Пойтахтимизда турар жой ижараси билан боғлиқ вазият қандай?
Тошкент — катта мегаполис. Аҳоли сони бўйича Ўрта Осиёда биринчи шаҳар. Келиб-кетувчилар сони ҳам анчагина.
Қадим замонлардан шундай бўлиб келган ва илгари меҳмонлар шаҳарда бирор муддат қолиш имкониятига эга бўлиши учун кўплаб карвонсаройлар қурилган. Маълум маблағ эвазига, албатта. Ҳозир бу жараён ҳам замонга мослашиб, ўзгарган. Карвонсаройлар ўрнини юқори хизмат кўрсатиш сифатига эга бўлган меҳмонхоналар, ўртача хостеллар ва ҳаммамизга таниш бўлган ижарага бериладиган квартиралар эгаллади. Биз ҳам бу мақоламизда айнан Тошкент шаҳридаги ижара масалаларини ёритмоқчимиз. Тошкентда бу баъзи уй эгалари учун зарурат, айримлар учун эса яхшигина бизнесдир. Келинг, ҳаммасини бир бошидан кўриб чиқишга ҳаракат қиламиз.
Талаб ва таклиф
Талаб йўқ жойда таклиф ҳам бўлмайди, шундай экан, дастлаб квартираларга бўлган талаб нега бунча юқорилигига тўхталиб ўтсак. Бу, албатта, пойтахт учун бироз ғалати изланиш. Ахир бу пойтахт-ку, бундай бўлиши табиий. Ҳа, тўғри, албатта, шундай. Кўплаб мегаполислардаги каби Тошкентга вақтинча яшашга келувчиларнинг ҳам кўпчилигини икки асосий турга бўлиш мумкин: ишлаш учун келувчилар ва талабалар. Бундан ташқари, шаҳар аҳолиси орасида ҳам квартира қидирувчилар кам эмас. Буларга мисол қилиб ёш оилаларни, ёлғиз яшовчиларнинг аксарият қисмини келтириш мумкин. Квартира ижарасига бўлган юқори талабга, албатта, пойтахтдаги кўчмас мулкнинг каттакон нархлари ҳам таъсир этмай қолмайди.
Менга яшаб туришга жой керак эди…
Тошкентда квартира излаётганда тавсиялар занжири жуда фаол ишлайди. “Амакимнинг фалон жойдаги уйида ҳозир ҳеч ким тургани йўқ” ёки “мен у ерда олдин яшаганман, тинч жой” сингари танишлардан бўладиган тавсиялар бизнинг шаҳримизда катта кучга эга. Бизда ака-укачилик анъаналари ва дўстона қўл беришлар унча-мунча жонсиз қоғоздан кўра юқорироқ баҳоланади. Лекин, ҳозирги кунда бу жараёнда ҳам эврилишлар мавжуд. Ҳозир бу жараённи онлайн амалга ошириш мумкин, лекин тўлиқлигича эмас. Сиз Телеграмдаги турли каналлар ёки OLX.uz, Uybor.uz каби онлайн платформалардан ўзингиз ва чўнтагингизга мос хонадонни топишингиз мумкин. Маъқул квартирани танлайсиз ва эълон берувчи билан боғланасиз. Кейин эса, олдингиздан иккита вариантдан бири чиқади. Ёки кимдир бўш турган уйини ва ёки уйининг бир қисмини ижарага бермоқчи бўлади, ёки эълонни навбатдаги уддабурон маклер жойлаган бўлиб чиқади.
Маклер сизга ва уй эгасига ёрдамчи. Ва, албатта, камтарона хизмати учун икки томондан ҳам ҳақ олувчи инсон, ҳарқалай, одатда, шундай. Пойтахтимиздаги анъаналарга мувофиқ, маклер биринчи ойда квартира пулининг ярми миқдорида ҳақ олади. Бу классик вариантларда шундай, шартларни ҳамма ҳар хил ўзгартириб, ўзига мослаши мумкин. Маклерларни тизимдаги боғловчилар деб аташ мумкин. Улар таклифни талабга юзлантиради, ёки аксинча. Бу сизнинг вақтингизни тежайди. Тежалган вақт учун эса, албатта, тўлаш керак.
Тақиқлар
Ижарага уй излаётган одам турфа таъқиқ ва шартларга дуч келади. Масалан, қуйидагиларга ўхшаган:
Ойлик ижараларда бу — “Фақат қиз болалар мурожаат қилсин” ёки “Фақат оилага берамиз, студентлар безовта қилмасин” кабилар бўлиши мумкин. Бу, асосан, талабалар дуч келадиган тўсиқлардир.
Кунлик ижарада эса шубҳасиз — “ЗАГС қоғозисиз берилмайди” ёки “Қиз бола олиб келинмасин” кабилар етакчидир.
Бир сўз билан айтганда, ЗАГС қоғози бизнинг шароитда квартира ижарага олаётганингизда муҳим аҳамиятга эга. Яқинда кўрган эълоним эса бозордаги охирги силжишларни ўзида акс эттиргандек бўлди. Эълонда уй эгаси фақат хорижликларни ижарага қўйишини келтириб ўтган, кўрсатилган нархлар эса бундай уйларга ҳос бўлмаган тарзда ҳамёнбоп эди. Балки бу ижаралардаги бирор тенденциянинг бошланишидир.
Нархлар
Нархлар — жиддий масала. Мустақил ўрганиб чиқишимиз натижасида шуни айта оламизки, шаҳримизда 1-2 хонали квартирани ўртача 300-400 АҚШ долларига ижарага олиш мумкин. Ва бу анчайин бюджетга мосланган нархлардир. Нархларни танқид қилиш ёки мақташ ниятида эмасмиз, чунки нарх нисбий тушунча. Лекин, бир статистикани келтириб ўтишни маъқул деб топдик. Яқиндаги маълумотга кўра, мамлакатимизда 2022 йилнинг январь-июнь ойларида ўртача ойлик номинал ҳисобланган иш ҳақи 3,5 миллион сўмни ташкил этиши очиқланган эди. Албатта, Тошкент шаҳрида бу кўрсатгич нисбатан юқори бўлиб — 5,48 миллион сўмни ташкил этиши айтилган. Ҳа, бир ойлик ижара ўртача маошнинг катта қисмини ташкил қилади.
Тўхтовсиз ўсиш
Квартиртираларга бўлган талабнинг ошишига, албатта, кўпчиликнинг пойтахтдан кўчмас мулк сотиб олишга қурби етмаслиги ҳам сабабдир. Бизда эса ҳозирда кўчмас мулк нархлари нафақат пойтахтда балки бутун Ўзбекистонда тўхтовсиз ўсиш намойиш этаётганини айтиб ўтиш лозим. Масалан, яқиндаги статистикада МБ 2022 йил 2-чорак натижаларини акс эттирган уй-жой бозори шарҳини тақдим этди. Унга кўра, апрель-июнь ойларида иккиламчи бозорда нархлар сўмда 2 фоизга, долларда 6,2 фоизга ўсган. Маълумки, уй-жой нархларини белгилашда асосий валюта сифатида доллардан фойдаланилади. Бирламчи бозордаги нархлар чорак давомида 2,4 фоизга қимматлашган. Нархлардаги энг юқори ўсиш ўтган даврда уй-жой энг арзон бўлган Наманган (+26,0%), Сирдарё (+23,9%) ва Қорақалпоғистонда (+22,3%) кузатилган. Бирламчи бозордаги нархларга кўра, энг арзон уйлар Хоразм вилоятига, энг қиммат уйлар Тошкент шаҳрига тўғри келади. Шунингдек, май ойида ижарага олинган турар жойнинг квадрат метри нархи олдинги ойга нисбатан ўзгармаган, июньда эса 0.5 фоизга ошган (сўм индекси). Доллар индекси эса май ойида 1.7 фоизга, июнь ойида эса 2.1 фоизга ошган.
Нархларнинг кўтарилишига қандай омиллар таъсир ўтказади?
Нархларнинг ўсишига асосий таъсир кўрсатувчи омил, одатда, қайсидир мавсумнинг бошланиши бўлиши мумкин. Масалан, сентябрда янги ўқув йилининг бошланиши нархларнинг бироз кўтарилишига таъсир қилиши мумкин. Ёз мавсумининг бошланиши ва дам олишга келувчиларнинг катта оқими шаҳар ташқарисидаги уйлар ижара нархининг ошишига сезиларли таъсир ўтказиши мумкин. Шунингдек, ижара нархларига сўнгги пайтда Ўзбекистонга ташриф буюрувчилар сонининг сезиларли ошганлиги ҳам таъсир ўтказмоқда. Шу хусусида Марказий банк томонидан эълон қилинган маълумотда ҳам бу ҳолат таъкидлаб ўтилган ва ташриф буюрувчиларнинг асосий қисмини МДҲ мамлакатлари аҳолиси, хусусан Россия ва Беларусь фуқаролари ташкил этиши айтиб ўтилган. Лекин, барча омилларга қарамасдан, турар-жой ижараси нархлари охирги ойларда анчайин стабиллик кўрсатмоқда.