Skip to main content
ҳуқуқ

Ҳуқуқий нигилизм – жамият синдроми

Ўтиш давридаги жамиятларнинг кўри учун хос бўлган иллатлардан бири – ҳуқуқий нигилизм, яъни қонунларни менсимаслик, уларни инкор этиш ва уларга бўйсунмаслик. Мақолада ҳуқуқшунос Ноила Нурмаматова ҳуқуқий нигилизм, унинг келиб чиқиши, сабаблари ва оқибатлари тўғрисида сўз юритади.

Сиз табиатга зиён етказасизми? Сиз солиқларни ўз вақтида тўламайсизми? Сиз йўлнинг белгиланмаган қисмидан кесиб ўтасизми? Сиз машинани катта тезликда ҳайдайсизми? Сиз пора оласизми? Сиз пора берасизми?..

Жавобингиз “Ҳа” бўлса, демакки, сиз  – ҳуқуқий нигилистсиз!

Нигилизм нима?

Бу термин ўрта асрларда баъзи бидъатчиларга нисбатан қўлланилган эски атамадир. Рус адабиётида нигилизм, эҳтимол, биринчи марта Н.И. Надеждин томонидан 1829 йилда “Европа хабарчиси” газетасидаги мақоласида Aлександр Пушкинга нисбатан қўлланилган. Надеждин 1858 йилда нигилизмни скептицизм билан тенглаштирган. Нигилизмни инқилобнинг синоними сифатида талқин қилган таниқли консерватив журналист Михаил Никифорович Катков барча ахлоқий тамойилларни инкор этгани учун уни ижтимоий таҳдид сифатида кўрсатган. Бундан ташқари,  Иван Тургенев ўзининг машҳур “Оталар ва болалар” (1862) романида бу атамани нигилист Базаров образи орқали оммалаштирган. Охир-оқибат, 1860-70-йилларнинг нигилистлари урф-одатлар ва ижтимоий тузумга қарши исён кўтарган, тартибсиз, итоатсиз одамлар деб ҳисобланган. Кейинчалик нигилизм фалсафаси нотўғри равишда Aлександр II нинг ўлими (1881) ва ўша пайтда абсолютизмга қарши яширин ташкилотларда фаол бўлганлар томонидан қўлланилган сиёсий террор билан боғлана бошлади.

Нигилизм Ф.Ницше ғояларида янада ривожланиб боради. Унинг фикрларида Ғарб жамиятида анъанавий ахлоқнинг парчаланишини кўриш мумкин. Ницше таъкидлашича, “Худо ўлган”. Унинг фикр-мулоҳазалари дунёнинг Худосиз қолиши ва бу орқали адолатсизликлар кўпайиши, инсоннинг дунё қийинчиликларига чидаб яшаши, Худонинг ўлими бир тарафдан даҳшатли бўлсада, иккинчи тьарафдан эркинлик бериши билан боғлиқ бўлган.

20-асрда нигилизм турли хил фалсафий ва эстетик позицияларни ўз ичига олди, улар у ёки бу маънода чинакам ахлоқий ҳақиқатлар ёки қадриятлар мавжудлигини инкор этиб, билим ёки алоқа имкониятларини рад етишади ҳамда ҳаётнинг маъносизлиги ёки мақсадсизлиги тўғрисидаги ғояларни илгари суришади.

“Нигилизм - гипертрофия, маълум қадриятлар ва тамойилларда аниқ ифодаланган шубҳалар билан тавсифланади. Шу билан бирга, унинг манзарасини кўрсатишда кўпинча ахлоқсиз ижтимоий хулқ-атвор, ахлоқий ва ҳуқуқий меъёрларни бузиш, тарихий анъаналар ва урф-одатларни бузиш билан чегараланган энг ёмон ҳаракат усуллари танланади”
Н.М.Добринин

Ҳуқуқий нигилизм (лотинча nihil – ҳеч нарса, ҳеч нарса) – ижтимоий онгнинг элементи бўлиб, эътиборсизлик ва ҳуқуқ субъектларининг амалдаги ҳуқуқ нормаларини менсимаслиги, уларга нисбатан ҳурматсизлик муносабатида бўлиши ёки инкор қилиши.

Ҳуқуқий нигилизмнинг сабаблари

Ҳуқуқий нигилизмнинг сабаблари қуйидагилар:

– жамият томонидан қонунга бўлган талабнинг йўқлиги, яъни жамиятнинг қонунсиз яшашга интилиши;

– жамоатчилик билан  муносабатларда расмий қонунчиликнинг қарама-қаршилиги;

– ҳуқуқий саводсизлик ва аҳолининг кўпчилигининг ҳуқуқий ёмон хулқ-атвори;

– қонунлар ва давлат институтлари амалда ишламаслиги ёки уларнинг фаолиятини рад этиш.

Иккинчи томондан фуқароларда кузатиладиган ҳуқуқий нигилизмга ташқи омиллар таъсир кўрсатади. Жумладан, нигилизм барча даражадаги раҳбарларнинг сиёсатпарастлиги ва беадаб популизми, мансаб ҳамда амбициялар кураши каби замонавий кун воқелиги билан қувватланади. Замонавий бюрократиянинг инсоний нафси ва ҳокимиятга бўлган иштиёқи, амалдорларнинг лаёқатсизлиги ва бошқа бир қатор сабаблар ўзларини эълон қилишга имкон беради.

 

Ҳуқуқий нигилизмнинг турлари

Ҳуқуқий нигилизм пассив ҳамда актив кўринишларда намоён бўлади. Ҳуқуқий нигилизмнинг пассив кўриниши ҳуқуққа нисбатан бефарқлик, лоқайд муносабатда бўлиш, унинг жамиятда тутган ўрнига етарлича баҳо бермасликда намоён бўлади. Мисол учун, светофорнинг қизил чироғида ҳам йўлни кесиб ўтиш, дарахтларни кесиш, кўчага ахлат тўкиш. Бундан ташқари, ижтимоий пассивликнинг ҳуқуқий нигилизмни ифодалаш шакллари ижтимоий касалликлар, гиёҳвандлик ва алкоголизмнинг ривожланиши, жиноятларнинг кўпайиши, ахлоқ бузилиши, ўз жонига қасд қилишлар сонининг кўпайиши билан белгиланади.
Актив ҳуқуқий нигилизмда субъект ҳуқуқ билан фаол муносабатда бўлади ҳамда унинг жамиятда тутган ўрни ва аҳамиятидан бохабар бўлган ҳолда ўз манфаатлари йўлида ҳуқуққа қарши ҳаракат олиб боради. Масалан, давлат ҳокимияти органи ҳодимларининг коррупция билан шуғулланишини оладиган бўлсак, мансабдор шахс ўзининг ноқонуний ҳаракати ҳуқуққа зидлигини била туриб, ҳуқуққа қарши ҳаракат амалга оширади ва пора олади. Шунингдек, суд жараёнларида ҳам судьялар томонидан нигилистик ҳаракатлар амалга оширилиши мумкин. Яъни, судланувчининг прокурор томонидан сиқувга олиниб, айбни тўғридан тўғри тан олишга йўналтирувчи саволлар берилиши, гувоҳларнинг эшитилмаслиги, судда қатнашувчилар билан судья ёки прокурорнинг ўзаро танишлиги ҳуқуқнинг мансабдор шахс томонидан рад этилиб нигилистик ҳаракат содир этилишига олиб келади.

 

Коронавирус пандемияси давридаги ҳуқуқий нигилизм

2020 йил 15 мартда аниқланган коронавирус билан боғлиқ ҳолатлар туфайли Ўзбекистонда ўрнатилган карантин даврида аҳоли томонидан содир этилган ҳуқуқбузарликлар ҳуқуқий нигилизмнинг ёрқин мисол бўла олади. Нигилистик ҳаракатлар карантин тадбирларига беписанд муносабатда бўлган ҳолда, ниқобсиз юриш, тақиқланган вақтда қўчага чиқиш, карантин қоидаларига амал қилмаслик каби ҳолатларда ўз аксини топган. Карантин эълон қилинган дастлабки ойнинг ўзидаёқ фуқаролар томонидан 63 882 та ҳуқуқбузарлик ҳолати аниқланган.

 

Халқаро ҳуқуқий нигилизмга мисоллар

Бир неча ойлардан бери давом этиб келаётган Россиянинг Украинага қарши уруши ҳам халқаро ҳуқуқий нигилизмга яққол мисол бўла олади. Сабаби, Россия халқаро доирада тан олинган Хелсинки пинципларига, яъни куч ишлатмаслик, куч билан таҳдид қилмаслик, чегаралар даҳлсизлигига зид тарзда мустақил давлатнинг ҳудудига бостириб кирди. Халқаро Гаага суди томонидан Россиянинг  босқинчилик ҳаракатларини тугатиш тўғрисидаги қарори ҳам ушбу давлат томонидан эътиборсиз қолдирилди. Айни пайтда, ушбу ҳаракат халқаро ҳуқуқнинг тенг ҳуқуқли субъекти сифатида менсимаслик саналади.

Шунингдек, баъзи сиёсатшунос олимлар (Jan Nederveen Pieterse, Michael D. Giardina, Norman K. Denzin) АҚШ томонидан юритиладиган сиёсатнинг ҳуқуқ устуворлигига эмас, балки куч устуворлигига таянган ҳолда олиб борилишини таъкидлашади ва ушбу давлатни халқаро ҳуқуқ нормаларини ўз манфаатлари йўлида бузувчи деб эътироф этишади.

Ҳуқуқий нигилизмга қарши жавобгарлик борми?

Жавобгарлик ҳуқуқий нигилизмнинг қандай кўринишда юзага чиқиши билан боғлик. Мисол учун, агар актив ҳуқуқий нигилизм бўлса, яъни мансабдор шахс томонидан мансаб вазифаси суиистеъмол қилинса (пора олса, давлат мулкини ўзлаштирса ва ҳ.), унга нисбатан жиноий жавобгарлик қўлланилади. Агарда, пассив ҳуқуқий нигилизм бўлса, шахс томонидан содир этилаётган ҳаракатга қараб баҳо берилади. Масалан, йўлнинг белгиланмаган қисмидан пиёданинг кесиб ўтиши. Бу ҳолат аслида маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳисобланади ва маъмурий баённома расмийлаштирилишига олиб келади. Аммо, кўпгина ҳолатларда ушбу ҳуқуқбузарликни содир этган шахсга нисбатан жавобгарлик қўлланмайди. Албатта, бу қонуннинг ишламаслигидан далолат беради.

Бугунги кундаги долзарб масалалардан бири бўлган дарахтларнинг ноқонуний кесилиши қонунлардаги тақиқ ва жавобгарликка қарамасдан ҳам фуқаролар томонидан, ҳам мутасадди шахслар томонидан бузилиб келмоқда. Айнан, ушбу ҳолатда ҳуқуқий нигилизмнинг аралаш яъни пассив ва актив кўринишига гувоҳ бўлиш мумкин.

Ҳуқуқий нигилизмга қарши курашиш учун нима қилиш керак?

Ҳуқуқ ва қонунга бўлган қарашларнинг ижобий томонга ўзгариши ўз-ўзидан ҳуқуқий нигилизмнинг йўқолишига олиб келади. Бунга эришиш учун эса биринчи навбатда амалдаги қонунлар ишлаши керак. Иккинчидан, аҳолининг ҳуқуқий билими оширилиши зарур. Бу билан ҳар бир шахсда ҳуқуқий онг шаклланади. Ўз навбатида бу ҳар бир шахснинг атрофида содир бўлаётган воқеаларга ҳуқуқий муносабатини, қарашини, шахсий баҳо беришини пайдо қилади. Шахсий фикрга ва ҳуқуқий билимга эга бўлган шахс эса нигилистик ҳаракатларга мойил бўлмайди.

 

БУ КИМНИНГ ИШИ?

муаллиф — Ноила Нурмаматова

таҳрир — Дилбар Ҳайдарова

корректура — Гули Ибрагимова

суратлар — Борис Жуковский