“Оғмачи гуруҳбозлар”. Қатағон сиёсати қурбони бўлган миллий сиёсий элита вакиллари ҳақида
“Уйимни тинтув қилишганида, ҳамма қоғозларимни олиб кетишган эди. Қолганларини ҳам кўзимнинг олдида ёқиб ташладилар. Бугун менинг номимга айтилаётганлар бўҳтон ва ёлғон эканини ҳужжатларимсиз қандай қилиб исботлайман?! Тўғри, судда менга қанча бўҳтон айтишса ҳам индамадим. Хўш, нимани гапираман? Кимгадир мен ҳам туҳмат қилайинми? Виждонсиз яшагандан мен учун пок виждон билан ўлим афзал”, – 1930 йилда Самарқанд шаҳрида Ўзбекистон ССР Олий судининг собиқ раиси Саъдулла Қосимов бошчилигидаги суд ва прокуратура ходимларидан иборат “Қосимовчилар гуруҳи” иши (Касымовщина) бўйича бўлиб ўтган суд мажлисида С.Қосимов тилидан ушбу сўзлар янграган эди. Гуруҳ аъзолари Мунавварқори Абдурашидхонов бошчилигидаги “Истиқлол” ташкилотига хайрихоҳлик кўрсатишда, порахўрликда, мансабни суиистеъмол қилганликда ва бошқа бир қанча жиноятларда айбланган.
“Қосимовчилар иши” бўйича ўтказилган суд жараёни деярли ярим йил (1930 й.) давом этиб, жуда катта шов-шув билан ўтказилган. Судга Самарқанд шаҳридаги жамоатчилик вакиллари таклиф қилинган. Олдиндан тайинланган вакиллар масаланинг моҳиятини тушунмасдан эҳтиросга берилиб, барча “жиноятчилар”га ўлим жазосини қўллашни талаб қилган эди.
Совет тарихидаги қора доғ – сиёсий қатағонлар ҳақида сўз борганда, кўпинча, адабиёт ва санъат вакиллари, Мунаввар Қори, Фитрат, Чўлпон, Боту, Абдулла Қодирий, Усмон Носир, Отажон Ҳошим ҳамда улар қаторида бошқа шоир ва ёзувчилар тилга олинади. Ҳолбуки, Сталиннинг қатағон машинаси, асосан, амалдаги ҳукуматга заррача бўлса-да хавф туғдириши мумкин бўлган сиёсий элита вакилларига қаратилган эди.
Муроджон Нажмиддинов мақоласида қатағон сиёсати қурбони бўлган Ўзбекистон сиёсий элитаси вакиллари, шу жумладан, “Иноғомовчилар”, “18 лар гуруҳи”, “Қосимовчилар” ва уларга қўйилган айбловлар тўғрисида ўқинг.
Қатағон тўлқини
Совет Иттифоқида қатағонлар тўлқини уч даврга тўғри келади. Биринчи босқич 1920 йилларни, иккинчи босқич 1937-1938 йилларни, учинчи босқич 1950-1953 йилларни ўз ичига олади. Бундан ташқари, уруш даврида ва ундан кейин уруш қатнашчилари ҳам қатағонга учраб турли муддатларга озодликдан маҳрум этилади. Қатағон сиёсатининг энг юқори чўққига чиққан нуқтаси 1937-1938 йилларга тўғри келади.
Шу йиллар мобайнида 1,3 миллион киши РСФСР Жиноят кодексининг 58-моддаси, “аксилинқилобий фаолият” айблови бўйича ҳибсга олинган. Маҳкумларнинг ярми ўлим жазосига ҳукм этилган. Қатағон машинаси аҳолининг деярли барча қатламларини қамраб олган эди. Деҳқонлар, зиёлилар, бойлар, диндорлар, сиёсий элита вакиллари энг кўп жабр кўрган тоифа эди.
Бутун Иттифоқни қамраб олган қатағон тўлқини Ўзбекистонни ҳам четлаб ўтмади. 1937-1938 йиллар давомида Ўзбекистонда бир қатор йирик аксилинқилобий тузилмалар ташкил этилиб, фаолият юритмоқда, деган сохта маълумотлар тўпланди. Мана шундай уйдирма маълумотлар асосида республика раҳбарлари А.Икромов ва Ф.Хўжаев бошчилигидаги “Буржуа – миллатчилик аксилинқилобий ташкилоти маркази”, Абдурауф Қориев раҳбар бўлган “Мусулмон руҳонийларнинг миллатчи-исёнкор ташкилоти”, “Аксилинқилобий ўнг троцкийчи жосуслар ташкилоти маркази”, “Бухоро ва Туркистон бахт-саодати” номли аксилинқилобий ташкилотлар, И.Ортиқов бошлиқ “Ёшларнинг аксилинқилобий буржуа-миллатчилик ташкилоти”, “Инглиз жосуслик резидентураси”, “Япон жосуслик-қўпорувчилик резидентураси” каби ташкилотлар совет ҳокимиятига қарши фаолият юритмоқда, деб эълон қилинди. Уларни тузишда гумон қилинганлар қатағонга учради. Шу йиллар давомида 43000 дан зиёд киши қамоққа олинди. Улардан 6920 нафари отиб ташланди. 37000 нафари эса турли муддатга қамоқ ва сургунга ҳукм этилди.
Бутун мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаёти партия тазйиқи билан амалга оширила бошлади. Жумладан, 1930 йилларда республикамизнинг ижтимоий-сиёсий ҳаёти ҳам совет тарғиботининг мустаҳкамланиши ва шахсга сиғинишнинг кучайиб бориши шароитларида ўтди. Ҳукмрон партиянинг таркибий қисми бўлган Ўзбекистон компартияси ҳам республика ҳаётининг бутун ижтимоий-иқтисодий, мафкуравий ва маданий соҳаларига раҳбарлик қилди. Барча жабҳалар унинг назорати остида эди. 1929 йилда ўтказилган партиядаги “тозаланиш” натижасида аъзоларнинг 15 фоиздан ортиғи партия сафидан чиқарилди. Ўзбекистон компартиясининг IV съезди (1929 й.) ҳам республикада партия ташкилотларидаги гуруҳбозликка қарши кураш ниқоби остида тазйиқ механизмини ишга туширди.
1929 йил охирларида атоқли маърифатчи Мунаввар Қори Абдурашидхонов бошчилигидаги “Миллий истиқлол” ташкилотининг аъзолари қамоққа олинди. Қамалган 85 нафар аъзодан 15 таси отиб ташланди, қолганлари эса тузатиш-меҳнат лагерларига жўнатилди. Йирик жамоат арбобларидан Маннон Абдуллаев (Рамз), Носир Саидов, Маҳмуд Ходиев (Боту), Хосил Василов, Собир Қодировлар ўлим жазосига ҳукм этилдилар, кейинчалик бу ҳукм узоқ муддатли қамоқ жазоси билан алмаштирилди.
Дастлаб жойларда миллий маданиятни қайта тиклаш, халқ турмушини яхшилаш муаммоларига диққатни жалб этишга уринган раҳбар ходимлар ва ижодий зиёлилар йўқ қилинган эди. Айнан шу муносабат билан Турор Рисқулов, Абдулла Раҳимбоев, Назир Тўрақулов, Иноғомжон Хидиралиев, Қайғисиз Атабоев, Султонбек Хўжанов сингари машҳур арбоблар миллатчиликда айбланди. Ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг муқобил йўлларини амалга оширишга уринган кишиларга гуруҳбозликка қарши кураш шиори остида айблар қўйилди. Кейинчалик “Иноғомовчилар”, “18 лар гуруҳи”, “Қосимовчилар” деб ном олган ишлар худди ўша пайтларда тўқилган эди. Хўш, бу гуруҳлар таркиби кимлардан иборат бўлган? Улар совет мутасаддилари олдида қандай гуноҳ қилган эди?
Қосимовчилар гуруҳи
1929-1930 йилларда Давлат банки ходимлари, суд ва прокуратуранинг раҳбар ходимлари, Ўзбекистон ССР Олий судининг раиси Саъдулла Қосимов бошчилигидаги раҳбар кадрлар қамоққа олинди ва “қосимовчилар” деган муҳр босиб “ясалган” иш юзага келди. Хўш, Саъдулла Қосимов аслида ким ва “қосимовчилар”нинг айби нимада эди?
Саъдулла Қосимов 1901 йил Тошкент шаҳрида дунёга келади. 1909 йилдан машҳур муаллим Эшонхўжа Хонийнинг янги усулдаги “Хония” таҳзирий (бошланғич) мактабида, 1916 йилгача Мунавварқори Абдурашидхоновнинг рушдий (юқори) “Намуна” мактабида ўқийди. Айни пайтда рус-тузем мактабида ўқиб, рус тили ва замонавий фанларни ҳам ўзлаштиради. Таълимни Ўзбек педагогика билим юртида давом эттиради (1918-1920 йй.). Қосимов меҳнат фаолиятини ўқитувчи сифатида бошлайди. Мунаввар Қорининг тавсияси билан большевиклар фирқасига қўшилади. Сўнг Туркфронт сиёсий бўлимига сафарбар этилиб, 1919 йил охиригача Туркфронтнинг мактаб ишлари бўйича инструктори бўлиб ишлайди. 1920-1921 йиллар ҳарбий хизматда бўлади. Ҳарбий хизматдан қайтгач, 1922 йил Эски шаҳар ижроия қўмитасида маориф бўлими раисининг ўринбосари вазифасида ишлайди. Саъдулла Қосимов 1923 йилда суд бошқарув тизимида ислоҳотлар ўтказиш даврида кекса тажрибали қозилар билан бирга тергов-тафтиш ишларини олиб боради.
Саъдулла Қосимов 1923 йилдан Тошкент вилоят суди аъзоси, 1924 йил декабрдан вилоят суди раиси ўринбосари ва 1925 йил мартдан Тошкент вилоят суди раиси бўлади. У 25 ёшида, 1925 йил декабридан ЎзССР МИК Президиумининг қарори асосида ЎзССР Олий суди раиси сифатида иш бошлайди.
Аммо, унинг фаолияти узоқ давом этмади. Саъдулла Қосимов ва унинг атрофидагилар совет ҳукмрон режими томонидан миллий кадрларни, зиёлиларни қатағон қилиш, жазолаш мақсадида атайин уюштирилган навбатдаги ҳаракатлар қурбонига айланди. С.Қосимовнинг устидан миллатчилик ва порахўрликда айблаб шикоят тушган, деган баҳона билан Кремль унинг меҳнат фаолияти устидан текшириш белгилайди. Шу мақсадда Москвадан Растопчин, Корниловлар ҳамда маҳаллий вакил Аҳмадбек Мавлонбековлардан иборат комиссия тузилади. Комиссия 1929 йил 3 март куни Қосимовни ўз вазифасидан расман озод қилиб, қамоққа олади. Уч ой давом этган текшириш ва терговларда бирорта айблов ўз исботини топмади. Натижада Саъдулла Қосимов озодликка чиқиб, ҳатто ўз ишига тикланишга эришади.
Аммо, кўп ўтмай янги баҳоналар билан тергов ҳаракатлар қайта бошланади. С.Қосимов ва унинг яқин маслакдошлари – Мусабоев, Шарипов, Сирожиддинов ва бошқа жами етти киши 1929 йилнинг 2-ярмида “босмачилик” ҳаракатига ён берганликда айбланиб, қамоққа олинди. Улар республикадаги миллатчи ташкилотлар билан алоқа ўрнатганликда айбланди. “Қосимовчилар гуруҳи” бўйича тўпланган материаллар судга оширилди. Самарқандда очилган суд иши 1930 йил 25 мартдан 21 июнга қадар давом этди.
Иттифоқ матбуотида “Қосимовчилар иши” бўйича суд жараёнининг бориши ҳақида пойга ташкил этилди. “Қизил Ўзбекистон”, “Правда Востока”, “Шарқ ҳақиқати”, “Янги Фарғона” газеталарида кенг миқёсда тинимсиз мақола ва хабарлар босилди. Биргина “Қизил Ўзбекистон” газетасида (1930 й., апрель-сентябрь) суд жараёни ҳақида 75 та мақола босилди. Уларнинг деярли барчасида гуруҳнинг қонундан ташқари қилмишлари, жиноятлари “фош” этилар эди. 1930 йил 21 июнда Иттифоқ Олий суди номидан 4 киши – Саъдулла Қосимов, Бадриддин Шарипов, Насриддин Олимов, Вячеслав Спиридоновнинг ҳаммаси олий жазо – отишга ҳукм қилинди, қолганлар эса 10 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди.
Иноғомовчилар гуруҳи
Маълумки, Раҳим Иноғомов ўша даврда ЎзКП(б) Марказқўми Матбуот бўлими мудири ва ЎзССР Маориф Халқ Комиссари вазифасида фаолият юритиб келган. Р.Иноғомов ўзининг бир қатор нутқларида Ўзбекистон компартиясининг мустақил фаолият юрита олмаётганлигига, Марказ органларининг ўлка ҳаётидаги зўравонлигига ҳам алоҳида урғу берган. Республиканинг бир қатор масъул ходимларидан Н.Мавлонбеков, Т.Исамуҳаммедов, М.Алиев, Т.Бобоназаров сингари ҳаммаслаклар Иноғомовнинг қарашларини қўллаб-қувватлаб чиққандилар. Бундай мухолафатчи чиқишлар ҳукмрон партия мутасаддиларининг қаҳрига учрамасдан қолмасди, албатта. Шу боис, 1926-1927 йилларда бу гуруҳ фаолияти партия ташкилотларида бир неча бор муҳокама қилиниб, “оғмачи гуруҳбозлик”, “маҳаллий миллатчилик” ва “ўлиб бораётган миллий буржуазияни ҳимоя қилиш”да айбланди.
Аслида эса улар совет ҳукумати миллий мустамлакачиликдан бошқа нарса эмаслигини ошкор айтиб, коммунистик партия юритаётган шовинистик сиёсатни танқид қилган эдилар. Бундай танқид учун етарлича асос бор эди. Масалан, 1928 йилда республикада фақат битта олий ўқув юрти – Ўрта Осиё давлат университети (бугунги Миллий университет) бўлиб, 4200 нафар талабадан 131 киши, яъни 3,2 фоизи маҳаллий миллатларга мансуб бўлган. Маҳаллий миллатларнинг давлат идоралари ва вазирликларда фаолият кўрсатаётган вакиллари улуши атиги 15 фоизни ташкил этар эди. Аммо, ушбу танқидларга Кремль ўз усулида жавоб қайтарди. Р.Иноғомов ва унинг тарафдорлари вазифаларидан олиниб, уларга “иноғомовчилар” (Инагамовщина) тамғаси ёпиштирилди. Уларга нисбатан жиноий иш очилиб, кейинчалик жисмонан йўқ қилинди.
18 лар гуруҳи
Бу гуруҳга республиканинг таниқли сиёсий арбоблари – Файзулла Хўжаев (ўша вақтда Ўзбекистон ССР Халқ комиссарлари кенгаши раиси), Иномжон Хидиралиев (Ўзбекистон ССР Ер-сув ишлари халқ комиссари) ва республикада юқори лавозимларда ишлаган бошқа ходимлар, ҳаммаси бўлиб 18 нафар киши кирган. Уларга “ер-сув ислоҳотига қарши чиққан, бой-қулоқ (“кулак”) ҳамда ер эгаларининг манфаатини ҳимоя қилиб чиққанлар, маҳаллийчилик ва миллатчилик ғояларини илгари сурган” деган сохта айбнома қўйилди. Аслида эса улар Кремлнинг улуғ давлатчилик ҳамда шовинистик сиёсатига, миллий кадрларга нисбатан эса беписандлик, лоқайдлигига қарши чиқиб, адолат ва ҳаққонийлик тамойилларини ҳимоя қилган. Шу боис, расмий партия органлари томонидан мазкур гуруҳ кескин қораланади ва унинг аъзолари турли жазоларга гирифтор этилди. Ф.Хўжаев омма олдида ўз хатоларини тан олганлиги учун вақтинчалик кечирилган. Аммо, 1938 йилга келиб, миллатнинг бошқа зиёли ва сиёсий арбоблари қаторида қатағондан қутула олмади.
Мазкур гуруҳлардан ташқари, яна бир қанча катта ва кичик гуруҳлар ҳам “фош” қилинган. Уларнинг аъзолари жиноий жавобгарликка тортилиб, кўплари отишга ҳукм қилинган, қолганлари эса узоқ муддатли қамоқ жазосига маҳкум этилганган. Жавобгарликка тортилганларнинг “айби” (агар шундай дейиш мумкин бўлса) битта, у ҳам бўлса – ўз халқининг манфаатларини, миллий қадриятларини ҳимоя қилишдир.