Skip to main content
оила

“Калтакланган эр синдроми” ёхуд эркакларга нисбатан зўравонлик қай даражада жиддий?

Болалар ва аёлларга нисбатан зўравонлик мавзусига бундан аввалги мақолаларимизда тўхталган эдик. Бу гал эса ноодатий зўравонлик ҳақида сўз юритамиз. Ўтмишга қарасак, эркакларга барча зўравонликларнинг ягона сабабчиси бўлмиш бош зўравон сифатида қараш инсоният онгига сингиб келган. Аслида-чи? Ростдан ҳам эркаклар содир этадиган зўравонликларнинг умумий ҳисобдаги улуши анчагина катта ва оқибатлари ҳам жиддий. Аммо, сўнгги ўттиз йилликдаги изланишлар шуни тасдиқламоқдаки, эркакларга нисбатан зўравонликлар жаҳон ҳамжамияти эътиборидан четда қолган ва бир қатор халқаро ижтимоий ташкилотларнинг таъкидлашларича, бугунги кунда у ҳолат жиддий эътиборга муҳтож.

Одамзод бугунги кунда ҳам патриархал тузумда яшамоқда, айни шу сабабдан, қолаверса, эркакнинг ижтимоий мавқейи, аёлга нисбатан жисмонан кучлилиги каби умумий қарашлар фонида аёл томонидан содир этилган зўравонликларда уларнинг ўз эрлари ёки бошқа эркаклар жабрланувчи ролида бўлиши дастлаб бирмунча ғалати, ҳатто кулгили туюлади. Мана бу ҳисоботга ишонадиган бўлсак, Британияда 2007-2008 йилларда оиладаги зўравонликлар қурбонларининг 45.5 фоизини эркаклар ташкил этган (албатта, бундан мана шунча зўравонликнинг барчаси аёл томонидан содир этилади, деган тассаввур пайдо бўлмаслиги керак). Ҳатто, эркакнингоиладаги ва жамиятдаги ҳукмронлиги қаттиқ таъкидланадиган, аёлнинг эркакка нисбатан зўравонлиги қонун томонидан тан олинмайдиган Ҳиндистонда ҳам ҳайрон қоларли натижалар олинган. 2019-йилда Ҳиндистоннинг Харяна қишлоғида 21-49 ёш оралиғидаги 1000 нафар эркак орасида тадқиқот ўтказилди. Респондентларнинг 51.6 фоизи ҳиссий зўравонликни, 6 фоизи эса жисмоний зўравонликни бошдан кечиришгани аниқланган.

“Калтакланган эр синдроми”

Эркакни супурги билан ураётган аёл. Калкутта, 1875-йил

Манба: commons.wikimedia.org

Гарчи социолог Штраус бир неча йил олдинроқ оилада аёллар ва эркакларнинг зўравонлиги ҳақидаги тадқиқотлар натижасида бир неча солиштирма ҳисоботлар эълон қилган бўлса-да, ушбу тушунча 1977 йилда Сюзанна Штайнметс томонидан биринчи марта ишлатилган. У ўз мақоласида бу атамани аввалдан мавжуд бўлган “урилган хотинлар синдроми” билан бирга қўллаган. Штайнметс ўша пайтдаги бир неча эмпирик маълумотларга таяниб, оиладаги зўравонликларнинг катта қисми аёлларга эмас эркакларга нисбатан содир этилади, деган хулосага келади ва ушбу масалага бағишланган 11 саҳифалик мақоласини 1978 йилда Виcтимологй журналида чоп эттиради. Мақолада тилга олинган 54 жуфтликда ўтказилган тадқиқот натижаларига кўра, 47 фоиз эркаклар ва 43 фоиз аёллар ўз жуфтлари томонидан содир этилган зўравонликдан жабрланган. Шундан сўнг оиладаги зўравонликни тадқиқ этувчи олимлар орасида жуда катта шов-шув кўтарилади. Чунки шу пайтгача маиший зўравонлик ҳақида гап кетганда, жаҳон социолог ва психологлари, умуман ижтимоий соҳа вакиллари кўз олдида эркак жинси золим сифатида гавдаланган, муштипар ҳамда бечора аёлга эса доимо ситамгар ва ожиз қурбон сифатида қараб келинган. Сюзанна эълон қилган ҳисоботга нисбатан бир қанча танқидий мақолалар чоп этилди. Бу мақолаларда асосан Сюзанна таянаётган тадқиқот соф ва мақбул усуллар билан ўтказилгани шубҳа остига олинади. Сюзанна эса ўз мақоласида эркакларга нисбатан зўравонликларнинг оғирлиги ва жиддийлигига эмас, балки уларнинг сонига асосий урғуни берган эди. Бундан ташқари, танқидларнинг бирида ушбу тадқиқотда калтаклаш хоҳиши ва ҳақиқатда калтаклаш бир ҳисобга киритилгани қайд этилади. Айни феминизм кучайиб бораётган даврда бундай социологик тўнтариш ҳосил қилган ҳисобот шунчалик қаршилик ва тажовузга учрайдики, Сюзанна билан бирга тадқиқотларда қатнашган олимлардан бири ҳаттоки уларга суиқасд билан таҳдид қилишганини айтиб ўтган, қолаверса, кейинчалик тадқиқот бош олими Штайнметсни олийгоҳдаги эгаллаб турган лавозимидан озод қилиш сўралган кўплаб мурожаатлар қабул қилинганлигини, адвокатлар ва феминистик ташкилотлар ўз ёзувларида уларинг олдинги тадқиқотларига тегишли бўлган далиллардан фойдаланишгани, аммо уларнинг исми бирор жойда тилга олинмаганини эслайди.

Эркаклар жамиятдаги стереотиплар қурбоними?

Сюзанна ўз мақоласида нега эркакларга нисбатан оиладаги зўравонликка жамоатчилик кам эътибор беришига ва назардан четда қолдиришига бир қанча сабабларни келтиради:
– зўравонлик қурбони бўлган аксарият эркаклар буни ошкор қилишни уятли ҳол деб ҳисоблайди;
– ушбу муаммо мавзусида алоҳида терминалогия мавжуд эмас;
– ушбу масаладаги маълумотлар ўрганиш учун етарли эмас;
– калтакланган эр мавзуси жамоатчилик учун етарлича ойдинлашмаган.
Аёлларга нисбатан зўравонлик, умуман, оиладаги зўравонлик ўрганила бошланган, аёл ҳуқуқларининг поймол этилишига жиддий қаршиликлар бошланган даврданоқ одамлар тасаввурида оиладаги ягона ва қаттиқ зўравон сифатидаги ҳукмрон эр тимсоли шакллана бошлайди. Эрнинг золимлиги, ожиза аёл томонидан унга нисбатан зўравонлик қилиниши имконсизлиги бот-бот такрорланган. Ҳақиқатдан ҳам дунё миқиёсида олиб қараганда, эркаклар оилада етакчи ролни эгаллайди. Дарҳақиқат, дунёнинг турли чеккаларида аёлларнинг жисмоний ва руҳий жабрланишида эркакларнинг ҳиссаси катта, аммо, бундай қарашларнинг универсаллаштирилиши реал ҳолатга баҳо беришда бизни чалғитиши мумкин. Штрауснинг таъкидлашича, оилада эркаклар билан бир қаторда аёлларнинг ҳам зўравонликка қўл уриш эҳтимоли ва имконияти бор. Девид Томас ўзининг “Not guilty: The case in defense of men” (“Айбдор эмас: эркакни ҳимоя қилишдаги амалиёт”) китобида шундай дейди: “У (хотин) бир неча бор жанжал бошлаган, кейин уни (эрини) тажовузда айблаб полиция чақирган. Полициячилар аслида жабрланувчи эр эканига ишонишмади”. Британиядаги “Парите” компанияси ҳам тадқиқотларга асосланиб, полиция томонидан жабрланган эркаклар жиддий қабул қилинмаслиги ҳолатларини эътиборга олган. Компания ҳисоботида, шунингдек Британия Ички ишлар вазирлигининг статистик бюллетенларига асосланган ҳолда, сўнгги 12 ойда аёлларнинг 6 фоизи ва эркакларнинг 4 фоизи оилада зўравонликни бир марта бўлса-да бошдан кечиришганини қайд этган.

Бир қанча танқидчилар оилада аёллар томонидан содир этилган зўравонликлар жавоб чораси ва ёки ўзини ҳимоя қилишга уриниш оқибатида юз беришини таъкидлашади. Бу фикр баъзи тадқиқотларда ўзини маълум даражада оқлайди. Масалан, АҚШда 1998 йилда 1635 нафар жуфтлик ўртасида ўтказилган сўровнома натижаларига кўра зўравонликларнинг 21,48 фоизи ўзаро содир этилган, фақат аёл томонидан содир этилган зўравонлик натижасида жабрланган эркаклар 18,21 фоизни ташкил этган. Бу борада Штрауснинг 2006 йилда ўтказилган тадқиқот натижаларига асосланган ҳолда, аёллар зўравонлик содир этишига олиб келадиган бир қатор психологик сабабларни, хусусан, антисоциал ва чегаравий шахсият бузилишлари, депрессия, гиёҳванд моддалар таъсири, стресс, ўзаро муносабатдаги муаммоларни келтиради. Шунингдек, Штраус зўравонликка ундовчи омиллар сифтида рашк, шубҳа ва эр устидан назоратни ўрнатишга интилиш кабиларни кўрсатади. Одатда, бундай мотивлар ортидан эрнинг даромадини назорат қилиш, унинг шахсий мол-мулки ва буюмларига эгалик қилишга уриниш, таъқиб қилиш, уйдан ташқаридаги ҳаракатларини кузатиш, каби ҳолатлар келиб чиқади. Бошқа томондан, баъзи бир социологларнинг таъкидлашларича, эркакнинг жисмонан заифлиги ва / ёки ногиронлиги уларнинг зўравонлик қурбони бўлишларига замин яратади. Бу гапда жон борга ўхшайди, мана бу тадқиқотда ногиронлиги бўлган ва соғлом эркакларнинг мос равишда 8,8 фоиз ва 6 фоизи оилада жинсий зўравонликни бошдан кечиришган.

Ижтимоий мавқе призмасидан қараганда, аёл ва эркак ўртасида улкан жарлик мавжуд бўлган Шарқ мамлакатларида ўз хотинидан калтак еган эркак воқеалари аксариятда кулги билан қарши олинади. Чунки эркак кучлироқ, кескинроқ ва устунроқ. Аёлга нисбатан зўравонлик одатий ҳол сифатида қабул қилиниши мумкин, аммо гап мазлум эр ҳақида кетганда, реал ҳолатга адекват муносабат эмас, балки, жамият тафаккурига сингиб кетган қарашлар кўзга ташланади. Ғарб мамлакатлари аҳолиси эса бундай масалага ишонсизлик билан қарайди. Шу важдан олиб қараганда, эркакларнинг жабрланганини кўрсатувчи статисткалар ҳақиқий ҳолатни бизга намоён қилмаслиги мумкин.

Ўзбекистондаги ҳолат

Бизда ҳам, қолган аксарият Осиё давлатлари сингари, эркакнинг аёл томонидан содир этилган зўравонлик (айниқса, жисмоний ва жинсий зўравонлик) қурбони бўлиши қаттиқ уятли ҳолат ҳисобланади. Бундай эркак кейинчалик атрофдагилар томонидан масхара қилиниши, баъзи ҳолларда ажратиб қўйилиши мумкин. Бизда, ҳатто, эркак қурбонга ишониш ҳам анча қийин кечади. Бироқ, статистикага таянадиган бўлсак, 2019 йилда номусга тегиш ва номусга тегишга уриниш жиноятини 1,9 фоизи аёллар томонидан содир этилган, бу кўрсаткич 2021 йилда 1,2 фоизга тушган. Аммо, бир шубҳали ҳолатни учратиш мумкин. Мана шу келтирилган икки йил ўртасидаги 2020 йилда кўрсаткич 0 га тенг. Бу ҳолатни ҳам балки, биз юқорида таъкидлаган жамиятдаги стигмалар билан изоҳлаш мумкиндир. 

Ушбу масалага оид ҳужжатларни кўздан кечирганда, бир ғалати ҳолатни учратиш мумкин. Ўзбекистон Жиноят кодексининг 118-моддасида номусга текканлик учун жавобгарлик белгиланган, аммо на ҳуқуқбузар, на жабрланувчи шахсининг жинсига аниқлик киритилмаган, бундан аёнки, кодексдаги ушбу норма ишлаши учун жинс аҳамиятга эга эмас. Биз юқорида келтирган статистикада ҳам бунга амин бўлиш мумкин. Аммо, Олий суд Пленумининг “Номусга тегиш ва жинсий эҳтиёжни ғайритабиий усулда қондиришга доир ишлар бўйича суд амалиёти тўғрисида”ги  қарори 2-бандида шундай дейилади: 

“Номусга тегиш деганда (ЖК 118-моддаси), аёл жинсидаги шахс билан унинг эркига қарши ёки эркидан ташқари зўрлик ишлатиб, қўрқитиб (бундан буён матнда – таҳдид этиб) ёхуд жабрланувчининг ожизлигидан фойдаланиб, табиий усулда жиснсий алоқа қилиш тушунилиши лозим”. 

Албатта, Ўзбекистон Республикасининг “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги Қонунига кўра, Пленум қарори норматив-ҳуқуқий ҳужжат ҳисобланмайди, аммо ушбу ҳужжатдан судлар ўз фаолиятларида фойдаланишлари лозим. Нормалардаги бундай қарама-қаршилик қандай юзага келгани бизга маълум эмас, лекин худди шу ўринда жамиятдаги умумий қабул қилинган яна бир қарашларни ёдга олиш мумкин.

 

Умуман олганда, оиладаги зўравонлик жаҳон ижтимоий ҳамжамияти қаршисида турган энг катта муаммолардан биридир. Ушбу масалада аёл ҳуқуқларига жиддий эътибор қаратиш тўғри, аммо бир ёқлама тадқиқотлар ва таҳлиллар ёрдамида муаммони кескин камайтиришга эришиш мураккаб иш. Адолат ва тенглик ҳақидаги ҳайқириқлар йилдан йилга кучайиб бормоқда, оила эса икки ёки ундан кўпроқ шахслардан ташкил топишини ҳисобга олсак, барча томонларнинг манфаатлари бирдай ҳимоя қилиниши керак.

БУ КИМНИНГ ИШИ?

Жавоҳир Эргашев — матн

Дилбар Ҳайдарова — таҳрир

Гули Ибрагимова – корректура