Skip to main content
медиа

Ўзбекзабон оммавий ахборот воситалари нима тўғрисида ёзади?

“Чегара билмас мухбирлар” ҳалқаро нодавлат ташкилоти ҳар йили мамлакатларнинг матбуот эркинлиги рейтингини (The Press Freedom Index) эълон қилади. Рейтингнинг жорий 2022-йилги рўйхатидан дунёнинг 180 мамлакати жой олган бўлиб, Ўзбекистон бу рўйхатда 133-ўринни эгаллади. Бу рақамга қараб биз сўнгги йилларда оммавий ахборот воситалари эркинлиги соҳасида ўсиш бўлаётганини ва ҳозирги ҳолатга берилган баҳони кўришимиз мумкин.

Ушбу мақолада ўзбек ОАВ муҳокамасидаги одатий “ютуқ ва камчиликлар” ёндошувидан бироз чекиниб, ундаги ўзига хос ва нисбатан умумий бўлган жиҳатларни таҳлил қилишга ҳаракат қиламиз.

Жаҳон матбуотидаги тенденцияларга мос равишда охирги йилларда Ўзбекистонда ҳам ОАВ соҳасида интернет журналистикасининг ривожини кузатиш мумкин. Шу важдан, биз айнан ушбу соҳага урғу беришни лозим деб топдик. Бу йўналишдаги ОАВ, асосан, янгиликлар, уларни қанчалик тез жойлаш ва маълумотнинг қанчалик тўлиқ бўла олишига фокусни қаратишади. Келинг, вазиятни соҳалар кесимида кўриб чиқамиз.

Иқтисод

Янгиликларда кўп мурожаат қилинувчи соҳалардан бири шубҳасиз иқтисодиётдир, хусусан, валюта курси ва нарх-наводаги ўзгаришларни ҳар кунлик дайджестда кўришимиз мумкин.

Масалан июнь ойининг иккинчи ҳафтасида Daryo.uz нашри АҚШ долларининг пастлаши ҳақида давомли хабарларни ўз саҳифасида эълон қилиб борди (1, 2).

Ва бу хабарлар 2-3 кунлик вақт давомида сайтда 15 000 маротаба кўрилган. Бу материал жойланганидан кейинги бир ҳафталик муддат ичидаги кўришлар сонидир.

Айтиш жоизки, сўмнинг АҚШ долларига нисбатан мустаҳкамланиши, албатта, сўнгги пайтлардаги энг муҳим хабарлардан биридир.

Яна бир ўзбек медиа гиганти Kun.uz эса, 10-июнь санасида сайтига жойланган мақолада рублнинг мустаҳкамланиш жараёнини ёритган.

Шунингдек, бошқа яна кўплаб сайтлар ҳам бу мавзуни ёритиб боришди ва ёритиб боришмоқда. Шакар, ун ёки ёғ маҳсулотларининг нархлари ошиши ҳам кўп ва хўп ёзиладиган мавзулардир. Аммо, иқтисодиёт мавзусида профессионал мақолалар бизда дефицитлиги ҳеч кимга сир эмас. Шу сабабдан ҳам ҳозирги журналистикамизда иқтисодиётга оид қисмнинг, умуман “иқтисодиёт журналистикасининг” ривожланиши жуда ҳам муҳим.

Оила

Кўп муҳокама қилинадиган, ўзбек жамиятида доимий долзарб бўлган янабир масала бу оила ва унинг атрофидаги ижтимоий масалалардир. Бу бизнинг жамиятимизда шубҳасиз, оғриқли мавзулардан бири. Лекин шуни ҳам айтиб ўтиш керакки бу мавзудаги хабарлар асосан “шовқин кўтарувчи” эффектга эгалиги билан характерлидир. Яъни, одатда бу турдаги хабарлар тармоққа жойланиши билан кўплаб улашилади ва кенг муҳокамага сабаб бўлади.

Фото: Узун тумани прокуратураси.

Бу мавзуга оид сўнгги хабарлардан бирига назар ташлайлик. Яқиндагина Сурхондарё вилояти Узун туманидаги тўйда куёв томонидан келиннинг калтакланиши ҳақидаги ҳабар тарқалди. Уни деярли барча катта аудиторияга эга бўлган ОАВ ўз саҳифаларига жойлади, у муҳокамага сабаб бўлди. Аудитория бир неча қисмга бўлиниб, кимдир дарғазаб, кимдир эса ўз муносабатини бироз юмшоқ ифода этди. Сўнгра ушбу вазиятда томонларнинг ўзаро келишиши натижасида куёв хеч қандай жавобгарликка тортилмаганлиги маълум бўлди. Бу ҳақида Kun.uz, gazeta.uz, Bugun.uz ва бошқа нашрлар орқали батафсил маълумот олиш мумкин.

Мавзуга оид яна бир хабарда uznews.uz нашри хориждаги ушбу вазиятга муносабат билдирилган ҳолатларни келтириб ўтган.

Фото: bild.de

Йил давомида бунга ўхшаш кўплаб хабарлар миллий ОАВ тармоқлари бўйлаб айланади. Буни ўзбек тилидаги ОАВлар билан таниш бўлмаган инсон ҳам дарҳол пайқаши мумкин.
Ҳозирда, афсуски, оила ва ижтимоий масалаларда юқоридагига ўхшаш ҳолатлар жамиятимизда кўплаб учраб туради. Кўпчилик ўзбек нашрлари бунга дарҳол реакция беришади. Инсон ҳуқуқлари бузилиши, шахсият таҳқирланиши, тажовузнинг ҳар қандай кўринишлари, албатта, ОАВ томонидан беэътибор қолдирилмаслиги керак. Лекин бошқа глобал ёки миллий ўта долзарб масалалар фонида ҳам бу турдаги хабарларнинг асосий муҳокама мавзуларига айлана олиши, бу шубҳасиз, ҳозирги ўзбек тилидаги ОАВнинг ўзига хос жиҳатларидан биридир.

Шоу-бизнес

Келинг, ижтимоий масалалардан бироз чекиниб, янгиликларнинг яна бир ўзига хос оқимига тўхталиб ўтамиз. Бу шоу-бизнес оламидаги янгиликлардир.

Фото: daryo.uz

Ўзбек шоу-бизнеси бу ўзига хос алоҳида мавзу. Йилнинг қайси фасли бўлишидан қатъий назар бу соҳадан доим “қайноқ” янгиликлар чиқиб туради. Шоу-бизнес ҳақидаги янгиликларни иккига — жаҳон шоу-бизнеси янгиликлари ва ўзбек шоу-бизнеси янгиликларига бўлиш мумкин. Бу ерда ҳам ўзига хосликларни кўришимиз мумкин. Масалан, ўзбек тилли аудитория орасида ўзбек шоу-бизнесига, айнан ундаги янгиликларга бўлган қизиқиш жуда катта бўлиб, жаҳон шоу-бизнесидаги янгиликлар уларга тенглаша олмайди. Ҳозирги кунда машҳур бўлган деярли барча ўзбек тилида фаолият олиб борувчи ОАВларда қисман бўлсада шоу-бизнес янгиликларини учратиш мумкин. Улар янгиликлар ленталарида баъзан алоҳида рукн ҳолида учрайди.
Шуни айтиб ўтиш керакки, шоу-бизнес ва унинг вакиллари ҳақидаги хабарлар аудитория йиға олиши жиҳатидан юқоридаги соҳалар қаторида тилга олинаётган бўлсада, муҳимлиги жиҳатидан уларга етиша олмайди. Ҳарқалай, ҳозирги глобал ижтимоий-иқтисодий вазиятда.

Спорт

Муҳокама марказида бўлувчи мавзулардан яна бири спорт мавзусидир. Албатта, спорт тўғрисидаги хабарларни ўзбек ва жаҳон спортига оидлигига кўра бўлиш мумкин. Жаҳон спорти ҳақида гап кетганда, айтиш керакки, ўзбекистонликларнинг қизиқишида сўнгги йилларда энг топ даражада турган спорт турлари бу — футбол, бокс ва сўнгги йилларда анчайин урфга кирган MMA дир.
Ўзбек спорти ҳақида гап кетганда ҳам айни вазиятнинг аналогини кузатиш мумкин. Футбол, бокс ва MMA барча ёш тоифасида ўзининг кўплаб мухлисларга эга.

Ўзбекистон U23 терма жамоаси Ироқ термаси бўлган муваффақиятли баҳсдан сўнг. Фото: ufa.uz

Ўзбек футболи ҳақида гап кетганда, спортнинг бу тури сўнгги пайтларда бироз танқидий муҳокама мавзусига айланиб қолганини айтиб ўтиш керак. Бунга сабаб эса, узоқ йиллик орзу бўлган жаҳон чемпионати финал босқичи йўлланмасининг қўлга киритилмаётганлиги, клубларнинг ҳалқаро майдонда катта қийинчиликка учраб, мусобақаларда катта муваффақиятга эриша олмаётганлиги ва тизимдаги айрим муаммолардир. Аммо, шунга қарамасдан спортнинг бу туридаги ҳар қандай муваффақият, минглаб мухлислар томонидан жуда илиқ кутиб олинади. ОАВ янгиликлар лентасида бундай хабарлар бир неча кун мобайнида айланади, ижтимоий тармоқларда кўплаб улашилади ва муҳокама қилинади.

Бокс ва MMA спорт турлари ҳақида гап кетганда, шуни айтиш мумкинки, бу спорт турларида бизнинг ҳамюртлар одатда муваффақиятли иштирок этишади. Хабарлар эса асосан мусобақа вақтлари, спортчилар ҳаёт тарзи ва натижалар қайдларидан иборат бўлади.

Ҳозирда Ўзбекистонда спорт мавзусини ёритиб борувчи алоҳида нашрлар ҳам мавжуд. Масалан sports.uz, championat.asia, tribuna.uz каби. Шуни таъкидлаб ўтиш керакки, Ўзбекистонда охирги пайтда спорт журналистикасида ҳам спорт соҳасининг ўзида ҳам олдинга силжишлар кузатилмоқда ва бунга кўз юмишнинг иложи йўқ.

Мавсумий мавзулар

Юқоридагилардан ташқари йилнинг маълум бир қисмида катта эътибор марказига тушувчи масалалар ҳам бор бўлиб, буларга ҳар йили июль-август ойларида бўлиб ўтувчи ўқишга қабул ва давлат имтиҳонлари тўғрисидаги янгиликларни ва ҳаж мавсуми тўғрисидаги янгиликларни келтириб ўтишимиз мумкин.

***

Албатта, 35 миллион аҳолига эга бўлган мамлакат ОАВ тўғрисида ёзиш учун битта мақоланинг ўзи етмайди. Сиз ҳам ўзингиз пайқаган юқоридагига ўхшаш ўзига хосликларни Telegram гуруҳимизда ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимизда ёзиб қолдиришингиз мумкин.

БУ КИМНИ ИШИ?

Лазиз Холиёров — таҳлил ва матн

Пўлат Таджимуратов — таҳрир

Малоҳат Артикова — корректура