Оломон психологияси. У қандай ишлайди ва бошқарилади?
1789 йил 14 июль куни Буюк француз инқилоби рўй беради: қиролдан норози оломон монархия рамзи бўлмиш Бастилияни эгаллайди ва уни вайрон қилади. Айни шу воқеа оломон психологияси ҳақидаги дастлабки изланиш ҳамда мунозараларга сабаб бўлган. Оломон психологияда шунчаки кишилар жамланмасини англатмайди, балки, у бирмунча мураккаб ва сермаъно тушунчадир. Оломон аъзолари ўзаро ҳиссий умумийликда бўлишади, мақсадлар объекти тўлиқ бир хил бўлмаса-да, ўхшашдир, уни вужудга келтирган мақсад ёки ғояларнинг катта-кичиклиги ҳаракат кўламини белгилайди. Оломон қудратини тўлалигича тасаввур қилиш мушкул. Аммо, уни бошқара олиш, манипуляция қилиш бугунги кунда ҳам долзарб бўлиб, сиёсат ва бизнес оламида катта аҳамиятга эга.
Оломон психологияси
Оломон психологияси ҳақидаги дастлабки мунозара 1885 йилги Римдаги биринчи Жиноят антропологияси конгрессида бўлиб ўтади. Шу пайтдан бошлаб ижтимоий психологиянинг ушбу тармоғида жиддий изланишлар бошланади. Оломон психологиясига оид илк жиддий назариялар Густав Лебон, Зигмунд Фрейд ва Стив Рейхерлар томонидан илгари сурилган.
Буюк француз инқилоби, 1789 йил. Манба: en.m.wikiquote.org
Густав Лебоннинг “Омма психологияси” асари бу соҳадаги энг асосий илмий ишларидан биридир. Лебон оломоннинг ўз мақсади йўлидаги ҳаракатланиши ушбу хусусиятларни кўрсатади: деиндивидация (шахсиятнинг йўқолиши), руҳиятда онгсизликнинг устунлик қилиши, юқумлилик, ўзаро таъсирнинг кучлилиги. Айрим ҳолларда шундай бўладики, оломоннинг хусусиятлари унинг аъзоларидаги шахсий хусусиятлардан бутунлай бошқача бўлади. Деиндивидация жараёнида бир қатор шахсий хусусиятлар йўқолади. Буларга мисол қилиб айб, уят, жавобгарлик ҳисси, ўзини ўзи назорат қилиш ва бошқариш кабиларни келтириш мумкин. Ушбу ҳолат сабабларидан бири бундай хусусиятлар оломон ҳарактерига зидлигидир. Оломон аъзосига хос белгиларни қуйида кенгроқ тушунтириш мумкин:
1. Киши оломон ичида ҳамда ундаги ҳаракатларда масъулиятни ўз зиммасидан соқит қилади, бу эса унга қўшимча куч ва эркинлик бахш этади.
2. Оломон аъзоси айни пайтда ўз ахлоқий поғонасидан пастга тушади, ибтидоий одамларга хос ҳислатларни намоён қилади. Бу вазиятда тафаккур эмас, балки инстинктлар ҳаракат асоси бўлиб хизмат қилади.
3. Инсон омма ичида анонимликни онгсиз равишда ҳис қилади, у “ҳамма каби” ҳаракат қилишни бошлайди. Шахсий жавобгарлик шу орқали бартараф этилади.
4. Оломон ичида шахс бирлик, бутунлик ҳиссини туяди, киши ўзи билан бирга оломон ҳаракатларида ҳозир бўлган шахсларнинг таъсир кучи ва / ёки қўллаб-қувватлаши, руҳий босими натижасида индивидуал тарзда амалга оширолмайдиган ишларни ҳам бажаради.
5. Юқумлилик. Оломон ичидаги ҳаракатлар ўта юқумли бўлади, айниқса кескин ҳаракатларда. Шахсий фикрнинг “ўчган”лиги, омма манфаатлари йўлидаги фидокорлик ҳаракатларнинг юқиши тезлигини янада оширади. Бунда нафақат жисмоний ҳаракатлар, балки, фикрлар, ҳиссиётлар, сезимлар ва таассуротлар ҳам бир одамдан иккинчисига осон юқади.
Оломон ичида турли мутахассислик ва тоифадаги кишилар, интелектуал жиҳатдан турли даражадаги кишилар бўлиши мумкин, бироқ ушбу омил оломоннинг яхлит бир организмдек ҳаракат қилишига монелик қилмайди. Одамлар турли мезонлар асосида бир қанча табақаларга ажралиши, оддий кундалик ҳаётдаги муносабатлар ва фаолиятда бундай тафовутланиш билан ҳисоблашган ҳолда ҳаракат қилишлари мумкин. Аммо, оломонни ғоялар, миллат манфаатлари, эътиқоднинг олийлиги ҳақидаги тасаввурлар фаоллаштиришини ҳисобга олсак, аъзоларнинг бундай муштараклик остида тенглиги ҳам оломон шарти, ҳам психологик томондан ўз-ўзидан юзага келадиган табиий ҳолатдир. Инсон юрист бўладими ё оддий қурувчими, мақбул иш вақти учун курашда улар бир хил даражада туради, ватанининг футбол терма жамоаси ўйинига мухлис бўлиб борган киши фан номзоди бўладими ёхуд талабами, ҳакамнинг ўз жамоаларига нисбатан қабул қилган зарарли қароридан бирдай норози бўлишади – ҳуштак чалишади, сўкинишади.
Шахсий ва оммавий онгсизлик
XIX аср охирига келиб, психологияда жуда катта ўзгаришлар рўй берди, руҳшунослар инсон танловларида кўпроқ онгсизлик роль ўйнаши ҳақида ёза бошлашди. Лебон ҳам оломон ичидаги одамлар ҳаракатларини онгсизлик билан боғлайди, аммо, аниқ фикрлар келтирмаган. Психоанализ дарғаларидан бири бўлмиш Зигмунд Фрейд ва унинг шогирди Карл Юнг эса оммавий ҳаракатлардаги онгсизлик ҳақида бир қанча чуқур таҳлилларни амалга оширишади. Фрейд буни шахсий онгсизлик билан боғлаган бўлса, Юнг “оммавий онгсизлик” назариясини илгари сурди. Фрейдга кўра, омма муҳити инсон миясидаги онгсиз тафаккурни очишга хизмат қилади, оломон аъзосининг “супер эго”си, яъни, онгдаги индивидуал ахлоқий маркази ўзгаради. Бунда шахс ибтидоий маданият даражасига тушади. Фрейд бундай таъсирдан қутулиш кераклигини, бунинг учун эса шахсий ахлоқий мезонларни тиклаш орқали омманинг ҳиссий оқимидан чиқишга ҳаракат қилиши лозимлигини таъкидлайди. Юнг эса бошқа жиҳатга эътибор қаратади, унингча, инсонда нафақат шахсий истак ва хотиралар билан боғлиқ онгсизлик, балки, аждодларидан унга ўтадиган хотиралар омбори мавжуд. Оломон аъзоларида уларни бирлашишга ундайдиган, анча йиллар давомида шаклланган орзу-умидлар ҳамда истакларни шу орқали изоҳлаш мумкин.
Оломон эътиборининг умумий объекти дастлаб уларни бир жойга тўпланишига сабаб бўлган ижтимоий-сиёсий воқеа бўлиши мумкин. Бироқ, кейинчалик – оломон ҳаракатга келиши учун аниқ бир кўринишдаги сабаб лозим. Ватан, эътиқод, шараф ва озодлик бунга мисол бўла олади. Мақсад рационал бўлиб кўриниши мумкин, аммо, омма ҳаракатлари иррационаллик билан амалга оширилади. Оломон қасос олиш, адолат ўрнатиш йўлида ҳеч қандай ҳаракатдан тийилмайди, шахс ҳаракатларида тафаккур ва ички бошқарувнинг та‘сири хиралашиб борган сари тўда фаолиятида кескинлик эҳтимоли ошиб бораверади. Демак, омма тафаккурсиз, ҳис-туйғуларга берилиб, “улуғ мақсад” йўлида ҳаракат қилар экан, ушбу саъй-ҳаракатлари натижасида қанчалик кенг миқёсли ўзгаришлар содир этмасин, ягона ва алоҳида одам бутун оломондан ақллироқдир. Юқорида омманинг хусусиятлари сифатида санаб ўтганларимиз унинг вазиятлар рационал қарор қабул қилишига тўсқинлик қилади, алоҳида шахс эса ўзида сақланиб қолган интелектуал салоҳиятлар билан ўз ақлий устунлигини намойиш этади. Ўз ҳатти-ҳаракатларини бошқара олади, қилган танловлари натижасида келиб чиқиши мумкин бўлган оқибатни маълум даражада фаҳмлай олади.
Омманинг умумий хусусиятлари, ахлоқи ҳақида гап кетганда унинг таъсирчанлиги, жиззакилиги, ўзгарувчанлиги, тоқатсизлиги, ишонувчанлиги ва манипулятсияга осон учиши каби жиҳатларни алоҳида таъкидлаш лозим. Бу хусусиятлар бир-бири билан ўзаро боғлиқдир. Лебоннинг таъкидлашича, инсон оломон ичига киргач унинг ҳаракатлари бош мия билан эмас, орқа мия орқали бошқарилади ва шахс бунда ибтидоий жамият кишисига ўхшаб қолади. Жунбушга келган оломон ҳар қандай ташқи таъсирга ўта сезувчан бўлади. Ушбу ташқи таъсирларга жавоб тариқасида оломонга хос бўлмаган мантиқий фикрлашдан холи тарзда амалга ошириладиган ҳаракатлар кўпинча бузғунчилик характерига эга бўлади. Омма ўзига нисбатан қилинган адолатсизликка ўта шафқатсиз муносабатда бўлади, тўда аъзолари кўпчилик ҳар қандай ишга қодир деб ўйлайди ва ҳеч нарсадан қўрқмайди, оқибат ҳақида ҳам ўйламайди. Оломоннинг таъсирчанлиги, эмотсионаллиги сабабли унинг кайфияти ҳам тез-тез ўзгариб туради, шафқатсизлик ва ғазабнок ҳолатдан бирданига меҳрибон кўринишга ўтиши мумкин. Ўз кучига ишонган омма ўзидан ташқарида ва ўзига алоқадор воқеаларга нисбатан тоқатсиз, шу билан бирга жиззакилик билан муомала қилади. Намойиш ва қўзғолонларда кичкина бир учқун ҳам катта портлашга олиб келиши бунга далолатдир.
АҚШда қоратанли Жорж Флойднинг полициячи ҳаракатлари оқибатида ҳалок бўлганлиги муносабати билан Манчестерда ўтказилган намойиш. Манба: abcnews.go.com
Оломоннинг бошқарилиши
Юқорида оломондаги таъсирга берилувчанлик, ишонувчанлик, мантиқий фикрлашнинг йўқлиги каби хусусиятлар санаб ўтилди. Ушбу жиҳатлар унинг бошқарилишини ёки манипуляция қилинишини осонлаштиради. Бунда манипуляция қилиш куч ишлатмасдан турли психологик найранглар, “оташин” нутқлар орқали оммани ўз йўриғига солишда намоён бўлади, ушбу нутқларда “буюк жасорат”, ғалаба, шон-шараф ва шу кабилар ҳақида гапиришнинг ўзи етарли, омма бу учун на изоҳ, на исбот ва на далил талаб қилади. Аристотель ҳам манипуляторнинг ҳиссиётчанлиги ишонтира олиш қобилиятини кучайтиради деб ҳисоблаган. Оломон ўзи кўрган ёки эшитган нарсаларини мутлақ ҳақиқат ёки мутлақ ёлғонга ажратади, бунда воқеа ёки хабар ҳақиқатлиги рационал ҳамда объектив фикрлаш билан эмас, балки, уларнинг хоҳишига, мақсадига, орзуларига қанчалик мос тушиши билан белгиланади. Шу сабабдан оломон психологиясини кучли ўрганган ораторлар ва оломон етакчилари ўз нутқларида, чақириқларида ортиқча тафаккур талаб қиладиган, шу билан биргаликда мураккаб ва илмий жумлалардан деярли фойдаланишмайди, бундай нутқ кишилар тўдасига етарлича таъсир қилмайди. Оломонни қўзғалишга ва ҳаракатга келишига ундайдиган нутқлар қаҳр ва ғазабга тўла, жўшқин, оловли ҳамда содда бўлади. Нутқ оломон ичидаги бузғунчилик ва норозилик кайфиятини қанчалик кўтара олса, шунчалик муваффақиятли ҳисобланади. Ҳар қандай оломоннинг таъсир қилиш осон бўлган “нозик нуқта”си бўлади, бу – эътиқод, ватанпарварлик, адолат ўрнатиш каби тушунчалар бўлиши мумкин.
Тарихда Наполеон, Муссолини ва Гитлер каби етакчилар оммани бошқаришда жуда юқори даражага кўтарилганига гувоҳи бўлганмиз. Айниқса, Гитлер Германияда ҳокимият тепасига келгач, унинг ёрдамчилари ва жамоаси жуда кенг кўламда кучли манипуляция ва пропаганда билан шуғулланишган. Гитлернинг ўзи ҳокимиятга келишда ва уни назорат қилишда аристократлар, саноат магнатларига таянган бўлса-да, 5000 мингдан ортиқ нутқларида доимо оммага мурожаат қилган, одамларнинг ҳис-туйғуларини қўзғаган, шу билан биргаликда уларнинг онги ва қалбига кира олган. Тарихчилар Гитлернинг ғоят жунбушга келтирувчи эҳтиросли нутқлари тингловчиларни гўёки гипнозга туширганини ёзишади. Гитлер ва унинг ёрдамчиларида яна бир олтин қоида бўлган. Унга кўра, жонли нутқларда, радио орқали чиқишларда, варақаларда бирор фикрни қайта-қайта таъкидлаш унинг ҳақиқат сифатида қабул қилинишига олиб келади, ёлғон ёки уйдирма ҳам тинимсиз такрорланиш натижасида ростга айланади.
Адольф Гитлер нутқ сўзлашга тайёргарлик кўрмоқда, 1927 йил. Манба: repubblica.it
***
Оломоннинг ҳаракатлари ўтмишда жуда катта вайронагарчиликларга, фалокатларга олиб келган бўлса-да унга нисбатан фақат бузғунчи сифатини бериш хатодир. Вайронагарчилик билан бирга, оломон ўзидаги руҳият билан инқилоблар содир этади, имконсиздек туюлган қаҳрамонликлар қилди. Дунё ривожланмоқда, у билан бирга инсонлар тафаккури ҳам эврилишни бошидан кечирмоқда. Ўз навбатида, оломон ва унга нисбатан психологик ҳамда социологик қарашлар, назариялар ҳам ўзгармоқда. Биз эса мақолада иложи борича умумий ва доимий жиҳатларга тўхталишга ҳаракат қилдик.