Ўзбекистонда имо-ишора тиллари
Мулоқот – одамнинг муҳим эҳтиёжларидан бири. У бизга юксакликларни забт этишимиз учун қанот вазифасини ўтаб беради. Коммуникациянинг ўзи эса одатда сўз билан амалга оширилади. Хўш, сўз ўйиндан ташқар ҳолатда бўлсачи? АҚШ нинг соғлом фуқароси ўзининг эшитиш имкониятидан маҳрум ватандоши билан бўлажак сайловни қандай муҳокама қила олади? Европалик савдогар европа тилларини билмайдиган маҳаллий аҳоли вакиллари билан қандай муваффақиятли савдо қила оларди? Ҳиндулар ов пайти овоз чиқармасдан ўлжа яқинлашаётганлиги ҳақида бир-бирларини қандай хабардор қила олишарди?
Юқоридаги ҳолатларнинг ҳар бири қайсидир даражада имо-ишоралар тилларини тақозо этади. Қуйироқдаги саволлар жавоби ҳам айнан шу сўзда. Бугун биз имо-ишора тиллари ва уларга алоқадор ҳолатлар ҳақида Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек тумани халқ таълими бўлими тасарруфидаги алоҳида таълимга эҳтиёжлари бўлган болалар учун ихтисослаштирилган 101-сонли мактаб интернати эшитиш хонасининг мудираси Каримова Эльмира Асроровна билан бўлган суҳбатимиздаги муҳим ва қизиқарли маълумотларни сиз билан бўлишишга қарор қилдик.
Имо-ишора тилларининг “яратилиши”
Имо-ишора тиллари турли даврларда турфа ҳудудларда турлича шаклланган. 1951-йилда бутунжаҳон Карлар федерацияси (БКФ, World Federation of the Deaf) пайдо бўлди. Ўша пайтдаги Биринчи карлар конгресси иштирокчилари халқаро тадбирлардаги мулоқот тилини стандартлаштиришга қарор қилишади. Бундай умумий имо-ишора тилига талаб пайдо бўлишига асосий сабаблардан бири — турли мамлакатлардаги имконияти чекланган инсонлар бир-бирларини тушунишига бўлган заруратдир. Бу уларга бир-бирлари билан осонроқ ва самаралироқ мулоқот қилиш, билим ва тажрибаларни алмашиш учун керак бўлган. Ҳозирда турли мамлакатларда улар томонидан қабул қилинган имо-ишора тиллари мавжуд. Шунингдек, ҳамма учун умумий бўлган ҳалқаро тан олинган имо-ишора тили ҳам мавжуд. Шу билан бирга МДҲ ҳам ўз имо-ишора тилига эга.
Ўзбекистонда қандай?
Имо-ишора тили имконияти чекланганлар учун асосий билим олиш ва мулоқот ўрнатиш воситаси. Ўзбекистондаги махсус мактаб-интернатларда имконияти чекланган болаларга бу тил ёшлигидан ўргатилади. Қайд этиш керак, бундай мактаблар ўқувчи учун асосий мулоқот майдонига айланади, чунки соғлом ота-оналар одатда имо-ишора тилини у қадар муфассал ўзлаштиришмаган бўлишади.
Тошкент шаҳрида эшитишда нуқсони борлар учун мактаб-интернатлар сони учта бўлиб улар иккига бўлинади: карлар учун ва заиф эшитувчилар учун. Карлар учун имо-ишора тили асосий ҳисобланади. Бу тил таълимида Ўзбекистонда Карлар жамияти томонидан қабул қилинган барча учун умумий бўлган дарсликлардан фойдаланилади. Бу китоблар ёрдамида болаларга тилнинг базавий тушунчаларидан бошлаб ўргатилади. Имо-ишора нутқи оддий мактабларда ўтиладиган фанларни ҳам қамраб олади ва уларни ўрганишда асос бўлиб хизмат қилади.
Мактаблар нимани ўргатади?
Биздаги махсус мактаб-интернатларда ўзбек имо-ишора тили ва у билан биргаликда қисман бўлсада умумий тан олинган тил элементлари ҳам ўқитилади. Тил ўргатишда мавзулар турли тематикаларга бўлиади. Масалан, бир дарс ўсимликларга бағишланса, иккинчиси транспорт ҳақида бўлиши мумкин.
Таълим муассасаларида имо-ишора нутқидан ҳар қадамда фойдаланишга ҳаракат қилинади. Ошхонада, сайр қилганда ёки турли ўйинлар пайтида. Мактаб-интернат ўқувчиларни фақат имо-ишора нутқига эмас, балки гапиришга ҳам қисман ўргатади. Чунки эшитиш қобилияти ҳамма болаларда ҳар хил бўлади. Кимдадир бу юқори, кимдадир пастроқ бўлиши мумкин. Шу сабабли интернат ўқувчиларига эшитиш аппаратлари ҳам берилади. Сабаби, аксар болаларда қисман бўлса ҳам эшитиш қолдиғи бўлади. Бу кўникмани ривожлантира олиш болага кейинчалик оддий мактабларда, эшитишда нуқсони бўлмаган тенгдошлари билан ўқиш имконини бериши мумкин. Бундай ҳолатлар ҳозирда тажрибада кўплаб кузатилади.
Шунингдек, болаларга энг кичик синфлардан бошлаб дактиль алифбоси ҳам ўргатилади. Бу алифбо қўл ҳаракатлари ёрдамида ҳарфларни ифода этишни кўзда тутади. Дактиль алифбоси ёрдамида ҳамма нарсани ҳам тушунтириб бериш қийин. Бунақа мураккаб нарсалар ва тушунчалар эса, кўп учрайди. Айтайлик мавҳум отлар: севги, нафрат, рақобат. Бундай пайтлар имо-ишора тили ёрдамга келади ва мавзулар у ёрдамида тушунтирилади.
Ота-оналар учун
Ҳозирда мактаб-интернатлар ота-оналар учун ҳам имо-ишора тили тўгаракларини ташкил этган. Бу тадбир ота-она ва болалар ўртасидаги мулоқот тўсиқларларининг олдини олишга қаратилган.
Айрим болаларда уйда ўтириб қолиш ҳолати кузатилади. Бунга одатда ота-она сабабчи бўлади. Эътиборсизлик эса, бироз ноқулай ҳолатларга олиб келиши мумкин. Чунки, бола 3 ёшга кирганидан сўнг ота-онаси билан ўзи тушунган имо-ишораларда гаплашишни бошлайди. Бу боланинг қабул қилинган имо-ишора тилида гапирмаслигига сабаб бўлади. Бошқалар билан самарали мулоқот қилиш, илмий базадан фойдаланиш учун эса бола албатта умумий имо-ишора тилини ўрганиши керак. Бу вазиятни олдини олиш учун ота-оналардан керакли мутахассисга ўз вақтида мурожаат қилиш талаб қилинади.
Кейинчи?
Эшитиш қобилияти нисбатан яхши бўлган болаларда кейинчалик кохлеар имплантация амалиёти амалга оширилиши мумкин. Бу амалиётдан сўнг бола овозларни эшита бошлайди, лекин уларни таниш кўникмаси ҳали унда шаклланмаган бўлади. Болада бу кўникмани шакллантиришда сурдопедагоглар ёрдам беради. Улар болалар билан вербал ва новербал кўникмаларни шакллантириш машғулотларини олиб боради. Булар телефон товуши, қоғоз овози ёки тилимиздаги оддий сўзлар бўлиши мумкин. Шу орқали болада нутқий кўникмалар шакллана бошлайди. Ва у “гапирадиганлар” жамиятига қўшила олади.
***
Жорий йилнинг февралида Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари мухокамаси порталида Вазирлар маҳкамасининг «Шахслар ўртасида мулоқот воситаси сифатида ишлатиладиган имо-ишора тилини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида» қарори лойиҳаси ижтимоий мухокамага қўйилди. Карлар ҳуқуқлари фаоллари ушбу лойиҳанинг хом эканлиги ва уни такомиллаштириш кераклигини таъкидлаган. Ҳозирда лойиҳа мухокамаси якунланган, порталда киритилган 11 таклифдан 9 таси рад этилган.