Японияни титратган “Болакай”. Ядро қуролларининг яратилиши, Хиросима фожеаси ва ядро қуролларининг тақиқланиши тўғрисида батафсил
Бундан 77 йил муқаддам айни шу кунда яъни 1945 йилнинг 6 августида АҚШнинг бомбардимончи самолёти Япониянинг Хиросима шаҳрига тахминан 20 минг тонна тротилга тенг келадиган беш тонналик атом бомбасини ташлади. Бомба шаҳарнинг тўрт квадрат километрини вайрон қилди ва 80 минг киши вафотига сабаб бўлди. Кейинги ҳафталарда эса минглаб одамлар турли яралар ва заҳарланишдан вафот этди. Ушбу портлаш қурбонлари ҳали-ҳануз нурланиш касаллиги оқибатида ҳаётдан кўз юммоқда ва ҳар йили қурбонлар рўйхати 5 минг кишига кўпаймоқда. Хиросима ва Нагасакидаги атом бомбардимони инсоният тарихида ядро қуролидан жанговар фойдаланишнинг ягона намунаси саналади.
Муроджон Нажмиддиновнинг мақоласида ядро қуроллари ва Хиросима фожеаси тўғрисида батафсил ўқинг.
Ядро даврининг бошланиши
Қуролланиш пойгаси янги турдаги вайронкор қуролларнинг яратилишини талаб қилар, миллиардлаб маблағ ҳарбий саноатга йўналтирилар эди. Шу жумладан, АҚШда 1942 йил 13 августдан ядро қуролини яратишни кўзда тутувчи “Манхэттен Лойиҳаси” (Manhattan Project) амалга оширила бошланди. Ушбу тадқиқотлар “Уран қўмитаси”га (Uranium Committee) олиб борилиб, унга Қўшма Штатлар, Буюк Британия, Германия ва Канададан олимлар жалб қилинган. Манҳэттен Лойиҳасига физик-теоритик Роберт Оппенгеймер ва генерал Лесли Гровс бошчилик қилади.
1945 йил 16 июлда Нью-Мексико штатининг Аламогордо полигонида ўтказилган дастлабки синов — “Тринити”да (Trinity) портлатилган “Ускуна” (Gadget) бомбаси ядро даврини бошлаб берди. Манҳэттен Лойиҳаси доирасида 3 атом бомбаси яратилди: плутоний “Ускуна” (Gadget), уран “Болакай” (Little boy), плутоний “Бақалоқ” (Fat Man).
Ўз навбатида, СССР қуролланиш пойгасида ортда қолмаслик учун
1949 йилда АҚШнинг “Бақалоғи” (Fat Man) конструкциясини максимал такрорлаган ҳолда ўзининг РДС-1 атом бомбасини яратди. 1961 йилга келиб, термоядровий авиацион АН602 — “Қирол-бомба” (Царь-бомба) яратилди. 1952 йилда Буюк Британия мустақил равишда ядро қуролини ишлаб чиқиши билан ядро державалари сони учтага етди. Шу тариқа, ядро қуроллари замонавий дунёнинг “Пандора қутиси”га айланди ва бу офатни япон миллати ўз бошидан ўтказди. Хиросима ва Нагасакига ташланган бомбалар дунё тинчлик тарафдорларини жунбишга келтирди. Ядро энергиясидан сиёсат қуроли сифатида фойдаланишга қарши ҳаракатлар вужудга кела бошлади.
Иккинчи жаҳон урушининг тугаши
1945 йил августда Иккинчи жаҳон уруши тугади. Япон милитаристлари ҳақиқий вазиятга эмас, асосан, самурайларнинг Бушидо кодексига таяниб, ҳарбий ҳаракатларни давом эттирди. 1945 йил ёзига келиб, денгиз флоти амалда ўз фаолиятини тўхтатди, ҳаво кучлари ҳалокат ёқасида эди. Барча қуруқликдаги қўшинлар Хитой, Индонезия ҳамда Жануби-Шарқий Осиёда жойлашган бўлиб, уларни Японияни ҳимоя қилиш мақсадида ўтказиш учун шароит ва имконият йўқ эди. Ҳарбий саноат 1944 йилга нисбатан сезиларли даражада пасайди.
Бундан бир йил олдин, яъни 1944 йилнинг октябрь ойида энг йирик ҳарбий-денгиз флоти жангида АҚШ Япония флотини тор-мор этган эди. 1945 йилнинг апрель ойида АҚШ армияси Окинава оролини эгаллади. У Токио шаҳридан 500 км узоқликда эди. Ёзга келиб Япония армияси Осиёнинг катта қисмидан қувиб чиқарилди. Бироқ Японияни таслим этиш осон иш эмас эди. Бунинг учун АҚШ Европадаги кучларини Японияга ташлаши зарур эди. Уруш эса 1946 йилнинг охиригача чўзилар ва АҚШ аскар ва қурол-слаҳа томонлама жуда катта зарар кўрар эди. Шунинг учун ҳам Совет давлатининг Японияга қарши урушга кириши ниҳоятда зарур эди. 26 июль куни АҚШ, Совет давлати ва Хитой Япониядан сўзсиз таслим бўлишни талаб қилди. Бироқ Япония бу талабни рад этди.
Ҳарбий нуқтаи назардан, Япониянинг икки тинч шаҳрини бомбардимон қилиш тушунарсиз эди, чунки фашистлар Германиясининг иттифоқчиси бўлган милитаристик Япония устидан ғалаба қозониш, асосан, миллионлик Квантун армиясининг Совет қўшинлари томонидан мағлубиятга учраганлиги билан таъминланган эди. Тинч шаҳарларни бомбардимон қилиш орқали АҚШ, энг аввало, сиёсий мақсадларни – атом қуролини халқларни қўрқитишнинг асосий воситаси деб билган ҳолда ўз қудратини намойиш этиш ва стратегик устунликни таъминлашни кўзлади.
“Болакай”нинг зарбаси
1945 йилнинг 10-11 май кунларида АҚШнинг Лос-Аламос шаҳрида “Манхэттен Лойиҳаси” (Manhattan Project) раҳбарларидан бири генерал Лесли Гровс бошчилигидаги Нишон қўмитасининг иккинчи йиғилиши ўтказилди. Ушбу қўмита бомбардимон учун нишонларни узил-кесил танлаш учун тузилган эди. Йиғилиш давомида ядро қуролларини ташлаш учун Киото, Хиросима, Ёкогама, Кокура ва Ниигата шаҳарлари таклиф этилди. Кейинчалик, 25 июлда Киото ўрнига Нагасаки шаҳри қўйилди. Охир-оқибат, илк нишон сифатида Хиросима танланди. Биринчи ядро зарбаси нишони сифатида Хиросиманинг танлангани тасодиф эмас эди. Бу шаҳар қурбонлар ва вайронагарчиликларнинг максимал сонига эришиш учун барча мезонларга жавоб берар эди: тепаликлар, паст ва ёнувчан ёғоч бинолар билан ўралган текис жой. Захира вариантлари Кокура ва Нагасаки шаҳарлари эди.
Хиросимага ташланган “Бақалоқ” (Fat Man) атом бомбаси. Манба: histrf.ru
1945 йилнинг 6 август куни соат 01:45 да B-29 “Enola Gay” бомбардимончи самолёти Тиниан оролидаги аэродромдан полковник Пол Тиббетс қўмондонлиги остида ҳавога кўтарилди. Бортда “Болакай” (Little boy) атом бомбаси бор эди. Бомбардимонда “Enola Gay”дан ташқари яна 6 та самолёт юборилган эди: битта захира, иккитаси портлашни суратга олиш ва унинг таъсир доирасини ўлчаш учун ва учта разведка самолёти – ҳар бир потенциал нишон (Кокура, Нагасаки ва Хиросима) учун биттадан. Кокура ва Нагасаки устидаги разведка шаҳарлар устини қуюқ булутлар қоплагани тўғрисида хабар берган бўлса, Хиросима устидаги разведкада об-ҳаво яхшилиги ва “бошланғич нишонни бомбардимон қилиш” бўйича тавсия берди.
Ўша машъум куннинг тунида, 5 августдан 6 августга ўтар кечаси япон радарлари Япония жанубидаги турли шаҳарларга яқинлашиб келаётган Америка самолётларининг бир нечта сигналларини аниқлади. Ҳаво ҳужуми ҳақида огоҳлантириш эълон қилинди ва кўплаб шаҳарларда, жумладан Хиросимада эшиттириш тўхтатилди. Хиросима радарлари ҳам АҚШ ҳарбий-ҳаво кучларини пайқаб, ҳаво огоҳлантиришини кўтарди, бироқ улар фақат бир нечта самолёт яқинлашаётганини кўриб, тез орада ўчирилди. Ресурсларни тежаш учун самолётларнинг кичик гуруҳларини ушлаб туриш мақсадга мувофиқ эмас деб ҳисобланган, шунинг учун фақат радио орқали аҳолига бошпаналарда паноҳ топишни маслаҳат берилган.
Маҳаллий вақт билан 08:15 да (Хиросимадаги деярли ҳар бир соатнинг кўрсаткичлари тонгги соат 08:15 да портлаш пайтида тўхтаган. Улардан баъзилари Тинчлик музейида экспонат сифатида тўпланган; Тошкент вақти билан 04:15) бомба 9400 метр баландликдан ташланди. 44,4 сониядан сўнг у ердан тахминан 580 метр баландликда портлади. 1,6 км радиусда ҳамма нарса вайронага айлантирди, зилзила эпицентридан 11 квадрат метр майдонни ёнғинлар қамраб олди. Атом портлаши натижасида 70-80 мингга яқин одам ҳалок бўлди, яна 70 мингга яқин одам турли жароҳат ва куйишлар олди. Йил охирига келиб, радиоактив ифлосланиш туфайли жабрланганларнинг умумий сони, турли манбаларга кўра, 166 минг кишига етган.
Бомбардимондан фақатгина омадлилар омон қолган. Улардан бири кемасозлик бўйича муҳандис Цутому Ямагучи эди. У нафақат омадли, балки икки карра тақдир суйган киши эди. Гап шундаки, Ямагучи ўша машъум кунда Хиросимадаги кемасозлик корхонасида, ядровий портлаш эпицентридан
3 километр узоқликда, хизмат сафарида бўлган. Қаттиқ куйиш жароҳатини олган Ямагучи таҳликада бошқа кишилар билан биргаликда уйига – Нагасакига қочади. Аммо орадан 3 кун ўтиб, америкаликлар Нагасакини ҳам атом зарбаси остида қолдиришади. Цутому Ямагучи бу сафар ҳам портлашдан омон чиқади. Шу боисдан, у портлашлар пайтида Хиросима ва Нагасакида бўлганлиги расман тан олинган ва омон қолган ягона шахс сифатида тарихга кирган.
Хиросима қолдиқлари. Манба: histrf.ru
Шаҳар бутунлай ер юзидан қириб ташланди. Омон қолган гувоҳлар биринчи навбатда ёрқин нурнинг чақнашини, кейин эса атрофдаги ҳамма нарсани ёқиб юборган тўлқинни кўрганликларини эслашди. Портлаш эпицентри ҳудудида ҳамма нарса бир зумда кулга айланди ва одамларнинг силуэтлари омон қолган уйларнинг деворларида қолди. Бомба портлашдан сўнг дарҳол шаҳарда нафақат ёнғинларни ўчириш, балки ташналикдан ўлаётган одамлар учун ҳам сув етарли эмас эди. Шу сабабли, ҳозир ҳам Хиросима аҳолиси сувни жуда эҳтиётлик билан сарфлайди. Хотира маросимида эса махсус “Кенсуи” маросими (япончадан – сув тақдим этиш) ўтказилади – бу шаҳарни қамраб олган ёнғинларни ва сув сўраган қурбонларни эслатади. Ўлимдан кейин ҳам, ўликларнинг руҳлари азоб-уқубатларни енгиллаштириш учун сувга муҳтож, деб ишонилади.
Портлаш марказида бўлган қиздан қолган силуэт. Манба: Historyofyesterday
Хиросима куни
Хиросима оммавий қирғин қуролларига қарши курашнинг рамзига айланди. Хиросима куни халқаро ҳамжамият томонидан Бутунжаҳон ядро қуролини тақиқлаш куни сифатида нишонлана бошлади. Шаҳарнинг ўзида ҳар йили ушбу кунда хотира маросими ўтказилади. Шаҳар марказидаги даҳшатли фожиа ҳақида доимий эслатма сифатида портлашдан кейин қолган вайроналар билан бир парча ер дахлсиз қолдирилди. 1947 йилдан бери Хиросимада фожиа хотирасига ҳар йили мотам маросими ўтказиб келинмоқда. Роппа-роса 8:15 да, бомба портлаган вақт, Тинчлик қўнғироғи чалинади. Сокин ибодатдан сўнг йиллик тинчлик декларацияси ўқилади, шундан кейин маросим иштирокчилари каптарларни осмонга учиришади. Тинчликка чақирув нутқлари сиёсий ва жамоат арбоблари ҳамда бошқа мамлакатлардан келган меҳмонлар томонидан айтилади. Маросим Тинчлик қўшиғи ижроси билан якунланади.