Ҳурматли фуқаро!
Кўчада ИИО ходими тўхтатса, нима қилиш керак?
Ички ишлар органлари (ИИО) ходимлари билан тўқнашув бунга тайёр бўлмаган одамни гангитиб қўйиши, ваҳима қўзғатиши ёки тажовузкор ҳатти-ҳаракатларга олиб келиши мумкин. Ортиқча муаммоларни олдини олиш учун киши ўзини қандай тутиши керак? Томонлар қандай ҳуқуқ ва мажбуриятларга эга? Сизни қандай ҳолатда жазога тортишлари мумкин ва қай вазиятда ходимларнинг ҳаракатлари ғайриқонуний бўлади? Нима учун ҳужжатларингизни кўрсатишингиз лозим? Қандай ҳолатларда қонунан жаримага тортилишингиз мумкин? Қайси вазиятда ҳақ-ҳуқуқингизни талаб қилганингиз маъқулроқ?
Тошкент шаҳрида фуқаролар ва ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ўртасидаги тўқнашувларнинг энг кўп учрайдиган ўнта ҳолатини таҳлил қиламиз.
Ҳужжат борми?
Кўпчилик, бирор бир қоидабузарлик ҳолатидагина паспорт кўрсатилиши лозим деб ўйлайди. Лекин, “Ички ишлар органлари тўғрисида”ги қонуннинг 17-моддасида ҳар қандай навбатчи ходим сиздан шахсингизни тасдиқлашни сўрашга ҳақли эканлиги кўрсатилган.
Хуллас, ҳеч бир вазиятда ушбу талабдан бош тортмаслигингиз керак, акс ҳолда сиз Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг (МЖтК) 194-моддаси бўйича айбдор деб топиласиз ва икки базавий ҳисоблаш миқдори (БҲМ) қийматида жаримага тортиласиз.
Ниқобни тақинг, фуқаро
Пандемия нафақат жамият ҳаётига, балки қонунчиликка ҳам таъсир кўрсатди. Жамоат жойларида ниқобсиз юриш Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 54-моддасига зид келади. Мамлакатда карантин чекловлари мавжуд экан, кўчада ёлғиз ёки одамлар қуршовида бўлишингиздан қатъи назар, ниқоб тақишингиз шарт.
Изоҳ: мақоланинг асли 2021 йил сентябрида ёзилган, у пайт мамлакатда ҳали карантин чекловлари мавжуд эди.
«Ҳозир қушча учиб чиқади»
Ходимни суратга олишни тақиқловчи махсус ҳужжат ёки қонун мавжуд эмас. “Ички ишлар органлари тўғрисида”ги қонуннинг 5-моддасида тузилма фаолияти очиқ ва ошкора бўлиши шартлиги белгиланган.
2018 йилда Ички ишлар вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган “Ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар вакилларини ўз хизмат вазифаларини бажариш чоғида уларнинг розилигисиз суратга тушириш ва видеотасвирга олишни тақиқловчи” ҳукумат қарори лойиҳаси кўриб чиқилди. Аммо бу қарор қабул қилинмади.
ИИВ ОАВ билан алоқалар бошқармаси бошлиғи, генерал-майор Қутбиддин Бурхонов 2019 йили ўтган бир йиғилишда “Инсонни суратга олиш ёки видеога олиш учун ундан рухсат сўраш керак, чунки Фуқаролик кодексига мувофиқ, ҳар бир фуқаро шахсий дахлсизлик ҳуқуқига эга”, дея ушбу масалага аниқлик киритган эди. Шунингдек, Бурхонов “ноқонуний ҳаракатлар содир бўлган ҳолларда рухсатсиз суратга олиш мумкин”, деб ҳам қўшимча қилган.
Яъни, қонун ходимларни суратга олишингизни тақиқламайди, аммо ниятингиз ҳақида огоҳлантириш тавсия этилади. Ҳар қандай ҳолатда ёзувлардан шантаж ёки товламачилик мақсадида фойдаланманг – бу қонунга зиддир.
Шунчаки бинони суратга олаётгандимку!
2019 йилда ҳукумат суратга олиш тақиқланган бинолар ва объектлар рўйхатини муҳокама қилди. Аммо аниқ рўйхат ҳали шакллантирилмади. Шунинг учун, агар суратга олинаётган объектда тақиқ белгиси бўлмаса, у ҳолда тасвирга олишга рухсат берилади.
"Маҳалла қаққа қаравотти?!"
Ички ишлар ходими кўчада бир-бирини қучоқлашга журъат этган жуфтликларни тўхтатиши ва жазолашини дастакловчи, қучоқлашни тақиқловчи модда қонунчиликда йўқ. Бундай ҳолда одатда насиҳатлар, менталитет тўғрисидаги маърузалар ва жамоатчиликнинг нафрати ҳақидаги пандлар ишга тушади. Бироқ, шундай бўлсада, сизни тинчликни бузганлик учун жавобгарликка тортишолмайди.
Туз қаёқдан келди?
Қонунчиликда қимор ўйинларининг аниқ таърифи йўқ, аммо ҳар қандай пул тикиладиган ўйинларни қимор ўйинлари деб талқин қилиш мумкин. Агар ички ишлар ходимлари сизни қарталар билан ушлаб олган бўлса, унда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 191-моддасига биноан, ўйин буюмларини, шунингдек ўйинга тикилган ҳамда ютуқ бўлган пуллар, ашёвий далиллар ва бошқа қимматбаҳо буюмларни мусодара қилиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг уч бараваридан беш бараваригача бўлган миқдорда жаримага тортиши мумкин. Ҳаттоки, агар пул тикилган бўлса, машҳур Монополия ёки шахматни ҳам тортиб олишлари мумкин.
Лазгини чалинг, ҳофиз
Биз жамоат жойларида томошабинларни хурсанд қилувчи кўча мусиқачилари ҳақида аввал ёзган эдик. Афсуски, баъзан милиция ходимлари мусиқачиларни “тиланчи” дея бунга тўсқинлик қилишади. Аммо кўча мусиқачиларининг ҳеч бири одамларни пул ёли моддий ёрдам илинжи билан безовта қилмайди, демакки, уларнинг ҳаракатлари Маъмурий Кодекснинг 188³-моддасига мос келмайди.
Бошқа ҳаракатлар учун жавобгарликка тортишлари мумкинми? Ҳа, ходимлар мусиқачиларни Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 561-моддасига асосан чекиш, жамоат жойида алкоголь ичимликлари (агар улар бўлса) истеъмол қилганликлари ёки жамоат тартибини ва фуқаролар тинчлигини бузганликлари учун (МЖтКнинг 183-моддаси) жаримага тортиши ёки бўлимга олиб бориши мумкин.
Тунги сайр
Комендантлик соати баҳонасида тунда Тошкент атрофида айланиб юрган патруллар ёшларни қоронғу тушгандан кейин бўлимга олиб кетиш ҳолатлари тез-тез учраб туради. Аммо комендантлик соати жорий қилинмаган ҳудудларда қонун кечаси сайр қилишни тақиқламайди. Бироқ, бу ИИО ходимларига рейдлар ўтказишга тўсқинлик қилмайди. Ёдингизда бўлсин, агар сиз ҳужжатларни текшириш баҳонасида ёки умуман ҳеч қандай баҳонасиз “қўлга олинган” бўлсангиз, сизни уч соатдан ортиқ ушлаб туриш мумкинмас (МЖтК 288-моддаси).
Муздеккина пиво
Ёз оқшоми. Салқин шабада бир шиша тетиклантирувчи пиво ҳақида майин шивирлайди. Жозибали таъмни кутиб, дўкондан чиқиб, ўриндиққа ўтирасиз, шишани очасиз ва … сизга яқинлашиб келаётган “мигалка”ли машинага кўзингиз тушади.
“Табриклаймиз”, сиз ҳозиргина МЖтКнинг 187-моддасини буздингиз, жилмайиб турган ходим энди сизни 15 суткага ҳибсга олиши ёки БҲМ икки баравари миқдорида жарима солиши мумкин. Пивонинг идиши пакетда бўлиб, аммо очилган бўлса сиз барибир айбланишингиз мумкин. Шиша ёпиқ бўлса, унда қонун бузилмаган ҳисобланади.
Чекишдан борми?
Шаҳардаги ҳар бир ахлат қутиси сигарет қолдиғига тўлиб кетган бўлсада, қонунан жамоат жойида чекиш тақиқланади. Ўйин майдончасида ёки бекатда сигарет чекиш сизни МЖтКнинг 56¹ моддасига биноан ⅓ БҲМда жаримага тортилишингизга сабаб бўлади.
Низомга зид муомала
Сизни тўхтатган ходимларнинг “Ички ишлар органлари тўғрисида”ги қонун ва интизом низомида белгиланган мажбуриятлари ҳамда хулқ-атвор қоидалари мавжуд. Унга кўра, ходим фуқаро билан мулоқот қилишда қуйидагиларга мажбурдир:
– ўзини таништириш, лавозими, унвони, исми шарифини айтиш, шахсий гувоҳномасини кўрсатиш ҳамда мурожаатнинг сабаби ва мақсадини тушунтириш (“Ички ишлар тўғрисида”ги Қонуннинг 8-моддаси);
– хулқ-атвор қоидаларига риоя қилиш, хушмуомала, камтар, босиқ бўлиш, ҳеч бирор шахсни камситмаслик ёки афзал кўрмаслик (ПҚ-3413-сонли интизом уставининг 7-банди);
– дўстона, тартибли бўлишга, бағрикенглик ва ҳурмат кўрсатишга, шаъни ва қадр-қимматини камситиш, шунингдек, психологик ва жисмоний таъсир кўрсатиш ҳолатларига йўл қўймасликка (ПҚ-3413 интизом уставининг 8-банди).
Мен нима қилай?
Агар сизни милиция ходими тўхтатса, ўзингизни муносиб тутинг ҳамда ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларингизни унутманг.
Хотиржамликни сақланг ва хушмуомала бўлинг.
Аввало, сизни тўхтатган ходим ўзини таништирмаган бўлса, унинг лавозими, унвони ва фамилиясини сўранг.
Ҳукумат вакили сиздан нимани хоҳлаётганини ва қандай ҳуқуқбузарлик содир этган бўлишингиз мумкинлигини аниқланг.
Шахсиятга тегмасликка ҳаракат қилинг, ходимни ҳақорат қилманг ва унинг талабларига риоя қилинг. ИИО ходимларига бўйсунмаслик учун Жиноят ва Маъмурий Кодексларда моддалар борлигини ёдда тутинг.
Ҳеч қачон пора таклиф қилманг, чунки бу беш йилгача қамоқ жазоси белгиланадиган жиноятдир.
Агар сиз чиндан ҳам ҳуқуқбузарлик содир этган бўлсангиз, тақдирга тан беринг ва ходим билан баҳслашманг.
Агар сиз қоидабузарликка йўл қўймаган бўлсангиз, суҳбатингизнинг иложи борича кўпроқ тафсилотларини ёзиб олишга ҳаракат қилинг. Бу қайдлар ИИБнинг “ишонч линияси” билан боғланишда сизга фойда беради.
Агар сиз ички ишлар органи ходимининг ноқонуний ҳатти-ҳаракатларига гувоҳ бўлган бўлсангиз, аризангизни расмий веб-сайтдаги шаҳар ички ишлар бошқармаси бошлиғининг виртуал қабулхонасида қолдиришингиз мумкин.
Мақоланинг асли (рус тилида) бу ерда.