Skip to main content

Авлоний дидактикасидаги долзарблигини йўқотмаган масалалар

сана
12.07.2022

1878 йилнинг 12 июлида маърифатпарвар адиб, публицист, драматург, актёр ва педагог, жадидларнинг ёрқин намоёндаси Абдулла Авлоний дунёга келди. Таҳририятимиз Авлонийнинг авлодлари билан катта интервью тайёрламоқда, бироқ уни чоп этишдан аввал Авлонийнинг фаолиятига бир назар ташлашни лозим топдик. “Жадидлар” Telegram-канали муаллифи Диёра Абдужабборова мақоласида Абдулла Авлонийнинг драматургик фаолияти тўғрисида ўқинг.

Бугун янги ўзбек маданияти, педагогика ва матбуотида муҳим ўрин тутган етук маориф ва жадидчилик ҳаракатиниг ёрқин намоёндаларидан бири Aбдулла Aвлоний таваллудининг 144 йиллиги. Aвлонийни фақат адиб, ё шоир деб бўлмайди, у ўз даврининг етук драматурги, таржимони, режиссёри, актёри, публицисти ва педагогларидан бири эди. Унинг маърифатпарварликка йўғрилган илмий-адабий мероси, педагогик ислоҳотлари миллий уйғониш ғояларини ўзида акс этиб, ўзбек халқининг бебаҳо хазинасига айланди. Aвлонийнинг ижодий меросида дидактика муҳим ўринга эга бўлиб, асарлари ахлоқий, фалсафий, ижтимоий-сиёсий ғоялар билан йўғрилгани билан аҳамиятлидир.

Умуман олганда, ушбу давр том маъносида ўзбек драматургиясининг шаклланиш ва юксалиш даври бўлиб, жадидчилар ўз ғояларини тақдим этиш учун драмадан фойдаланишни йўлга қўйдилар. Бундай ишлар бошида Мунавварқори Aбдурашидхонов, Махмудхўжа Беҳбудий, Тавалло каби атоқли маърифатпарварлар қатори Aбдулла Aвлоний ҳам турган эди. Уларнинг саъй-ҳаракатлари туфайли театр ўзбек халқи маданиятининг таркибий қисмларидан бирига айланди, қисқа давр мобайнида улкан салмоқ ва ҳажмга эга пьесалар яратилди, жаҳон театр мактаби анъаналари ўрганилди, энг асосийси, ўзбек драматургиясига асос солиндики, у ўзининг ҳосили билан бугунги кунгача ўзбек томошабинлари дилини хушнуд қилиб келмоқда.

Ушбу санъат ихлосмандлари жамияти халққа маънавий-маърифий ғояларни спектакл ва томошалар орқали етказиб, театр санъатини тарғиб қилиш мақсадида 1913-йили “Турон” труппасини ташкил этдилар, A.Aвлоний эса унинг бош ташаббускорларидан бўлди. Ушбу улуғ мақсадлар труппа Низомининг илк бандларида ҳам белгилаб қўйилган эди:
1. аҳоли ўртасида саҳна ишлари ва хайрияга жиддий муносабатни ривожлантириш;
2. халқ учун спектакл кўрсатиш, унга соғлом томоша бериш.

Беҳбудийнинг “Падаркуш” и билан бошланган труппа репертуари кейинчалик Aбдулла Қодирийнинг “Бахтсиз куёв”и, Ҳамза Ҳакимзода Ниёзийнинг “Заҳарли ҳаёт”и ва бошқа оригинал ҳамда жаҳон драматургияси таржималари билан бойитилиб турилди. Aвлонийнинг ўзи нафақат ушбу асарларни ўзбекчалаштириш ишларига бош-қош бўлди, балки ўзи ҳам актёр сифатида турли роллар ижро этди, жумладан, “Лайли ва Мажнун”да Маллу, “Бахтсиз куёв”да Файзибой, “Тўй”да Aлибой ва “Падаркуш”да Бой образларини гавдалантирган.

“Урушдан гапурма! Намоздан гапур, рўзадан гапур, ошдан гапур, нондан гапур.”

Ташкилий ишлардан вақт топиб, ўзи ҳам турли пьесаларни ёзди ва ўзбек драматургиясини нодир асарлар билан бойитишга ўз ҳиссасини қўшди. Пьесаларида жаҳолат, халқнинг қонини зулукдай сўраётган урф-одатлар ва бидъат амаллар, маърифатсизлик ва билимсизлик, қолоқлик аёвсиз танқид қилинади. “Пинак” драмасида эл-юрт ташвишларидан ҳоли, ўз нафсидан зиёд ғами йўқ авом аччиқ сатира остига олинади:
“Мана бу қанд Масковдан келғон, мағиз бўлса Каттақўрғондан келғон, кўкнори бўлса Бухоройи шарифдан келғон табаррук. Олло-таолонинг бандалариға марҳамат қилғон қандай ноз-неъматлари бор”.

Драмада кўкнори, қимор каби иллатларга боғланиб, жамият ҳаётига, эртасига бефарқ кимсаларнинг аянчли қисмати кўрсатилган: “Урушдан гапурма! Намоздан гапур, рўзадан гапур, ошдан гапур, нондан гапур.”

Ўзининг маиший муаммоларига гирифтор бу қолоқ омманинг тақдири эса доимо фожиа ёки аянчли якун топади. Бундай интиҳолар билан якунлар екан, Aвлоний халқни тезроқ уйғонишга, огоҳликка чорлашга чақириқ бераётгандай.

Бундай заҳарҳандалик билан ёзилган аччиқ диалоглар, жаҳолат ботқоғига ботаётган жоҳиллар устидан аямай кулиш ўша даврда катта таъсирга эга бўлган диний қатламнинг эътиборидан четда қолмади. Жадидларнинг театр томошалари диний уламо доираларида алоҳида ғазаб уйғотди ҳамда санъаткорлар ҳам, томошабинлар ҳам кофирга чиқарилиб, бундай томошахоналар “макруҳ” яъни жирканч, нопок дея қораланган. Маҳаллий элитанинг реакцион қатлами ҳам томошаларини масхарабоз ҳазил-мутойибаларининг ўйин-кулгулари билан қиёслаб, эркакларнинг айниқса, зиёлиларнинг саҳнада ўйнашини уят деб ҳисоблар, шунинг учун бундай томошаларни молиялаштириш яна жадидларнинг ўзига қолиб кетар еди. Aдиб Шуҳрат Ризаевнинг хотирлашича, очлик труппа штирокчиларининг доимий ҳамроҳи бўлган.

Молиявий танқислик театрнинг декоратив соҳасига ҳам таъсир этиб, ижодкорлар оддий, кичик деталлар билан чекланган. Ҳеч қандай молиявий тўсиқлар, хужум ва суиқасдлар ижодкорларнинг иштиёқини сўндира олмади ҳамда улар бутун республика бўйлаб гастролларни ҳам йўлга қўйишади, умуман, илк жадид театрлари мунтазам характерга ҳам эга эмас эди. Жамиятнинг эртанги кунига умид Aвлонийнинг кейинги драмаларида ўз аксини топади. Ушбу пьеса қаҳрамонлари зиёли, хорижда таълим олган, юртининг бугунги кунига куйинадиган заковатли ёшлардан иборат. Европада ўқиб келган ёшлар тилидан Туркистон аҳлига баҳо берар экан, Aвлоний дунё мамлакатлари тараққий пайтида ўз юртдошларининг чуқур уйқудалигини минг таассуф билан тилга олади:

“Лекин келуб кўраманки, яна эски ҳаммом, эски тос, турган еридан зиғирча ҳам қимирламағон, илгари босмағон, илм ва маорифдан асар йўқ. Эл бутун тошдек қотғон, тараққиёт, маданиятдан нишон ҳам йўқ. Халқ таассуб чуқурига қараб юз тубан кетғон. Оҳ…”

Aбдулла Aвлоний бошқа маърифатпарвар замондошлари, ҳамфикрлари қатори ушбу ғоявий муҳорабада театрни энг кучли қурол сифатида баҳолаганлар ва ўша даврда саводсиз қатламни маърифатга элтиш учун ушбу қуролдан самарали фойдаланганлар. Ўзбек театри – жадидчилик ҳаракатининг энг серҳосил меваси сифатида яратилди ва ҳозиргача кенг илдиз отиб, ҳосил беришдан тўхтамаяпти. Aбдулла Aвлоний ушбу боғнинг боғбони, асосчиси сифатида ўзбек халқининг қалбида мангу яшайди.

“Эмди нима қилмоқ керак? Бурунни сассуғ деб кесиб ташлаб бўлмайдур. Мен ўзимга лозим билдим, жазм қилдим, булар билан турмушда қатъий кураш ясашға. Бу курашда ё мен йенгармен, ё улар. Aгарда мен йенгсам, бутун бир оилани тузатғо(н) бўлурмен. Aгар улар менга ғолиб келсалар, бўладурғони бўлар”.

Унинг машҳур трагедияси “Биз ва Сиз” драмасидаги бош қаҳрамон Камол тилидан бу сўзлар Aвлонийнинг замондошлари ва аждодлари учун ҳайқириғи сифатида янграса, ажаб емас.

БУ КИМНИ ИШИ?

Диёра Абдужабборова — матн

Пўлат Таджимуратов — таҳрир

Муқовадаги сурат — 2012 йил 17 сентябрда Абдулла Авлоний хотира кечаси, https://m.facebook.com/Abdulla.Avloni саҳифасидан олинди.