Skip to main content
уят

Маънавият vs муаллифлик ҳуқуқи: интеллектуал мулкка нисбатан телевидениедаги муносабат ҳақида

18+

Ҳуқуқшунос Муроджон Нажмиддинов телевидениеда муаллифлик ҳуқуқи билан боғлиқ асосий можаролар – фильм ва кўрсатувларни муаллиф розилигисиз ўзгартириш, эфирга узатиш ва ретрансляция қилиш холатлари таҳлилини тақдим этади.

Ўрта асрларда олимлар ва санъат аҳли янгилик яратмайди, улар фақатгина илоҳий билимни воситачи сифатида моддий тарзда ифодалайди деб саналган – уларнинг ўзи ҳам шундай деб ўйлаган. Шу нуқтаи назардан, ижод учун ҳақ талаб қилиш бемаъни ва гуноҳ иш деб қабул қилинган. Бугунги кунда эса мазкур «бемаъни ва гуноҳ» иш кўплаб низолар марказига айланмоқда. Низоларнинг салмоқли қисми телевидение соҳасига тўғри келади.

Телеканаллар фильмдан кадрларни кесишга ҳақлими? Агар «маънавиятга тўғри келмаса»чи? Аудиовизуал асарни таржима қилиш учун муаллиф розилиги олиниши шартми? Уларни эфирга узатиш ёки ретрансляция қилишнинг қандай тартиб-қоидалари бор? Мақолада шулар хусусида сўз юритилади.

Фильмдаги кадрларни кесиш мумкинми?

Фильмлар аудиовизуал асар сифатида муаллифлик ҳуқуқи объекти саналади. Қонунчиликка асосан аудиовизуал асар муаллифлари асардан ҳар қандай шакл ва усулда фойдаланишда мутлақ ҳуқуқларга эга. Фильмга ўзгартириш киритиш, шу жумладан кадрларни кесиш қандай мақсадда амалга оширилганлигига қарамай, муаллифлик ҳуқуқини бузиш ҳисобланади. Чунки, мазкур ҳаракатлар асарга тузатиш киритиш, уни қайта ишлаш саналади. «Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида»ги қонунга асосан асарни қайта ишлаш ҳуқуқи муаллиф ёки у ваколат берган шахсга тегишли эксклюзив (мутлақ) ҳуқуқ ҳисобланади. Эксклюзив ҳуқуқнинг мазмуни шундан иборатки, асардан ҳар қандай шакл ва усулда фойдаланиш, шу жумладан, фильмдан кадрларни кесиш учун муаллифнинг розилиги олиниши лозим.

Мазкур ўринда савол туғилади: агар саҳналар «маънавиятга тўғри келмаса»чи? Аммо жавоб ўзгармайди – муаллифлик ҳуқуқи ижодий фаолият натижаси бўлмиш фан, адабиёт ва санъат асарларига нисбатан, нима мақсадда яратилгани, қадр-қиммати ва қай тарзда ифодаланганига қарамай, татбиқ этилади. Маънавият мавҳум тушунча, муаллифлик ҳуқуқи эса реал. Умуман олганда, қонунчилик фақатгина порнографик мазмундаги асарларни тарқатишни тақиқлайди.

АХБОРОТ МАҲСУЛОТИНИНГ ЁШГА ОИД ТАСНИФЛАРИНИ АНИҚЛАШ МЕЗОНЛАРИ ҲАМДА УНИ ЭКСПЕРТИЗАДАН ЎТКАЗИШ ТАРТИБИ ТЎҒРИСИДА НИЗОМ, 1-БОБ, 3-МОДДАДАН:

Порнография хусусиятига эга бўлган ахборот — бадиий қимматга эга бўлмаган ва илмий, тиббий ёки ўқув мақсадлари учун мўлжалланмаган, одам жинсий аъзоларининг ёхуд одам томонидан ҳақиқатда, хусусан, ғайритабиий усулда содир этилаётган ёки шунга ўхшатилган жинсий алоқанинг тавсифини ёхуд фото, видео ёки бошқа тасвирини ўз ичига олган материаллар ва буюмлар саналади.

Аммо эротика ва натуралистик тасвирлар санъат йўналиши саналади. Эротика бошқа ҳар қандай санъат асари каби порнографиядан фарқли равишда ўзида қандайдир маъно, ҳиссиёт, бадиий тасвир, қандайдир психологик юкни ифодалайди. Натуралистик тасвирлар эса инсон, ҳайвон, шунингдек, улар танасининг алоҳида қисмлари, анатомик ва физиологик жараёнлар тафсилотлари саналади. Эротикада бадиий тасвир ифодаланса, натуралистик тасвирларда биологик тавсиф устунлик қилади.

Шу асосга кўра, порнографиядан фарқли равишда эротика ва натуралистик тасвирлар акс эттирилган аудиовизуал асарлар эфирга узатилиши мумкин. Бироқ, бир шарт билан – ахборот маҳсулотининг ёшга оид таснифи кўрсатилиши лозим. «Болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонунга асосан аудиовизуал асарларни республика ҳудудида тарқатиш ва/ёки намойиш қилиш бошлангунига қадар ёшга оид таснифи белгиланади.

Ахборот маҳсулотининг ёшга оид таснифи 5 тоифага бўлинади: 7 ёшга тўлмаган болалар учун (0+), 7 ёшга тўлган болалар учун (7+), 12 ёшга тўлган болалар учун (12+), 16 ёшга тўлган болалар учун (16+) ҳамда 18 ёшга тўлганлар учун (18+) ахборот маҳсулоти.

Шунга қарамай, миллий телеканаллар томонидан бир қатор ҳолатларда муаллиф розилигисиз фильмлардан саҳналар кесиш ҳолатлари кузатилмоқда. Хусусан, Зулфиқор Мусоқовнинг сўзларига қараганда, МТРК тизимига кирувчи каналлардан бирида «Осмондаги болалар 2» фильми кесиб эфирга узатилган. Сарвар Каримов эса «MilliyTV» телеканали томонидан «Сарвқомат дилбарим» фильмидан унинг энг муҳим саҳналаридан бўлган Илёс ва Асалнинг Иссиқ-кўл бўйидаги бўса саҳнасини муаллиф розилигисиз кесиб ташланганига ҳақли эътироз билдирган.

"Сарвқомат дилбарим", Иссиқкўл бўйидаги бўса

«Сарвқомат дилбарим» фильми, 2018 йил, телеканал «кўзини қамаштирган» ўша саҳна
Кадр: «Youtube», «ULAR» лойиҳаси

Аудиовизуал асарни таржима қилиш, эфирга узатиш ёки ретрансляция учун муаллиф розилиги олиниши шартми?

Муаллифнинг мутлақ ҳуқуқлари доираси анча кенг. Асарни қайта ишлашдан ташқари уни таржима қилиш учун ҳам муаллиф розилигини олиниши талаб этилади. Фильмни таржима қилиш фақат ҳуқуқ эгаси ёки бошқа ваколатли шахс билан тузилган шартномага биноан амалга оширилиши лозим. Мазкур тартиб асарни эфирга узатиш ва ретрансляция учун татбиқ этилади.

Эфирга узатиш — асарларни ёки турдош ҳуқуқлар объектларини радио ёки телевидение, шу жумладан сунъий йўлдошлар (кабель телевидениеси бундан мустасно) орқали узатиш воситасида барчанинг эътибори учун юбориш. Асарларни ёки турдош ҳуқуқлар объектларини сунъий йўлдош орқали эфирга узатиш деганда сигналларни ердаги станциядан сунъий йўлдошга қабул қилиш ва сунъий йўлдошдан сигналларни узатиш тушунилади, улар воситасида асар ёки турдош ҳуқуқлар объектлари, уларни омма амалда қабул қилишидан қатъи назар, барчанинг эътиборига етказилиши мумкин.

Шунга қарамасдан, интеллектуал мулк ҳуқуқлари бузилишининг телевидение соҳасида энг кўп кузатилаётган шакли рухсатсиз эфирга узатиш билан боғлиқ. Масалан, «Менинг юртим» телеканали томонидан Ўзбекистон кино ишлаб чиқарувчилар ассоциациясининг аъзоларига тегишли бўлган кинофильмлар уларнинг рухсатисиз ва шартнома тузмасдан эфирга узатилган. «Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида»ги қонунининг 62-моддасига мувофиқ ҳуқуқ эгаси ёки мулкий ҳуқуқларни бошқарувчи ташкилот билан шартнома тузмасдан асарларни такрорлаш, тарқатиш ёки улардан бошқача тарзда фойдаланиш муаллифлик ҳуқуқини бузиш ҳисобланади.

Шунингдек, «Севимли» телеканали томонидан «Ш.М.М» МЧЖга тегишли «Номус кучи» номли бадиий фильмдан муаллифнинг розилигисиз ҳамда тегишли шартнома расмийлаштирилмаган ҳолда фойдаланилган.

Интеллектуал мулк муҳофазасидаги энг оғриқли муаммолардан яна бири ноқонуний трансляция саналади. Бу борада вужудга келган йирик баҳслардан бири сифатида бевосита Uzreport TV ва Beeline TV кейсини келтириш мумкин. Унга кўра, Beeline компанияси келишув тузмаган ҳолда ўзининг Beeline TV мобил иловасида UzReport TV ва Futbol TV телеканалларининг эфирларини ретрансляция қилиш билан шуғулланган. «Телекоммуникациялар тўғрисида»ги қонуннинг 22-моддасида операторлар ва провайдерлар телекоммуникация соҳасидаги фаолиятни лицензиядаги шартларга ва белгиланган қоидаларга мувофиқ амалга оширишга мажбурлиги қайд этилган.

Ретрансляция — эфир ёки кабель орқали кўрсатув ёхуд эшиттириш берувчи бир ташкилотнинг кўрсатув ёки эшиттиришини эфир ёки кабель орқали кўрсатув ёхуд эшиттириш берувчи бошқа ташкилот томонидан бир вақтда эфирга узатиш ёки кабель орқали юбориш ҳисобланади.

«Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида»ги қонунга асосан телевидение, кабель телевидениеси ва онлайн телевидение орқали ўйинларни трансляция қилиш турдош ҳуқуқлар объектидан фойдаланишнинг алоҳида турлари бўлиб, у эфирга узатиш учун телеканал ёки бошқа турдош ҳуқуқ эгасининг розилигини талаб қилади. «Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисида»ги қонунга кўра, тарбия ёки спорт тадбирлари ташкилотчилари тадбирларни трансляция қилиш, шунингдек, трансляцияни ёзиб олиш ва (ёки) фотосуратга ҳамда видеотасвирга тушириш орқали ёритишда эксклюзив ҳуқуқларга эга. Мазкур эксклюзив ҳуқуқларнинг моҳияти шундан иборатки, учинчи шахслар тадбирларни ёритиш ҳуқуқидан учун ташкилотчиларнинг ёзма рухсатини олиши ёки ёритиш ҳуқуқини сотиб олинганлиги тўғрисидаги ёзма шаклдаги келишувларга эна бўлиши лозим.

Шундай қилиб, спорт тадбирларини трансляция қилиш ҳуқуқи уларнинг ташкилотчиларига ёки ташкилотчиларнинг телевидение ҳуқуқларини бошқа ҳудудларга сотишда уларнинг манфаатларини ифодаловчи компанияларга тегишли.

Хулоса қиламиз, муаллифлик ҳуқуқи ижодий фаолият натижаси бўлмиш фан, адабиёт ва санъат асарларига нисбатан, уларнинг мақсади ва қадр-қиммати, шунингдек ифодаланиш усулидан қатъи назар, татбиқ этилади. Кадрларни кесиш, уларни қайта ишлаш маънавиятга тўғри келиш-келмаслигидан қатъий назар муаллифнинг мутлақ ҳуқуқи бўлиб, фақатгина унинг розилиги билан амалга оширилиши мумкин. Шунингдек, мазкур аудиовизуал асарларни эфирга узатиш, уларни таржима қилиш, ретрансляцияга нисбатан ҳам бевосита қўлланилади.

БУ КИМНИ ИШИ?

Муроджон Нажмиддинов — матн

Пўлат Таджимуратов — таҳрир

Малоҳат Артикова — корректура

Сарлавҳадаги сурат: “Қасам”, илк овозли ўзбек фильми, 1936 й. Сарвар Каримовнинг Facebook саҳифасидан олинди.