Катта террор: Сталин қатағонлари рақамлар ва ҳодисаларда
1937 йилнинг ноябрь ойида Ленинграддаги қабристонларнинг бирида гул сотувчи Александра Петровна Николаева қамоққа олинди. Унинг айби қабристонда тунги дафнларнинг кўпайиб кетганини пайқаб қолгани эди. Декабрь ўрталарида эса у 234 киши билан биргаликда отиб ташланди. Маҳкумларнинг барчаси аксилинқилобий тарғиботда айбланган эди.
1937-1938 йилларда юз минглаб Совет Иттифоқи фуқаролари шу каби айбловлар билан қамоққа олинган ёки отиб ташланган эди. Жумладан, Ўзбекистонда ҳам бу жараён жуда фаол равишда амалга оширилди. Минглаб маҳкумлар мустақилликдан кейингина тўла оқланди ва 31 август Қатағон қурбонлари хотираси куни сифатида белгиланди. Сана муносабати билан бугун “Катта террор” деб аталмиш Сталин қатағонлари ҳақида ҳикоя қиламиз.
Ҳаммаси қандай бошланди?
Аслида, коммунистик партия қатағонлари Сталин ҳокимиятга келишидан олдин бошланган эди. Унда, асосан, партияга “нолойиқ” ҳисобланган аъзолар қатағонга учраган. Бунда мансабда кўтарилмасликдан тортиб, ГУЛАГ лагерларигача юборишгача бўлган жазолар қўлланилган. 1929-1931 йилларда қарийб 250 минг коммунистик партия аъзоси сафдан чиқарилган. Улар “ўнгчилик”да айбланган. Бу тозалаш кейинги йилларда ҳам давом этди ва энг юқори чўққига 1937-1938 йилларда чиқди.
1934 йил 1 декабрь куни Совет ҳукуматининг юқори мартабали кишиларидан бири Сергей Киров ўлдириб кетилди. Баъзи тарихчилар ушбу санани Катта террорнинг бошланиши деб ҳисоблайди. Аммо, асосий қатағонлар ва бу воқеа орасидаги катта давр сабаб кўпчилик буни шубҳа остига олади. Лекин, кейинги воқеалар бунга асос борлигини ҳам кўрсатади. Шу куннинг ўзида Сталин “1 декабрь қонуни” деб аталувчи ҳужжатни имзолади. Бу қонун орқали жавобгарлар қаттиқ шаклда терговга тортилиши лозим эди. 16 декабрь куни Лев Каменев ва Григорий Зиновьев ҳибсга олинди. Иккала шахс ҳам собиқ коммунистик инқилобчилардан эди. 29 декабрь куни Ленинградда 14 киши Киров ўлимида айбдор деб топилиб, отишга ҳукмга қилинди. Террористларга қарши кураш бутун Иттифоқ бўйлаб ёйилиб кетди. Келгуси уч ойда минглаб инсонлар “зиновьевчилар” дея ҳибсга олинди. Россиялик тарихчи Олег Хлевнюк биргина 1934 йилнинг декабрь ойида 6501 киши “1 декабрь қонуни”нинг қурбони бўлганини ёзади.
1937 йил ўрталаригача давом этган мазкур жараён, асосан, собиқ коммунистлар, инқилобчилар, эски кадрларга қаратилган эди. Совет ҳукумати халқаро жамоатчилик ва халқни антисовет ҳаракатлар борлигига ишонтиришга уриниб келди. 1937 йилдан бошлаб эса жараён оммавий тус олди. Энди оддий кишилар ҳам инқилобга, совет ҳукуматига қарши дея ҳибсга олинаверди.
00447 буйруқ
Террор коди: 00447
1937 йил 2 июль. Шу куни Сталин барча ҳудудий партия раҳбарларига ўта махфий мурожаатномани юборди. Унда собиқ «қулоқлар» ва жиноятчиларга қарши кенг кўламли қатағон бошланиши ҳақида сўз борган эди. 1930 йилларнинг бошида 2,5 миллионга яқин киши коллективлашитириш сиёсати натижасида Сибирь ва Қозоғистоннинг шароити оғир минтақаларига сургун қилинган эди. Уларнинг баъзилари сургундан қочиб, эндиликда режим учун хавфли бўлиши мумкин эди.
Сталин юборган нотасида ҳар бир ҳудуддаги партия раҳбари, НКВД бошлиғи ва прокурордан иборат учлик – “тройка”лар тузиш кераклиги ҳам таъкидланган. Беш кун ичида жиноятчиларни аниқлаш борасидаги дастлабки натижалар партияга тақдим қилиниши белгиланганди. Бу қадар шошилинч қарорнинг сабаби бор эди: шу йилнинг июлида Испания республикачилари франкистлар фалангаларига мағлуб бўлган, Сталин эса республикачилар орасида сотқинлар борлиги учун ҳам улар муваффақиятсизликка учраётганига ишонарди. Шу сабабли ҳам давлат ичидаги “сотқинлар”ни йўқ қилишга бел боғлаганди. Сабаби яқинлашиб келаётган уруш шамоли бунга мажбур қиларди.
1937 йил июль ойи ўртасида Москвада НКВДнинг барча раҳбарлари йиғилиши бўлиб ўтди. Бу ўзига хос тайёргарлик йиғини эди. 30 июль куни тарихга “Террор коди” номи билан кирган 00447 рақамли ҳужжат тайёр бўлди ва уни НКВДнинг ўша пайтдаги раҳбари Николай Ежов имзолади. Ҳужжатда бир қатор “хавфли гуруҳлар” ҳақида сўз борарди. Улар орасида “собиқ қулоқлар”, “эски тузум одамлари”, чор ҳокимиятига содиқлар, большевик бўлмаган гуруҳ аъзолари кабиларни учратиш мумкин.
Айбдорлар икки тоифага бўлинган эди. Биринчи тоифа – отишга маҳкум этилганлар бўлиб, улар ва уларнинг қариндошлари ҳақиқатни ҳеч қачон била олмас эди. Ҳаттоки, маҳкумларнинг отилганини қариндошлари ва яқинлари ҳеч қачон била олмасди. Иккинчи тоифага эса 8-10 йиллик меҳнат лагерларига ҳукм қилинганлар кирарди. Ежов биринчи тоифа бўйича жами 59200 киши, иккинчи тоифа бўйича эса 174500 киши жазога тортилишини буюрган эди. Аммо, рақамлар Сталиннинг хоҳишига кўра янада ортиши мумкин эди ва шундай ҳам бўлди.
Айбдорларни топиш ҳудуд раҳбарлари ўртасидаги мусобақага айланиб кетди. Масалан, партиянинг Москва бўлими раҳбари бир неча кунда 40 минг “жиноят”чини рўйхатга олишга муваффақ бўлди. Бу раҳбар эса кўпларга маълум Никита Хрушчёв эди. Ҳудудлар ҳар доим квотани ошириш бўйича сўров юборар эди. Ҳибсга олишлар бўйича Омск тройкаси пешқадам бўлди. 1937 йил 10 октябрь кунининг ўзида 1301 кишига “қисмат” ўқилди ва улардан 937 таси отишга ҳукм қилинди.
НКВДЧчиларнинг қатағон тимсолига айланган ГАЗ М1 автомобили – “қора қалдирғоч”
Рақамлар ва хулоса
Аслида, 5 ойга мўлжалланган мазкур қатағон 16 ой давом этди. Бу давр мобайнида қамалган, сургун этилган ва отилганларнинг сони ҳақида турли рақамлар мавжуд. 1937 йил августдан 1938 йил ноябргача бўлган давр мобайнида 820 минг киши ҳибсга олинган бўлса, шулардан 400 мингдан ортиғи ўлимга ҳукм қилинган. Кўп ҳолларда ўлимга ҳукм қилинганларнинг оиласига узоқ муддат ҳеч ким билан алоқа қилмаслик шарти билан қамалгани ҳақида хабар берилган. 1936-1938 йилларда икки миллиондан ортиқ киши қатағонга учраган бўлса, шулардан 725 минг киши отишга ҳукм қилинган.
НКВДнинг кучайиб кетишидан хавфсираган Сталин 1938 йил ноябрь ойида қатағонларни тўхтатиш ҳақида қарор қабул қилди. 1939 йил 10 апрель куни қатағоннинг етакчиси ва НКВД раҳбари Ежов ҳибсга олинди. Унинг номи барча ердан ўчириб ташланди ва 1940 йил 3 февраль куни жосуслик айблови билан қатл этилди. Иккинчи жаҳон уруши Сталин қатағонларининг халқаро ҳамжамият кўз олдида унутилишига ҳам сабаб бўлди. Aммо, инсонлар хотираси уни ўчирмади. Мусиқачи Дмитрий Шостакович ўз хотираларида мазкур воқеаларни шундай эслайди: “Уруш тинимсиз кўз ёшлар ва битмас бахтсизлик олиб келди. Aммo, урушдан аввал бундан ҳам ёмон эди: чунки ҳамма ўз яқини учун кўз ёш тўкишга мажбур, аммо буни ҳеч кимга кўрсата олмас эди”.
Сталин вафотидан кейин ҳокимиятга келган, қатағонларнинг илк ижрочиларидан ва пешқадамларидан бўлган Никита Хрушчёв барчани “ларзага” солган баёнотни эълон қилди. У ўз нутқларида Сталин диктатурасининг жирканчликларини гўёки фош этган эди. Aммo, ўзи бошчилик қилган ишлар ҳақида лом-мим демади. Ўлдирилган маҳбусларнинг оилаларига улар қамоқда ўлгани ҳақида сохта маълумотлар берилди. Фақатгина 80 йиллардаги қайта қуриш даврида ишлар, жиноий ишлар қисман қайта кўриб чиқилди. Aммo, 1992 йилда махфий архивларнинг очилиши машъум 00447 рақамли ҳужжатни ҳам юзага чиқарди ва шундан кейингина қатағонлар ҳақида ҳақиқат очилди.