Skip to main content

Ижтимоий-психологик таҳлил: вояга етмаганлар қандай қилиб ҳуқуқбузарга айланади?

18+
18.07.2022

Жавоҳир Эргашевнинг мақоласида болалар жиноятчилиги ва унинг ижтимоий ва руҳий омиллари билан танишамиз.

Барчамиз ўрнатилган қонун-қоидаларга амал қилинадиган, хавфсиз ва осойишта жамиятда яшашни истаймиз. Бундай муҳитда шахсий манфаатларимиз ҳимояси ҳақида ташвиш чекишга ўрин йўқ. Аммо, “жиноят”, “ҳуқуқбузарлик” каби тушунчалар борки, юқоридаги мақсадга доимо ғов бўлиб келади, соғлиғимиз, мол-мулкимиз тақдири ҳақида қайғуришга мажбур қилади. Жиноятнинг келиб чиқиши, сабаблари, бартараф этиш усуллари ҳақида неча асрлар давомида бош қотириб келинади. Бу ўринда вояга етмаганлар ҳуқуқбузарлиги алоҳида эътибор ва ўзгача ёндашув талаб қилади.

***

Вояга етмаганларнинг ҳуқуқбузарликларини кузатувчи алоҳида бир халқаро ташкилот йўқ, кўплаб давлатларда бундай статистика юритилмайди ёки очиқланмайди. Бироқ, ЮНИCЕФ тарқатган маълумотга таянадиган бўлсак, дунё бўйлаб 1 миллиондан ортиқ бола (“Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция”га кўра, 18 ёшга тўлмаган шахс) қамоқхоналарда сақланмоқда. Иқтисодий жиҳатдан ривожланган Ғарбий Европа, АҚШ ва Япония мамлакатларида вояга етмаганлар жинояти энг кўп қайд этилади. Ўзбекистонда вояга етмаганларнинг жами жиноятлардаги улуши 2008-йилда 3,4 фоиз, 2019-йилда 1,9 фоиз, 2020-йилда эса 2,6 фоизни ташкил этган. Кўриниб турибдики, статистикада келтирилган сўнгги йилда олдинги йилларга нисбатан жиноятларда вояга етмаганларнинг қатнашиши даражасида кескин ўсиш бор.
Вояга етмаганлар содир этган ҳуқуқбузарликларни асосан безориликлар, тақиқланган моддаларни истеъмол қилиш, ўғирликлар, эрта жинсий алоқага киришиш ва шу кабилар ташкил этади.
Болалар ҳуқуқбузарлигининг қуйидаги алоҳида хусусиятларини кўрсатиш мумкин:

– ҳуқуқбузарликлар сонида ўғил болаларнинг улуши қизларникига қараганда кўпроқ бўлади;
– ҳуқуқбузарлик даражаси вояга етмаганлар орасида 12-18 ёш оралиғида энг юқори даражага кўтарилади;
– ота-она ёки тайинланган васийсиз яшовчи болалар орасида жиноятчилик кўпроқ учрайди.

Аксарият ҳолатларда болалар жиноятига сабаб қилиб ота-она ёки ижтимоий атроф-муҳит кўрсатилади. Аммо, булар умумий тушунчалардир ва бу омилларни батафсилроқ тушунтириш мумкин:

– дўст, ўртоқларнинг салбий таъсири;
– оила аъзоларининг жиноий ишларга алоқадор эканлиги;
– ота-она томонидан нотўғри тарбия берилиши;
– оилада муносабатларнинг бузилганлиги;
– иқтисодий аҳволнинг яхши эмаслиги;
– саводсизлик;
– ҳуқуқий билимнинг етишмаслиги;
– алкоголизм;
– болалар тасаввуридаги “замонавий” турмуш тарзи – маиший аҳлоқий нормаларни менсимаслик, енгил-елпи яшаш, ота-она томонидан эркин қўйилиши.

Штайнберг ҳам болаларнинг ҳуқуқбузарлик содир этишини ҳам ирсий, ҳам тенгдошлардан ташкил топувчи ижтимоий муҳит аралашмаси билан изоҳлайди.

Ташқи таъсир

Штайнберг ўтказган тадқиқотлари натижасида шундай хулосага
келганки, ёлғиз ота ёки ёлғиз она қарамоғида бўлган болаларда ота-онаси билан бирга яшайдиган болаларга нисбатан қашшоқликда яшаш ва ҳуқуқбузарликка қўл уриш эҳтимоли юқори бўлар экан. Бироқ, Грем ва Боули олиб борган изланишларга кўра, боланинг ўз ота ва / ёки онасига бўлган муносабати ва ота-она назорати даражаси ҳисобга олинса, ёлғиз ота ёки ёлғиз она билан ўсган болалар бошқаларга қараганда ортиқ даражада тажовузкор бўлмайдилар. Яна шу нарса маълум бўлдики, ота-она назорати қанчалик паст бўлса, фарзанд шунчалик тажовузкорликка мойил бўлар экан. Ота-она томонидан назорат сусайганда ўсмирга ўз тенгдошлари томонидан ўтказиладиган таъсир ошади. Албатта, бу ҳолатда салбий таъсирларнинг бўлиши табиийдир. Ота-она ва фарзанд ўртасидаги муносабатнинг совиши ҳам назоратни сусайтиради. Қаттиқ ранжиган, хафа бўлган бола ота-онаси билан ўз режа ва сирларини бўлишишни, муҳокама қилишни истамаслиги мумкин. Ёлғиз ота ёки она тарбиялаган болаларда бундай зиддиятлар бўлиши эҳтимоли кам ва шу томонлама олиб қараганда уларда тажовузкорлик паст бўлиши мумкин. Режалаштирилмаган ҳомиладорлик натижасида туғилган болаларда ҳам оилавий муносабатлар бирмунча чигал бўлади, бу ҳам, юқорида таъкидлаганимиздек, ўсмирни жиноятчиликка яқинлаштириши мумкин. Туғилишларнинг ярми кутилмаган ҳомиладорликлар натижаси бўлган АҚШда (2011-йилги маълумотга кўра) 60 000 дан ортиқ бола панжара ортида сақланиши ҳам бу фикрнинг маълум маънодаги исботидир.

Опаси ёки акаси жиноятчи бўлган ўсмирларда ҳам, агар ўртадаги муносабатлар силлиқ бўлса, уларнинг таъсирига тушиб қолиш ва ҳуқуқбузарлик йўлига кириб қолиш эҳтимоли бор. Аксинча, муносабатлар зиддиятли бўлса бу эҳтомллик пасаяди.

Тенгдошлар таъсирини ҳам алоҳида таъкидлаш жоиздир. Курт ва Энн Бартолларнинг “Вояга етмаганларнинг ҳуқуқбузарлиги ва ғайриижтимоий ҳаракатлари” китобида қайд этилишича, болаликда тенгдошлари томонидан қабул қилинмаган ва ажратиб қўйилган шахслар жиноят содир этишга мойил бўлишар экан. Бунинг сабаби шундаки, тенгдошлари томонидан рад этилган болаларни жамиятга душманлик кайфиятида бўлган гуруҳларга жалб қилиш бирмунча осон кечади. Бундай гуруҳлар аъзоларида, одатда, шахсият бузилишининг антиижтимоий кўриниши мавжуд бўлади ва улар зўравонлик ва девиант хулқ-атворни тарғиб қилишади.

Ҳуқуқбузарнинг ўзига боғлиқ жиҳатлар

Вояга етмаган шахсни ҳуқуқбузарликка етакловчи шахсий омиллар сифатида ушбуларни келтириш мумкин: шахсий хусусиятлари, оиласининг келиб чиқиши, руҳий ҳолат, алкоголизм ва гиёҳвандлик.

Руҳий ҳолат, ёмон хулқ-атвор, тартибсизликка мойиллик, ақл даражасининг пастлиги, руҳий қўзғалишларнинг кучлилиги ва бегоналарга нисбатан раҳим-шафқатнинг етишмаслиги, шизоид ёки антиижтимоий кўринишдаги шахсият бузилишлари вояга етмаган ҳуқуқбузардаги асосий неврологик омиллар ҳисобланади.

Интелектуал салоҳиятнинг пастлиги мактабда фанларни ўзлаштиришда муаммоларни келтириб чиқаради, бу эса ўсмирда дарсга қизиқмаслик, машғулотлардан қочишга интилишни кучайтириши мумкин. Бу ҳам ҳуқуқбузарликка элитувчи омиллардан биридир. Бундан ташқари, доимий паст баҳолар боладаги “намунали фарзанд” бўлиш ҳақидаги фикрларини пучга чиқаради, ота-она ёки ўртоқлари томонидан билдириладиган салбий муносабатлар боланинг асаби таранглашишига олиб келади. Бундай ҳолатда ўсмир ўзи уддалаши мумкин бўлган соҳаларни излайди. Ўғрилик, безорилик содир этиш учун ёки гиёҳванд модда қабул қилиш учун эса ундан юқори интеллект талаб этилмайди.

Айрим болалар ёшлигиданоқ ўзининг жисмоний тажовузкорлиги, кучлилиги билан ажралиб туради. Уларнинг руҳиятида жисмоний куч ишлатиш учун катта миқдорда энергия мавжуд бўлади. Баъзи ҳолларда айнан шу эпчиллик ва жисмоний куч уларнинг ягона устунлиги ҳисобланади. Бундай қобилиятга эга болалардаги сифатлар эрта аниқланиб фойдали томонга (масалан, жанговар спорт турларига) йўналтирилмаса, келажакда улардан кўча безорилари, муштумзўрлар, эҳтимол, қотиллар ҳам етишиб чиқиши мумкин.

Таъсирчанлик ёки қизиққонлик боладаги ҳуқуқбузарликка олиб келадиган асосий шахсият жиҳатларидан бири ҳисобланади. Аммо, бу жиҳат мия функцияларига хос нуқсонлар натижасими, ота-она ёки бошқа ижтимоий омиллар натижасими, ҳали бир тўхтамга келинган эмас. Вояга етмаганлар ўртасида ўтказилган тадқиқотлар ҳам шуни кўрсатадики, ўсмирлар хавф-хатарга, таваккал қилишга ва ноодатий саргузаштларга мойил бўлишади, вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар кўплигининг сабабларидан бири шу бўлиши мумкин. Миядаги ижтимоий-эмоционал ва дофаминергик (ўз-ўзидан қониқиш ва ҳузур-ҳаловатни ҳис қилишни назорат қилувчи) тизимда юз берадиган ўтиш давридаги кескин ўзгаришлар ўз тенгдошлари орасида обрўга ва мукофотга интилишларни кучайтиради, бу эса, ўз навбатида, улар ўртасида таваккалчилик ва ҳавф-хатар сони ошишига олиб келади. Ёш ўтиши билан шахсда онг ривожланади ва руҳият бирмунча барқарорлашади. Шу билан бирга ўзини ўзи бошқариш қобилияти ҳам яхшиланади, хавф-хатар эҳтимоли пасаяди.

Моффит назариясига кўра, ўсмирлар жиноятчилигини икки турга бўлиш лозим. Биринчи тур жиноятчилик бола ёшига мос бўлган ғайриижтимоийлик, қизиққонлик, шўхлик оқибатида ҳуқуқбузарлик содир этилишида намоён бўлади. Аммо, кейинчалик улар бундай ҳаракатларни тўхтатишади. Иккинчи гуруҳда эса индивиддаги ғайриижтимоийлик ва ёки тажовузкор феъл-атвор доимий сақланиб қолади, у доимий ҳуқуқбузарга айланади. Бундай шахс 18 ёшдан ошганда унга шахсият бузилиши ташхиси қўйилиши мумкин. Бунда ушбу шахснинг болалик ва ўсмирлик даврида хулқ-атвори бузилиши тарихини ўрганиш мақсадга мувофиқдир. Биринчи ва иккинчи турни бир-биридан ажратиб турувчи асосий фарқ – бу тажовузкорлик даражаси ва ҳуқуқбузарлик тарихининг кенглиги.

Жинс ҳам вояга етмаганларнинг ҳуқуқбузарлигида ғайриқонуний хатти-ҳаракатларнинг содир этилишидаги омиллардан бири ҳисобланади. Тадқиқотларда ўғил болалар қизларга нисбатан кўпроқ жиноят содир этиши исботланган. 1992-йилда Буюк Британияда 110 400 нафар вояга етмаган шахс ҳуқуқбузарлик оқибатида қўлга олинган, буларнинг 75 фоизи ўғил болалар бўлган. Бундай фарқланишнинг асосий сабабларидан бири – ўғил болалардаги ижтимоийлашишга бўлган қобилият ва имкониятларнинг юқорилигидир. Бунда фарқ нафақат содир этилган ҳуқуқбузарликлар сонида, балки, уларнинг оғирлик даражасида ҳамдир. Тадқиқотларда яна шу ҳам аниқландики, қизлар қўл урган ҳуқуқбузарликлар аксариятда жиддий жиноятлар тоифасига кирмайди.

Фрейднинг фикрича, инсон онги остида жуда кўп майллар ётади ва бу майллар доим ҳам ижобий бўлавермайди, замон ва макон талабига мос келмайди. Бизнинг атрофимиз инсонларга тўла. Тинч ва осуда, яхши ҳаёт кечиришимиз учун албатта улар билан ҳисоблашишимиз зарур. Шу сабабдан у ижтимоийлашиш йўлида бу майлларни бостириб келади. Аммо бу майллар вужудга келтирган руҳий энергия ҳеч қаёққа йўқолмайди, ўзини бошқа кўринишда намоён қилади. Ушбу иккиламчи қиёфа олдингисидан ҳам салбийроқ бўлиши мумкин. Турли хил неврозлар, шизофрения каби касалликларни Фрейд айнан шу қондирилмаган эҳтиёжлар натижаси сифатида тушунтиради. Бошқа томондан олиб қараганда кишининг келажакда намунали ва баркамол шахс сифатида шаклланиши учун ундан жуда катта сабот ва ирода талаб этилади. Билим олишимиз, меҳнат қилишимиз ва ушбу баркамоллик йўлида қаршимиздан чиққан тўсиқларни, қийинчиликларни енгиб ўтишимиз зарур. Ғайриижтимоий ҳаракатлар содир этишда эса биздан ҳеч қандай ирода, импульсивлик талаб этилмайди. Инсон табиати учун ёмонлик қилиш ўнғайдир, оддий мисол ҳали эндигина ўзи ҳаракатланиб бошлаган болага салом беришдан кўра кимнидир сўкишга, уришга ўргатиш осонроқ. Буюк немис файласуфи Иммануил Кант шундай дейди: “Инсонда қулайликка интилишдан-да ёвузроқ нарса йўқ”. Яъни, шахсий камолот йўлидаги машаққатлардан қочиш ва осон ҳаёт йўлини излаш ҳуқуқбузарликка олиб бориши мумкин.

Жиноят онгли танлов сифатида

Классик криминология доимо жиноят омилларини ҳуқуқбузарнинг ўзидан излаш кераклигини уқтириб келган. Шу билан бирга, ҳар бир жиноятчини алоҳида текшириш ва бу орқали жиноятчи сиймоси яратилиши лозимлигини таъкидлашади. Уларнинг фикрича, жиноят манфаатлардан келиб чиқувчи шахсий танлов ва ирода эркинлиги билан амалга оширилади. Бундай ҳолда шахсий жавобгарлик тушунчаси асосий планга чиқади.

 

Ижтимоий бетартиблик назарияси

Бундай назария тарафдорлари асосий урғуни маданиятга қаратишади. Ушбу назарияда ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг кўплиги вояга етмаган шахслар ва жамият институтлари (оила, мактаб, ижтимоий гуруҳлар ва ҳ.к.) ўртасида оқилона муносабатлар ўрнатилмаслиги билан изоҳланади.

***

Вояга етмаганлар жиноятчилиги билан кураш бутун дунёда долзарб масала ҳисобланади. Давлатлар бундай ҳолатларни камайтиришга қаратилган ҳаракатлар ва изланишларни қўллаб-қувватламоқда. Ҳуқуқбузарликнинг салбий оқибатлари ҳақида тушунчалар бериш, ота-оналарнинг ўз фарзандлари билан оқилона муносабат ўрнатиши, болаларни ўзгалар манфаатларини ҳурмат қилишга ўргатиш, гиёҳвандлик ва алкоголизмнинг инсон саломатлигига зиёни ҳақида билимларнинг оширилиши ўсмирлар жиноятчилигини камайтиришда асосий омиллар бўлиб хизмат қилиши мумкин.

БУ КИМНИ ИШИ?

Жавоҳир Эргашев — матн

Пўлат Таджимуратов — таҳрир

Гули Жўраева — корректура

 

Муқова: freepik.com