Касалликми ёки табиий жараён: Ер юзидаги аёлларнинг барида учраса-да, бизда табу ҳисобланган климакс ҳақида нималарни билиш керак?
Тафаккур қилиш борлиғу ўзликни англаш демакдир. Ўзликни топиш учун эса инсон дунёни кашф қилишга интилиш билан параллель равишда ўзини ҳам физиологик, ҳам психологик жиҳатдан ўрганиши, қабул қилиши лозим. Нормалда, идеалда шундай бўлиши керак аслида… Лекин, афсуски бизда, аниқроғи аксар ўзбек аёлларида ҳаммаси бошқачароқ (оламни ўрганиш алоҳида масала, уни четга суриб турайлик ҳозирча). Хотин-қизларимиз атрофидаги барча ҳақида қайғуриши, ғамхўрлик қилиши мумкин-у, аммо ҳаммадан ҳам қадрдонроқ, умр бўйи бирга бўлган ўз танаси, руҳияти, умумий қилиб айтганда саломатлигига бефарқ, ундаги ўзгариш ва табиий ҳодисаларга парвойи фалак.
Ўзбек аёлларининг ҳар доим ҳам ўзини оқламайдиган классик баҳоналари
“Оғир кўтариб юбордим шекилли”, “Совуқ урдиёв, афтидан”, “Туртиб олдиммикин, ажабо”, ”Ёқмайдиган нарса еб қўйганга ўхшайман” — аёлларимиз соғлигида муаммо кузатилса, мана шундай баҳоналар билан ўзини овутади. Жуда бўлмаса «”кўз теккан»”ликка йўйиб, аниқ сабаб ва унинг ечимдан қочади баъзида.
Организмдаги ҳар қандай ўзгариш ўз-ўзидан содир бўлмагани учун ҳам ҳамма нарса опа-сингилларимиз ўйлаганидек бироз дам олиш, иссиқ чой ичиш ва кинна солдириш билан ўтиб кетмайди. Касаллик, ўзгаришларнинг тиббий-илмий таснифи, даволаш усуллари борлиги, улар ўтмишда олим-у профессорларнинг изланиш-у тадқиқотлари асосида аниқлангани бежизга эмас, ҳарҳолда, шундайми?
Танадаги сигналлар, табиий ва патологик жараёнларни билиш учун эса танага қулоқ тутишдан ташқари, тиббий саводхон бўлиш, шунга қарамай, жиддий ҳолатларда мутахассис билан маслаҳатлашиб, унинг кўрсатмасига биноан иш тутиш керак.
Касалликми ёки табиий жараён?
Аёл организмида учрайдиган табиий ва қочиб-қутулиб бўлмайдиган ўзгаришлардан бири – климакс ҳисобланади. Ҳа, янглишмадингиз, худди ўзи. Ер юзидаги аёлларнинг ҳаммасида кузатиладиган, бизда деярли гапирилмайдиган, айримлар касаллик деб ўйлайдиган, аслида эса тахминан 45 ёшдан кейин исталган аёл ҳаётида эшик қоқадиган, мутлақо нормал физиологик давр ҳисобланган климакс.
Хўш, бу қанақа давр ўзи, у билан боғлиқ нималарни билиш керак? У билан боғлиқ тушунчалар барчада бўлиши, унинг жавобини эса хотин-қизлар қўни-қўшни-ю, Телеграмдаги аёллар гуруҳидан эмас, балки соҳа мутахассисидан эшитиши лозим. Айнан шунинг учун ҳам тажрибали гинеколог, репродуктолог Дилдора Мамадалиевага мурожаат қилиб, мутахассис билан ушбу мавзуда суҳбатлашдик.
Климакс тухумдонлардан ажраладиган эстроген гормонининг камайиши ва кейинчалик буткул тўхташи билан намоён бўлади. Шифокорнинг айтишича, биргина этимологиясининг ўзи ҳам қайсидир маънода унинг моҳиятини мантиқан англашга ёрдам беради. Гап шундаки, юнон тилидан олинган климакс сўзи пиллапоя (зина, поғона) деган маънони англатади. Аёл организмида климакс босқичма-босқич гўё поғонама-поғона кечгани учун ҳам буни жуда аниқ таъриф деб ҳисобловчи мутахассиснинг тушунтиришича, бу даврда тухумдонлар фаолияти бирданига тўхтаб қолмайди, одатда, аста-секинлик билан камайиб, сустлашиб боради. Эстроген гормонининг камайгани ҳисобига эса климактерик бузилишлар келиб чиқиши мумкин.
Дарвоқе, юқорида климакснинг табиий жараёнлигига қарамай, бизда табу эканлиги ҳақида айтилганди. Ёлғиз эмаслигимизни ҳис қилишга сабаб бўладиган, лекин аслида салбий кўрсаткич ҳисобланган яна бир қизиқ маълумот – бошқа жамиятларда ҳам климакс билан боғлиқ тушунчага эга бўлмаган аёл-қизлар кўплаб топилади. BBC томонидан суратга олинган ҳужжатли фильмдаги изоҳлар бунга яққол исбот бўла олади. Журналист Мариелла Фруструп бу мавзуга бежиз қўл урмаган. Аёл менопауза билан қаршилашганида климакс ҳақида деярли ҳеч нима билмайдиган ягона инсонмаслиги — Ер шари аҳолисининг ярмида бу тушунча йўқлигини тушуниб етган. Шу тариқа у гормонал муолажалар қандай хавф туғдириши, қандай препаратлар ишлаб чиқариш арафасидалиги, шунингдек, менопаузани тўхтатиш мумкинми ёки йўқ, деган саволларга жавоб топишга киришган. Изоҳларда аёлларнинг бир қанчаси климакснинг биринчи симптомлари билан юзлашгани, лекин ўшанда унинг нима билан боғлиқлигини билмаганини тан олган. Айримлар эса эндиликда она ва бувиларига қандай ёрдам бериши мумкинлиги ҳақида билиб олгани учун ижодкорлардан миннатдор бўлган.
Қачон бошланади, қанча давом этади?
Климакснинг қачон бошланиши, симптомлари қанақа бўлиши кўпинча ирсиятдан ташқари, турмуш тарзи ва ёндош, хусусан, эндокрин касалликлар билан ҳам боғлиқ бўлади. Қандли диабет, қалқонсимон без касалликлари, ортиқча вазн ва бошқалар аёлларнинг репродуктив ёши ҳамда менопаузага таъсир қилади.
Гинекологга кўра, климакс, одатда, 45-55 ёшда бошланади. Лекин, баъзида барвақт(40 ёшгача), баъзида эрта (40-45 ёш орасида), айримларда эса кеч (55-60 ёшда) ҳам бўлиши мумкин.
Климакс учта – пременопауза, менопауза, постменапауза босқичларини ўз ичига олади. Пременопауза даврида менструация сақланиб қолади, лекин цикл мунтазам бўлмайди. Жараён тахминан 2 йил давом этиши мумкин. Менструация бир йил умуман келмаса, менопауза бошланган бўлади. Постменапауза даврида эса тухумдонлар организмдаги фаолиятини буткул якунлайди.
Шифокорнинг олдига келган климакс ёшидаги аёллар, асосан, тез қизиб кетиши ва менструал циклнинг мунтазам эмаслиги, айримлари яхши ухлолмаслик ва пешобни тута олмасликдан шикоят қилади. Климактерик муаммоларнинг келиб чиқиши, одатда, таъкидланган эстрогенларнинг барқарор эмаслиги, гормонал фон бузилгани билан боғлиқ бўлади.
Қандай ўзгаришлар юз беради?
Барвақт менопауза кузатиладиган аёлларда эстрогенларнинг эрта йўқолиши, табиийки, когнитив қобилиятдан ташқари, кайфият, юрак қон-томир тизими, суяклар саломатлигига ҳам таъсир қилади. Суякларнинг нисбатан заифлашиши эса синиш-чиқиш жароҳатлари эҳтимолини орттиради. Қон-томирлар дисфункцияси, артериал қон босимнинг кўтарилиши, вазн ортиши кузатилиши мумкин.
Яъни, климакс қанча барвақт бошланса, аёллар юқоридаги ва бошқа муаммолар билан шунча эрта қаршилашиши мумкин. Буни инобатга олган ҳолда, шу ёшдаги аёллар ўз соғлигига ўта эътиборли бўлиши, яқинлари эса уларни авайлаши, тушуниши керак бўлади.
Шифокорнинг қўшимча қилишича, менопауза бошланган пайтданоқ эстрогенлар бирдан тўхтаб қолмай, балки бузилиш билан ишлайди. Бу эса, ўз навбатида, бачадоннинг эндометрия қаватига таъсир қилиши мумкин. Оқибатда бачадоннинг эндометрия қавати қалинлашиб, қон тўхтамасдан кўп келади. УЗИ текширувида эса эндометриянинг қалинлашганини кўриш мумкин бўлади. Шу ва шунга ўхшаш бошқа муаммоларнинг олдини олиш учун эса аёллар 45 ёшдан кейин ҳар 6 ойда бачадон, кичик чаноқ соҳаси аъзоларини УЗИ қилиб, текширтириб туриши шарт. Йилда бир марта маммография текширувидан ўтиш ҳам зарар қилмайди. Негаки, гормонал фон бузилгани ҳисобига айнан климакс даврида бачадон, кўкрак бези саратони кўп учрайди, дея фикрини асослайди шифокор. Кўп ҳолларда бу касалликлар аломатсиз кечиб, учинчи, тўртинчи босқич, яъни метастаз берганидан кейингина оғриқ сезилиши, аммо, бу вақтга келиб кеч бўлган бўлиши мумкин.
Мутахассис фикрича, тухумдонлари резекция (бирор аъзо ёки унинг бир қисмининг кесиб ташланиши) қилинган, ампутацияни бошидан ўтказган ёки сурункали касалликлари бор, масалан, олдиндан артериал гипертензия, қандли диабети бор, қалқонсимон без билан боғлиқ муаммоси борларда симптомлар қийинроқ кечади. Яна витаминлар танқислиги ҳам бунга сабаб бўлиши мумкин.
Психологик муаммолар
Гапирилмаганидан ташқари, ”уятли” ёки эътибор беришга арзимайди, деб ҳисоблангани боис ҳам кўпчилик менопауза симптомларига ўзбошимча чора кўришга уринади. Аммо, нафақат физиологик, балки психологик мураккабликлари бор климакс парво қилишга ярамайдиган мавзу эмас. Организмнинг репродуктив функцияси аста-секин “сўлиши” билан боғлиқ бўлган табиий физиологик жараёнда эндокринологик, қон-томир, нейропсихик ўзгаришлардан ташқари, аёлларнинг ўзига бўлган ишончи камайиши ҳам мумкин.
Чиндан ҳам шундайлигини тасдиқлаган Дилдора Мамадалиева бу кўпинча ваҳимага тушиш, хотиранинг сусайиши, жиззакилик билан намоён бўлиши мумкинлигига урғу беради. Яна чарчаш, депрессия, кайфиятнинг тез ўзгариши ҳам кузатилиши мумкин экан.
Дилдора Мамадалиеванинг фаолияти давомида климакс даврида шунчалик тушкунликка тушганидан ҳаётга, яшашга қизиқиши қолмаган аёллар ҳам мурожаат билан келган. Баъзилар қариш ёки бошқа муаммолар пайдо бўлишидан қўрқиши мумкинлигини билдирган мутахассиснинг сўзларига кўра, бундай вақтда яхши самарага эришиш учун гинеколог ва невропатолог, қолаверса, психолог биргаликда ишлаши лозим.
Аслида эса бу даврда ортда қолган ёшлик йилларига ачиниб вазиятни мураккаблаштириш эмас, барини ўта нормал қабул қилиб, ўзига бўлган ҳурмат ва эътиборни йўқотмаслик яхшироқ ёрдам беради. Асосийси, ёш ўзгаргани билан сиз ҳали ҳам ўша аёллигингизча қолишингиз, аксинча, ҳозирги ҳолатингизда аввалгисидан донороқ, оқилароқ ва тажрибалироқ эканингизни, ҳаёт синовларини енгиб, бугунги кунгача муносиб етиб келганингизни унутмаслигингиз керак.
“Ҳаёт сифати ва тарзига таъсир қилгани учун ҳам климактерик симптомларга бефарқ бўлмаслик керак. Аёллар ўзини яхши ҳис қилиши учун профилактик даволаниши ва ҳар 3-6 ойда шифокор кўригидан ўтиши керак. Мутахассис тавсиясига биноан витамин, аминокислоталар ичиш, гигиенага, соғлом турмуш тарзига риоя қилиши лозим. Аёлларимиз кўпинча ёши ўтгани, айниқса келин олганидан кейин камҳаракат бўлиб қолади, бу эса, албатта, қон қуюқлашиши, артериал босимнинг ошишига сабаб бўлади. Эстроген камлиги ҳисобига эса қон шундоқ ҳам қуюлиши мумкин. Шунинг учун ҳам физиологик фаол бўлиш, кун давомида югуришнинг имкони бўлмаса-да, 4-5 км юриш керак. Бизда углевод кўп, оқсил эса кам истеъмол қилинади, лекин аксинча оқсил, омегага бой маҳсулотларни истеъмол қилиш, углевод ва глюкозадан тийилиб, рационга эътиборли бўлиш, тўғри овқатланиш керак”, — дейди шифокор.
Ҳаётингиз олдида ўзингиз масъулсиз!
Аёлларнинг чарчаши, иши кўплиги, бола парвариши ва уй юмушлари орасида андармонлиги ҳақидаги шикоятлар қулоққа кўп чалинади. Аммо, кечирасиз-у, ўзбек жамиятида Дур сиймосида, фақат қўлларида супурги, капгир, дазмол ва яна бошқа нарсалар ушлагандек намоён бўладиган, ишлайдигани ҳам карьераси, ҳам уй ишларига улгуриши керак бўлган аёлларнинг чарчаши, уйқуси келиши ва ҳоли бўлмаслиги табиий. Айнан шунинг учун ҳам биздаги саломатлик ва руҳият билан боғлиқ муаммоларга аксарият ҳолларда — чарчаш ва уйқусизлик классик важ бўлади. Муайян даврда организмдаги ўзгаришлар ҳам ўша баҳоналар фонида қолиб кетади. Аммо, унутмаслик керакки, яққол кўзга ташланган ва баъзи аломатлари яширин бўлган климакс даврида ухлаб олиш, тинчлантирадиган дори ичиш ёки бошқа ўзбошимчаликларнинг ўзи билан бирон нима ҳал бўлиб қолмайди. Ҳатто, билар-билмас қилинган чоралар вазиятни янада қийинлаштириши мумкин. Энг яхшиси – дарҳол шифокорга кўриниш ва гап нимадалигини аниқлаш ҳисобланади.
Умуман олганда, климаксга қарши курашиш эмас, эрта бошланиши, бошланганда ҳам қийин кечмаслиги учун ёшликдан саломатликка эътиборли бўлиш, жисмоний ва психологик соғликни назорат қилиш керак. Айниқса, газ ва электр билан боғлиқ муаммолар учрайдиган олис қишлоқлардаги опа-сингилларимиз ўзларини ўққа-чўққа уравермаслиги, соғликларини асраши лозим. Чунки вақти келиб йиллар давомидаги беэътиборликка жиддий муаммо-ю, салбий оқибатлар билан товон тўлашга тўғри келиши мумкин.