Skip to main content
муаммо

“Ҳамма саратон билан касалланади, аммо ҳамма ҳам ўз саратонигача етиб бормаслиги мумкин”

18+

22-сентябрьда Халқаро саратонга чалинган беморларни қўллаб-қувватлаш ва уларга ғамхўрлик кўрсатиш куни ўтиб кетди. Хук жамоаси Республика ихтисослаштирилган онкология ва тиббий радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Халқаро алоқалар бўлими мудири, хоспис ва паллиатив ёрдамни ривожлантириш гуруҳи раҳбари, онколог Яхъё Фазлитдинович Зияев билан интервью уюштирди.

Биз юртимизда онкологик хизматнинг ҳолати, унинг йўлидаги тўсиқлар, онкологик касалликлар ва уларнинг омиллари тўғрисида суҳбатлашдик. Бугун сиз билан шу суҳбат натижасида ёзилган матнни улашамиз.

Саратонни юзага чиқарувчи омиллар

Аввало, “Саратон ёмон касаллик ва ундан ҳамма ўлади”, деган постулат умуман олиб қараганда ҳақиқатдан йироқ. Бугунги даврда илм-фаннинг ривожланиши билан ўлимлар сони кескин қисқарган. Лекин, жамиятда онкологик касалликлар, яъни саратон табу мавзу бўлганлиги учун биз тузалиб кетган одамлар ҳақида деярли маълумотга эга эмасмиз. Аммо, тузалмай, нобуд бўлаётган беморлар ҳақида кўпроқ эшитамиз, кўрамиз, биламиз. Шунинг учун бизда ким саратонга чалинса, ўлиб кетаркан, деган хато тушунча шаклланиб қолган. Саратон қанча эрта аниқланса, даволаниш самарадорлиги шунчалик юқори бўлади. Ушбу касаллик умумий бир ном – “саратон” дея аталгани билан, қайси жойда, қандай локолизацияларда пайдо бўлишига қараб табиати мутлақо турфа бўлади. Мисол учун, қалқонсимон без ўсмаси оммабоп саратон бўлса-да, бу энг яхши ўсма ҳисобланади. Лекин ошқозон ости бези саратони бошқа тур ўсмаларга нисбатан анчайин агрессив саналади. Ёки ичак саратонининг прогнози анча яхши, аммо ўша ўсма тўғри ичакда бўлса, прогноз унчалик яхши бўлмайди. Яъни, саратон деб биз фақат катта туркумни номлаймиз, аммо жойига, турига қараб беморнинг яшовчанлиги, тузалувчанлиги турлича бўлади. Саратонга олиб келувчи омилларга биринчи ўринда нурланиш киради. Кейин чекиш, канцероген моддалар билан контакт, айрим ҳолларда касбий омиллар.

Беморнинг ёши ҳам аҳамиятли. Ёш ўтган сайин одамда саратон билан касалланиш эҳтимоли ошиб боради. 1991-йилда Ўзбекистонда саратон билан касалланиш кўрсаткичи анчайин паст эди. Олдинлари ҳар юз минг аҳолига 69 та бемор тўғри келган бўлса, 2005-йилдан бери 78 та бемор тўғри келяпти. Ҳозирда беморлар сафи ҳар йили 9 тага кўпайяпти.

Энди аҳолининг ёш кўрсаткичини оладиган бўлсак, аҳоли секин асталик билан “улғайяпти”, яъни ўртача умр давомийлиги кўрсаткичи юқорилаяпти. Аммо, бу бошланиши. Демографик қарироқ давлатларда, масалан, АҚШ, Япония, Европа давлатларида ўртача касалланиш ҳар юз минг кишига 200-300 та бемор тўғри келади. Ўзбекистон ҳам истаса-истамаса, мана шу кўрсаткичга етиб келади. Хусусий омилларга чекишни ҳам киритиб ўтиш мумкин. Кўплар чекиш ўпка саратонига олиб келади деб ўйлайди, аммо чекиш нафақат ўпка саратонига, балки сийдик қопи саратони, ошқозон-ичак тракти саратони, оғиз бўшлиғи саратони, бош–бўйин саратонларига ҳам олиб келади.

Қандай яшаш тарзидаги одамлар саратондан ҳимояланган?

Ўқувчиларга тушунарлироқ бўлиши учун анологиялар билан гапираман. Саратон – бу ўзимизнинг бўлинишдан тўхтай олмаган ҳужайраларимиздир. Дейлик, тикувчилик цехига 5 ёшли қизча келиб, иш бошлади. 200 кишилик цехда битта 5 ёшли қиз катта аҳамият касб этмайди, уни эртаси куни тинчгина бўшатиб юбориш ҳам мумкин. Аммо, 200 та ишчининг 100 таси 5 ёшли қизчалар бўлса, у ер ҳеч нарса ишлаб чиқара олмайди, хаос пайдо бўлади.

Танамиздаги ҳужайралар ҳам шундай, ҳар бир ҳужайра ўз функциясини бажариши учун вақт керак. Аммо, баъзан ҳужайра етилмай туриб бўлинади, бўлинган ҳужайралар ҳам яна етилмай бўлинади. Етилмасдан бўлинаётган, қўпол қилиб айтганда, босар-тусарини билмай қолган ҳужайралар бошқа ҳужайралар ҳисобига озиқланишни бошлайди. Шу тариқа организмдаги соғлом муҳит бузилади. Cеченовнинг жуда машҳур гапи бор: “Ҳамма саратон билан касалланади, аммо ҳамма ҳам ўз саратонигача етиб бормаслиги мумкин”.

Демакки, қачондир ҳамма саратонга чалиниши мумкин экан, мен сақланиб нима қиламан, дея фикрлаш мутлақо хато. Ҳар бир инсон ўзини барча касалликлар қаторида саратондан ҳам ҳимояланиши лозим. Ҳужайра бўлинишлари катталарга нисбатан ёшларда тезроқ. Шу сабабли ҳам 30 ёшли 2 босқичдаги ичак саратонига чалинган бемордан кўра, айни касалликка чалинган 70 ёшли беморни даволаш осонроқ. Сабаби ёш беморда моддалар алмашинуви тез бўлгани боис саратон ҳужайраларининг қонга ўтиб кетиш хавфи кучли. Қолаверса, 30-40 ёшда ҳаётини шифохонада ўтказиш билан 70 ёшда ўтказиш орасида жуда катта фарқ бор. Умрининг энг гуллаган вақтида шифохонада ётиб касаллик билан курашиш кучли руҳий зарба беради. Яъни, бу ёшдаги одамнинг ҳаётий фаоллиги ва ташвишлари мутлақо бошқа ракурсда бўлади. Шу сабабли ҳам барча инсонлар, айниқса, ёшлар соғлом турмуш тарзига катта аҳамият қаратиши ва ўзини эҳтимолий хасталиклардан асраши зарур.

Саратонга чалинган беморлар статистикаси

Бизда аниқ статистикани чиқариш жуда қийин. Сабаби ходимлар қўллайдиган методлар замонавий методологиядан анчайин фарқли. Лекин, ҳозирда айнан шу муаммони ечиш учун давлат ҳисобидан чет элдан мутахассисларни жалб этдик. Улар билан келгуси йил кузигача Ўзбекистон учун мосланган канцер-регистрни ишлаб чиқамиз. Шундагина реал ҳолатни кўришимиз мумкин. Шуни қўшимча қилишим мумкинки, географик кесимда Оролбўйи ҳудудларида қизилўнгач саратони юқори даражада. Аммо, бунинг сабабини аниқлаш учун илмий тадқиқотлар ўтказилмаган, шу боис аниқ омил кўрсата олмайман.

Саратонни даволашга қанча пул керак?

Олдинлари онкологик дорилар билан таъминланганлик 10-15 фоизни ташкил қиларди. Ҳозир онкологик дори воситаларига ажратилаётган бюжет 10,5 миллион АҚШ долларини ташкил қилади. Одамлар миясига ўрнашиб қолган нарсани ўзгартириш жуда қийин. Кўплар наздида: “Саратонга чалиндингми, пулинг бўлмаса, ўлиб кетасан, яшашни истайсанми, пул топ” сингари тушунчалар шаклланиб қолган. Энди даволаниш нархига келадиган бўлсак, “бемордан қанча пул талаб этилади” эмас, балки “I, II ва III, IV босқичдаги беморларни даволашга қанча маблағ сарфланади”, дейиш тўғри бўлади. Мисол учун, тўғри ичак саратонининг босқичларидаги муолажа турлари ва зарур маблағни жадвал кўринишида келтирайлик

Даволаш жараёнидаги қандай амалиётлар давлат томонидан молиялаштирилади?

Онкологиянинг даволаш стандартлари бор ва бу стандартларга кирган ҳар қандай муолажалар давлат томонидан тўлиқ молиялаштирилади. Яъни, улар мутлақо бепул ҳисобланади. I, II тур кимётерапия билан таъминланганлик даражаси 90 фоиз атрофида. Нега 100 фоиз эмас? Бу пул билан боғлиқ муаммо эмас, шунчаки қайсидир ўринда логистиканинг бузилганлиги ҳисобига 10 фоизлик ҳолат юзага келиши мумкин. Яъни, мавжуд дори қаердадир логистик занжир бузилгани учун ўз вақтида етиб келмаслиги эҳтимоли бор. Жарроҳлик амалиётлари тўлиқ қоплаб берилади. Ва ҳозирда 6 та таргет препарати стандартга киритилди, улар ҳам давлат томонидан бепул қоплаб берилади.

Болалар онкологиясининг аҳволи қай даражада?

Минг афсус, айни вақтда канцер-регистр йўқлиги учун аниқ маълумот тақдим эта олмайман. Лекин, бизда ҳам соғайиб кетиш даражаси деярли ривожланган давлатлар кўрсаткичига яқин. Биздаги муаммо бошқа жойда. Биздаги муаммо тиббий психологларнинг йўқлиги ва хоспис институтларининг мавжуд эмаслигида.

Онкопсихология онкологиянинг оғриқли нуқтаси

Бизда таълим психологлари кўп, аммо, тиббий психологлар йўқ эди. Яқинда ТТАда тиббий психология факултети очилди. Эндиликда бу соҳа мутахассислари етишиб чиқишига умид қиламиз.

Саратондан тузалиб кетган бемор яна одатий ҳаёт тарзига қайтиши учун унга руҳий кўмак зарур. Ёки касаллик аниқлангач беморга касали ҳақида қандай хабар бериш ҳам анчайин нозик ва масъулиятли иш. Шу ўринда бизга онкопсихологлар жуда керак. Улар бемор билан суҳбатлашишда, уларга ўз аҳволини тушунтиришда катта ёрдам беради. Бизга нафақат онкопсихологлар, балки ижтимоий ходимлар ҳам зарур. Даволанган беморларда одатий савол пайдо бўлади “Энди нима қилай?”, “Қаерга борай, маҳаллага бориб маълумотнома олайми?”, “Яра, операция ўринларини ким назорат қилиб туради?” каби. Мана шу жараёнларда қандай ҳал қилиш кераклиги ҳақида маълумот бериб, координация қиладиган ижтимоий ходим керак. Улар беморлар, қолаверса, шифокорлар учун ҳам жуда керакли ходимлар ҳисобланади.

Онкологлар ноласи

Муаммоларимиз жуда кўп. Чизиқли тезлаткич онкологиядаги энг самарали техника ҳисобланади. Унинг таннархи тахминан 2 миллион доллар атрофида. Ана шу ускунада ишлайдиган мутахассиснинг ойлиги эса 2 миллион сўм. Ёки жарроҳлик амалиётида сарфланадиган моддий-техник чиқимларга ўртача 10 миллион сўм сарфланади. Бу операцияда ишлаган ходимларга тўланадиган пул жамоа учун 1-2 миллион атрофида бўлади. Тушуняпсизми, бу бир шифокорга 100-200 минг сўмдан тўғри келади, дегани.

Қолаверса, процесларнинг автоматлаштирилмаганлиги ҳам биз учун муаммоли масала. Ташқарида 21-аср, ҳаммаёқ рақамлашган. Биз эса ҳали ҳам битта имзо қўйдириш учун масъул шифокорни ярим соат кутамиз. Қоғозбозлик ҳали ҳам мавжуд ва бу иш унумига салбий таъсир кўрсатади. Бу ҳолат ҳам яна ойлик маошларининг пастлигига бориб тақалади. Бу қадар кам ойлик тўлангани учун ҳам шифокорга нисбатан “Юрса юрибди-да, кутса кутибди-да”, деган фикр шаклланган. Агар ойлик иш ҳақини 50 миллион қилиб қўйганда, ҳозирги ярим соат, бир соат бекор бекор кутишлар давлат учун жудаям қимматга тушарди. Ва биздан тезроқ ва самарлироқ ишлашни талаб этарди. Яқин келажакда шу каби масалаларга ечим топиш зарур деб ўйлайман.

БУ КИМНИ ИШИ?

Дилбар Ҳайдарова – матн

Пўлат Таджимуратов – таҳрир

Гули Ибрагимова – корректура