Суяги бизга: оилада болаларга нисбатан зўравонлик
Зўравонликниг энг кенг тарқалган ва мураккаб кўриниши – бу болаларга нисбатан зўравонликдир. Бундaй зўравонлик ҳар жойда: мактабда, оилада, тенгдошлар орасида содир бўлиши мумкин. Аммо, энг кенг тарқалган кўриниши – бу оиладаги зўравонлик. У боланинг яқин қариндошлари томонидан амалга оширилади. 2018-йилда АҚШда болаларга нисбатан зўравонликларнинг 76 фоизи жабрдийдаларнинг ота-оналари томонидан содир этилган. Яна бир манбага таянадиган бўлсак, АҚШда ҳар куни ўртача 5 нафар бола зўравонлик ва қаровсизлик оқибатида вафот этади. Халқаро Меҳнат Ташкилотининг ҳисоботида эса ҳар йили 1,2 миллион нафар вояга етмаган бола одам савдоси қурбони бўлиши таъкидланган.
Мақолада руҳшунос Жавоҳир Эргашев оилада болаларга нисбатан зўравонлиикни таҳлил этади.
Зўравонликнинг турлари
ЖССТ болаларга нисбатан зўравонликнинг 4 турини алоҳида ажратади: жисмоний зўравонлик, жинсий зўравонлик, ҳиссий (психологик) зўравонлик, бепарволик.
Жисмоний зўравонлик – бутун дунёда кузатиладиган ва бир хилда қабул қилинадиган зўравонлик туридир. АҚШ ва Буюк Британияда ўтказилган тадқиқотга кўра, болаларнинг 90 фоизи жисмонан жазоланган. Маданиятдаги фарқларга қарамай, жисмоний жазолаш бутун дунёда тарбиялаш ва тўғри йўлга солишнинг биринчи воситаси саналади. Жисмоний жазо ҳар қандай ҳолатда ҳам бола ҳуқуқларининг бузилиши ҳисобланади, мутахассислар ушбу масалада эҳтиёткор бўлишни тавсия этадилар. Чунки айни пайтда қўлланилган, арзимасдек кўринган жазо келажакда бирмунча хавфли ва шафқатсиз шакллардаги тазйиқлар учун замин яратиши мумкин.
Руҳий ва ҳиссий зўравонлик – боланинг қадр-қимматини камситиш, уни қўрқувга солиш, шахсиятини таҳқирлаш каби оғзаки хатти-ҳаракатларда намоён бўлади. Айрим ҳолларда руҳий тазйиқ жисмоний зўравонликдан кўра оғирроқ оқибатларга олиб келиши мумкин.
Жинсий зўравонлик – балоғатга етмаган болалар билан шаҳвоний тарзда жинсий яқинлик қилиш билан характерланади. Бундай суиистеъмолликлар ҳақида очиқ маълумотлар кам бўлса-да, ЖССТнинг тахминларига кўра, бутун дунёда қизларининг 20 фоизи, ўғил болаларнинг 5-10 фоизи жинсий зўравонликка дуч келади. 2000-йилги ҳисоботга кўра, АҚШда содир этилган жинсий зўравонлик қурбонларининг 67 фоизини вояга етмаганлар, 34 фоизга яқинини эса 12 ёшга тўлмаган шахслар ташкил этган. Ушбу статистикадаги тазйиқларнинг 34 фоизи оила аъзолари, 59 фоизи эса жабрланганлар таниган шахслар томонидан содир этилган.
Қаровсиз қолдириш – боланинг соғлиғига беэътибор бўлиш, унинг ҳиссий ва моддий эҳтиёжларини қондирмаслик, ақлий ҳамда жисмоний ривожланишига бефарқ бўлиш ва етарли даражада назорат қилмасликдир. Унинг қолган турдаги зўравонликлардан фарқи шундаки, қаровсиз қолдириш ҳаракатсизлик орқали амалга оширилади. ЖССТнинг ҳисоб-китобларига кўра, ҳар йили 5 ёшга тўлмаган 400 минг нафар бола турли суюқликлар ичига тушиб кетиб, куйиш ва заҳарланишдан ёки йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилмаслик оқибатида автоҳалокатда вафот этади.
Болаларга нисбатан зўравонликнинг ягона бир сабабини кўрсатиш қийин. Аммо, бир қанча олимлар бунинг илдизини жамият онгида ўрнашиб қолган нотўғри қарашлар, қадриятларга боғлайди. Катталар ва болаларнинг ҳуқуқларидаги нотенглик, ота-онанинг болага кўзлаган бирор мақсадлар, орзу-умидларга эришиш йўлидаги бир восита сифатида қараш – энг кўп тарқалган янглиш ва хато фикрлардир. Айнан шу сабабдан катта ёшдагилар болаларга нисбатан хоҳ жисмоний, хоҳ руҳий бўлсин, аксарият ҳолларда муносабатларида ғайритабиийликни кўрмайди, ўз хатти-ҳаракатларини ижтимоий нормаларга мос келишига ишонади.
Болаларга нисбатан зўравонлик содир этилишига олиб келадиган омиллар ҳақида тўхталганда, биринчи навбатда, албатта, ҳар қандай ғайриижтимоий ҳаракатлар учун омил бўлиб хизмат қиладиган гиёҳвандлик ва алкоголизмни, турли руҳий ҳамда неврологик касалликларни келтириш мумкин. Аммо, булар барча биладиган ва англайдиган сабаблардир. Биз эса қуйида бир мунча мураккаброқ ва баҳсли сабаблар ҳақида сўз юритамиз.
Мақсад воситани оқлайди(ми?)
Ота-оналарнинг фарзандларига нисбатан содир этган жисмоний зўравонлигини кўплар болани жазолаш ёки тарбиялаш йўлидаги ҳаракатлар деб изоҳлайди. Бир тадқиқот давомида ўтказилган суҳбатларда АҚШда жисмоний зўравонлик содир этган ота-оналарнинг учдан икки қисми ўз қилмишларини фарзандни жазо орқали тўғри йўлга бошлаш мақсадида амалга оширганликларини таъкидлайди. Канадада эса зўравонликни жазо ва тарбия доирасида деб ҳисобловчилар тўртдан уч қисмни ташкил этган. Greshof томонидан ўтказилган мета-таҳлил натижиларида шу нарса аён бўлдики, 87 фоиз ҳолларда жисмоний жазо боланинг ижобий хулқ-атворида эмас, балки, ахлоқнинг салбий томонларида кўпроқ роль ўйнаган. Бошқа бир тадқиқотда ҳам шунга ўхшаш ҳолат кузатилган – ўғил болалар қанчалик кўп жисмоний жазога тортилган бўлса, кейинчалик уларнинг ахлоқий жиҳатдан тўғри йўл тутиш эҳтимоли шунчалик пасайган.
“Золушка эффекти”
Ўгай онаси томонидан таҳқирланган қиз ҳақидаги эртакнинг номи билан аталадиган ушбу назарияда болаларга нисбатан зўравонликда ўгай ота/ ўгай она омилига алоҳида эътибор қаратилади. Деярли барча ҳолларда ота-оналар ўгай фарзандларидан кўра биологик фарзандларига кўпроқ ижобий муносабатда бўлишади. Ўгай фарзанднинг таълими, соғлиғига камроқ эътибор беришади. Бу ҳолатда болага нисбатан зўравонлик, аввало, уни қаровсиз қолдириш орқали амалга оширилади. Бундан ташқари, Дейли ва Уилсон ўтказган изланишларга кўра, АҚШ, Канада ва Буюк Британияда ҳақиқатдан ҳам оталар томонидан ўгай фарзандларга нисбатан оғир жисмоний тажовуз, ўласи қилиб калтаклаш хавфи юқори.
Қашшоқлик
Кўплаб Африка давлатларида болаларни меҳнатга мажбурлаш, жинсий эксплуатация қилиш, эрта ва мажбурий никоҳ каби зўравонликлар қашшоқликдан қутилиш чораси сифатида амалга оширилади. 1990-йилги маълумотларга кўра, Жанубий Африкада 18 ёшга тўлмаган 28-30 минг нафар қиз фоҳишалик қилишга мажбурланган. Болалар фоҳишабозлигида фақатгина қизлардан эмас, балки, ўғил болалардан фойдаланиш ҳам тез-тез учраб турадиган ҳолатдир. Мисол учун Америка қитъасидаги айрим шаҳарларда фоҳишаларнинг деярли ярмини ўғил болалар ташкил этади. Шри Ланкада эса жинсий эксплуатация қилишда қизлардан кўра ўғил болалардан кўпроқ фойдаланилади. Бунга сабаб эркак ва аёлга нисбатан жамиятда шаклланган қарашлардир. Қизлар, одатда, оила ҳимоясида бўлади, ўғил бола зиммасига эса оила даромадига ўз ҳиссасини қўшиш лозимлиги уқтирилади. Аммо, болалар фоҳишабозлиги ҳақида гап кетганда истиснолар ҳам мавжуд. Айрим бой мамлакатларда ҳам болалар фоҳишабозлиги авж олган, масалан, АҚШда 1990-йиллардаги тадқиқотларда 300 минг нафар вояга етмаган фоҳишалар борлиги аниқланган. Бунда ҳам асосий сабаб оиладаги зўравонликдир. Фарзандларнинг қаровсиз қолиши, таҳқирланиш, ота-оналар сабаб келиб чиқадиган руҳий изтироблар болаларнинг уйни тарк этишига ва фоҳишалик билан шуғулланишига замин яратади. Эрта мажбурий никоҳ ҳам оғир иқтисодий ҳолатларда қўшимча ва ортиқча харажатлардан қутулиш воситаси ҳисобланади. Ушбу чоралар қашшоқликдан чиқишда ечим сифатида кўрилса-да, ўз навбатида жамиятда ушбу қашшоқликнинг авлоддан авлодга ўтишини таъминловчи омил бўлиб хизмат қилади. Болаликданоқ билим олиш, касб ўрганиш ўрнига меҳнатга мажбурланган, фоҳишага айлантирилган, эрта турмуш қурган қизлар келажакда муносиб касбни эгаллашлари амримаҳолдир.
Зарарли анъаналар
Қадим даврларда шаклланиб то бугунга қадар сақланиб қолган миллий ва диний анъана ва удумлар ҳали ҳам амалда бўлган давлатларда инсонпарварлик нуқтаи назаридан олиб қараганда, болаларга нисбатан анчайин шафқатсиз одатлар тез-тез кўзга ташланади. Зарарли удум, урф-одатлар ортидан юз берадиган зўравонликларга мисол қилиб қуйидагиларни келтириш мумкин:
– қизларни ўғил болаларга қараганда паст табақага тушириш ва таҳқирлаш;
– ёш болани мажбурий эрга бериш ёки уйлантириш;
– ёш болаларни зўрлаб, уларнинг танасига татуировка ёки тамға тушириш;
– маросимларда қурбонлик учун ёш болаларни ўлдириш (ҳозирда жуда кам учрайди, фақат айрим қабилаларга хос);
– оила шаънига иснод келтиргани учун қизларни ўлдириш.
Айнан қизларнинг хатти-ҳаракатларини иснод сифатида баҳолаб, уларни ўлдириш шу ўринда энг оғриқли масалалардан биридир. Бундай амалиёт Миср, Бангладеш, Иордания, Покистан, Ливан, Ироқ ва Туркия давлатларида кўпроқ учрайди. ЮНИСЕФ тарқатган маълумотларга кўра, 1997-йилнинг ўзида дунёда 300 нафар хотин-қизлар “номус” сабаб қурбон бўлишган. Бундай ҳолатлар йилдан йилга кўпайиб бормоқда ва расмий ҳужжатларда асосан “ўз жонига қасд қилиш” ёки “бахтсиз ҳодиса” деб қайд этилади.
Нарциссистик ота-она
Нарциссистик ота-оналарнинг зўравонликлари уларнинг фарзандларини ҳиссий ва ахлоқий бошқаришларида, энг майда ҳаракатларини ҳам олдиндан белгилашда, бола ҳуқуқларини ўз манфаатлари йўлида суиистеъмол қилишларида намоён бўлади. Бундай ота-оналарга боланинг ҳаёти давомидаги ҳамма вазифалари ота-онасига хизмат қилиш, уларни кўнглини овлаш билан боғлиқ деб фикрлаш хосдир. Ушбу кўринишдаги оила муносабатларида боланинг ҳиссий, ахлоқий ривожланишига ҳамда фикрлаш қобилиятининг ўсишига салбий таъсир кўрсатади. Бундан ташқари, болаларда ўзига паст назар билан қараш, ўзини қадрсиз ҳис қилиш ҳолатлари кучаяди, келажакда улар ўзга кишилар билан турли муносабатларда муаммоларга дуч келишади. Нарциссист шахсларга хос қатор умумий жиҳатларни санаб ўтиш мумкин: ўзини юқори баҳолаш ва қадрлашга, одамларнинг ҳурматига кучли эҳтиёж ва муваффақиятсизликдан қўрқиш. Нарциссистлар ўз қадр-қимматларини ва обрўларини сақлаб қолиш йўлидаги ҳаракатларида унга “кўмакчи” бўлиб хизмат қилувчи шахсни излайдилар, ота-оналар учун эса ўз фарзандлари энг қулай воситадир. Ота-онага ҳуш келмаган одамлар билан дўстлик ва ишқий муносабатлар натижасида болалар тазйиққа дучор бўлишлари мумкин. Умуман олганда, зўравонликнинг бундай кўриниши қолганларига нисбатан энг кам ўрганилган ва кам тадқиқ қилинган, чунки ота-онанинг оиладаги етакчилик роли деярли барча ҳудудларда тан олинади ва аксариятда бу бошқарувдаги чегара ҳақида аниқ бир тасаввур мавжуд эмас. Қолаверса, бундай зўравонликнинг оқибатлари яққол кўзга ташланмайди.
***
Болаларга нисбатан зўравонлик бутун дунёда оила ва жамият фаровонлигини таъминлашдаги асосий ғовлардан бири бўлиб келмоқда. Фарзандлар оилада ёки ундан ташқарида зўравонликнинг қай бир кўринишига дучор бўлишидан қатъи назар, бу келажакда уларнинг шахсиятида ўз изини қолдириши шубҳасиз.