Янгиликлар дайджести: 24 июль
Ёқилғи экспортининг чеклови, Президент администрацисида янги бошлиқ, муддатидан аввал тугаган фавқулодда ҳолат, аномал иссиқ туфайли электр тармоғида авариялар ва ҳафтанинг бошқа танланган янгиликлари Хук дайджестида.
Ўзбекистон бензин ва дизель экспортини чеклади — Gazeta.uz
15 июлдан Ўзбекистонда мамлакат корхоналарида ишлаб чиқарилган автобензин ва дизель ёқилғисини экспорт қилишни вақтинча тўхтатди. Бу Вазирлар Маҳкамасининг 16 июлдаги йиғилишида тасдиқланган протоколида назарда тутилган. Бу ҳақда «Газета.uz»га ҳукуматдаги ҳамда нефтгаз соҳасидаги манбалари маълум қилгани айтилган.
Шунингдек маълум қилинишича, охирги ойда 15−16,5 минг тонна атрофида бензин экспорт қилинган, “бу мамлакатнинг ёқилғига бўлган 5−6 кунлик эҳтиёжи дегани”.
Сардор Умурзоқов Президент администрацияси раҳбари этиб тайинланди
Бу ҳақда 16-июль куни Президент матбуот котиби Шерзод Асадов хабар берди.
Хабарда келтирилишича, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони билан Сардор Уктамович Умурзаков Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари лавозимига тайинланган ва шу муносабат билан аввалги лавозими — Бош вазирнинг инвестициялар ва ташқи иқтисодий масалалар бўйича ўринбосари лавозимидан озод этилган.
Қорақалпоғистонда фавқулодда ҳолат муддатидан олдин тугатилди
Бу ҳақда Президент фармонида келтирилган. Фармонга кўра ФҲ режими 21 июль куни соат 05:00 дан бошлаб муддатидан аввал тугатилди.
Хитойда фуқароларнинг оммавий намойиши давом этмоқда. Қурбонлар бор — Aniq.uz
Хабар қилинишича, Хитойнинг икки провинциясида бир неча ҳафтадан буён ўз пулларини банкларга ишониб топширган ва энди уни олишга уринаётган аҳоли томонидан оммавий норозилик намойишлари давом этмоқда. Намойишчиларга қарши ҳукумат ўз кучларини ташлаганлиги айтилган. Қурбонлар ҳақида хабар берилган.
The South China Morning Post га кўра, Хенан ва Aнхуйдаги бешта қишлоқ хўжалиги банки 18 апрельда шахсий депозитлардаги маблағларни музлатиб қўйишган. Одамлар банклар олдида навбатда туришган ва Чженчжоуда улар Марказий банк филиалини ўраб олишган.
Интернетда намойишлар туфайли Хитой кўчаларида танклар пайдо бўлгани ҳақида видеолар ҳам пайдо бўлди, деб ёзган Reuters.
Ўзбекистонда аномал иссиқ сабаб электр таъминотида узилишлар кузатилмоқда
Энергетика вазирлигининг 21-июльда келтирган маълумотига кўра Ўзбекистоннинг айрим ҳудудларида аномал иссиқ сабаб электр таъминотида узилишлар кузатилмоқда. Шунингдек, вазирликнинг ҳолат юзасидан берган маълумотида қуйидагилар келтирилишича сўнгги кунларда республикамизда ҳавонинг аномал исиши натижасида айрим жойлардаги трансформатор пунктлари ҳамда кабель тармоқларида истеъмол юкламаси ортиши кузатилиб носозликлар келиб чиққан.
Ушбу электр тармоқларидаги фавқулодда ҳолатларни олдини олиш ва бартараф этиш мақсадида ҳудудларда 227 та аварияга қарши махсус бригадалар ташкил этилганлиги ва юзага келган носозликлар зудлик билан бартараф этиб борилаётганлиги қайд этилган Вазирлик саҳифасида..
Шунингдек, Вазирлик юзага келаётган ноқулайликлар учун истеъмолчилардан узр сўраган.
Нукус яқинида 100 дан ортиқ кучук ва мушукларнинг ўлиги топилди — Gazeta.uz
Сўнгги ҳафтадаги Қорақалпоғистондаги ҳунук ҳодиса жамият эътиборини ўзига қаратди. Бу ҳақда Gazeta.uz келтирган хабарга кўра “Меҳр ва Оқибат” жониворларни ҳимоя қилиш жамияти нукуслик фуқаролардан жониворларнинг оммавий ўлдирилиши ҳақида жамоавий ариза келиб тушган.
Қайд этилишича 7 июль куни Нукус яқинида жойлашган полигондаги чуқурдан 100 дан ортиқ кучук ва мушукларнинг жасади топилди. Жасадларда зўравонлик излари акс этган.
“Меҳр ва Оқибат” жамияти вазиятни ўрганиш, айбдорларни топиб, қонун доирасида жазолашни сўраб, Ўзбекистон ИИВ ва Қорақалпоғистон ИИВ, шунингдек, прокуратура органларига мурожаат қилган.
Германия БМТ конференциясида иқлим бўйича реал ҳаракатларни талаб қилди — Kun.uz
Хабарда келтирилишича: “Биз иқлим инқирозини кейинга қолдира олмаймиз, шунинг учун унга қарши курашни ҳам давом эттириш лозим”, деган Германия ташқи ишлар вазири. У бу масалага жиддийроқ ёндашиш кераклигини таъкидлаган.
Ташқи ишлар вазири Бербок, бошқа инқирозлар муҳимроқ кўринса ҳам, иқлим ўзгариши масаласини унутмаслик кераклигини айтган.
Шавкат Мирзиёев Драупади Мурмуни Ҳиндистон Президенти этиб сайлангани билан табриклади — Aniq.uz
Президент Шавкат Мирзиёев “Бхаратия жаната парти” партияси бошчилигидаги Миллий-демократик альянсидан номзод Драупади Мурмуни Ҳиндистон Республикасининг Президенти этиб сайлангани билан табриклади. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар бермоқда.
Шуни айтиб ўтиш керакки, бу Ҳиндистон тарихида иккинчи марта аёл киши мамлакат президентлигига сайланиши бўлди.