Skip to main content
Тошкент

Тошкент олмахонларининг яширин ҳаёти

Зоолог Мария Грицина олмахонларнинг Тошкентга қандай келиб қолгани, улар қаерда яшаши ва нима билан озиқланиши, пахмоқ жониворлар шаҳарга қандай фойда келтириши ва уларнинг яшаш муҳитига нималар таҳдид солаётгани ҳақида гапириб берди.

Тошкент олмахонлари биз учун ҳеч бир ажабланарли эмас, гўёки, улар азалдан, доимо бўлгандек. Бироқ, бу ерда яшовчи оддий олмахоннинг кичик тури – телеут олмахонининг тарихий ватани бор – Россия. Олмахонлар ўзининг кичик тури номини Ғарбий Сибирнинг жанубида яшовчи кичик туркий халқ – телеут қабиласидан олган.

Хўш, олмахонлар қандай қилиб Тошкентга келиб қолишган?

Гап шундаки, совет даврида бутун собиқ Иттифоқ ҳудудида мўйнали ҳайвонларни иқлимлаштириш бўйича кенг кўламли дастурлар амалга оширилган. Асосан урушдан кейинги даврда бошланган иқлимлаштириш олмахонларни ҳам четлаб ўтмади. Дастлаб, 12 000 ҳайвон кўчирилди, кейин «кўчманчилар» сони кўпайишда давом этди. Барча кўчириш ҳаракатлари уч йўналишда амалга оширилди:

1) тарихий сабабларга кўра олмахонларни улар истиқомат қилмайдиган ерларга кўчириш;

2) илгари олмахонлар яшаган (эҳтимол, бутун майдонда эмас) ҳозирги ареалнинг чегараларида жойлашган “орол” ўрмонларга қўйиб юбориш;

3) бошқа кичик турлар эгаллаган ўрмонзорларга кўчириб ўтказиш.

«Бизнинг» олмахонлар Қрим, Кавказ ва Марказий Осиё ҳудудларини ўз ичига олган минтақаларнинг биринчи гуруҳига киради.

Олмахонлар ҳар ерда тезда янги шароитларга мослашиб, баъзи одатларни ўзгартирди. Мисол учун, Қримда улар анча катта бўлиб, илгари кўрмаган бодомларни ейишни бошладилар; Тянь-Шаннинг тоғли ўрмонларида телеутлар тезда арча уруғлари билан озиқланишга ўтдилар. Тошкентда олмахонлар вақтинчалик бошпана ва кўпайиш жойлари сифатида қушлар уйларини эгаллай бошладилар.

«Бизнинг» олмахонлар Қрим, Кавказ ва Марказий Осиё ҳудудларини ўз ичига олган минтақаларнинг биринчи гуруҳига киради.

Олмахонлар ҳар ерда тезда янги шароитларга мослашиб, баъзи одатларни ўзгартирди. Мисол учун, Қримда улар анча катта бўлиб, илгари кўрмаган бодомларни ейишни бошладилар; Тянь-Шаннинг тоғли ўрмонларида телеутлар тезда арча уруғлари билан озиқланишга ўтдилар. Тошкентда олмахонлар вақтинчалик бошпана ва кўпайиш жойлари сифатида қушлар уйларини эгаллай бошладилар.

Шаҳардаги олмахонлар қандай яшаяпти ва нималар билан озуқланяпти?

Омон қолиш учун олмахонларнинг етарли озиқ-овқат базасига ва катта дарахтларга эҳтиёжи бор, улар кўпайиш учун коваклардан фойдаланадилар ёки новдаларга шарсимон уялар қурадилар. Эркак олмахонлар, аксинча, урғочилар томонидан қурилган уялардан, шунингдек, майна, қарға, қора қуш ва бошқаларнинг уяларидан фойдаланадилар.

Олмахонларга битта уя етарли бўлса қани эди, аммо ундай эмас! Тўлақонли ҳаёт учун ҳар бир ҳайвоннинг 15 тагача уяси бор, улар бир неча кунда бир марта алмаштирилади ва шу билан зараркунандалардан қочишади, урғочиси эса болаларни тишларида олиб юради. Қишда учтадан олтитагача олмахон бир уяда қишлаши мумкин.

Қишнинг ўртасидан бошлаб олмахонларда жуфтлашиш ўйинлари бошланади – ҳайвонлар олти-саккизтадан бўлиб тўпланади ва баланд овозда шақиллаб, дарахтдан дарахтга югуради, горизонтал йўналишда 3-4 метрга, пастга эса 10-15 метргача сакрашади. Сакраш пайтида дум уларга мувозанатни сақлашга ёрдам беради, думлар тирик руль ва парашют вазифасини ўтайди. Олмахонлар шақилдоқ овозлар чиқаришдан ташқари, урчиш даврида хириллайдилар ва баланд овозда чийиллайдилар. Дарахтдан келаётган сирли товушларни эшитиб қолсангиз, диққат билан юқорига қаранг – бу олмахон бўлиши мумкин.

Олмахонларнинг анатомик ўзига хослиги бутун умри давомида ўсадиган олдинги тишлари бўлиб, уларни қаттиқ овқатни истеъмол қилиш орқали ўткирлашлари керак. Олмахонлар ёнғоқ, бошоқ, игнабаргли дарахтларнинг уруғлари, дарахт куртаклари, ўсимлик пиёзчалари, қўзиқорин ва турли реза мевалар билан озиқланади.

Ёнғоқларни кемираётган бу ёқимтой жонзотга қараган киши майда қушлар, қурбақалар, тухумлар ва ҳашаротлар личинкалари ҳам овқат рационига киришига ишониши қийин.

Табиий яшаш жойларида олмахонлар кўпинча кўчиб юради ва уларнинг сони игнабаргли уруғли экинларнинг ўзгарувчанлиги туфайли ўзгариб туради. Бу вақтда ҳайвонлар кўпинча дарёларни сузиб ўтишади ва ҳатто денгиз кўрфазларини сузиб ўтишга ҳаракат қилишади. Олмахонлар қишга заҳиралар тўплашади – улар бошоқ ва ёнғоқларни кўмиб, кўпинча яширган жойларини унутишади. Олмахон учун ёмон бўлган нарса ўрмон ёки истироҳат боғи учун фойдалидир, унутилган ёнғоқ униб чиқади, натижада дарахтлар кўпаяди.

Тошкентда олмахонларнинг яшаши

Тошкент олмахонларининг ҳаёти унча яхши эмас. Масалан, 1990 йилларнинг бошларида дарахтлар зараркунандаларга қарши ишлов берилганида ишлатиладиган ядрохимикатлар билан заҳарланиш туфайли Ботаника боғида уларнинг сони кескин камайди.

Шаҳардаги йирик дарахтлар ва мевали буталарни мунтазам равишда кесиш уларни яшаш жойи ва озиқ-овқатдан маҳрум қилади.

Жониворлар йиртқичлар – итлар, мушуклар ва йиртқич қушлардан қочишга ҳам улгуриши керак.

Одамлар ҳам четда тургани йўқ – олмахонлар асир бўлишдан сақланишларига тўғри келади, чунки бозорда битта олмахоннинг нархи 500 000 сўмдан 1 000 000 сўмгача. Таклиф бўлса, талаб ҳам бўлади. Одамлар уйда олмахон боқа бошлашади, уларни парваришлашнинг мураккаблиги ҳақида ўйламайдилар ҳам.

Бозорда битта олмахоннинг нархи 500 000 сўмдан 1 000 000 сўмгача

Гап шундаки, олмахонлар квартира бўйлаб тарқаладиган характерли ёқимсиз ҳидга эга. Ҳайвонлар ҳаракатчан, шунинг учун улар атрофларида шовқин келтириб чиқарадилар ва бунинг натижасида ҳар куни эрталаб тонгда ўз эгаларини уйғотишади, қафаслари атрофида ахлат тўдаланади. Агар қафасда етарлича кенг жой бўлмаса, олмахонлар тезда ҳолсизланиб қолиб, ҳалок бўлади. Шунинг учун, ёввойи табиатдан ҳайвон боқиб олинганда, боқиш ва парвариш қилишнинг махсус шартлари инобатга олинмоғи лозим.

***

Бу ҳайвонларнинг зарарсиз табиати ва ақл бовар қилмайдиган нафислиги улар томон талпиниш ва ҳайвонни силаш истагини келтириб чиқаради. Агар сиз олмахонларга егулик тутмоқчи бўлсангиз, бунинг учун бошоқлар, ёнғоқлар ва қарағай ёнғоқлари, қобиқли фундук мос келади, уларни сабзи, қовоқ, олма билан эркалашингиз мумкин. Энг хавфли ва зарарли маҳсулотлар эса шоколад, нон, печенье, картошка, чипс, маккажўхори, ерёнғоқ саналади.

Тошкентда кемирувчиларни кўпинча Ботаника боғида, Мустақиллик майдонида, Жасорат монументи ёнида учратиш мумкин. Уларни кузатиш учун энг яхши вақт бу қиш, чунки барглар йўқ ва олмахонлар аниқ кўринади.

Мақола оригинали (рус тилида) бу ерда.

БУ КИМНИ ИШИ?

Мария Грицина — матн ва суратлар

Пўлат Таджимуратов — таҳрир

Малоҳат Артикова — корректура