Яна қанақа Хук? Таҳририятдан ўқувчиларга мактуб
Салом!
Биз – Hook.Report, мустақил интернет-нашрмиз. Хук жамоасининг ўзаги 2015 йилда Voice of Tashkent веб-нашрини яратди, сўнгра Citizen.uz, кейин эса бевосита сиз ҳозир ўқиётган Хук пайдо бўлди. Бугун – матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари кунида Хукнинг ўзбек таҳририяти расман иш бошлайди.
Ўзбек тилидаги онлайн оммавий ахборот воситалари аввалдан бор. «Газета» ўзбек таҳририятига эга, «Дарё» ва «Кун» кабилар эса биринчи кунданоқ ишини ўзбек тилида бошлаган. Ҳозир ўзбек тилида ёзувчи интернет нашрлар ўнлаб мавжуд. Шундай экан, яна бир ўзбекча нашр нега керак?
Авваламбор, бу хилма-хиллик масаласи. Ҳозирда мавжуд ўзбек тилидаги нашрларнинг аксарияти контент ва ёндошув жиҳатидан бир-бирига ўхшайди. Уларда доимо трендда бўлиб келадиган умумий мавзулар бор ва шу жиҳатдан, кўп нашрлар бир-бирини такрорлайди, айрим мавзу ва соҳалар эса уларнинг нигоҳидан четда қолади. Бунинг, албатта, ёмон жойи йўқ, аммо ўқувчилар турфа қизиқиш ва дунёқарашларга эга бўлган шахслардир, ва медиасферадаги бир хиллик уларнинг бир қисмини ўзбек тилидаги нашрларга бефарқ қилиб қўяди. Хукнинг биринчи вазифаси – контент ва нуқтаи назар плюрализмини имкон қадар таъминлаш. Биз турли форматлар ва мавзуларда материаллар яратиб борамиз, ва улар орасида албатта сиз аввал кўрмаган-билмаган ҳикоялар топилади.
Кўзлаган яна бир мақсадимиз – жамиятнинг овози эшитилмайдиган гуруҳларига минбар бериш. Хук ҳеч бир материални мафкурани рўкач қилган ҳолда рад этмайди, биз аргументлар билан асосланган, айрим шахс ва гуруҳларга нисбатан адоват ё қўрқув ҳосил қилишга қаратилмаган ҳар қандай нуқтаи назарга тайёрмиз.
Жамоамиз кичик, шунинг учун Хукда янгиликлар ва тезкор хабарлар деярли бўлмайди. Эвазига биз сизга турфа лонгридлар тақдим этиб борамиз. Булар орасида жиддий таҳлилий матнлар ҳам, мароқли ҳикоялар ҳам, тадбирлардан репортажлар ва ўткир мавзуларда фельетонлар ҳам бўлади.
Жамоамиз масъулиятли, шунинг учун биз ҳар бир материални синчковлаб ўргангандан сўнггина чоп этамиз. Хукда чиққан мақолалар сайтдан олиб ташланмайди.
Марҳамат, ўқинг.