Skip to main content

Fancast лойиҳаси. Бахтиёр Шералиев эволюция ва ундан "қўрқиш" тўғрисида

ҳамкорлик

***

Эволюция ҳам Ернинг тортишиш қонунига ўхшаган қонуният. Сиз ишонасизми, йўқми, бу нарса мавжуд ва содир бўлаверади. Бутун инсоният ҳам, ўсимликлар ҳам, ҳайвонот ҳам бевосита мана шу эволюция жараёнида ўзгариб борамиз.

Нима учун бу мавзуда ўйлашдан қўрқишади? Нега бу мавзуда фобия бор?

Гап шундки, илм-фандаги айрим кашфиётлар, агар инсонларнинг бевосита эътиқодий қарашларига алоқадор бўлса, оғир қабул қилинади. Аммо, бу кашфиётлар нотўғри тарғиб қилиниши ҳам бор гап. Яъни, бирор эволюцияга доир китобда “Одам маймундан пайдо бўлган” деган хулоса йўқ. Одамнинг маймундан пайдо бўлиш имконияти мавжуд эмас. Сабаби биз бошқа тармоқдан, приматлар эса бошқа тармоқдан кетяпмиз. Аммо, умумий аждодга эгамиз.

Бу мавзу доирасида баҳсни келтириб чиқараётганлар ёки диний, ёки илмий ёхуд иккала соҳада ҳам етарли билим ва тушунчага эга бўлмаганлардир. Эволюция ҳақида гапирувчи айримлар аслида эволюциянинг «э» ҳарфини ҳам тушунмайдиган, бу соҳадан мутлақо узоқда турувчи одамлардир. Ундайларнинг талқини эса илм-фанга умуман зид эканлиги равшан. Диний эътиқодга кўра, эволюцияни инкор қилувчиларнинг ўзи, одатда, ўқиб-ўрганмаганлардир. Улар шунчаки қайсидир домланинг маърузасини эшитиб олган, холос.

Илм-фаннинг дини йўқ, илм-фаннинг тили йўқ, илм-фаннинг миллати йўқ, илм-фаннинг жинси йўқ. У яхлит ва у бутун инсониятники. Шу туфайли уни яширмасдан бор бўйи билан инсониятга тақдим этиш зарур. Фанга дин ёки сиёсат аралашдими, уўзининг софлигини йўқотади. Айрим мақолаларнинг кириш қисмида ишнинг долзарблигини сиёсий масалалар билан боғлашади. Мен бунга жуда қарши тураман. Бу абсурд ва илм-фанга нисбатан хиёнат. Илмий ишнинг долзарблигини ўзидан олдинги илмий ишлар билан асослаш керак фақат. У ерда диний, сиёсий ёки яна қандайдир мафкуралар асос бўлиши керак эмас. Илм-фан шундай нарсаки, у ҳар доим ўзини янгилаб ва тўлдириб боради. Бугун сиз ҳақиқатни айтишга журъат топмадингизми, эртага бошқа бир инсон пайдо бўлиб уни айтади. Сиз ўзингизни алдашингиз мумкин, аммо илм-фанни алдолмайсиз. Нима бўлишидан қатъи назар, илм билан шуғулланаётган одам тўғрисини айтиши, фактларни манипулация қилишдан ўзини тийиши, соҳта фанга алоқадор бўлган барча нарсадан ўзини эҳтиёт қилиши керак, плагиатдан, йўқ нарсани бор қилиб кўрсатишдан ниҳоятда эҳтиёт бўлиши зарур. Булардан ҳимоялана олмаганларнинг фанга даъво қилишга ҳақлари йўқ. Улар фанга хиёнат қилган саналади. Бу худди динфурушларни яъни диндан ўз мақсади учун фойдаланувчиларни ҳақиқий диндорлар ёмон кўрганидек, фанга хиёнат қилган «олимлар» ҳам ҳақиқий фан эгаларининг нафратига учрайди. Ва бундан ҳам ёмони – улар тарихда салбий ном билан қолади.

Сухбатни лойиҳанинг Youtube-саҳифасида тўлиқ кўришнгиз мумкин. Биз эса доимий равишда Fancastнинг ушбу ва кейинги сонларидан лавҳаларни улашиб борамиз.

Аввалги лавҳани бу ерда ўқишингиз мумкин.

БУ КИМНИНГ ИШИ?

Дилбар Ҳайдарова — матн

Гули Ибрагимова — корректура