Skip to main content

Кунингдан бир кунинг қолса ҳам шоколад е!

сана
07.07.2022

1550 йилда Европага илк бор шоколад келтирилди. Бу воқеа рўй берган аниқ сана маълум эмас, тадқиқотчилар орасида муросаа сифатида 7 июль қабул этилган. 2009 йилда ушбу сана Умумжаҳон шоколад куни сифатида танланди. Ҳар йили бу санада бутун дунё бўйлаб конфет дўконлари ва маҳаллий етказиб берувчилар ўзларининг энг севимли маҳсулотларини сотувга қўйишади.

Ноила Нурмаматова мақоласида шоколад тўғрисида ўқиймиз.

***

Биз севиб истеъмол қиладиган какаонинг асл ватани Мексика ҳамда Жанубий ва Марказий Америка ҳисобланади. Кейинчалик какао Америка Қўшма штатлари ва Европанинг кўплаб давлатларига олиб келинган. Аҳоли орасида ажойиб таъмга эга бу маҳсулот оммалашиб кетган. Шоколад ёлғиз ўзи истеъмол қилинишидан ташқари бошқа турдаги ширинликлар ёки ёнғоқлар устини қоплаш учун, меваларни десерт кўринишида тортиш учун ҳамда мазали ичимлик тайёрлаш учун ҳам ишлатилади.

Шоколад тайёрланиш жараёни

Шоколад Theobroma уруғига мансуб какао дарахтининг уруғидан олинади. Какао қарийб уч минг йилдан бери Мексика, Марказий, Шимолий ва Жанубий Aмерикада етиштирилади. Турли манбаларга кўра какао уруғларидан фойдаланиш милоддан аввалги 1100, 1800 ёки 3200-йилларга бориб тақалади. Бугунги кунда дунёдаги какао дарахтларининг 70 фоизи Aфрикада етиштирилади. Дарахт уруғлари жуда аччиқ таъмга эга ва ушбу таъмни истеъмолга яроқли қилиш учун улар ферментация қилиниши керак.
Бир бўлак шоколад тайёрлаш учун какао дарахтининг уруғлари банан барглари билан қопланиб кимёвий қайта ишлаш учун қолдирилади. Қайта ишлаш заводларида ушбу уруғлар паст ҳароратда секинлик билан қовурилади. Сўнгра, какао уруғлари пўстлоғидан ажратилиб, қаттиқ шаклдаги уруғдан какао ликёри деб номланувчи ёқимли кукун ҳолига келтирилади. Кўпинча, какао ликёри суюлтирилиб бошқа ингредиентлар билан аралаштирилади ёки якка ҳолда тайёр маҳсулот сифатида сотилади.
Какао ликёрининг ўзидан ҳам икки хил маҳсулот олинади: какао мойи ва какао кукуни. Какао кукуни биз пишириқ ва ширинликлар тайёрлашда фойланишимиз учун сотувга чиқарилади. Какао мойи эса шоколад ишлаб чиқарувчилар учун ингредиент вазифасини ўташ учун заводларга жўнатилади.

Шоколаднинг фойдали жиҳатлари

Шоколад инсон кайфияти ва соғлиғига ижобий таъсир кўрсатади. У ортиқча вазнга сабаб бўлади деб ҳисоблайдиганлар ҳам йўқ эмас, аммо шоколад ўртача миқдорда истеъмол қилинса, вазннинг меъёрида сақланишига ёрдам беради.

Юрак касалликларида.

Шоколад кучли антиоксидант бўлиб, агар қора шоколад меъёрида истеъмол қилинса, юрак хасталикларининг олдини олади.

Қон айланишида.

Шоколад қон айланишини яхшилаб, қон босимини меъёрлаштиришда ёрдам беради.

Кайфиятни кўтаришда.

Шоколад таркибида серотонин ва дофамин гормонлари мавжуд бўлиб, улар кайфиятни кўтаришга хизмат қилади.

Самарали ўқишда.

Шоколад таркибидаги флаваноидлар эса хотира ва диққатни яхшилашга ёрдам беради.

Тиш кариесида.

Қора шоколадда полифеноллар мавжуд бўлиб, улар тишларнинг ковак бўлиши ва емирилишига қарши курашади, шунингдек оғиз бўшлиғидан ёқимсиз ҳид келишининг олдини олади.

Йўтални даволашда.

Шоколад таркибида теобромин мавжуд бўлиб, у йўталга қарши турли сиропларига қараганда йўтални яхшироқ даволайди.

Ўзбекистонда шоколад

Ўзбекистон ҳам шоколад ишлаб чиқарувчилар қаторига киради. Мамлакатимизда премиум сифатдаги шоколад “устахоналари” ҳам бор. Бундай муаллифлик устахоналари 2013 йилдан Тошкентда пайдо бўла бошлади. Ўзбек шоколади устахоналари нисбатан кеч ташкил этилган бўлсада, уларнинг экспорт кўрсаткичи ёмон эмас. Биргина 2019 йилда Ўзбекистон 2882 тонна шоколад экспорт қилиб, 7 миллион доллар даромад кўрди.

Бугунни қандай нишонламоқчисиз?

– Ўзингизга ва яқинларингизга шоколад совға қилинг.
– Шоколадли пишириқлар тайёрланг.
– Шоколад ҳақидаги филмларни тамоша қилинг (“Чарли ва Шоколад фабрикаси”, “Кендининг шоколад қироллиги”).

БУ КИМНИ ИШИ?

Ноила Нурмаматова — матн

Пўлат Таджимуратов ва Дилбар Ҳайдарова — таҳрир