Skip to main content
жамият

Стереотиплардан холи: “Эркаклар касби” билан аёллар шуғуллана оладими?
Қурилишдаги аёл, олий маълумотли деҳқон қиз ва дзюдо спорти мураббийи билан суҳбат

Жамият ривожлангани сари, ҳар бир инсон унда ўз ўрнига эга бўлиш учун у ёки бу касбни эгаллашга кучлироқ эҳтиёж сеза бошлайди. Баъзан бир нечтасини. Касблар ҳам ўз навбатида турли категорияларга ажралиб боради. Шундай ажралиш нуқталаридан бири бу — “эркакча” ва “аёлларга мос” касбларнинг ажралиш жойидир.

Бугунги мақоламизда журналист Муқаддас Мусаева мавзуга бироз бошқачароқ ёндашган ҳолда, “эркакча” касбларни эгаллаган ва уларда фаолият юритиб келаётган аёллар ҳақида сўз юритади.

***

Жамоат транспортидаги йўловчи манзилига етгунга қадар китоб ўқиб ёки телефонида кино кўриб кетса-ку яхши, атрофдагиларга аҳамият бермайди. Лекин, машғул бўладиган бирор эрмаги бўлмаса, тамом — йўловчиларнинг кийиниш услуби-ю, гаплашаётган суҳбатига ҳаёл кетади.

Аввалига, қулоққа чалинади. Агар мавзу сизга қизиқ бўлса борми…

Айнан шу ҳолат мен билан юз берди. Метродаман. Мусиқа эшитай, десам қулоқчиним қолиб кетган. Китобларим эса хали телефонимга юкланмаган. Метродаги эсколаторда мендан юқорида тушаётган икки йигитнинг суҳбати эътиборимни тортди. Поезд келгунга қадар улардан узоқ кетгим келмади, чунки мавзу қизиқ эди.

Суҳбат мазмуни таҳминан шундай:

Улардан бири манзилига тезроқ етиш учун такси тўхтатган. Не кўз билан кўрсинки, рулда аёл киши ўтирибди. Йигит ҳайдовчига 10 минг таклиф қилган, аёл эса “15 қилинг, олиб кетай” қабилида жавоб қайтарган. Шошиб турган йигит, тезгина кўнақолган.

Йигитнинг айтишича, биринчидан, аёл киши ҳайдовчилик қилаётгани, иккинчидан, бир неча йилдан буён пул йиғиб, ўзи оддийгина Spark ололмаган-у, аёл эса Lacetti миниб олгани, учинчидан, профессионаллардай нарх бўйича “келишуви” уни анча ҳайратга солган. Қолаверса, озгина ғашини ҳам келтирган.

Ўйлаб қолдим. Йигитларнинг ҳайрати қанчалик ўринли? Ёки нега аллақачон табиий кўриниши керак бўлган бу вазият уларнинг ғашига тегмоқда?

Бугунги кунда аёллар иштироки бўлмаган соҳа қолганми ўзи?

Ушбу вазиятни яхшироқ ўрганиш мақсадида, олий маълумотли деҳқон қиз, ўқитувчиликдан таъмир устасига айланган аёл ҳамда 41 ёшли дзюдо спорт устаси билан суҳбат қурдик.

Келинг, энг аввало улар нега ўзларини бу каби “эркаклар учун яратилган” касбларга “ургани”га тўхталамиз.

Соҳибжамол Бозорова. 29 ёш. Олий маълумотли деҳқон

“Қашқададарё вилояти, Талимаржон шаҳрида туғилганман. Оилада беш кишимиз — ота онам ва 3 қиз фарзанд. Ёшлигимиздан дадам бизни мустақил қилиб тарбиялаган. Мактабда ўқиётган вақтим боғда мевалар териб, илк даромадимни топганман”, — дея ўзи ҳақида гап бошлади Соҳибжамол. — Кейин дадам фермер хўжалигини йўлга қўйди. У ерда тарвуз, қовун каби полиз экинлари, пиёз етиштира бошладик. Ҳосилни териб, сотувини ҳам ўзимиз қилардик”.

Уларнинг боғи шаҳарнинг чеккасида бўлгани боис, Соҳибжамол у ерга кўпинча велосипедда қатнаган. Уни кўрган атрофдагилар эса ўғил болага ўхшатишни бошлаган.

Меҳнат билан таълимни тенг олиб борган Соҳибжамол мактаб ва коллежни аъло баҳоларга тамомлайди. Шундан сўнг, Қарши муҳандислик иқтисодиёт институтининг Озиқ-овқат технологияси йўналишига тўлов-контракт асосида қабул қилинади.

“Бироқ, у вақтларда контракт тўлови у ёқда турсин, ўқишга автобусда қатнаш учун ҳам пул йўқ эди — мендан аввал опам ҳам контрактда ўқигани сабабли оиламизда кичик молиявий муаммолар бор эди.

Шу билан бирга, олий таълимдан воз кечишни ҳам хоҳламасдим. Биринчи курсда ҳокимиятдан ёрдам сўрашга мажбур бўлдим. Улар бошланғич тўловим учун маҳалла ҳайрия жамғармасига ажратилган пулдан 2 000 000 сўм беришди. Контрактимнинг қолган уч юз минг сўми учун кундуз куни бошқаларнинг ўрнига пахта теримига бир ой қатнадим. Ўқиш вазифаларини эса кечқурун бажарардим”.

Унинг сўзларига кўра, кейинги курс тўлови ҳам кутилмаганда ноодатий йўл билан хал бўлган — иккинчи ярим йиллик тўлов учун банкга кредит сўраб, мурожаат қилганида Қашқадарё Марказий банки кредитлар ёпилгани муносабати билан ҳеч қандай кафил ва қарз сифатида ҳам эмас, шунчаки контракт тўловини амалга ошириб берган.

Соҳибжамол бакалавриатни тамомлагач, Тошкент кимё-технология институтининг “Озиқ-овқат хавфсизлиги” йўналиши бўйича магистратура босқичига давлат гранти асосида қабул қилинади. Буни қарангки, ўқиш мобайнида Германияда қулупнайчилик бўйича малака ошириб қайтишга ҳам муваффақ бўлади.

“Ҳозирда Тошкент давлат аграр университетининг “Ўрмончилик” факультетида учинчи босқич таянч доктарантиман. Мақсадим — қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини бекам-у кўст дастурхонга етказиш, бу бўйича билимларни чуқур ва мукаммал ўрганиб, ёшларга ҳам ўргатишдан иборат”, — дейди олий маълумотли деҳқон қиз.

Ўн мингдан зиёд аҳоли яшайдиган шаҳарчада кутубхона очаман ва бу биринчиси бўлади

Яширишга хожат йўқ-ки, шаҳар четидаги, вилоятлардаги шароит ўз аҳолисини илмдан кўра кўпроқ меҳнат билан ўралаштириб қўяди. Шунчаки, вазият, ҳаёт тарзи шуни талаб этади.

Бироқ, билимга, ўқиб-ўрганишга чанқоқ одам фақат жисмоний меҳнат билангина чекланиб қолмай, ўзини имконият даражасида ақлий фаолиятга уради, шароит бўлмаса, уни ўзи яратади.

Соҳибжамол ўзининг шаҳарчасида кутубхона яратишга қарор қилган. Ажабланарлиси, шунча аҳоли, шунча эркак-у аёл, ёш-у қари истиқомат қиладиган бу ерда очилажак кутубхона биринчиси бўлар экан.

“Бизнинг шаҳарда ўн мингдан зиёд аҳоли яшайди, лекин бир дона ҳам кутубхона йўқ. Мутасаддиларга айтдим, “Озгина китобларим бор эди, шундан одамлар фойдаланса, кутубхона очсак”, десам хона йўқ экан. Ўзларида ҳам икки мингдан зиёд китоблар бор экан-у кутубхонага жой йўқ экан.

“Кўрамиз! Майли, “мелиса”ларга берилган бирорта хонани сўраб кўрармиз”, дедилар. Ичимда ўйладим, кўпроқ одам ўқиса, “мелисахоналар” камаярмиди. Ҳоким ҳам шуни ўйлар балки. Кутайликчи”, — дейди меҳнат билан катта бўлган, лекин, илмдан чекинмаган Соҳибжамол.

“Кутубхонани имкон қадар тезроқ ташкил этишга ҳаракат қиламан. У албатта бўлиши шарт. Зеро, ёш бўла туриб, боши меҳнатдан чиқмаётган юртдошларимда илм олишга болалигидан қизиқиш уйғонсин. Улар меҳнатдан ортиб, ўқиб-ўрганишга ҳам ҳақли ва лойиқдирлар”, — дея таъкидлайди у.

Унинг фикрича, озиқ овқат ва қишлоқ хўжалиги бутун дунё бўйича долзарб соҳа бўлишига қарамай, Ўзбекистонда бу бўйича иш топиш муаммоли масала. Бу борада Соҳибжамол шундай дейди:

— Ўқишга кирганимда ҳам кўпчиликнинг “Бу қадар куйиб-пишиб ўқишингга арзимайди. Бу ривожланмаган, бўлмағур соҳа”, дея писанд қилмаганини кўрганман.

“Лекин, мен ҳозир ўша “энг беписанд” касб орқали ўзим қўйган барча марраларга эришяпман. Деҳқончилик касбим билан фаҳрланаман! Бир дона уруғнинг ерга қадалиб, тановвулга тайёр емак бўлгунга қадар барча жараённинг бевосита гувоҳи бўлдим. Бу табиат мўжизаси, Яратганнинг инъоми. Шундай экан, нега севмай касбимни?!” — дея суҳбатга якун ясади Соҳибжамол.

Шаҳло Ҳамдамова. 40 ёш. Маълумоти бўйича ўқитувчи

Шаҳло Ҳамдамова ўз соҳасининг етук мутахассиси бўлган.

Касбига аввалдан меҳр қўйган, ўқувчиларининг севимли устози бўлган қаҳрамонимиз ишхонадаги баъзи муаммолар сабаб, уй таъмирлаш ишларига ўтиб кетган. Ҳозирда турмуш ўртоғи билан бирга Россияда фаолият юритмоқда.

“Олий маълумотли она тили ва адабиёт ўқитувчисиман. Ўзимнинг соҳамни олдиндан яхши кўраман. Бироқ, баъзи сабаблар билан орада депрессияга тушиб қолдим. Шундан кейин соҳамни ўзгартиришга қарор қилдим. Ўша вақтлар психологияга қизиқиб, шу йўналишда таълим ҳам олдим. Кейин бирдан ҳаётимни ўзгартиргим келди”, — дейди суҳбатдошимиз.

Шаҳлонинг таъмирлаш ишларига биринчи қадами

Шаҳлонинг турмуш ўртоғи Россияда меҳнат қилган. Авваллари биргаликда у ерга бориб-келиб юришган. Лекин, Шаҳло ўзини ўзи ёмон муҳитдан узоқлаштириш мақсадида Россияга бу сафар бир ёки икки йил муддатга, доимий яшаш учун боришга қарор қилган.

“Россияга бориб, иш қидирдим. Турли таклифларни ўз мезонларимга қараб, саралай бошладим. Бирида ойлик кам, бири менга тўғри келмайди, бошқасига ғурур йўл қўймайди.

Бир куни турмуш ўртоғим билан унинг ишига бордик. У қўл остидаги уч йигитга бошлиқ — биргаликда уй-жойларни таъмирлаш билан шуғилланишарди. Мен уларнинг “йиғ-тер”ларига қарашиб юрардим”, — дейди у.

Шаҳло маълум муддат кузатишлари орқали бу ишдан мўмай даромад топиш мумкинлигига амин бўлади. Шундан кейин ишларни қандай тезлаштириш мумкинлиги ҳақида бош қотириб, режа тузади: “Режамга кўра, фаолиятда менинг ҳам ролим бор эди. Буни эшитган турмуш ўртоғим аввалига қурилиш аёлларнинг иши эмаслигини жиддий тушунтирди. Мен шундоқ ҳам асосий қаҳрамон бўлиш ёки қопларда юк ташиш ниятим йўқлигини унга айтдим”, — дейди қаҳрамонимиз.

“Узоқ муҳокамалар билан режани йўлга қўйишга, ишончли уста ва рус “прораб”ларининг яхши фирмаларини топишга анча вақт кетди. Шундай қилиб, режа бўйича “бригада”ларимиз сони тўртга етди. Даромадимиз ҳам аввалгидан сезиларли ортган. Ишлар анча енгиллашган. Энг муҳими, ўзинг учун сарфлайдиган вақтларингни ўзинг белгилайсан, бошқа биров эмас”, — дейди Шаҳло Ҳамдамова.

Нигора Хидирова. 41 ёшли дзюдо спорти мураббийи

Қозоғистоннинг Чимкент вилоятида туғилиб, ёшлигида Жиззаҳ вилоятига кўчиб келган бу суҳбатдошимиз 13 ёшидан буён спорт билан шуғулланади. Унинг сўзларига кўра, соҳага қизиқиш дугонаси билан бирга Дзюдо спорт тўгарагига ёзилганидан бошланган.

“Ўзим севган спорт тури билан узоқ ва давомли шуғулланиб, чемпионатларда ғолибликни қўлга киритдим. Ютуқларим ёрдамида эса Жиззаҳ давлат педогогика институтининг “Жисмоний маданият” факультетига имтиёз билан қабул қилинганман.

Спорт мен учун нафақат соғломлаштирувчи машғулот, балки болалигимдан буён ажралмас ҳамроҳимга айланган. Дзюдо асосий шуғулланадиган спортим бўлса, эркин кураш ва самбо бўйича ҳам Ўзбекистон чемпионатида қатнашиб, спорт устаси унвонига эришганман”, — дейди спортчи.

Нигора Хидирова ҳозир 41 ёшда. У қарийб 30 йилдан буён дзюдо билан шуғулланса-да, хали бу спортдан зерикканича йўқ: — 28 ёшимдан бугунга қадар дзюдо бўйича мураббийман. Кўплаб ўқувчи-шогирдларим бор. Уларнинг ичидан Ўзбекистон чемпионлари, Осиё чемпионати совриндорлари ва халқаро турнир ғолиблари ҳам чиққан. Яхшиямки, ўша вақтларда атрофдагиларнинг “Қиз бола ҳам шундай спорт билан шуғулланарканми?!”, “Қиз боланинг жойи спорт залдамас!”, деган фикр-қарашларига учиб, тўхтаб қолмаганман. Аям шифокор бўлишимни хоҳлаганлар. Менда ҳам озгина қизиқиш бўлган-у, спортга муҳаббат устунроқ эди”, — дейди Нигора.

У ўз вақтида ташқаридаги гап-сўзлар кетидан хоҳишларига, қизиқишларига, бир сўз билан айтганда ўзига қарши бормагани учун ҳам бугун ўзи тасаввур қилган ҳаётда яшаётганини, ўтаётган кунларидан мамнун ва хотиржам эканини таъкидлайди: “Асосийси, машғулотларим ўзимга ёқарди. Натижаларидан хурсанд бўлардим. Бахтимга ота-онам ҳам мени қўллаб-қувватлаган. Фақат турли вилоятлардаги йиғилиш, мусобақа ёки машғулотлар сабаб уйда кам бўлишим отамга унчалик ёқмасди. Қолган барчасидан уларнинг кўнгли тўқ эди”, — дейди спорт устаси.

Юқорида келтирилган уч аёл кўпчиликнинг тасаввурида “Эркакларга мўжалланган фаолият” билан шуғулланади. Айнан шунинг учун ҳам ҳозир улар бутун ҳаётидан ўта мамнун.

Қаҳрамонлар мисолида айтиш мумкинки, аёлларга ишонч билдирилса, ўзи танлаган, келажагини кўра олган соҳада ўсиб-ривожланишига қўйиб берилса, ёрдам эмас, ҳеч бўлмаганда ҳалал берилмаса, улар кўзлангандан-да юқорироқ натижаларга эришиши, аввалига оила бюджетига, кейин ёш авлод келажагига, бора-бора ватан равнақига етарли хисса қўшиши мумкин.

БУ КИМНИ ИШИ?

Муаллиф — Муқаддас Мусаева

Таҳрир — Дилбар Ҳайдарова

Корректура — Гули Ибрагимова

Суратлар — Борис Жуковский