Skip to main content
муаммо

Яшалмаган умрлар: Одамлар нега ва қандай
ўз жонига қасд қилишмоқда

18+

Жаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилоти (ЖССТ) маълумотларига қараганда, ҳар 45 сонияда 1 киши, соатига 80, кунига 1918, йилига эса 750 000 дан ортиқ киши ўз жонига қасд қилади. Бу рақамлар сиз айни шу сатрларни ўқиётган маҳалда яна бир киши ўз жонига қасд қилганлигини англатади.

Деярли ҳар бир киши ҳаётида бир марта бўлса-да ўз жонига қасд қилиш ҳақида ўйлаган. Ўз жонига қасд қилиш мавзуси ҳали ҳам табу, уни оила ва дўстлар даврасида муҳокама қилиш одатий ҳол эмас. Аммо фақат очиқлик, тушуниш ва қабул қилиш кишиларни ҳалокатли қадам ташлашдан тўхтатишга ёрдам беради.

***

Суицид, яъни ўз жонига қасд қилиш бутун дунёда содир бўлиб, ҳеч бир миллат, маданият, дин, жинс ва ижтимоий синфга мансуб шахсларни четлаб ўтмайди. Бошқа туғма омиллар, масалан, руҳиятнинг бузилиши ва туғилишдаги аномалиялар, сурункали ёки умрбод касаллик бўлишидан қатъи назар, депрессия ҳам ўз жонига қасд қилишга бўлган мойилликни ошириши мумкин. Бутун дунё бўйлаб суицид бўйича мутахассислар ўз жонига қасд қилиш муаммоси ҳақида фикр юритадилар, ўз жонига қасд қилиш муносабатларини ва унга таъсир қилиши мумкин бўлган кўплаб омилларни ўрганадилар. Аммо бу тажрибаларнинг барчаси одамлар нима учун ҳаёт билан хайрлашишга қарор қилишларини тушунтирувчи ҳеч қандай умумий хулоса ва кенг қамровли назарияга олиб келмади. Ҳамма нарса жуда индивидуал. Шунга қарамай, тадқиқотлар натижасида қатор умумий жиҳатлар кузатилган.

Суицидент руҳияти

Депрессия ва бошқа руҳий касалликлар суициднинг энг муҳим хавф омиллари орасида кенг эътироф этилган. Ўтказилган тадқиқотларга кўра ўз жонига қасд қилган кишиларнинг 98 фоизи руҳий касалликка чалинган.
Ўз жонига қасд қилиш инсоннинг руҳий изтироблардан халос бўлиш истаги натижаси бўлиб, у инсоннинг асосий инстинктларидан бири – ўзини сақлаш инстинктини хиралаштиради. Ўз навбатида руҳий азоб-уқубатлар турли сабабларга кўра юзага келиши мумкин, уларни тўртта катта гуруҳга бўлиш мумкин:

– инсоннинг атроф-муҳит билан зиддиятлари (оилада, мактабда, ишда
ва ҳоказо), агар инсон ўзини ноҳақ хафа бўлган деб ҳисобласа. Шунингдек, муайян вазифаларни бажаришдаги муваффақиятсизликлар, ҳамкасблар, раҳбар ёки ходимлар билан низолар, жавобсиз севги, ажралиш, келишувсиз никоҳ, яқинларингнинг касаллиги ёки ўлими;
– инсоннинг ўзидан қониқмаслик ҳисси. Шунингдек, саломатлик – руҳий ва сурункали касалликлар, жисмоний нуқсонлар (нутқ нуқсонлари, ноқулайлик сифатида қабул қилинган ташқи кўриниш хусусиятлари), жинсий қобилиятсизлик;
– ҳаётнинг маъносини йўқотиш, яшашга рағбатнинг йўқлиги. Шунингдек, антисоциал инсон хатти-ҳаракатлари – жиноий жавобгарликдан қўрқиш, уятдан қўрқиш;
– молиявий ва маиший қийинчиликлар.

Айтилганлардан кўриниб турибдики, бундай ҳолатлар ҳар қандай одамда ҳаётнинг турли босқичларида пайдо бўлиши мумкин, аммо ҳамма ҳам, бахтига, бу қийинчиликлар туфайли ўзини ўзи ўлдирадиган даражада азоб чекмайди. Хўш, нега кўпчилигимизни ўз жонига қасд қилишга ундамайдиган нарса бошқаларга бунчалик ҳалокатли таъсир қилади? Гап шундаки, баъзи одамларнинг бундай ҳолатлари руҳий тушкунликка олиб келади, бунда миядаги биокимёвий мувозанат бузилади ва одам аниқ фикрлаш қобилиятини йўқотади. Унинг эътибори шунчалик тораядики, унга ўз азоблари ва ундан халос бўлиш истагидан бошқа нарса ҳақида ўйлаш қийин бўлади. Қолаверса, бундай азоб-уқубатлар унинг сабаби эмас, балки депрессиянинг оқибати деган фикр мавжуд. Қандай бўлмасин, одам ҳақиқатан ҳам руҳий касалликдан азият чекади ва айнан шу ҳолатда у ўз жонига қасд қилади.

Ўз жонига қасд қилган кишиларнинг 98 фоизи руҳий касалликка чалинган

Суицид ва анъаналар

Тадқиқотлар ва инсон тараққиёти маркази директори, психотерапевт Азизбек Болтаевга кўра, суициднинг ўзбекларга хос сабаблари мавжуд бўлмаса-да, оила институти ва ахлоқий меъёрлар жуда муҳим бўлган патриархал жамиятлар учун умумий сабаблар бор. Бундай сабаблар қаторига кучли ҳис-туйғуларимизни яшириш одати каби умумий хусусиятни ҳам киритиш мумкин.
Жамиятдаги одамнинг руҳий азобини тан олиши ва ёрдам сўраши қийин. Болалар оила “шаъни” ҳар бир аъзонинг ҳаётидан муҳимроқ эканлигига қатъий ишонч билан тарбияланади. Натижада, масалан, турмушга чиққандан кейин, янги оилада зўравонликка учраган, “ажрашиш билан ота-онасини шарманда қилишни” истамаган қиз, маълум бир вақтгача, ўз жонига қасд қилишга қарор қилмагунча, хўрлик азобига чидашда давом этиши мумкин. Суицид эса вазиятдан чиқишнинг яхши йўлидир. Кўпинча инсон ҳаётидан муҳимроқ бўлиб чиқадиган кўплаб миллий псевдоқадриятларимиз борлиги билан биз Марказий Осиёдаги қўшниларимиз ва Кавказ халқларига ўхшаймиз.

Суицид рақамларда

Очиқланган маълумотларга қараганда, Ўзбекистонда ўз жонига қасд қилганлар орасида руҳий касал, асабий характер, хулқ-атворида салбийлик аломатлари юқори бўлган кишилар энг кўп – 45 фоизни ташкил этган. Оилавий жанжаллар хусусан, эр-хотин, қайнона-қайноталар, эрнинг қавм-қариндошлари ёки ўзининг бошқа бировлар билан жанжаллашиб қолиши туфайли суицид содир этганлар миқдори 13,7 фоизни ташкил этган.
Шунингдек, моддий-маиший жиҳатдан кам таъминланганлик (2,3 фоиз), гиёҳвандликка ружу қўйиш, соғлом турмуш тарзини йўлга қўя олмаслик (1,7 %), рашк туфайли (0,7 фоиз, ишхонадаги келишмовчиликлар, бошқа бировнинг шахсга тегадиган даражада ҳақорат қилиши (0,3 фоиз) ва бошқалар (севгани билан жанжаллашиб қолиши, ўқишга кира олмаслиги, фарзанд касаллиги ёки йўқлиги, пулини йўқотиш, бошқалар билан зиддият) – 17,6 фоизга етган.

Ҳар йили дунёда 750 мингдан ортиқ киши ўз жонига қасд қилади. Бу қотиллик қурбонлари сонидан икки баравар кўп

Ҳар бир ўз жонига қасд қилиш ҳолати – оилалар, жамоалар ва бутун мамлакатлар ҳаётига таъсир қиладиган ва марҳумнинг яқинлари учун узоқ муддатли оқибатларга олиб келадиган фожиа. Ўз жонига қасд қилиш салмоғи жаҳон миқёсида безгак, ОИВ/ОИТС, кўкрак саратони ёки уруш ва қотиллик натижасидаги ўлимлар билан биргаликда ўлимнинг асосий сабабларидан бири ҳисобланади. Шу жумладан, 2019 йилги маълумотларга кўра, ўз жонига қасд қилиш даражаси ўртача ҳисобда ҳар 100 минг кишига 9 кишини ташкил қилади. Бу рақамлар мамлакатдан мамлакатга қараб, 2 кишидан 80 кишигача ўзгариб туради.
Жаҳон миқёсида ҳар йили 750 мингдан ортиқ киши суициддан вафот этади. Суицид билан боғлиқ иснод ва баъзи мамлакатларда унинг ноқонунийлиги туфайли кўрсаткичлар камайтириб кўрсатилади ёки ўлимлар эҳтиётсизлик оқибати сифатида тавсифланади. Ўтказилган тадқиқотларга кўра, 2019 йилда ўлим сабаблари сони бўйича жаҳон миқёсида 41 млн киши турли касалликлардан, 1,2 млн киши автоҳалокатлардан, 300 минг киши тартибсиз алкогол ва наркотик воситалар истеъмолидан, 237 минг киши чўкишдан, 111 минг киши ёнғиндан, 77 минг киши заҳарланишдан, 62 минг киши конфликтлардан, 6 киши табиий офатлардан вафот этса, 759 минг киши суициддан кўз юмади.

Ҳар юзинчи ўлим – суицид

Бу эса, суицидни жаҳон миқёсидаги ўлимнинг асосий сабабларидан бирига айлантиради. Қотилликка нисбатан ўз жонига қасд қилиш натижасида икки баравар кўп одам вафот этади. Суицид дунёнинг аксарият мамлакатларида қотилликка қараганда кўпроқ учрайди – айрим мамлакатларда ўн баравардан йигирма бараваргача юқори.
Ўзбекистон миқёсида 2019 йилда ўлим сабаблари сони бўйича 196 минг киши турли касалликлардан, 4,9 минг киши автоҳалокатлардан, 684 киши ёнғиндан, 368 минг киши заҳарланишдан, 974 киши қотилликдан вафот этган бўлса, суицид натижасида салкам 4 минг киши умрини якунлаган. Бу рақамлар суицидентлар сони қотиллик қурбонларига қараганда 3,8 марта кўп дегани.

Сабаблар бўйича ўлимлар сони, Ўзбекистон, 2019 й.

Суицид географияси

Дунё миқёсида ўз жонига қасд қилиш натижасида ўлим ҳолатларининг аксарияти жаҳон аҳолисининг катта қисми яшайдиган паст ва ўрта даромадли мамлакатлар улушига (77%) тўғри келади. Бундай ҳолатларнинг ярмидан кўпи (58%) 50 ёшгача бўлган шахслар томонидан содир этилган. Бунда ўз жонига қасд қилган ўсмирларнинг аксарияти (88%) паст ва ўрта даромадли мамлакатлар аҳолиси саналади.
Давлатлар нуқтаи назаридан суицидентларнинг 26 фоизи Ҳиндистон улушига тўғри келади, кейинги ўринларни Хитой (15 фоиз), АҚШ (6 фоиз) ва Россия (5 фоиз) эгаллайди. Марказий Осиё давлатларига назар ташлайдиган бўлсак, ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари бўйича биринчи ўринда 4,3 минг суицидент билан Қозоғистон туради. Мазкур рақамлар Ўзбекистонда 3,8 минг кишини (жаҳон миқёсида суицидентларнинг ярим фоизи), Қирғизистонда 600 кишини, Тожикистонда 464 кишини, Туркманистонда 440 кишини ташкил қилади.
ЖССТ маълумотларига қараганда, сўнгги 20 йил ичида дунёда ўз жонига қасд қилишлар сони 36 фоизга камайганига қарамай, улар урушлар ва қотилликлардан кўра кўпроқ одам ўлдирган. Ҳар юзинчи ўлим – суицид. Шарқий Европа, Жанубий Корея, Зимбабве, Гайана ва Суринамда ўз жонига қасд қилиш даражаси тахминан ҳар 100 минг кишига 20 тадан ошади. Шимолий Африка, Яқин Шарқ, Индонезия, Перу ва Ўрта Ер денгизининг баъзи мамлакатларида эса мазкур кўрсаткич 5 тага ҳам етмайди.

Суицидларнинг катта қисми паст ва ўрта даромадли мамлакатлар улушига тўғри келади

Шу ўринда айтиш мумкинки, суицидал феъл-атворга эга кишиларнинг катта қисми Дания Қироллигининг таркибида бўлган Гренландияда яшайди. Шу боис, Гренландия суицид даражаси бўйича энг олдинги ўринда бўлиб, ҳар 100 минг кишидан 54 таси ўз жонига қасд қилган (1990 йилда мазкур кўрсаткич 87 кишини ташкил қилган). Кейинги ўринларни Лесото (24 киши) ва Гайана (32 киши) эгаллаган. Мазкур кўрсаткичда энг яхши натижаларни эса Иордания (3 киши) ва Сурия (2 киши) кўрсатган.
Марказий Осиёда ҳар 100 минг кишига суицид сони бўйича энг юқори натижа доимгидек Қозоғистон (23 киши), кейинги ўринлар эса, кутилгандек, Ўзбекистон (11 киши), Қирғизистон (10 киши), Туркманистон (9 киши) ва Тожикистонга (6 киши) тегишли.

Ҳар 100 минг кишига нисбатан суицид даражаси, 2019 й.

Шу ўринда таъкидлаш лозимки, Ўзбекистонда суицид даражаси йилдан йилга ошиб бормоқда. Хусусан, мамлакат миқёсида ҳар 100 минг кишидан 9 таси ўз жонига қасд қилган бўлса, 2019 йилда бу рақамлар
11 кишига етган.

Суицид воситалари

Таҳлилларга кўра, жаҳон миқёсида ўз жонига қасд қилиш ҳолатларининг тахминан 20 фоизи пестицидлар ёрдамида ўз-ўзини заҳарлаш билан боғлиқ бўлиб, уларнинг аксарияти паст ва ўрта даромадли мамлакатларнинг қишлоқ ҳудудларида содир бўлади. Охирги 50 йил ичида пестицидлардан ўз-ўзини заҳарлаш оқибатида 14 миллион киши ҳалок бўлди. Бироқ, пестицидлар билан заҳарланиш масаласи соғлиқ учун олдини олиш мумкин бўлган натижа сифатида камроқ эътиборга олинган. Қисман пестицидларнинг чекловлари ва тақиқланиши туфайли – пестицидлар кенг қўлланилган мамлакатларда ўз жонига қасд қилиш даражасининг умумий пасайиши билан бир қаторда, сўнгги йилларда пестицидлардан ўз жонига қасд қилиш даражаси камайди. Бироқ, улар ҳали ҳам юқори.

Суицид ҳолатларининг бешдан бир қисми пестицидлар ёрдамида амалга оширилади

Ўз жонига қасд қилишнинг бошқа кенг тарқалган усуллари – осиш ва ўқотар қуроллар. Ўқотар қуроллар дунёдаги энг кенг тарқалган ўз жонига қасд қилиш усулларидан биридир. Улар глобал ўз жонига қасд қилиш ҳолатларининг тахминан 8 фоизи ундан фойдаланган ҳолда амалга оширилади. Аммо баъзи мамлакатларда улар анча катта роль ўйнайди.
Ўз жонига қасд қилишнинг энг кўп қўлланиладиган усулларини билиш, ўз жонига қасд қилиш воситаларидан фойдаланишни чеклаш каби самарали бўлган олдини олиш стратегияларини ишлаб чиқиш учун муҳимдир.

Суицид ёш танламайди

Ўз жонига қасд қилиш ёшлар ўлимининг асосий сабабларидан биридир. Аммо бу суицид кекса кишиларга қараганда ёшларда кўпроқ содир бўлишини англатмайди. Жаҳон миқёсида суицидларнинг 58 фоизи 70 ёшдан ошганлар томонидан содир этилган (ҳар 100 мингдан 25 киши). Демографик жиҳатдан кейинги ўринларда мос равишда 50-69 ёшдагилар (ҳар 100 мингдан 14 киши), 15-49 ёшдагилар (ҳар 100 мингдан 11 киши) эгаллаган. Энг паст кўрсаткичларни эса 5-14 ёшдагилар кўрсатган.

Суицид даражаси одатда кекса одамларда орасида юқори

Ўзбекистонга назар ташлайдиган бўлсак, фарқли манзара кўзга ташланади – Ўзбекистонда суицид тобора “ёшариб” бормоқда. Шу жумладан, содир этилган суицидларнинг катта қисми 15-49 ёшдагилар улушига тўғри келади.

Ёш бўйича суицид даражаси, Ўзбекистон, 2019 й.

Ўзбекистонда 1990–2016 йиллар давомида ўсмирлар ўлими икки баравар (400 нафар) ошди. Шу жумладан, 2019 йилда Тошкентда суицид ҳолатларининг 30 фоизи вояга етмаган қизлар ўртасида кузатилган.

Суицидентнинг жинси

Дунё миқёсида эркаклар ўз жонига қасд қилиш даражаси аёлларга нисбатан икки баравар юқори. Кўпгина мамлакатларда бу нисбат янада баланд. Сўнгги ўттиз йилга назар ташлайдиган бўлсак, барқарор тенденция кўзга ташланади – ўтган давр мобайнида суицид даражасига бўйича эркаклар етакчилик қилиб келмоқда. Хусусан, Гренландия мисолида оладиган бўлсак, 2019 йилда ҳар 100 минг аёл кишидан 25 таси ўз жонига қасд қилган бўлса, бу рақам эркаклар орасида 75 тани ташкил этади.

Суицидга уринганлар орасида аёллар, суицид оқибатида ўлганлар орасида эса эркаклар кўпроқ

Маълум қилинишича, республика бўйлаб ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари кўпроқ эркаклар билан юз бермоқда. Ўзбекистонда эса ҳар 100 минг аёлдан 5 таси ўз жонига қасд қилган бўлса, суицидентлар сони эркак кишиларга 14 нафарга етган. Аммо Бухоро, Қашқадарё, Сирдарё ва Сурхондарё вилоятларида аёллар қарама-қарши жинс вакилларига нисбатан кўп суицидни содир этган. Шунга қарамай, Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларида жонига қасд қилаётган эркаклар сони аёллардан фарқланади. Шу жумладан, Тошкент шаҳри жинслар ўртасидаги номутаносиб суицид ҳолатлари бўйича биринчи ўринда бўлиб, 69 фоиз вазиятда эркак киши жонига қасд қилган.
Суициднинг гендер жиҳатларидаги қизиқ ҳолат шундаки, ўз жонига қасд қилганлар орасида орасида аёллар, суицид оқибатида вафот этганлар орасида эса эркаклар кўпчиликни ташкил этади. Эркак киши жонига қасд қилганда мақсад ўлиш бўлади. Аёлларда эса кўпинча суиқасддан мақсад кимнидир қўрқитиш, қасд олиш, нимагадир қодир эканини исботлаш бўлади.

Суицид ва ОАВ

Баъзи мулоҳазаларга қараганда, суицид ҳолатларининг ошиб кетишига қисман ОАВнинг ҳам “айби бор”. Уларга кўра, жонга қасд қилиш ҳақидаги хабарларнинг давомий ва деструктив узатилиши аҳоли ўртасида шу ҳолатга яширин тарғиботни кучайтирмоқда. Бироқ, Ўзбекистонда ўз жонига қасд қилиш муаммоси ахлоқ, менталитет ва дин билан шунчалик кўпки, бу ҳақда жуда кам гапирилади. Аммо сукунат воқеликни ўзгартирмайди, баъзан эса вазиятни янада оғирлаштиради – одамлар суицидга вазиятдан чиқишнинг бирдан бир йўли сифатида қарай бошлашади ва буни амалга оширади. Бизнинг фикримизча, фақат очиқлик, тушуниш ва қабул қилиш кишиларни ҳалокатли қарорлар қабул қилишдан имкон қадар тўхтатиб қолишга ёрдам беради.

Бизда талабалар суициди ва Халқ таълими вазирлигининг суицид ҳолатларини ёритишга муносабати тўғрисида ҳам мақолалар бор.

БУ КИМНИ ИШИ?

Муроджон Нажмиддинов — матн

Пўлат Таджимуратов — таҳрир

 

Муқова: Леонардо Аленса, “Романтик суицид ҳақидаги сатира” картинаси, 1839 й. Манба: “Pikabu”

Инфографика: ourworldindata.org