Skip to main content
гап

Шаҳар шовқинлари. Рухсат этилган шовқин даражаси қандай ва уларга қай даражада
риоя этилмоқда?

Шаҳар шовқинлари, шу жумладан, ҳаракатланаётган автомашиналар овози, қурилишдан чиқаётган овозлар, тирбандликдаги сигналлар, сиреналар, стадион ва тунги кўнгилочар объектлардан чиқаётган овозлар кундалик турмуш тарзимизнинг ажралмас, шу билан бирга, ёқимсиз қисмига айланиб улгурди. ISGlobal ташкилоти таҳлилларига кўра, Европа шаҳарларида 60 млндан ортиқ инсон йўл ҳаракати келтириб чиқарадиган зарарли шовқиндан азият чекмоқда. Шовқиннинг зарарли таъсири туфайли ҳар йили 3600 нафаргача киши юрак ишемик касалликларидан вафот этади. Шу жумладан, Ригада (Латвия) 82 фоиз, Прагада (Чехия) 71 фоиз, Парижда (Франция) эса 67 фоиз аҳоли ҳаётига зарар етказадиган даражадаги шовқин таъсирида яшайди.
UNEP (United Nations Environment Program) нинг 2022 йилги ҳисоботида Дакка (Бангладеш) жаҳоннинг энг сершовқин шаҳри сифатида эътироф этилган (119 dBА). Кейинги ўринларни Морадобод (Ҳиндистон) (114 dBА) ва Исломобод (Покистон) (114dBА) эгаллаган.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ)нинг шаҳар шовқини бўйича кўрсатмаларига кўра, тавсия этилган шовқин чегараси кўчалар учун 55 dBА, тижорат ва транспорт инфратузилмалари учун 70 dBАни ташкил этади.
ЖССТ прогнозларига кўра, 2050 йилга келиб, жаҳон миқёсида 2,5 млрд киши ёки сайёрада яшовчи ҳар тўртинчи киши маълум даражада эшитиш қобилиятининг йўқолишидан азият чекади. Ўтказилган ўрганишлардан маълум бўлишича, шовқиннинг инсон саломатлигига хавф соладиган даражаси асосан йўл ҳаракати (шу жумладан, тирбандлик), қурилиш ишлари, сирена ва огоҳлантирув овозлари (хусусан, сигнализaция), тунги клублардан чиқадиган баланд мусиқа товушларидан юзага келади.
Хўш, шаҳар маиший шовқинлари қандай ўлчанади? Рухсат этилган шовқин даражасига талаблар қандай ва уларга қай даражада риоя этилмоқда? Маиший шовқин қоидаларини бузганлик учун қандай жавобгарлик бор? Мақолада Муроджон Нажмиддинов шу тўғрисида сўз юритади.

Маиший шовқинлар қандай ўлчанади?

ЖССТ маълумотларига кўра, дунё аҳолисининг 16 фоизи карлик ва эшитиш қобилиятининг бузилишидан азият чекмоқда, уларнинг 30 млндан ортиғи болалар. Ёшларнинг 1.1 млрддан ортиғи саломатлик учун хавфли даражадаги баланд овозда мусиқа тинглашлари сабабли эшитиш қобилиятини йўқотиш хавфи остида қолмоқда.
Бугунги кунда эшитиш қобилиятини йўқотиш касаллиги дунёда кенг тарқалган сенсор шаклигидаги ногиронлик ҳисобланади. Унинг асосий сабаблари қаторида генетик касалликлар, сурункали қулоқ инфекциялари
ва бошқа қатор касалликлар билан биргаликда шовқинлар туради. Агар шовқин даражаси 70-90 dBАга етса ва жуда узоқ вақт давом этса, бундай шовқин марказий асаб тизими касалликларига олиб келиши мумкин. 100 dBА дан ортиқ шовқин даражаси эшитиш қобилиятининг сезиларли даражада йўқолишига, қолаверса, тўлиқ карликка олиб келиши мумкин. Шунинг учун биз баланд овозда мусиқа тинглаш чоғида завқ ва фойдадан кўра кўпроқ зарар оламиз.
Биз кундалик ҳаётимизда дуч келадиган маиший шовқинлар эшитиш қобилиятимиз учун қай даражада зарарли? Юқорида айтилгандек, 90 dBА баландликдаги давомий шовқин инсон саломатлигига жиддий хавф солиши мумкин. Хўш, атрофимиздаги шовқин баландлиги (dBА) қандай? Буни қуйидаги жадвалда кўриш мумкин:

ДаражаdBАТовуш
Ҳаддан ташқари
баланд
140
  • Мушакбозлик (3 м масофада)
130
  • Стадион шовқини (максимум)
120
  • Саноат шовқини
110
  • Тез ёрдам сиренаси, концерт
Жуда баланд100
  • Метро
90
  • Гавжум йўл ҳаракати
Баланд80
  • Чангютгич
70
  • Соч қуритгич, гавжум кафе
Ўртача60
  • Суҳбат
50
  • Ёмғир
Сокин40
  • Совутгич
30
  • Пичирлаш
Сезиларли20
  • Баргларнинг шитирлаши
10
  • Нафас олиш

Автомобиль шовқини шаҳарларнинг кўпроқ магистрал, яъни асосий кўчаларида кузатилади. Ўртача интенсив ҳаракатда 1 соатда 2000-3000 транспорт бирлиги қайд этиладиган бўлса, автомобиль шовқинининг максимал даражаси 90 dBАга тенг бўлади. Бунда транспорт ҳаракатининг шовқин характеристикаси биринчи навбатда йўл категориясига боғлиқ. Кўчадаги шовқин даражаси транспорт оқимининг интенсивлиги ва тезлиги билан хам характерланади. Автомобиль оқими қанчалик кўп бўлса ва тезлиги юқори бўлса, ундан чиқаётган шовқин даражаси хам юқори бўлади.
ЖССТ маълумотларига кўра, сершовқин кўчаларда (65-75 dBА) яшовчи одамларда юрак-қон томир касалликларининг хавфи 20 фоизга ортиқ бўлади.

Рухсат этилган шовқин даражаси қандай

Бир қатор тарихий манбаларга кўра, қадимги Хитойда жазо турларидан бири сифатида “мусиқа азоби” ҳам қўлланилган. Шовқиннинг таъсирини тўғри баҳолай олган хитойликлар оғир жиноят содир этган ҳуқуқбузарларни узоқ муддатга баланд мусиқа остида ўтиришга мажбур қилишган. Бугунги кунда ҳам жазонинг бундай туридан ноқонуний равишда фойдаланиш ҳолатлари учраб турмоқда. Масалан, АҚШнинг Оклахома штати қамоқхонасининг икки ходими ва уларнинг бошлиғи маҳкумларни соатлаб “Baby Shark” қўшиғини тинглашга мажбур қилганлиги учун ишдан бўшатилган. Расмий нашрларга кўра, маҳкумлар деворга маҳкамланган ва қўшиқ бир неча соат баланд овозда янграган.
Шу билан бирга, тарихдан шовқиннинг зарарли таъсирини камайтиришга қаратилган қатор чоралар кўриб келинган. Масалан, диктатор Юлий Цезарь (мил. авв. 100-44) аҳоли тинч ухлаши учун тунда Рим кўчаларида ҳар қандай араваларнинг юришини тақиқлаб қўйган. Англия қироличаси Елизавета I (1533-1603) кишилар ороми бузилмаслиги учун соат 22:00 дан кейин шовқин солиш, ҳаттоки эт-хотинлар жанжалини ҳам тақиқлаган. Бугунги кун билан таққослаганда, тамаддунинг қадимги ва ўрта тарих даврига нисбатан шовқин манбалари жуда ва баландлиги анча чегараланган, оилавий жанжаллар ҳамда бошқа маиший шовқинлардан иборат эди. Аммо, шунга қарамай, унга қарши турли усуллар билан курашиб келинган.
Шовқиннинг тури ва даражаси ортиб бориши билан унга қарши кураш нафақат миллий, балки халқаро тус ҳам олди. Шу жумладан, БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгаши (UNHRC)нинг 2021 йилдаги 48-сессиясида инсоннинг хавфсиз, тоза, соғлом ва барқарор атроф-муҳитга бўлган ҳуқуқини умуминсоний ҳуқуқ сифатида эътироф этган резолюция қабул қилинди.
Шу ўринда таъкидлаш лозимки, қатор Европа ва Осиё мамлакатларида шовқинга қарши кураш махсус қонун ҳужжатлари билан тартибга солинган. Шу жумладан, Японияда “Шовқинни тартибга солиш тўғрисида” (1968), АҚШда “Шовқинни назорат қилиш тўғрисида” (1972), Буюк Британияда “Шовқин тўғрисида” (1996) қонун қабул қилинган.
Германияда транспорт ҳаракати шовқинига қарши курашда йўллар четидаги шовқин даражасини аниқлаш ускуналаридан фаол фойдаланилади. Францияда эса автоматик фото-видеокамералар шовқин даражаси кучли бўлган автомашинани таниб олиш, автоматик равишда суратга олиш ва унинг рақамини ўқиш қобилиятига эга шовқин радарлари билан жиҳозланган бўлиб, мазкур тизим автотранспорт эгасига жарима тўлаш зарурлиги ҳақида хатни автоматик равишда юборади.
Жорий йилнинг бошида автомобиль йўлларида шовқин баландлигини ўлчаш асбобларини ўрнатиш имкониятларини ўрганиш, шовқиннинг зарарли таъсири учун компенсaция тўлови ҳуқуқий механизмини жорий этиш таклиф қилинган эди.
Аммо, Ўзбекистон қонунчилигида шовқиннинг зарарли таъсирига қарши курашиш билан боғлиқ ҳуқуқий муносабатларни тартибга солувчи махсус қонун ҳужжати мавжуд эмас. Шу билан биргаликда, ушбу соҳа етарлича ўрганилмаган. Хусусан, сўнгги йигирма йил давомида атиги битта тадқиқот ўтказилган.
Шунга қарамасдан, ушбу соҳада муносабатлар қатор техник ҳужжатлар билан тартибга солинган. Шу жумладан, соғлиқни сақлаш вазирининг 2020 йил 29 декабрдаги 0008-20-сон қарори билан турар жойларда, жамоат биноларида, аҳоли яшаш ҳудудларида ва дам олиш зоналарида рухсат этилган шовқин даражасининг санитария қоидалари ва меъёрлари тасдиқланган. Ушбу қоида ва меъёрларда куннинг вақтига қараб, товушнинг қуйидагича максимал даражаларига рухсат этилган:

Бино ёки ҳудудларнинг номлариСутканинг вақтлариТовушнинг максимал даражалари, дБА
1.Шифохона, клиника ва санаторийлар палаталари ҳамда оперaция хоналари07:00 – 23:0050
23:00 – 07:00  40
2.Синф, ўқув хоналари, таълим муассасалари аудиториялари, семинарлар ўтказиш учун заллар, масжидлар,  кутубхоналар55
3.Хонадонларнинг ётоқяшаш хоналари, дам олиш уйлари, қариялар ва ногиронлар уйлари, мактабгача таълим муассасалари ва мактаб-интернатлари ётоқхоналари07:00 – 23:0055
23:00 – 07:0045
4.Меҳмонхона ва кемпинглар хоналари ва ётоқхоналарнинг яшаш хоналари07:00 – 23:0060
23:00 – 07:0050
5.Қаҳвахона, ресторан, бар ва ошхоналарнинг овқатланиш заллари70
6.Бозорлар, дўконларнинг савдо заллари, аэропорт ва вокзалларнинг йўловчилар заллари, маиший хизмат корхоналари қабул пунктлари75

Ёпиқ концерт заллари, дискотека ва тунги клублар, ресторан, қаҳвахона, барлар ва бошқа умумий овқатланиш шохобчалари, очиқ жойлардаги концерт ва рақс майдонлари, истироҳат боғлари, боғлар ва дам олиш зоналарида товушни кучайтирувчи ва товуш чиқарувчи қурилмалар жойлаштирилганда товушнинг максимал даражаси қуйидаги жадвалда кўрсатилганидан юқори бўлмаслиги керак.

Объект номлариЎлчаш ўтказиш жойлариТовушнинг максимал даражалари, дБА
1.Концертлар вақтида концерт
ва бошқа заллар
Партернинг биринчи 5 қатордаги томошабин ўриндиқлари олдида90
2.Дискотека ва тунги клуб заллариТовуш манбасидан

2 м масофада

90
3.Электроакустик қурилмалар билан мусиқа чалинганда ресторан, қаҳвахона ва бошқа умумий овқатланиш шохобчалари залиТовуш манбаларига яқин бўлган столлар олдида70
4.Истироҳат боғлари, боғлар ва дам олиш зоналарининг очиқ концерт
ва рақс майдонлари
Товуш манбасидан

2 м масофада

90

Шунингдек, 2018 йил 8 февралдаги 0352-17-сон санитария ва гигиена қоидалари ва меъёрларига кўра, спорт залларида максимал шовқин даражаси машғулотлар пайтида 82 dBАдан ва мусобақалар пайтида эса 110 dBАдан юқори бўлмаслиги керак.
Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматининг 2022 йил 17 майдаги 0022-22-сон қарорига кўра, шовқин даражаси 80 dBАдан юқори бўлган қурилиш жойларида хавфлиликни кўрсатувчи белгилар ўрнатилиши ва шу тоифадаги иш жойларида ишчилар шахсий ҳимоя воситаларидан фойдаланган ҳолда ишлаши лозим. Ишчилар саломатлигига жиддий зарар етказилишининг олдини олиш мақсадида қурилиш ишлари шовқин даражаси 135 dBАдан юқори бўлган жойларда олиб борилмайди.
Шовқин салбий таъсир қилишининг олдини олиш кундузги вақтда 80 dBАдан юқори шовқинли транспорт воситаларнинг ҳаракатланишини чеклаш чоралари кўрилиши зарур.
Концерт, тўй, юбилей ва бошқа тантаналарда товуш чиқарувчи ва товушни кучайтирувчи қурилмалардан фойдаланиладиган ансамблларнинг ва бошқа гуруҳларнинг мусиқа асбобларини товуш даражалари ушбу тадбир ўтказилаётган объектларда (ресторан, қаҳвахона, тантана уйлари ёки аҳоли яшаш (маҳаллалар) ҳудудлари) кундузи ва тунги вақтлар учун рухсат этилган даражалардан ошиб кетиши мумкин эмас.

Шовқин нормаларига қай даражада риоя этилмоқда

Юқорида кўриб чиқилганидек, ҳар бир объектга нисбатан шовқиннинг рухсат этилган максимал даражаси белгиланиб, унинг ошиб кетишининг олдини олиш бўйича чоралар кўриш мажбурияти ўрнатилган. Бир қараганда барчаси содда ва оддий. Аммо, шаҳар шовқинлари – автомобиль йўллари, қурилишлар, қаҳвахона ва ресторанлардаги мусиқа, спорт майдонларидаги чинқириқлар – шовқин бўйича санитария ва гигиена нормаларига қанчалик амал қилинмоқда?
Муаллиф томонидан пойтахтнинг Чилонзор, Учтепа, Яккасарой, Юнусобод ва Миробод туманларидаги бир қатор объектларда шовқин баландлиги ўлчанганда, уларда шовқин рухсат этилган даражадан юқори эканлиги маълум бўлди. Шахсий кузатишларга кўра, пойтахтда шаҳар шовқинларнинг энг катта манбасини йўл ҳаракати, қурилишлар ҳамда умумий овқатланиш корхоналари ва тунги клублар ташкил қилади.
Шу жумладан, шаҳарнинг деярли ҳар бир нуқтасида учратиш мумкин бўлган ва инсон саломатлигига жиддий хавф солаётган шовқинларни асосан транспортлар ҳаракати келтириб чиқаради. Тошкент шаҳрида йўл ҳаракати шовқини даражаси ўртача ҳисобда 80-120 dBA атрофида қайд этилди. Бунда энг юқори натижа пойтахтнинг Навоий, Тарас Шевченко, Нукус, Махтумқули кўчалари ва Кичик ҳалқа йўлига тўғри келади. Йўллардаги шовқин даражаси йўлнинг ўтказувчанлиги, транспорт оқими, тезлиги ва бошқа бир қатор омилларга боғлиқ.
Шовқиннинг асосий манбаларидан яна бири – кўпқаватли иншоотлар қурилиш жойларидир. Бундай қурилиш жойларидан чиқаётган шовқин, шу жумладан, кўтарма кранлар, оғир машиналар ва бошқа қурилиш ускуналаридан чиқаётган шовқин ўртача 85-135 dBAни ташкил этмоқда.
Қайд этилишича, қурилиш-таъмирлашлар шовқини бўйича пойтахтнинг турли туманлари, шу жумладан, Яккасарой, Янгиҳаёт, Юнусобод, Бектемир, Сирғали туманлари аҳолисидан кўплаб норозиликлар билдирилган. Бундай норозиликларда шовқиннинг баландлиги, айрим компаниялар томонидан қурилиш ишларининг тун-у кун давом эттирилаётганлиги, қурилиш жойлари яқинидаги таълим муассасалари фаолиятига халал бераётганлиги ҳам маълум қилинган.
Навбатдаги шовқин манбаси – умумий овқатланиш жойлари (қаҳвахона, ресторан, бар, ошхона ва бошқалар) ва тунги клублардан чиқаётган товушлардир. Пойтахтнинг турли туманларида юқорида қайд этилган объектлар шовқини ўлчанганда шовқин даражаси ўртача ҳисобда 70-110 dBA эканлиги маълум бўлди. Турли оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлардан маълум бўлишича, бу борадаги шикоятларнинг аксарияти кечаси фаолият юритувчи тунги клублар ва тўйхоналар фаолиятига тўғри келади.
Швейцарияда “шовқинсиз” дискотекалар ҳам мавжуд бўлиб, уларда мусиқа динамиклардан эмас, балки қулоқчинлардан (наушник) янграйди. Бироқ, уларнинг “шовқинсиз”лигига қарамасдан аҳоли орасида норозилик келиб чиққан. Шу жумладан, маҳаллий аҳоли шовқиндан шикоят қилган. Хусусан, бунга дискотекага келганларнинг мунтазам равишда баланд овозда қўшиқ куйлашлари асосий сабаблардан бири бўлган.
Юқорида келтирилган мисоллардан ташқари, спорт майдонларидан, шу жумладан, стадионлардан чиқаётган овозлар ҳам аҳолининг эътирозига сабаб бўлмоқда. Хусусан, мини-стадионларда тунги вақтдаги футбол ўйинларида чиқаётган шовқин даражаси ўртача 85-100 dBAни ташкил қилмоқда.
Эслатма: шовқиннинг юқоридаги ўринларда келтирилган кўрсаткичлари мобил қурилма орқали ўлчанган бўлиб, шовқиннинг ҳақиқий даражасидан фарқ қилиши мумкин. Шовқинни ўлчаш учун 1 ёки 2 синфдаги октава фильтрли профессионал шовқин ўлчаш воситаларидан фойдаланилади.

Маиший шовқин қоидаларини бузганлик учун қандай жавобгарлик бор

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда маиший шовқинга қарши кураш талабларини бузиш учун жавобгарлик белгиланган. Бунда тунги вақтда, яъни соат 23.00 дан 06.00 гача фуқароларнинг осойишталиги ва нормал дам олишини бузишга қаратилган қатор ҳаракатлар шу жумладан, баланд овоз билан қўшиқ айтиш, мусиқа чалиш, товуш сигналлари бериш, хонадонларда, турар жойларнинг йўлаклари ва эшикларида, кўчаларда овози баланд қилиб қўйилган телевизорлар, радиоприёмниклар, магнитофонлар ва овоз чиқарувчи бошқа аппаратуралардан фойдаланиш, турар жой биноларида ва улардан ташқарида жуда зарур бўлмагани ҳолда шовқин чиқарувчи ишлар қилиш, шунингдек маиший шовқинга қарши кураш талабларини бузувчи бошқа ҳаракатларни содир этиш учун маъмурий жавобгарлик белгиланган. Шунингдек, Кодексда транспорт воситаларидан сабабсиз товуш сигналини бериш учун ҳам жавобгарлик назарда тутилган.
Шу ўринда айтиш лозимки, Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 24 июлдаги 624-сон қарорида умумий овқатланиш корхоналари ва кўнгилочар объектларда уларни тўлиқ товуш ўтказмайдиган этиб жиҳозлаш ёки тунги вақтда мусиқа ва товуш кучайтиргич асбоб-ускуналаридан фойдаланмаслик шарти билан тун-у кун фаолият юритишга рухсат берилган. Ушбу талабларга риоя этмаган юқорида назарда тутилган объектлар, шу жумладан, тунги клублар фаолиятини тўхтатишга асос бўлади.

БУ КИМНИНГ ИШИ?

Муаллиф — Муроджон Нажмиддинов

Таҳрир — Дилбар Ҳайдарова

Корректура — Гули Ибрагимова