Skip to main content

Эзилган халқнинг нажоти

тўқима
29.06.2022

Русча Хукни мунтазам ўқиб келганлар Профессорнинг қисқа ҳажвий ҳикояларини ҳуш кўришади. Шу пайтгача уларда Маҳмуд Шарифовичнинг саргузаштлари, маълумотнома олиш можароси, Кракозия ва Арулько давлатлари орасидаги уруш ва космик амалдорлар тўғрисида сўз юритилган.

Профессорнинг ўзбек тилидаги илк ҳикоясида зулм остида туғёнланиб, уруш ўтида азобланаётган мамлакат ва унинг сўнгги нажоти тўғрисида ўқинг.

Барча воқеалар тўқиб чиқарилган, ўхшашликлар тасодиф.

***

Тасаввур қилинг: баланд тоғлар ва тошқин дарё исканжасидаги ўлка. Унинг юзи автомобиль йўллари билан чизиб ташланган. Йўлларнинг кесишмаларида кичик қишлоқлар ва катта шаҳарлар ўрнашиб олган. Мамлакат шимолига ҳаракатланган сайин шаҳарларни тобора ҳароб холда кўрасиз. Шимолий чегара яқинидаги шаҳарлар ер билан яксон, қишлоқлар эса ташландиқ. Чегаранинг ўзида эса жанглар кетиб ётибди. Бу — Кракозия республикаси. У бир неча ойдан бери қўшни Арулько қироллиги билан уруш холатида.

Тасаввур қилинг: ташландиқ қишлоқ. Ундаги уйларнинг ойналари ўлик, уларда чироқларнинг илиқ нурлари йўқ. Қишлоққа киравериш жойида йўлнинг асфальт қоплами худди шилиб олингандек, унинг остидан очилган тупроқ эса танк гусеницаларининг изларига тўла. Баъзи ҳовлилардан қаровсиз қолган мушукларнинг нидоли инграши эшитилади. Аввалги қассобхона атрофини эса ёввойилашиб қолган итлар галаси эгаллаб олган.

Тасаввур қилинг: кенг дала. Лекин унда экинлар, ўт-ўланлар йўқ, деҳқонлар кўринмайди, сичқон ва олмахонлар йўқ. Кул бўлиб ёнган буғдой пояларигина далани ғаройиб гиламдек ёпиб турибди. Бу оддий ёнғин ёки жазирама иссиқ натижаси эмас: даланинг қоқ марказида ҳарбий снаряд қобиғининг парчалари сочилиб ётибди.

Тасаввур қилинг: харобага айланган черков. Даланинг бир четида қачондир камтарона кўрки билан керилиб турган бу бинонинг фақатгина арматура «суяклари» кўкка томон чўзилиб турибди. Кўркам витражлар парчалаб ташланган, буюмлар талон-тарож қилинган.

Тасаввур қилинг: черков остида ертўла. Унинг муздек бетон поли кўрпа-тўшакларга тўла. У гавжум — бу ерда юздан ортиқ одам бор. Уларнинг аксарияти кичик болалар ва ёши улуғлар. Улар орасидаги саноқли ёш йигит-қизларнинг баъзиларини оёғи ё қўли йўқ, баъзиларининг бошига ўралган латталар қонга беланиб кетган. Бу — Кракозия халқи. Фронтда жанг қилишга нолойиқ аҳолининг аксарияти мана шундай ертўлаларда яшириниб кун кечиряпти.

Тасаввур қилинг: деворга суяниб ўтирган ёлғиз аёл. У шунчалар озғинки, снаряд ва бомбалар остида бузилиб кул бўлиб кетган мактабларнинг анатомия хоналарида қачондир турган скелетларга ўхшайди. Узоқ вақтдан бери ёруғ дунёни кўрмагани учун унинг ранглари оқариб қолган.

Тасаввур қилинг: аёлнинг титраётган қўлларида жажжигина гўдак. Аёл уни аллалаб ўтирибди. Лекин унга яқинроқ бориб, сўзларини тингласангиз, у оддий алла айтаётгани йўқ. Унинг қуриб дарз кетган лаблари гўдакнинг қулоғига фақатгина бир гапни қайта-қайта шивирлаяпти.

— Ҳечқиси йўқ болам, қўрқма, ухла. Тонировкага рухсат беришса бас, ҳаммаси яхши бўлиб кетади.

БУ КИМНИ ИШИ?

Профессор — ғоя ва матн

Малоҳат Артикова — корректура