«Беном» кўргазмаси рассомлари билан суҳбат
Замонавий ранг-тасвир ихлосмандлари учун 24 декабрь куни соат 18:00 да Тошкент Фотосуратлар уйида ёш ижодкорлар кўргазмаси ташкил этилади. Бош қаҳрамонлар, яъни муаллифлар – атиги 3 та. Учала рассом ҳам Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти битирувчилари. Ёшдаги кичик фарқ, турли услублар ва улар шуғулланадиган мавзулардаги фарқга қарамай, рассомларнинг барчасини академик фонда намоён бўлган экспериментал руҳ бирлаштиради.
Хўш, бу кўргазма бошқаларидан нимаси билан фарқ қилади? Ижодкор ундан нималарни кутади? Шу каби саволларга жавоб олиш мақсадида кўргазмадан олдин ижодкорлар билан боғланиб, суҳбат асосида сизга кичик материал тақдим этишга қарор қилдик.
Нега айнан “Беном”?
“Беном”, яъни номсиз деб номланган кўргазма ташкилотчилари уни оқ сатр бўлишини истамоқда. Шу сабабли ҳам айнан бу ном танланган, чунки ҳар бир томошабин қандай ном беришни ўзи ҳал қилиши мумкин. Кўргазмадан мақсад ёш рассомларнинг асарларида айтилган сўзларини кўнгил саҳифаларига кўчиришдан иборат. Чунки айнан сиз ҳис қилган мавжудлик санъат асаридир.
“Санъатда олий ҳақиқат мавжуд эмас” — Йигитали Сатторов
Кўргазманинг бош қаҳрамонларидан бири — Йигитали Сатторов, асосан, сюрреализм, экспрессионизм, абстракция, кубизм каби йўналишларда ижод қилади. Аммо, уни қолиплашмаган ижодкор дейиш мумкин, чунки асарларида бир қанча услублар аралашмасини кўришингиз мумкин. Ижодкорни маълум бир қолипга солиб қўйиш у учун ҳақорат бўлади, деб ҳисоблайди суҳбатдошимиз.

Йигитали Сатторов асари.
“Мен “Коинотга эврилиш” деб номланган асаримни яратиш учун ўз хаёлларим, кечинмаларим билан шиддатли курашдим. Илҳомни бошқариш, уни бир ўзан бўйлаб асарга сингдириш жуда мураккаб жараён. Ҳеч қачон бугун чизишим керак, деган фикр билан қўлимга қалам олмайман. Илҳомни зўрлаб бўлмайди, зўрланса у илҳом бўлмайди. Аввал ғоя пайдо бўлади, у кунлар, баъзан ойлар ва, хаттоки, йиллар давомида мени таъқиб этиб юради ва бир кун чизмасам бўлмайдиган ҳолатга туширади, шунда бир асар туғилади. Ғояни оққа кўчириш техник иш деб ўйлайман, асл машаққат – бу ғоянинг пайдо бўлиши ва сайқалланиб боришида, дейишим мумкин, аммо, буларнинг бари ёлғон! Чунки менинг қандай ижод қилишим, нимани ҳис қилишим фақат мен учун ҳақиқат бўлиши ва томошабин мутлақ бошқа кечинмани туйиши табиий. У учун ўзи англаб етган, ҳис қилган туйғу ҳақиқат, лекин ёлғон ҳақиқат. Қизиқ парадокс. Бироқ, санъатда олий ҳақиқат ёки умумқаъбул қилинган талқин йўсини йўқ. Асл ҳақиқатга, хаттоки, ижодкорнинг ўзи ҳам даъво қилолмайди”, — дейди Йигитали Сатторов.
“Коинотга эврилиш” асаридаги сўроқ ишораси эътиборимизни тортди. Бу орқали ижодкор кимни ёки нималарни сўроққа олгани қизиқ, албатта. Аммо, Йигитали ушбу асарига изоҳ бериш ўрнига жилмайиб қўйди: “Менинг ҳақиқатим сизникига тўғри келмаслиги мумкин, энг ёмони сизникини ўлдириб қўйишида”. Бу жавобдан сўнг таҳлил ва талқинлар муҳокамасига гувоҳ бўлиш учун кўргазма кунини кутишга қарор қилдик.
“ХХI асрда миниатюра қандай бўлиши керак?” — Сардор Эркинов
Сардор Эркинов кутилаётган кўргазмада “Туркистон”, “Паранжи”, “Миниатюра” серияларини тақдим этади. Сардор бу асарларида, одатда, замонавий ранг-тасвирнинг абстракционизм, эксперссионизмнинг бирлашган услубига мурожаат қилган.

Сардор Эркинов асари.
“Бизнинг рассомларнинг асосий катта қисмининг дунёқарши ва ўйловлари бир жойда депсиниб қолгандай туйилади менга. Чунки аксариятининг фикрича, миниатюра ХV асрда ҳам, ХХI асрда ҳам бир хил сақланиб қолиши керак. Нега унинг конструкциясини ўзгартириш, деформация қилиш мумкин эмас?! Асрий санъат намуналаримизни бугунги замонавий ранг-тасвир “тилига” ўгиришга ҳаракат қиламан.”
Рассомнинг бу кўргазмадаги шоҳ асари “Амир Олимхоннинг сўнгги куни” картинаси бўлиши кутилмоқда. Ижодкор бу суратга ўзгача тарзда ёндашган. Буни суратда асосан тўқ ранглардан фойдаланганидан ҳам пайқаш мумкин. Бундай ранглар орқали мудхиш келажак ва синовли онларни сезаётган амир кечинмалари томошабин қалбига кўчиб ўтади. Лекин, негадир амирнинг юзи аниқ тасвирланмаган, худди бугунги замонавий одам хотирасининг бир четида қолиб кетган узуқ-юлуқ тарих саҳифалари каби…
“Асарларимда жумбоқли умид учқунлари бор” — Эрик Кулматов
Эрик Кулматов “Беном” кўргазмасида “Экология” номли туркум асарлар тўпламини тақдим этади. Ва туркумнинг шоҳ асари деб “Орол” картинасини айтиш мумкин.

Эрик Кулматов асари.
“Орол” картинаси бугунги кунда глобал мавзулардан бири бўлиб, бу асарим денгизда юрувчи кемаларнинг қум “тўлқинлари” устидаги фожиасини акс этиради. Кема устида ўтирган боланинг нигоҳи уфқ томон қаратилган. Умумий картина колорити қора рангларда бўлиб, уфқдаги сўнгги қуёш шуъласидаги сариқ ва олов ранг оз бўлса-да умид бахш этади”, — дейди рассом.
«Экология » туркимидан ўрин эгаллаган “Замин дардиʼʼ ва “Эрозияʼʼ каби асарларда ҳам жумбоқли умид учқунига эътибор қаратилган. Яъни, улар Ер фалсафасига асосланиб яратилган картиналардир.
Ижодкор Ер фалсафасини қуйидагича таърифлайди:
“Ер фалсафаси: инсонлар Ерда энг ифлос ишларни бажаради, яъни Ерга ахлат ташлайди, Ерга туфлайди, Ерга қон тўкади ва уни беаёв тепкилайди – бироқ, ердан барибир гул ўсиб чиқаверади”.
Айрим фикр ва асарлари билан бироз бўлса-да танишгач, бу уч айро услубга эга ижодкорнинг картиналарини кўриш истаги туғилган бўлса, 24 декабрь соат 18:00 да Тошкент Фотосуратлар уйига ташриф буюришингиз мумкин. Ранглар жилваланган онда сўзлар унинг тасвирига ожиз бўлиб қолади. Шу сабабли қолган таҳлил ва мулоҳазаларни ранглар оғушидаги ижодий атмосферада давом эттириш маъқул йўл деб ўйлаймиз.
“Беном” кўргазмаси сўнгида бир неча картина аукционга қўйилиши кутилмоқда.