Нутрия ва ондатра: Тошкент каналларидаги жониворлар
Каналлар шаҳардаги ёввойи табиат вакилларининг энг муҳим яшаш жойларидан бири ҳисобланади. Энг машҳур ва кўзга ташланадиган йиртқичлар – бу нутрия ва ондатра. Каналлар Тошкент ичида кўпайиш маскани, бошпана ва экологик йўлак вазифасини ўтайди ва уларни атрофдаги ҳудудлар билан боғлайди. Зоолог Мария Грицина Тошкентда нутрия ва ондатралар қандай пайдо бўлганлиги, улар нима билан озиқланиши, аҳоли уларга қандай муносабатда бўлиши ва каналларнинг реконструкция қилиниши нима учун уларнинг ҳаётига ёмон таъсир кўрсатаётгани ҳақида гапириб беради.
Нутрия ва ондатра қандай қилиб Тошкентга келиб қолишган
Жониворларнинг асли ватани Жанубий ва Шимолий Америкадир. 1950-йилларда улар Сирдарё ва Тошкент вилоятлари сув ҳавзаларига мўйна учун насл бериш мақсадида Арманистон ва Озарбайжондан олиб келинган. Дастлаб фермер хўжаликларида қафасда етиштириш ва кейинчалик ярим эркин сақлаш учун келтирилган. Тошкент вилоятида 1956 йилда иккита мўйначилик хўжалиги ташкил этилиб, ондатра етиштириш йўлга қўйилган. Шунингдек, кемирувчилар Бухоро, Самарқанд ва Хоразм вилоятлари, Қорақалпоғистондаги фермер хўжаликларида саноат миқёсида кўпайтирилган. Иккала тур ҳам Ўзбекистон шароитига яхши мослашган ва аста-секин бутун республика бўйлаб кенг тарқалган.
Қайси бири нутрия, қайсиси – ондатра?
Бу кемирувчилар кўпинча адаштирилади – бунинг ажабланарли ери йўқ, чунки улар ўхшаш хусусиятларга эга ва бир хил шароитда яшайдилар. Қандай қилиб нутрияни ондатрадан осон ажратиш мумкин?
Асосий фарқ – ўлчами ва бошқа кемирувчиларнинг кўпроқ таниқли турлари билан ўхшашлиги. Нутрия қундузга, ондатра эса кулранг каламушга ўхшайди.
Ондатра. Фото: Тимур Абдураупов
Нутрия. Фото: Мария Грицина
Нутрия ондатрадан сезиларли даражада каттароқ – думини ҳисобламаганда танасининг узунлиги 50-60 см га етади, вазни эса, айниқса яхши овқатланган эркакларда, 12 килограмгача етади. Ондатранинг ҳажми анча кичикроқ – думини ҳисобламаганда энг кўпи билан 36 сантиметрга етади, оғирлиги эса 0,7 дан 1,8 килограммгача. Агар оғзини кўришга муваффақ бўлсангиз, олдинга чиқадиган тўқ сариқ тишлар нутрияда яхши ажралиб туради, ондатранинг лаблари қаттиқроқ “сиқилган” ва олд тишларига ёпишиб туради.
Нутрия. Фото: Мария Грицина
Иккала тур ҳам ярим сувли ҳаёт тарзига жуда мослашган, улар ҳаттоки суперқаҳрамонлар ҳасад қиладиган бир қатор хусусиятларга эга.
Нутрия – тозаликни севувчи думли жонивор
Улар руль сифатида фойдаланадиган узун туксиз думлари ва тўрли оёқлари туфайли эпчил ва тез сузадилар. Қуруқликда эса думлари ишончли таянч бўлиб хизмат қилади. Мўйнаси сув ўтказмайди ва танани совуқдан ҳимоя қилади.
Нутрия. Фото: Мария Грицина
Нутриянинг қулоқ чаноғи қуюқ тук билан қопланган бўлиб, улар шўнғиш пайтида ҳавони ушлаб туришга ёрдам беради ва қулоқ каналига сув киришига йўл қўймайди. Ёпувчи мушаклар сабабли бурун тешиклари маҳкам ёпилиши мумкин. Ушбу адаптациялар нутрияларнинг ўн дақиқагача сув устига чиқмасдан сузишига ёрдам беради. Икки томонлама жойлашган юқори лаб тишлари орқасида ёпилади – бундай айёрона анатомик тузилиш сув остида овқатланиш пайтида ортиқча сувнинг оғиз бўшлиғига киришига тўсқинлик қилади. Кесувчи тишлар эскирган ёки синган тақдирда, доим қайта ўсиб чиқади. Кўзлари пешона билан бир сатҳда бўлиб, бу сузувчи жонзотнинг яхши кўришини таъминлайди.
Лекин, кемирувчиларнинг кўриш ва ҳид билиш қобилияти оқсайди ва яхши ривожланмаган, бироқ, нутрия ўзининг яхши эшитиш қобилияти билан бу камчиликларнинг ўрнини қоплайди.
Коипу (ватанида нутрияни шундай аташади) ўт-ўланлар билан қопланган дўнгликларда, қуюқ қамишзор ва лухзорларда уя қуриб, болалайди. Тик қирғоқларда ўралар қазийди.
Тошкент шароитида нутриялар бошпана сифатида каналларнинг бетон томонлари остидаги бўшлиқлардан фойдаланади, кириш жойи, одатда, сув сатҳида жойлашган бўлиб, аста-секин кенгайиб, камера билан тугайди.
Жинсий етуклик тахминан беш ойликда содир бўлади. Бир йил ичида битта урғочи, қулай шароитларда, уч мартагача туғиши мумкин. Нутрия болаларининг сони ўзгарувчан – биттадан ўнтагача. Нутриянинг боласи туғилибоқ кўра олади ва туклар билан қопланган бўлади. Улар ҳатто сувда ҳам овқатланишлари мумкин, чунки урғочи нутриянинг сут безлари юқори ён томонларда жойлашган.
Нутрия сув ва қирғоқ ўсимликлари билан озиқланади. Ҳайвонлардан иборат озуқа жуда камдан-кам ҳолларда, кўпроқ очлик даврида пайдо бўлади.
Тошкент каналларидаги озиқ-овқат чиқиндилари – сабзавот, мева, нон кабилар қўшимча озуқа вазифасини ўтайди. Кўпинча одамлар ҳайвонларга атайин егуликлар беришади, жониворлар эса бунга тезда кўникишади ва егулик бериладиган вақтда чиқиб олишади. Ҳайвонлар қўрқмаса, улар егуликларни тўғридан-тўғри қўллардан олиб, ўзларини уй ҳайвонлари каби тутишади.
Нутриялар чучук ёки кам шўрланган сувда яшашни афзал кўради. Аммо, турли хил вазиятлар бўлиши мумкин. Чарльз Дарвин ўзининг “Табиатшуноснинг дунё бўйлаб саёҳати” китобида Чонос архипелагидаги оролларни тасвирлаб, шўр сувларда нутриянинг яшашига ишора қилади. Бундай сув омборларида бўлган ҳайвонлар ширали ўсимликларни истеъмол қилиш орқали чанқоғини қондиришади. Нутриянинг бу хусусияти узоқ вақт давомида сув манбаларидан ташқарида қолишга ва, агар керак бўлса, катта масофаларни босиб ўтишга имкон беради.
Бундан ташқари, нутриялар нафақат жуда ёқимли, балки тоза ҳайвонлардир. Нутриялар чўмилганидан кейин ёки овқатланишдан олдин қандай қилиб орқа оёқларида ўтириб, олдинги панжалари ва тишлари билан мўйнасини тарашни бошлашларини кузатиш мумкин.
Ондатралар – ғамхўр ота-оналар
Ондатра ярим сувда яшовчи турмуш тарзига мослашган «гаджетлар»даги нутриядан кам эмас, қулоқчалар, кўзлар, думлар, панжалар ва жуннинг ўхшаш тузилишига эга. Ондатранинг қони юқори гемоглобинга эга эканлиги билан ажралиб туради, бу эса кўпинча совуқ сувда қолишга ёрдам беради. Ондатранинг ўзи оёқ-қўлларидаги қон оқимини бошқаришга қодир – кўпинча уларнинг панжалари тананинг қолган қисмидаги ҳароратдан анча совуқроқ. Ондатра ажойиб сузувчи, жонзот нафасини 12-17 дақиқа ушлаб туриши ва соатига беш километр тезликда сузиши мумкин.
Нутриялар сингари, ондатранинг ҳам кўриш ва ҳид билиш қобилияти ёмон ривожланган, шунинг учун улар асосан эшитишга таянади.
Табиий шароитда, баланд қирғоқлар мавжуд бўлганда, ондатра мураккаб ўраларни қазийди. Пастки қирғоқларда у ўсимликлардан бир метр баландликдаги кулбалар қуриши мумкин. Тошкент шароитида ҳудди нутрия каби каналларнинг бетон томонлари остидаги бўшлиқлар ва иложи бўлса, қумли қирғоқлардан фойдаланади.
Ондатралар моногам ҳаёт кечиради. Эркаги наслга ғамхўрлик қилишда фақат дастлабки даврда иштирок этади – у она ондатра наслни ташлаб кетмаслиги ва йиртқичларнинг чангалига тушмаслиги учун унга овқат олиб келади. Бирваракайига тўртадан еттитагача ондатра туғилиши мумкин. Янги туғилган ондатралар кўр ва яланғоч туғилади, уларнинг кўзлари тахминан 15 кундан кейин очилади, бу уларга биринчи саёҳатга чиқиш имконини беради. Туғилганидан кейин бир ой ичида кичик ондатралар бутунлай мустақил бўлишлари керак, лекин онаси баъзида уч ойдан тўрт ойгача бошпанада қолишга имкон беради.
Ондатралар, асосан, қирғоқ ва сув ўсимликлари – лух, қамиш, қоратерак пўстлоғи, от куйруғи ва бошқалар билан озиқланади. Ўсимлик озуқаси етишмаганда эса ҳайвонлар – қурбақалар, моллюсклар, қисқичбақалар, майда балиқлар, ҳашаротлар билан ҳам озиқланади.
Нима учун шаҳарда нутрия ва ондатралар камайиб бормоқда?
Тошкентда иккала тур ҳам кўпая олади, аммо каналларни қайта қуриш натижасида яшаш жойлари қисқармоқда. Одамлар учун ободонлаштириш саналган ҳолат, ҳайвонлар учун – яшаш жойларини йўқотишдир. Жаҳон амалиётида шаҳар шароитида ҳам, ундан ташқарида ҳам одамлар ва ёввойи табиатнинг уйғун яшаши учун шароит яратиш бўйича кўплаб ёндашувлар мавжуд. Тошкентда ҳам бу каби амалиётларни ҳаётга татбиқ этиш тобора долзарблик касб қилмоқда.
Мақоланинг асли бу ерда (рус тилида).