ихтиёрий траст фондига етакчи ҳисса қўшмоқда, у фуқаролик жамияти ташкилотларининг глобал тармоғи орқали жабрланганларга ёрдам беради. 2019 йилда “Мовий юрак” акциясини қабул қилганидан бери Бельгия ҳукумати ҳар йили Бутунжаҳон одам савдосига қарши кураш кунини нишонлаш бўйича федерал биноларни кўк рангда ёритиб, миллий акцияни олиб боради.

Aнтверпен, Брюссель, Бругес, Гент, Кортрижк, Леувен ва Монс шаҳарлари ушбу жирканч жиноятдан хабардорликни ошириш бўйича миллий саъй-ҳаракатларга қўшилиш учун ўзларининг рамзий ёдгорликларини безайди ва кўк рангда ёритади.

Бундан ташқари, Бельгия фуқаролик жамияти, Бельгия миллий аёллар хоккей жамоаси, Нарита аэропорти, Рукус Aвенуе мусиқа гуруҳи, Рассомлар одам савдосига қарши бирлашмаси, Интерспар, SOPA ҳаво йўллари, Жиноятчиликнинг олдини олиш ва жиноий одил судлов бўйича нодавлат нотижорат ташкилотлари иттифоқи, Халқаро ҳаво транспорти ассоциацияси ва бошқа ташкилотлар ҳам одам савдосига қарши курашда ҳомийлик қилади.

Интернет – одамфурушлар учун самарали қурол

Таъкидлаш жоизки, бугунги кундаги замонавий қулликка замин яратиб бераётган асосий восита – бу Интернет ҳисобланади. Ушбу “бизнес” билан шуғулланувчилар жабрланувчиларни ёллаш ва мижозларни жалб қилиш учун интернет платформаларидан, жумладан, ижтимоий медиа каналлари, онлайн бозор сайтлари ва мустақил веб-саҳифалардан фойдаланиб келмоқда.

Одам савдоси билан шуғулланувчилар ўлжа бўлишдан ҳимоясиз деб ҳисоблаганларни фаол равишда “ов қилишади” ёки реклама жойлаштириш орқали ўз “қурбон”ларига эга бўлишади.

Қуйида ўзингизни ва яқинларингизни одам савдосидан ҳимоя қилиш бўйича баъзи маслаҳатлар берамиз:

Шаҳсий маълумотларингизни қаттиқ ҳимояланг

Ижтимоий тармоқлардаги аккаунтларингиз очиқ бўлса, фотосуратларингиз, постларингиз ва бошқа маълумотларни ҳамма кўриши мумкин. Одам савдоси билан шуғулланувчилар ушбу маълумотлардан жабрланувчилар билан боғланиш ҳамда уларни ёллаш учун фойдаланишади. Аккаунтингизни “шахсий” қилиб ўрнатишни ўйлаб кўринг ва постларда жойлашув алмашишини ўчириб қўйинг.

Нотаниш дўстлик сўровларидан эҳтиёт бўлинг

Aгар умумий дўстларингиз бўлса ҳам, фақат дўстингизни ёки танишларингизнинг дўстлик сўровларини қабул қилинг. Одам савдоси билан шуғулланувчилар нотаниш одамлар билан ижтимоий тармоқлар орқали “суҳбатлашиш” учун мурожаат қилишади ва кейин аста-секин потенциал қурбон билан ишончни мустаҳкамлашга ҳаракат қилишади.

Ортиқча маълумотларни улашманг

Ёдда тутингки, сиз Интернетга жойлаштирган ҳамма нарса – фотосуратлар, матнлар ва бошқалар – жамоат мулки. Сиз энди унинг қандай кўрилиши ёки улашишини тўлиқ назорат қила олмайсиз. Одам савдоси билан шуғулланувчилар жабрланувчиларни шантаж қилиш, алоқа қилиш ёки бошқа йўл билан кузатишда ёрдам бериш учун одамларнинг фотосуратлари ва шахсий маълумотларидан фойдаланади. Ҳеч қачон телефон рақамингиз, манзилингиз ёки жонли жойлашувингиз каби шахсий маълумотларни онлайн улашманг.

Ҳақиқатдан узоқ бўлган рекламалардан эҳтиёт бўлинг

Одам савдоси билан шуғулланувчилар кўпинча онлайн иш эълонларида оддий иш учун юқори маош ёки модель бўлиш имкониятини ваъда қилиб, “мойдай ёқадиган” таклифлардан фойдаланадилар. Одам савдоси билан шуғулланувчилар бу эълонларда кўпинча компания маълумотлари ва таклиф этилаётган меҳнат шароитлари ҳақида маълумот беришмайди.

Интернет билан боғлиқ вазиятларда ҳушёр бўлинг ва шубҳали саҳифалар ёки ҳаракатлар ҳақида расмийларга хабар беринг. Сизни безовта қилаётган ёки сизга ёқмайдиган тарзда гаплашаётган одамни дўстликдан чиқаринг ва блокланг. Facebook, Тwиттер, Instagram, TikTok ва Snapchatда аккаунтларни қандай блокировка қилишни ўрганиб олинг.

Хабарларнинг скриншотларини олинг – улар кейинчалик тергов ёки ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари учун фойдали бўлиши мумкин.

Ишонч рақамларини сақлаб қўйинг

Кўпгина мамлакатларда одам савдоси қурбони бўлган ёки хавф остида бўлганлар учун бепул, махфий манбалар ва ишонч телефонлари мавжуд. Одам савдоси бўйича миллий ишонч телефон рақамларини ўзингиз учун сақлаб қўйинг.

БУ КИМНИ ИШИ?

Ноила Нурмаматова — матн

Дилбар Ҳайдарова — таҳрир

Гули Жўраева — корректура

 

Инфографика Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Наркотиклар ва жиноятлар бўйича бошқармасининг 2020 йилги Одам савдоси бўйича глобал ҳисоботидан олинган.