Абдулла Авлоний ўз авлодлари хотираларида
Июль ойида таҳририятимиз жадид, педагог, адиб ва театр арбоби Абдулла Авлонийнинг авлодлари билан учрашиб, Авлонийнинг шахси, ҳаёти ва фаолияти тўғрисида суҳбат уюштирди. Бугун эътиборингизга ўша суҳбат натижасида ёзилган мақолани тақдим этамиз.
Хуршид Авлянов
Авлонийнинг невараси. Унинг отаси Кенжа – Авлонийнинг ўғли.
Камола Авлянова
Авлонийнинг чевараси, Хуршид Авляновнинг қизи.
Гавҳар Зокирова
Авлонийнинг чевараси. Унинг онаси Туягун – Авлонийнинг қизи Соранинг қизи.
Театр ва кино актрисаси, Ўзбекистон ҳалқ артисти, Ўзбек миллий академик драма театри актрисаси.
Жамшид Авлоний
Авлонийнинг невараси, Кенжанинг ўғли. Химик муҳандис, полимерлар кимёси бўйича фалсафа доктори. Пенсильвания университети ходими ва АҚШдаги бир неча корхоналар директори бўлган. 2018 йилда Ўзбекистон Инновацион ривожланиш вазирлиги Юксак технологиялар маркази чет эл эксперти лавозимида ишлаган.
Авлонийни хотирлаб
Авлонийлар оиласи Тошкентдаги Мерганча маҳалласида истиқомат қилган. Абдулла Авлонийнинг отаси Миравлон бобо тўқувчилик билан шуғулланган. Бобоси Мирнеъматбойнинг ҳозир Mirobod Avenue турур жой мажмуаси жойлашган ерда боғ ҳовлиси бўлган, ўша ерда Абдулла Авлоний печкачилик, дурадгорлик ва бошқа кўплаб ҳунарларни ўрганган. Кейинчалик мактабда дарс берган пайтларида ўз қўллари билан парта, доскалар ясаган. Абдулла Авлоний 22 ёшида Саломат исмли қизга уйланган, ўша йили отаси Миравлон бобо вафот этган.
Авлонийнинг яна бир эътироф этиладиган жиҳати спортга, айниқса, болаларнинг жисмоний ҳолатига катта эътибор беришида эди. Болалари ҳовлида енгил жисмоний машқлар билан шуғулланиши учун шароит яратиб берган. У болалар ҳам ақлий, ҳам жисмоний соғлом бўлиши керак, деб ҳисобларди. Ҳар баҳорда ўғиллари билан варрак ясаб, улар билан бирга учирар эди. Меҳрибон турмуш ўртоғи, ғамхўр ота бўлгани ҳақида аёли Саломат буви мамнун ҳолда кўп эслаб ўтган экан.
Мактабдаги ислоҳотлар
Абдулла Авлонийнинг асосий фаолияти бевосита педагогика билан боғлиқ эди. У жадид мактабларида жуда кўп ва муҳим янгиликларни жорий қилган. Уларнинг айримларини бугун ҳам таълим тизимимизда учратишимиз мумкин. Авлоний жорий қилган ислоҳотларнинг энг муҳимларидан бири — бу имтиҳонлар тизими жорий қилинганидир. Имтиҳонлардаги аҳамиятли жиҳат шундаки, ота-оналар болалари билан бир ерда чақирилган, болалар бирма-бир савол-жавоб қилинган. Болалар ота-оналари олдида равон, дадил жавоб беришга ўргатилган. Авлонийнинг “оддийликдан мураккабликка” деган принциплари мактабларда асосий тамойил сифатида киритилган. 1917 йил 4 мартда бу ҳақидаги китоби ҳам нашр этилган. “Биринчи муаллим”, “Иккинчи муаллим” каби дидактик китоблари қайта-қайта нашр этилиб, улардан мактабларда фойдаланилган.
Абдулла Авлоний танаффус ва уйга вазифа беришни жорий этган. У олти ойда болаларнинг саводини чиқаргани ҳақида маълумотлар мавжуд. Буюк ижодкор Ойбек Авлонийнинг ўқувчиси бўлган,Тоҳир Малик эса отаси Авлонийнинг қўлида савод чиқарганини суҳбатлардан бирида айтиб ўтган.
Педогоглик фаолияти туфайли Авлоний кўп заҳмат чеккан. Сабаби, ҳам ҳукумат, ҳам маҳаллий диндорларнинг қаршилигига дош бериш жуда қийин бўлган даврда айнан замонавий таълим тизимини изчил жорий этиш билан шуғулланган.
1904-йилда Миробод маҳалласида биринчи мактабни очган вақтларида “Авлоний кофир бўлди” дея маҳалла одамлари мактабни мажбуран ёптирган. Бу ҳақда таржимаи ҳолларида ҳам ёзган. Кейин Дегрезлар маҳалласида очилган мактабни ҳам худди шу тарзда ёпишган. Бироқ, Абдулла Авлонийнинг энг ибратли фазилатлари — яхши, хайрли ишлардан уларни ҳеч нарса тўхта оламаслиги бўлган.
Журналистик фаолиятида ҳам шундай воқеалар бўлган. Газета очган ва яна турли босимлар таъсирида ёпишга мажбур бўлган. Сўнг Бектемиров деган одам номига яна газета очишади. Қолаверса, ўз уйида босмахона ташкил қилади. Ҳарф терувчи олиб келиб газета чиқара бошлайди.
1917-йилда “Шуҳрат” газетасида жуда катта жанжал бўлади. Газетада Мирмуҳсин Бухородаги эски мактабларни танқид қилиб “Тарихий икки воқеа” деб номланган катта мақола ёзади. Шундан сўнг муаллифни қидиришади, Мирмуҳсин қочиб кетади, аммо тез орада уни ушлаб, қамашади. Авлонийга эса газетани ёпмаса, унга жаноза ўқимаслик, тошбўрон қилиш билан таҳдид қилишади. Мана шундай таҳдидлвр исканчасида ҳам ишлашга куч топган.
Театр билан “касалланиш”
Авлонийнинг театрга муҳаббати 1909-йилда генерал Еникеевнинг уйига озарбайжон театри келиши билан бошланган. Ўша учрашувга Авлоний ҳам таклиф қилинган ва у спектаклни кўргач, театр билан яхши маънода “касалланиб” қолган. Ўша пайтларда юртимизга рус, озарбайжон, татар театр труппалари гастроль сафарлари билан жуда кўп келарди. Рус актрисалари Комиссаржевская ва Ермолова ҳам юртимизга келиб роль ижро этган.
Авлоний 1909-йилда “Жамияти Хайрия”нинг таъсисчиларидан бири бўлди, бу жамият низомида мактабларга ёрдам бериш, кутубхона очиш, болаларни четда ўқитиш каби жуда кўп бандлар қаторида театр ишлари ҳам низомга киритилган эди.
1913-йилда Беҳбудий “Падаркуш” асарини ёзади ва ҳаваскорлар билан пьесани саҳналаштиришади. Аммо, бу пьеса бир марта ижро этилгач, труппа тарқалади. Абдулла Авлоний Беҳбудийнинг пьесасини олади ва 1913-йил охирида 25 кишидан иборат “Турон” номли ҳаваскор актёрлар жамоасини тузади. Улар 1914-йил 27-февраль куни аввалги Колизей биносида (ҳозир меҳнат биржаси) озарбайжон режиссёри Али Асқар бошчилигида пьесани халққа кўрсатишади. У пайтда Авлоний пьеса қўйишни билмас, шу туфайли профессионал режиссёрни таклиф қилишган эди. Абдулла Авлоний спектаклда бош роллардан бири бўлган бойни ижро этган. Биринчи кечанинг ўзидаёқ турли миллат вакилларидан иборат икки мингдан ортиқ одам спектакль кўриш учун келган. Пьеса намойишидан кейин Авлонийнинг “Оила мунозараси” номли шеъри ўқилади:
Ота: Қўй, гапирма, келишмаган гапни,
Ўқитайлик, ўғил билан қизни.
Иккиси ҳам бўлур олима толибдир,
Бўлса олим, дуо қилурдир бизни.
Она: илм учун мунча бўласиз ҳижрон,
Бошқалар ҳам сиз каби инсон.
Нега улар ўқутмайин боласин,
Бу ишизга ман жуда ҳайрон.
Ота: Сен ўзингни бил, ўзгани қўявер,
Фарзандингни яхши кўрсанг, мактабга бер.
Илм, ҳунар, одоб ўргансин,
Сенга ҳам, менга ҳам халқ раҳмат дер.
Шу билан мунозара тугайди. Пьесадан сўнг бу мунозара ҳам ўқилишидан мақсад, одамларга фарзандни ўқитиш керак деган ғояни чуқурроқ уқтириш эди. “Падаркуш” премьерасидан сўнг Али Асқаров Озарбайжондан келган актёрлар билан озар тилида пьеса қўяди.
“Падаркуш” премьераси тўғрисида Оренбург газетаси мақола тайёрлаган, Тавалло эса бу ҳақида шеър ёзган. 1-2 ойдан кейин Авлоний труппа номини “Туркистон” деб ўзгартиради.
1914-йилнинг ёзида “Туркистон” номи билан Фарғона водийси бўйлаб сафарга чиқишади. Сафар чоғида турли спектаклларни намойиш этишади. Шуҳрат Ризаев талқинига кўра, мана шундай сафарлар чоғида бир воқеа бўлган экан. Нотаниш аёл бир тоғора сомса кўтариб келибди. Труппа аъзоларининг барчаси оч, чунки бир неча кунлаб овқатсиз юриши, деярли одатий ҳолга айлаган вақтлар экан. Хуллас ҳамма сомса емоқчи бўлган пайтда Авлоний уларни тўхтатиб қолади ва шу атрофда айланиб юрган кучукка сомсани ташлайди. Кучук сомсани еб бироздан сўнг ўлади. Бизнинг ҳудудларда янгилик бўлган театрга мактаблардан ҳам кучлироқ салбий қарашган. Айрим маҳаллий диндорлар спектаклларга ўта агрессив муносабат билдирган. Шу сабабли ҳам юқоридаги воқеалар содир бўлиб турган. Бироқ ана шундай таҳдидли кунларда ҳам Авлоний ўз мақсадидан қайтмайди. Халқни маърифатли қилишда барча имкониятларидан фойдаланади.
1913-йилда тузилган труппаси билан 1914-йилдан спектакллар саҳналаштира бошлайди ва гастроль сафарларини йўлга қўяди. Кейинчалик бу фаолиятга Ҳамза қўшилган, чунки ўша пайтларда Ҳамза Ҳакимзода Қўқон театрини очган эди. Сўнгра Ҳамза Тошкентга келган ва “Туркистон” труппасига қўшилган. Маннон Уйғур, Етим Бобожонов каби санъат дарғалари совет даврида театр асосчилари деб аталарди. Бироқ, ўзбек театри 1914 йил дунёга келган.
Абдулла Авлоний 1919-йилда Афғонистонга мухтор элчи сифатида юборилади. Мана шундан сўнг театрдан бироз узоқлашишга мажбур бўлади. Бироқ, хизматдан қайтгач, мактабларда домлалик қилган пайтларида талабалар билан ўзининг “Португалия инқилоби” деган пьесасини саҳналаштирган. У профессионал театрдан чиқиб кетган бўлса-да, талабалари билан спектакль саҳналаштиришда давом этган эди.
Ўртада Авлоний, унинг чап томонида ўғли Асатилла. Суратнинг чап томонида Авлонийнинг қизи Сора, унинг қўлида қизи Ҳакима, Авлонийнинг ёнида чап томонда Соранинг яна бир қизи Турғуной. Авлонийнинг ўнг томонида қизи Карима ва ўғли Оталиқ (урушда вафот этган). Суратнинг ўнг томонидан Авлонийнинг аёли Саломат унинг қўлида ўғли Қуддус. Сурат оилавий архивдан олинган.
Эсдаликлар оралаб
Абдулла Авлоний ҳақида Авлонийлар оиласининг кўплаб хотира қайдлари бор. Саломат бувининг қимматли хотира қайдларидан парча келтирамиз:
“Абдулла Авлоний кечаси билан ижод қилардилар, ҳатто, стол устига қўйган овқатим ҳам совиб қоларди. Эрталаб дўстлари келганда эса ёзган нарсаларини барчага завқ билан ўқиб берарди. Ижодга бор вужуди билан шўнғиб кетгувчи инсон эди. Мен уларга “Домла” деб мурожаат қилардим…
Уйимизга жуда кўп меҳмон келар ва, асосан, ижод ҳақида узоқ суҳбатлар кечарди. Жуда кўп шеър билар ва атрофдаги одамларга жуда дилкаш суҳбатдош эдилар. Домла “Минг бир кеча”, “Калила ва Димна” асарларини ёддан биларди ва болаларини, дўстларини ўтқизиб олиб шу асарларни ёддан айтиб беришни хуш кўрарди…
Домла кейинчалик маҳсида ухлайдиган бўлдилар. Мен “Нега бундай ухлаяпсиз?”, — деб сўраганимда, “Кечаси олиб кетишса, кийинишга ҳам имкон беришмайди”, — деган эдилар. Домла ҳар дақиқада олиб кетишларини ҳис қилган, буни юракдан сезган. 1934-йилда оламдан ўтган бўлсалар-да, лекин аянчли қатағон даҳшатлари анча вақтли сезила бошлаган эди…”
Авлонийнинг набираси Карима опанинг эсдаликларида шундай қайдлар бор:
“1918-йилда қишда хонтахта атрофида ўтирибмиз, онам ҳаммамизга бир бурдадан нон беряпти, бир пайт дадам усти боши кир бир бола билан келдилар ва айбдорларча онамга секин қарадилар. Онам оҳиста уф тортиб, уни ювинтирди, нон берди. Дадам эрталаб бу болани етимхонага топширди. Эртасига бу ҳолат яна такрорланади, худди кечагидай яна бир болани уйимизга олиб келдилар…”
Абдулла Авлоний оч-юпун ва кимсасиз болаларни деярли ҳар куни уйга олиб келишини, уларга Саломат буви билан биргаликда меҳрибонлик қилганлигини авлодлари ўз эсдаликлларида ёзиб қолдирган.
Бегали Қосимов Авлоний ижодини ўрганган биринчи олимлардан ва айнан у Авлонийнинг эски ёзувдаги асарларини бугунги ёзувга ўгирган. Шу ўринда Абдулла Авлоний ижодини янада кенг тарғиб қилишга эътибор бериш керак. Сабаби, у ўз асарларида, асосан, ўзбекзабон ўқувчиларга мурожаат қилган, маърифатни ўз она тилида ёйишга саъй қилган.
1934-йилда вафот этган Авлонийнинг асарлари биринчи марта 1966-йилда “Тошкент тонги” номи билан чоп этилган. Яъни, 30 йилдан ортиқ вақт давомида бирор марта нашр қилинмаган. Лекин, шу йиллар мобайнида Саломат буви ва фарзандлари барча асарларини сақлаб келган.
Авлонийлар сулоласи Тошкентдаги катта зиёли оилалардан бири ҳисобланади. Бу оиладан кўплаб фан ва маданият арбоблари етишиб чиққан. Ҳакима опа ҳаётликларида оилавий хотира табдирларини ташкиллаштириб турар эди.
Абдулла Авлоний қабри авлодлари талабига кўра кўчирилган. Аввалига Ҳакима опа бунга рози бўлмаган. Аммо, кейинчалик яна шу масала кўтарилган. Сабаби, авлодларининг фикрича, Боткин қабристонида ажратилган қабр ўрни жуда кичик ва бефайз жой эди. Яна бир сабаби — қабр атрофида НКВД ходимларининг қабри борлиги экан. Шу важдан ўтган йили Авлонийнинг қабри Чиғатойга кўчирилди. Хотира кунларида барча авлодлари қабристонга боришади. Мана шу анъана ҳозирда авлодларни бирлаштириб турибди.