Skip to main content
сана

Халқаро меҳнат ташкилоти: муносиб меҳнатни рағбатлантириш йўлида

1992 йил 13 июль куни Ўзбекистон Халқаро меҳнат ташкилотига аъзо бўлди. Бу ўзи қандай ташкилот? Унинг бош устави нимадан иборат ва бизнинг ҳаётимизда у қандай аҳамият касб этади? Аъзолик бизга қандай имкониятлар тақдим этди? Келажакдаги истиқболидан нималар кутиш мумкин? Бу каби саволларга ташкилот фаолияти ва Ўзбекистоннинг ушбу ташкилот билан ўзаро ҳамкорлиги ҳақида сўз юритган ҳолда жавоб излаймиз.

Ташкилот тарихи ва фаолияти ҳақида

Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) – Бирлашган Миллатлар Ташкилоти тизимининг ихтисослаштирилган муассаcaси бўлиб, у ижтимоий адолат тамойилларини, халқаро тан олинган инсон ва меҳнат ҳуқуқларини илгари суришни ўз олдига мақсад қилиб қўйган. Ташкилот 1919 йилда Биринчи жаҳон урушидан сўнг тузилган Версал шартномасининг бир қисми сифатида умумбашарий ва мустаҳкам тинчлик фақат ижтимоий адолатга асосланган тақдирдагина амалга ошиши мумкинлигига ишонч намунаси ўлароқ ташкил этилган. ХМТ 1946 йилда БМТ тизимига кирган биринчи ихтисослаштирилган муассаса ҳисобланади. ХМТнинг бош офиси эса Швейцариянинг Женева шаҳрида жойлашган.

Ташкилот фаолияти Филадельфия декларациясида (1944 йил) эълон қилинган қуйидаги тамойилларга асосланади:

– меҳнат товар эмас;
– сўз эркинлиги ва бирлашмалар эркинлиги доимий тараққиётнинг зарурий шартидир;
– ҳар қандай жойдаги қашшоқлик умумий фаровонлик учун хавфдир;
– ирқи, эътиқоди ёки жинсидан қатъи назар, барча одамлар эркинлик ва инсон қадр-қимматини ҳурматлаш, иқтисодий барқарорлик ва тенг имкониятлар шароитида моддий фаровонлик ва маънавий ривожланиш ҳуқуқига эгадирлар.

ХМТ Конституцияси 1919 йил бошида Aмерика меҳнат федерацияси (AФЛ) раҳбари Самуел Гомперс раислигидаги Меҳнат комиссияси томонидан ишлаб чиқилган. Комиссия тўққиз мамлакат – Бельгия, Куба, Чехословакия, Франция, Италия, Япония, Польша, Буюк Британия ва AҚШ вакилларидан иборат эди.
ХМТ Конституциясининг муқаддимасида қуйидаги сўзлар қайд этилган:

– умумжаҳон ва мустаҳкам тинчлик фақат ижтимоий адолатга асосланган тақдирдагина ўрнатилиши мумкин;
– кўп сонли одамларга нисбатан адолатсизлик, қийинчилик билан боғлиқ меҳнат шароитлари мавжудлиги дунё тинчлиги ва тотувлигига путур етказадиган тартибсизликлар келтириб чиқаради ва бу шартларни зудлик билан яхшилаш талаб этилади;
– ҳар қандай халқнинг инсонпарвар меҳнат шароитларини ўзлаштира олмаслиги ўз мамлакатларидаги шароитларни яхшилашни истаган бошқа халқларнинг йўлида тўсиқдир.

Муқаддимада санаб ўтилган такомиллаштириш йўналишлари, шунингдек, иш вақти ва ишчи кучи таъминотини тартибга солиш, ишсизликнинг олдини олиш ва муносиб турмуш даражасини таъминлаш, ишчилар, болалар, ёшлар ва аёлларни ижтимоий ҳимоя қилиш бугунги кунда ҳам долзарб бўлиб қолмоқда. Муқаддима, шунингдек, бир қатор асосий тамойилларни, масалан, тенг қийматга эга бўлган меҳнат учун тенг ҳақ тўлаш ва уюшмалар эркинлигини тан олади ва касбий ва техник таълимнинг муҳимлигини таъкидлайди.

Гай Райдер, ХМТ бош директори

“Бугунги кунда ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ ҳамма учун муносиб меҳнат имкониятлари инклюзивлик, ижтимоий адолат, барқарорлик ва тинчликнинг калитидир. Трансформацион ўзгаришлар юз бераётган иш дунёсида ҳукуматлар, ишчилар ва иш берувчилар биз хоҳлаган иш келажагини қуриш учун бирлашиши керак.”

2019 йилда ўзининг 100 йиллигини нишонлаган ушбу ташкилот муҳим тарихий босқичларда, жумладан, Буюк Депрессия, деколонизация, Жанубий Aфрикада апартеид устидан қозонилган ғалаба ҳамда бугунги кунда адолатли глобаллашув учун ахлоқий ва самарали асос яратишда муҳим рол ўйнамоқда.

Ташкилот ўзининг уч томонлама таркибий қисмига эга ва бу билан бутун жамиятга хизмат қилади, жумладан:

– фундаментал инсон ҳуқуқларини илгари суриш, меҳнат ва яшаш шароитларини яхшилаш ҳамда бандлик имкониятларини кенгайтириш бўйича халқаро сиёсат ва дастурларни шакллантириш;
– уларнинг қўлланилишини назорат қилиш учун ягона тизим билан таъминланган халқаро меҳнат стандартларини яратиш;
– мамлакатларга ушбу сиёсатни самарали равишда амалда қўллашга ёрдам бериш учун таркибий қисмлар билан фаол ҳамкорликда ишлаб чиқилган ва амалга оширилган халқаро техник ҳамкорликнинг кенг дастури.

Халқаро меҳнат ташкилотининг Ўзбекистондаги фаолияти

ХМТнинг муносиб меҳнатни техник қўллаб-қувватлаш гуруҳи ва Шарқий Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари ваколатхонаси (илгари ХМТ Шарқий Европа ва Марказий Осиё бўйича субминтақавий бюроси деб аталган; янги ном 2010 йил апрель ойида белгиланган) 1959 йилдан бери Москвада фаолият юритади. Офис ўнта давлатда – Озарбайжон, Aрманистон, Беларус, Грузия, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия Федерацияси, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистонда ХМТ фаолиятини мувофиқлаштиради.

ХМТнинг субминтақадаги фаолияти қуйидагиларга йўналтирилган:

– субминтақадаги муносиб меҳнат бўйича мамлакат дастурларини илгари суриш;
– ижтимоий мулоқотни ривожлантириш;
– ижтимоий ҳимоя;
– бандликни ривожлантириш;
– меҳнатни муҳофаза қилиш ва хавфсизлик;
– меҳнат дунёсида гендер тенглиги;
– иш жойида ОИВ/ОИТС;
– болалар меҳнатига барҳам бериш ва бошқа соҳалар

ХМТининг Ўзбекистондаги фаолияти меҳнат шароитларини яхшилаш, мажбурий меҳнатга, шунингдек, болалар меҳнатига барҳам беришга қаратилган. Меҳнат шароитларида ижтимоий адолатни таъминлаш борасида ХМТ билан ҳамкорликда бир қанча дастурлар амалга оширилган. Жумладан, ушбу ташкилот билан биринчи йирик дастур “2014-2016 йилларга мўлжалланган ва кейинчалик 2020 йилга қадар узайтирилган “Ўзбекистонда муносиб меҳнат дастури” ҳисобланади. Унинг ижроси тўлиқ бажарилган ва соҳани такомиллаштиришга муносиб ҳисса қўшган.
Ҳозирги кунда, муносиб меҳнат шароитларини янада такомиллаштириш ва янги лойиҳаларни амалга ошириш мақсадида 2021 йилнинг сентябрь ойида қабул қилинган «Ўзбекистонда муносиб меҳнат бўйича 2021-2025 йилларга мўлжалланган янги Мамлакат дастури» ва уни 2022-2023 йилларда амалга ошириш учун “Йўл харитаси” муҳокама қилинмоқда. “Йўл харитаси”да муносиб меҳнат шароитларини такомиллаштиришга қаратилган 50 дан ортиқ тадбирлар режаланган ҳамда уларда меҳнат қонунчилигини халқаро стандартларга мослаштириш, норасмий бандликни қисқартириш ва ижтимоий ҳимояни кучайтириш каби мақсадлар кўзланган.

Ўзбекистон томонидан ратификация қилинган  ХМТ ҳужжатлари

Ўзбекистон ХМТ томонидан қабул қилинган жами 19 та конвенция ва 1 та протокол, жумладан, 10 та фундаментал конвенциядан 9 тасини, 4 та бошқарув конвенциянинг барчасини, 176 та техник конвенциянинг 6 таси ратификация қилган. Ҳозирги кунда, Ўзбекистон томонидан ратификация қилинган 19 та Конвенция ва 1 та Протоколдан 17 таси амалда бўлиб, ҳеч бир Конвенция бугунги кунга қадар денонсация қилинмаган. Айтиш жоизки, мазкур конвенцияларнинг оҳирги иккитаси сўнгги 12 ой ичида ратификация қилинган. Мазкур конвенцияларнинг иккитаси Ўзбекистон ҳудудида ҳали кучга кирмаган бўлиб, булар:

1. ХМТ томонидан 2006 йилда қабул қилинган “Меҳнат хавфсизлиги ва гигиенасига кўмаклашиш асослари тўғрисида”ги 187-сонли Конвенция (Promotional Framework for Occupational Safety and Health Convention) 2021 йил 14 сентябрда ратификация қилинган бўлиб, 2022 йил 14 сентабрдан кучга киради;
2. ХМТ томонидан 1988 йилда қабул қилинган “Қурилишда меҳнат хавфсизлиги ва гигиенаси тўғрисида”ги 167-сонли Конвенция (Safety and Health in Construction Convention) 2022 йил 9 июнда ратификация қилинган бўлиб, 2023 йил 6 июнда кучга киради.

Болалар меҳнатида Ўзбекистонга ХМТ томонидан бойкот эълон қилиниши

ХМТнинг ўзбекистонликлар ҳаётига таъсирини бойкот масалаларида ҳам кузатиш мумкин. Бойкот 2011 йилда Ўзбекистон пахта йиғим-терими даврида болалар ва мажбурий меҳнатдан фойдаланилгани учун жорий қилинган. У Cotton Campaign томонидан эълон қилинган бўлиб, брйкотга 331 та халқаро бренд ва савдогарлар қўшилган.
Cotton Campaign инсон ва меҳнат ҳуқуқлари бўйича нодавлат ташкилотлар (ННТ), мустақил касаба уюшмалари, бренд ва чакана савдо уюшмалари, масъул инвестор ташкилотлари, таъминот занжири шаффофлиги гуруҳлари ва пахта етиштиришда мажбурий меҳнатга чек қўйишга қаратилган академикларнинг коалициясидир.
ХМТ мониторинги Ўзбекистонда 2021 йилги пахта терими даврида тизимли мажбурий ва болалар меҳнатига барҳам берилгани аниқлади. Натижада бойкот 2022 йил 10 мартда бекор қилинди.
ХМТ Ўзбекистон билан 2013 йилдан буён пахтачилик соҳасида қишлоқ хўжалиги ва иқтисодий амалиётни ислоҳ қилиш бўйича ҳамкорлик қилиб келади. Мазкур ҳамкорликдан кўзланган мақсад меҳнатга бўлган муносабатни ўзгартиришни ҳамда болалар ва мажбурий меҳнатни қонунда ҳам, амалиётда ҳам чеклашдан иборат эди.
Бу даврда пахтачилик соҳасида ижтимоий мулоқот ва жамоа шартномасини йўлга қўйиш борасида ҳам муваффақиятлар кузатилди. 2021 йилда фуқаролик жамияти вакиллари пахта теримида иштирок этиш учун тайёрланди.
ХМТнинг халқаро ҳамкорлари, Ўзбекистоннинг уч томонлама тузилмалари, фуқаролик жамияти вакиллари ва бошқа манфаатдор томонлар Ўзбекистонда тизимли болалар ва мажбурий меҳнатга барҳам бериш ва муносиб меҳнатни ривожлантириш бўйича ишда ХМТ билан ҳамкорлик қилдилар

ХМТнинг Ўзбекистонда меҳнат муносабатларида аҳолининг иштироки юзасидан статистикаси (2020 йил бўйича)

Аҳолининг ишчи кучидаги иштироки – 56,2 %: эркаклар – 39,9%; аёллар – 73,1%
Аҳолининг бандлик даражаси – 53,2%: эркаклар – 36,9%; аёллар – 70,3%
Қишлоқ ҳўжалигидаги улуши – 26,9: эркаклар – 36,4%; аёллар – 27,6%
Саноатдаги улуши – 22,4: эркаклар – 28,4%; аёллар – 13,8%
Хизмат кўрсатишдаги улуши – 50,7%: эркаклар – 45,2%; аёллар – 58,6%
Олий таълимдаги улуши – 20%: эркаклар – 21,2%; аёллар – 19,3%
Ишсизлик даражаси – 5,3%: эркаклар – 7,7%; аёллар – 3,9%
Ёшлар орасида ишсизлик даражаси – 13,2%: эркаклар – 21,4%; аёллар – 8,3%
Ишсизлик ва потенциал ишчи кучининг умумий даражаси – 5%: эркаклар – 7,8%; аёллар – 4%
Одамларнинг ўртача ойлик иш ҳақи, миллий валютада – 2 673 284.5 сўм; эркаклар – 3 260 607.8 сўм; аёллар – 2 071 273 сўм
Энг кам ойлик иш ҳақи – 172 240 сўм (2018 йил маълумоти бўйича)
Касбий ўлим билан касалланиш даражаси (ҳар 100 000 кишига) – 2,9%: эркаклар – 3,%; аёллар – 0,7%
Ўлимга олиб келмайдиган ишлаб чиқариш жароҳатлари даражаси (ҳар 100 000 кишига) – 10,2 %: эркаклар – 12,2%; аёллар – 3,9%
Камида битта ижтимоий нафақа билан қамраб олинган аҳоли – 42,7%

Юқоридаги статистика сўнгги икки йилда ўзгарганлиги аниқ ва бугунги кунга келиб Ўзбекистонда меҳнат муносабатлари ХМТнинг ёрдамида ижобий томонга ўзгариб бормоқда.

БУ КИМНИ ИШИ?

Ноила Нурмаматова — матн

Дилбар Ҳайдарова — таҳрир

Муқова: unsplash.com