Skip to main content
интервью

“Ойликлар кам, қонунлар амалда бўлмаган давлатда одамлар икки ҳисса ишлайди”. “Сўз ёшларга” лойиҳаси доирасида 26 яшар журналист билан суҳбат

Юртимиздаги долзарб муаммолардан бири – ишсизлик. Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2021 йилда салкам 1,5 миллион киши расман ишсиз сифатида рўйхатга олинган. Яна 2 миллиондан ортиқ фуқаро чет давлатларида ишлайди, буларнинг 35 фоизи ёшлар.

Рақамларнинг ўзи масаланинг жиддийлигидан далолат беради, лекин биз бу муаммони қуруқ рақамлар билан чекланиб қолмай, унинг бевосита иштирокчиларининг нигоҳи орқали ҳам ёритишга қарор қилдик. Журналист Гулираъно Мусаеванинг “Сўз ёшларга” лойиҳаси доирасида ишсиз ёшлар билан ўтказиладиган суҳбатлар асосида тайёрланган биринчи мақола билан танишинг.

Матн мақола қаҳрамонининг сўзлари асосида ёзилган. Ундаги фикр-мулоҳаза ва ҳулосалар суҳбатдошнинг шаҳсий фикр ва қарашларини ифода этиб, таҳририят фикрига мос келмаслиги мумкин.

“Фарзандларимиз биздан кўра кучли, билимли, доно ва албатта бахтли бўлишлари шарт”. Болалигида боғча, мактаб, маҳалла, давлат идоралари — қаерга бормасин шу жумлага кўзи тушган авлод аллақачон улғайди. Улардан баъзилари ўз онгини сингдирилган мафкураларга бир умрга ижарага берган бўлса, қолганлари ҳунар ўрганишни ёки илм йўлидан кетишни афзал билди. Лекин, ўша билимли, кучли ва донороқ ёшларнинг ҳаммаси ҳам жамиятда ўз ўрнини тополмаётгандек. Нималардир кам ёки, аксинча, кераксиздек. Плакат-у ҳисоботларда ёзилмайдиган, демагоглар тилга олмаса-да, ҳар ким ич-ичидан биладиган тўсиқлар бордек. Бунга хорижга ўқиш-ишлаш учун кетиб, қайтиб келмаётган ёшлар кўрсаткичи, қолаверса, ишсизлик даражаси бўйича статистика ҳам исбот бўлади гўё. 2022 йил январь ҳолатига кўра, Ўзбекистонда ишга муҳтожлар сони 1 миллион 441,8 минг кишини ташкил қилади. Ёшлар орасидаги ишсизлик даражаси эса, маълумотда айтилишича, 15,1 фоиз экан.

Ҳаракат қилган одам иш топади, бўш вакансиялар қалашиб ётибди, соҳани мукаммал билса, исталган жойда яхши кадрга эҳтиёж юқори, “Ёшлар дафтари” ва унинг имтиёзлари бор, давлат яна нима қилиб бериши керак? — деган эътирозлар кўплаб топилар, эҳтимол. Лекин, келинг саволларни бошқачароқ қўямиз — билими, ҳунари бор ёшлар нима учун севган иши, соҳасидан “ўз хоҳиши” билан кетяпти, бунинг сабаби нимада? Меҳнатга яраша ҳақ тўланмаяптими ёки бўшатиш учун ҳамма шароитлар «шай» қилиниб, шунга олиб келиняптими экан? Балки, кимлар учундир бошқарилмайдиган, ноқулай кадрлар ўрнига қариндошларни жойлаб қўйиш манфаатлироқдир? Плюрализм нормал эмасдек, янги ғоялар реализациясига йўл берилмаётгандир, шундай эмасми? Яна ишлашига оила аъзолари, атрофидагилар қаршилик қилаётганлар ҳам бўлса-чи?

Аммо, афсуски, нафақат бу саволлар, балки унга бериладиган жавоблар ҳам кўпинча парда орқасида қолиб кетади. Лекин бир нарса аниқ — эс-ҳуши жойида бўлган адекват одам сиқиб чиқарилиш, цензура, бюракратия ва “ўзбекчилик” фонида яширинган аҳмоқгарчиликларга чидашдан кўра, молиявий томондан осон бўлмаслигини билса ҳам “мен”ини сақлаб қолишни танлайди. Қимматчилик, ҳамма нарса моддият билан боғлиқ даврда қийинчиликлар билан қаршилашишга ишончи комил бўлган тақдирда ҳам, ҳатто. Биз чиндан ҳам билим-ҳунари бор-у, аммо, турли сабабларга кўра, ишидан бўшаган ёки муаммоларга дуч келганларнинг овози бўлиш мақсадида “Сўз ёшларга” номли лойиҳа доирасида суҳбатлар эълон қилиб боришга қарор қилдик. Лойиҳанинг биринчи меҳмони — 2015-2019 йиллар Миллий университетининг журналистика факультети (бакалавриат), 2019-2021 йиллар эса ЎзЖОКУ (магистратура) талабаси бўлган Нозима Олимова. Суҳбатдошимиз айни вақтда муайян жойда ишламайди. Лекин, бу масофадан туриб матнларни таржима қилиш, таҳрирлаш, қолаверса, мақолалар ёзишга тўсқинлик қилолмайди.

Қолипга тушишни истамаган ўзлик

Назарияларнинг ўзи билан чекланмаган Нозима аслида талабалик давридаёқ (учинчи курслигида) ишлашни бошлаган. Биринчи газетада, кейин журнал таҳририятида ишлагани параллель равишда телевидениедаги фаолиятга уланган. Ҳам ўқиш, ҳам иш осон бўлмаганига қарамай, иккисини бирдек эплаган. Устоз-у ҳамкасбларидан ўрганганлари, мақола ва репортажлар баҳона кўргазмаларга бориши, саёҳатлари, турфа инсонлардан интервью олиш ҳисобига қийинчиликлар завқли машғулотга айланиб кетган.

Магистратурада ўқиб, ишлаган йиллари ўз позицияси,”мен”ига эга бўлгани сайин, ўша пайтда цензуралашган, бир қолипга тушган ва ундан чиққиси келмаётган телевидение ва журнал ишларидан (“ҳозирги ҳолати балки яхшидир”, — N.O) бира тўла кетишга қарор қилган. Аммо, бундан заррача афсусланмаган. Аксинча, яхшиликка бўлган, шундан кейин ҳам шахс, ҳам мутахассис сифатида касбини ҳурмат қилиб, унинг жамият учун нақадар аҳамиятли эканини тушуна бошлаган.

Бошланғичлар учун ҳам ниҳоя керак

Расман ишдан кетган Нозимага билими, таҳрир ва таржима қила олиши қўл келган. Фрилансер сифатида копирайтерлик, таржимонлик билан шуғулланган. Ўзбекистонга Форбес журналининг кириб келиши эса фаолиятида тубдан бурилиш ясаган. Азалдан хориж нашрида ишлашни хоҳлаган тенгдошимиз, кучли истак таъсирида иккиланиб ҳам ўтирмай, муҳаррирга ҳужжатларини юборган. Кутилмаганда чақирилган суҳбатдан муваффақиятли ўтиб, ишга қабул қилинган. Ва орзусидагидек таҳририятнинг аъзосига айланган.

Лекин, энди изига туша бошлаган нашр фаолияти карантин, шунингдек, тўлиқ масофавий ишлаш ва кўплаб режаларнинг амалга ошмай қолгани боис бир йилга қолмай ниҳоясига етади. Нозима эса таслим бўлмаган, чунки у ҳали ҳаммаси олдиндалигига, қолаверса, ўз билимига ишонарди. Шундан кейин ўзини турли таҳририят ва агентликларда, жумладан, Spot.ru, Human.uz сингари нашрларда синаб кўрган.

“Бу орада, магистратурам битиб қолгани боис илмий ишга кўпроқ эътибор қаратишим керак эди. Шу сабаб ўзимни буткул ўқиш ва ундаги амалиётга бағишладим. Талабалар билан ишлаш, уларнинг устоз деб чақириши, умуман илмий фаолият ва академик оламдаги турфа хиллик мени қувонтирарди”, — дея эслайди у.

Иллюзиями ёки ҳақиқат?

Ўқишни битираётганда ҳаёт гўзал, соҳада муаммолар йўқ, жамият ва ҳукумат ўзаро боғлиқ деб ўйлаб, ўта соф ва оддий орзу қиладиган талабалар кўп бўлса-да, йиллар ўтиб ҳаммаси ўзгариши мумкин. Буни Нозима журналистикага меҳр қўйганлар ҳафсаласи пир бўлгач, тинчгина бошқа соҳага кетиши, бошқаларнинг эса, аксинча, қизиқиши ортиб, тиканакларга қарамай, ишлайвериши мумкинлиги билан изоҳлайди.

Унинг фикрича, ўқишга кириш осон, мутахассислик бўйича иш ўрнини топиш, даромад қилиш қийинлашиб бораётгандек бўлса-да, талабаларнинг ҳаммаси ҳам идеал эмас аслида. Ҳақиқатдан ўқиб-ишлашни, шу соҳани ривожлантиришни истайдиганлар саноқли. Баъзиларга шунчаки диплом ёки ўқишга кириб олиб, четга кетиш, «перевод» керак, унинг назарида.

Бизда амбицияларингга кўра эмас, шу минтақада “ишлайдиган” ўйин қоидаси асосида иш тутишинг керак, деб ҳисобланади. Бу эса одамни ҳам, унинг режа-ю ниятларини ҳам ўзгартириб юбориши мумкин. Қарабсизки, соф орзулардан асар ҳам қолмайди.

Нозима Ўзбекистон ва бошқа постсовет республикаларида бирор нимага эришиш учун чўнтакда пул, ҳурмат бўлиши кераклиги, жамиятда ўрин топиш учун эса қаердадир ўқиш шарт, деган тушунча катта-ю кичикнинг онгига ўтириб қолганидан афсусланади. Биргина берилган буйруқ режаларни лаҳзага қолмай ўзгартириб юбориш хавфи доим бўлгани туфайли, кўпинча “таниш-билишчилик” ва “тирикчилик” каби тушунчалар асосий қоидалардан устун келади.

Бўғилаётган соҳа

Мутахассислар соҳадан аввалгидек узоқлаштирилмаётгани, билъакс яқинлаштирилаётгандек кўрингани билан ҳолат ноаниқ ва тушунмовчиликларга тўлалигича қолмоқда. Журналистика факультетлари очиб ташланса-да, битирувчилар ва таҳририят сўраган кадрлар бир-бирга тўғри келмаслиги парадоксдек туйилади унга.

Анъанавий нашрлар ҳалигача ўзлари келиб қолган ҳолат, муаммони англамаслиги, журналистларнинг қолипга тушганидан ташқари, ҳам жамият, ҳам қайсидир ташкилотларнинг цензурадан воз кечмаётгани — барчаси оғриқли масалалардир, аслида. Шунингдек, унинг креатив саноатдаги медиа ва ОАВдаги молиявий муаммолар, қолаверса, қонунчилик ва мутасаддиларнинг журналистларга нисбатан турли компетент бўлмаган муносабатлари соҳани бўғиш билан баробарлигига ишончи комил.

Молиявий сабабни деб ўзи истамаганини қилишга мажбурлар кўп

Ишсизлик ҳақида гап кетганда, у айниқса 2010 йилдан буёғига бутун дунёда ушбу муаммонинг даражаси кескин ортиб бораётганига алоҳида тўхталади.

“Айнан ишга олиш ва ишлаш жараёнининг ўзи кулгига бир сабаб, айниқса, кино, қисқа видеолар учун бош мавзу бўлиб қолган. Ўша видеоларнинг бирига кўра, ХХ асрда иш берувчига ишлаш истаги билан боришнинг ўзи кифоя қилган. Ўша заҳоти қабул қилиниб, ишни фаолияти давомида ўрганиб олаверган. Ҳозир эса иш берувчининг олдига дипломларни териб қўйсанг, малака, тажриба бўлса ҳам ишга олиниш даражаси 50/50 бўлиб қолган. Шунинг учун бутун дунёда арзимаган, ғалати ва кўлами паст бўлган иш ўринлари кўпайиб бормоқда. Бу ҳақда Девид Гребернинг “Буллшит жобс: тҳеорй” номли ажойиб асарини ўқиётгандим”, — дейди Нозима.

Биздаги ушбу муаммонинг негизини бир ишлаб-ишламай қоладиган қонунлар, меҳнат муҳофазаси, ишчиларга тўланмайдиган бадал ёки ишсизларга жуда оз миқдорда бериладиган нафақа билан боғлайди у. Яна бу давлат секторидаги иш берувчи ва ишчилар ўртасида шаклланган улкан жарлик, ёш кадрлар қадрининг ерга урилиши, кам ойликлар ва унга тескари равишда ундириладиган катта солиқлар¸ касаба уюшмалари аслида бор-у, амалда йўқлиги билан алоқадор бўлиши мумкин.

Одатда, ойликлари паст, қонунлари ҳам инқадар ишлайдиган давлатда одамлар икки ҳисса ҳаракат қилишга мажбур. Ёшлар мактабда, университетда яхши ўқитилмаган тилларни ўзи алоҳида курсга қатнаб ўрганади. Қўшимча даромад ва тажрибали бўлиш учун компьютер курси ва бошқа яна бир ишларни ҳам ўрганиб қўйиши керак бўлади.

Нозима ҳам аслида билими ва ҳунари бор инсон эртами-кечми, қаерда бўлмасин ўз ўрнини топишига ишонади. Фақат ҳозир, реал вазиятда муаммолар қамровига ғарқ бўлган, бундан чиқиб кетолмаётган ақлли ёшлар борлигини инкор этмайди.

Кўпчилик молиявий сабабни деб ўз истагига қарши боришга мажбур бўлади. Масалан, вилоятларда пойтахтдагидек ривожланиш йўқлиги учун одамлар нима қилишни билмайди. Пул кераг-у, бўш иш ўринларининг аксарияти арзимаган ойлик эвазига бир хил ва жисмонан чарчатадиган, салоҳиятига муносиб бўлмаган ишлардан иборат бўлиб қолган.

Бунақа пайт нима қилишни билмай, четга кетиб, ўша ерда умрбод қолаётган ёшлар кўплиги эса уни ташвишга солади.

“Уларни “қаровсиз қолиб кетган истеъдод эгалари”, деб атаса бўлади. Ўзбекистон ёшлар давлати бўла туриб, уларнинг салоҳиятидан фойдалана олмайди, ёшлар сояда қолиб кетаверади. Хорижга кетишга қарши эмасман. Малака ошириб, дунёни кўриш кони фойда. Аммо, гап одамларимизнинг меҳнати эвазига нормал ойлик олмаётгани ва бошқа тўсиқлар туфайли истамаса-да, кетишни ва ўша ерда қолишни афзал билаётганида. Оқибатда, ўзбек тили, тарихини, кимлигини билмаган авлод шаклланади. Бу кўпчиликни ҳавотирга солади ва нима қилишни билмаган одамлар қатлами учраб туради…”, — дейди у.

Оилада қандай тўсиқлар бўлиши мумкин?

Ишсизликка оила ва ундаги муҳит ҳам сабаб бўлиши мумкин. Қаршиликлар, йўл бермаслик оилаларда турли баҳоналар кўринишида намоён бўлади кўпинча.

“Жамиятда ишламоқчи ва ўз амбициясига эга ёшларни бошқа ўзанга буриб юбориш мотиви кучли. Айниқса, катта авлод ҳалигача компьютерда, масофадан ишлаб, даромад топаётган ёшларни тушунгиси келмайди. Улар ва 80-90 фоиз иш берувчилар наздида иш — бу эрталабдан кечгача югуриб-елиб қилинадиган жараён. Кўпчилик учун ҳалигача давлат иши олий мақом-у, ундан бошқаси бекор. Тушунаман, катталар боласининг келажакда нафақа олишини истайди, ёмонлик тиламайди. Бироқ, айнан иш фаолиятида одам ўзининг кимлиги, нима хоҳлашини англагани учун ҳам фарзандга босим ўтказмай, ўзини топиб олгунича қўллаб-қувватлаш керак. Атрофдагилар эса ҳар бир инсоннинг алоҳида, ўзи қарор қабул қилувчи шахс эканлигини тушуниб, ҳукмронлик қилишга интилмаслиги лозим”.

Ўзбекистонда барча соҳада меҳнат қилаётган аҳолининг ойликлари ошиши шарт, деб ҳисобловчи Нозима Олимованинг фикрича, ўртача иш ҳақи кўтарилмас экан, ижтимоий фаровонлик даражасида фарқ бўлаверади.

Шунга қарамай, одамлар ўз устида ишлаши, бунинг учун глобаллашувдаги энг катта ютуқ бўлмиш интернет хазинаси: бепул ўқув курслари, лекциялар, пул топишда стажёр ва фрилансерлик дастурлари, текин китоблар, мақолалар, тил курслари сингари имкониятлардан мунтазам фойдаланиши керак. Бу борада устозининг сўзларини эслаб ўтган Нозимага кўра, авваллари орзу қилинган, ҳозирда эса бор бўлган ана шу имкониятлардан фойдаланиб, шаштни туширмаган ҳолда эркинликка интилавериш керак.

Ҳаёт давомида қийшиқ, қоронғи, нотекис йўллардан ҳам ўтишга тўғри келади, улар ортда қолгани сари эса инсоннинг кучи, билими ва тажрибаси ортаверади, деб суҳбатга якун ясайди журналист дўстимиз.

Чиндан ҳам ҳаёт биз кутгандан қизиқ ва ғаройиб бурилишларга бой. Баъзида янги бошланғич марралар учун ҳам нуқталар қўйилиши, айрим саҳифалар якунига етиши керак. Суҳбатдошимизнинг мана шундай янги бошланғичларда, билими, салоҳиятига яраша муносиб баҳо берилиши, ўз ўрнини топишига ишониб, унга омад тилаб қоламиз.

БУ КИМНИНГ ИШИ?

Муаллиф — Гулираъно Мусаева

Таҳрир — Дилбар Ҳайдарова

Корректура — Гули Ибрагимова

Суратлар — Борис Жуковский