Президент мурожаатномаси. 2023 йилда бизни қандай ўзгаришлар кутяпти?
Куни кеча , 2022 йилнинг 20 декабрь санасида Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга ва Ўзбекистон халқига қилган навбатдаги Мурожаатномаси бўлиб ўтди. Унда анъанавий равишда Президент томонидан турли таклифлар билдирилди ва келгуси режалар баён қилинди. Мурожаатноманинг якунлари билан бўлишамиз.
• Шавкат Мирзиёев 2023 йилни «Инсонга эътибор ва сифатли таълим» йили деб эълон қилишни таклиф қилди;
• Президент Қорақалпоғистон воқеаларига тўхталди. «Қорақалпоғистонда содир бўлган нохуш воқеалар халқимизни қаттиқ қайғуга солди. Худога шукур, кўп миллатли халқимизнинг оқиллиги ва донишмандлиги билан вазият тезда изга тушди. Биз учун ‘Қорақалпоғистон ютуғи – бутун Ўзбекистон ютуғи, Қорақалпоғистон ташвиши – бутун Ўзбекистон ташвишиʼ, деган ғоя ҳамиша амалий ҳаракат дастури бўлиб келган ва бундан кейин ҳам шундай бўлиб қолади!
Бизнинг эзгу мақсадимиз – биргаликдаги меҳнатимиз билан Янги Ўзбекистонда ҳар томонлама ривожланган, обод ва фаровон Янги Қорақалпоғистонни бунёд этишдир.
Асрлар давомида эт ва тирноқ каби бир бўлиб кетган халқларимиз дўстлигига, ҳеч қандай куч таъсир кўрсата олмайди», — дейди Давлатимиз раҳбари.
• Давлат хизматчилари сони босқичма-босқич 25-30 фоизга қисқартирилиб, тежалган маблағлар ижтимоий масалаларни ҳал этишга йўналтирилади.
Шу билан бирга, ҳар бир вазирнинг сиёсий мақоми, президент, парламент ва жамоатчилик олдидаги масъулияти оширилади.
• «Олд́инлари эътибордан четда қолиб, “йўқ бўлиб кетиш” арафасида бўлган соҳаларни “оёққа турғизиш” учун, олти йил давомида янги вазирлик ва идораларни ташкил қилишга тўғри келди. Шундай қилишга мажбур эдик, акс ҳолда ҳозирги ютуқларимиз бўлмасди.
Мактабгача таълим, уй-жой коммунал, маҳаллабай ишлаш, инвестиция, давлат хизматлари, давлат-хусусий шериклик соҳаларида катта натижаларга эришдик», — Шавкат Мирзиёев.
• Шавкат Мирзиёев парламентга мурожаати чоғида Самарқанд ва Наманган шаҳарларини алоҳида маъмурий-ҳудудий бирликларга ажратишни таклиф қилди.
«Самарқанд шаҳри дунё танийдиган мегаполисга, халқаро туризм ва бизнес марказига айланди.
Наманган ҳам саноат, тадбиркорлик, таълим, маданият соҳаларида минтақавий марказ сифатида ўз ўрнини топмоқда.
Шу боис, Самарқанд ва Наманган шаҳарларини алоҳида маъмурий-ҳудудий бирликлар сифатида республика бўйсунувига ўтказишни таклиф қиламан», — Шавкат Мирзиёев.
• «Мактабларда таълим сифати ҳамда жамиятда ўқитувчи касби нуфузини ошириш, шароитларини яхшилаш 2023 йилдаги энг асосий вазифаларимиздан бири бўлади.
Ўқитувчиларнинг мақомини, уларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилишни Конституцияда алоҳида белгилаш зарур, деб ҳисоблайман», — Шавкат Мирзиёев.
• «Йил бошидан Қорақалпоғистон ва Хоразмда 285 минг нафар бошланғич синф ўқувчилари учун бепул овқатланиш йўлга қўйилди. Бу борада етарли тажриба орттирдик.
Энди, келаси ўқув йилидан ушбу амалиёт қолган вилоятлар ва Тошкент шаҳри мактабларида ҳам жорий этилади ва бунинг учун 2,3 триллион сўм ажратилади», — Шавкат Мирзиёев.
• Шавкат Мирзиёев коллеж ва техникумларда касб-ҳунар таълимининг Европа стандартларини жорий этишга ваъда берди.
• Тошкент шаҳри жамоат транспорти тизими учун 1000 та замонавий автобус харид қилинади. Шу йўл билан ҳукумат 500 минг пойтахт аҳолисига кунлик транспортдан фойдаланишда қўшимча қулайликлар яратишни режалаштирмоқда.
Ҳудудларда йўловчи ташиш сифатини ошириш мақсадида яна 1000 та автобус қатнови йўлга қўйилади.
Вазифаларнинг бажарилиш муддати — Наврўзгача.
• Суд тизимида ислоҳотлар кутилмоқда
Режада нималар ўрин олган:
— давлат адвокатларини электрон танлаш тизимини ишга тушириш;
— ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг иш сифатини ошириш тизимини ишлаб чиқиш;
— вилоят судларининг ваколатлари ва адолатли ҳукм чиқариш бўйича масъулиятини кенгайтириш;
— тинтув, телефон суҳбатини эшитиш ва мулкни олиб қўйиш учун санкциялар прокуратурадан судларга ўтказиш;
— мулкни жиноят далили сифатида таснифлаш баҳонасида олиб қўйишни тақиқлаш;
— прокурорларнинг холислиги ва мустақиллиги талабини қонун ҳужжатларида белгилаб қўйиш.
• Охирги икки йил давомида 5 мингга яқин мансабдор шахслар коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарликка тортилди.
«Ўтган икки йилда 5 мингга яқин мансабдор коррупциявий жиноятлар бўйича жавобгарликка тортилди.
Лекин, очиқ айтиш керак, бу – масаланинг сабаби билан эмас, оқибати билан курашиш лозим.
Депутат ва сенаторлар, маҳаллий кенгашлар ҳам бонг уриб, аниқ соҳаларни таҳлил қилиб, коррупцияни бартараф этиш бўйича фаол бўлишлари керак эмасми?», — Шавкат Мирзиёев.
• «Конституцияда табиий ресурсларни, жумладан, сув объектларини муҳофаза қилиш талабларини кучайтириш зарур»
Шавкат Мирзиёев Амударё ҳавзасида “қўшни Афғонистон муваққат ҳукумати ва халқаро ҳамжамият” билан ҳамкорликда янги сув канали қуриш бўйича халқаро андозалар асосида ва барча давлатларнинг манфаатларини ҳисобга олган ҳолда амалий мулоқот бошлашни таклиф қилди.
Бундан ташқари, сувни ҳисобга олишнинг шаффоф тизимини жорий этиш, яқин уч йилда эса 13 мингтагача сув иншоотини рақамлаштириш ваъда қилинди.
Сув ресурсларидан фойдаланишдан тушган солиқнинг бир қисмини ирригация соҳасини ривожлантиришга йўналтириш таклиф этилмоқда.
• Ўзбекистон шимолий ерларининг 100 минг гектаргача бўлган қисми аҳоли ихтиёрига ўтказилади. Шу тариқа, ҳукумат 350 мингга яқин янги деҳқон хўжаликларини ташкил этишни режалаштирмоқда.
Аҳолининг кўплаб ижтимоий муаммолари ҳал қилинади, биринчи навбатда, ишсизлик ва қашшоқликка барҳам берилади.
Ер оқилона ва самарали фойдаланилган тақдирда узайтириш ҳуқуқи билан 10 йил муддатга ижарага берилади.
Тажриба сифатида кластер тизими жорий этилди. Ҳар қандай камчиликлар иш жараёнида бартараф қилинади.
• «Келгуси йилдан, туман ва шаҳарлар мавжуд шароити, салоҳияти ва имкониятларидан келиб чиқиб, 5 тоифага ажратилади. Жумладан, тадбиркорлик учун:
– ҳар томонлама ривожланган 26 та туман 1-тоифага;
– инфратузилмаси яхши бўлган 46 та туман 2-тоифага;
– шароити нисбатан қониқарли бўлган 76 та туман 3-тоифага;
– жозибадорлиги етарли бўлмаган 40 та туман 4-тоифага;
– шароити оғир бўлган 20 та туман 5-тоифага тўғри келади.
Энди, тоифага қараб, туманларнинг иқтисодий ривожланишини белгилаймиз.
Тадбиркорлар учун субсидия, кредитлар ва компенсациялар тоифалардан келиб чиқиб ажратилади. Улар учун, солиқ ставкалари ҳар хил бўлади.»
• «Шу билан бирга, сўнгги олти йилда аҳолимиз 12 фоизга, саноат корхоналари эса 2 баробарга ортиб, 45 мингдан 100 мингтага кўпайди.
Натижада, электр энергиясига талаб камида 35 фоизга ошди ва йилдан-йилга кўпайиб бормоқда.
Иқтисодиётимиз барқарор ривожланиши учун, энергетика соҳасига 25-30 миллиард доллар инвестиция керак.
Бунга фақатгина хусусий инвестицияларни жалб қилиш орқали эришиш мумкин.
Шу боис, сўнгги уч йилда соҳага 8 миллиард долларлик тўғридан-тўғри инвестициялар жалб қилинди.
Жумладан, ўтган ҳафтада Бухоро, Наманган ва Хоразмда қуввати 500 мегаваттли яна 3 та қуёш станцияларини қуриш бўйича танлов якунланди.
Йил бошидан қуввати 1,5 минг мегаваттли 7 та электр станциясини ишга туширдик.
Келаси йилда яна 4,5 минг мегаваттли 11 та йирик лойиҳани якунига етказамиз.»
• «Келаси уч йилда барча давлат ташкилотларида қуёш панеллари ва иссиқ сув коллекторлари ўрнатилади.
Ушбу мақсадларда 2 миллиард доллар миқдорида инвестиция жалб қилинади.
Бунинг ҳисобига, уларнинг 60 фоиз электр ва газ истеъмоли “яшил энергия”га ўтказилади.
Аҳоли хонадонларида эса, қуёш панели ўрнатишга ажратиладиган субсидиялар ҳажми 2 баробарга кўпайтирилади», — Шавкат Мирзиёев.